Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланиши-нинг устувор йўналишларига мослиги. Мазкур тадқиқот республика фан ва технологиялар ривожланишининг IV. «Ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш» устувор йўналиши доирасида бажарилган.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Электрон почта хавфсизлигини таъминлашда хабарларни фильтрлаш , таянч векторлар усули ва шунга ўхшаш интеллектуал усулларни қўллаган ҳолда спам хабарларни аниқлаш учун ишлаб чиқилган усуллар ва алгоритмларни ахборот хавфсизлигини таъминлашда қўллаш бўйича Э.Дада, Ж.Басси, Т.С. Гузелла, В. Зоркадис, К. Третьяков, Ваугҳан-Николс, А.Кумари ва бошқа чет эллик олимлар томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда. Электрон почта хавфсизлигини таъминлашда таянч векторларни қўллаган ҳолда С. Лин, Й. Зҳоу, К. Янг, Л.Чен, Р.Крестел илмий изланишлар олиб боришган. Бундан ташқари, Kaspersky, ESET, AGAVA SpamProtexx ва Trend Micro ташкилотлари томонидан интеллектуал усулларни қўллаш орқали электрон почта хабарларини фильтрлаш ва улардан спам хабарларни аниқлашнинг дастурий-аппарат воситаларини ишлаб чиқиш бўйича мухандислик-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда академик Т.Ф.Бекмуратов томонидан электрон почта хабарларини фильтрлаш ва улардан спам хабарларни аниқлашнинг усул ва алгоритмлари ишлаб чиқиш бўйича илмий изланишлар олиб борилган ва ҳозирда С.К.Ганиев, Р.Х.Хамдамов, М.М.Каримовлар бошчилигидаги илмий жамоалар томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, таянч векторлар, нейрон тармоқ, машинали ўқитиш (machine learning) ва чуқур ўқитиш (deep learning) асосида спам хабарларни аниқлаш, бартараф этиш усуллари ва алгоритмлари етарлича тадқиқ этилмаган.
Диссертация тадқиқотининг диссертация бажарилган олий таълим муассасасининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация тадқиқоти Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг илмий-тадқиқот ишлари режасининг 598661-EPP-1-2018-1-RO-EPPKA2-CBHE-JP “Developing Services for Individuals with Disabilities” мавзусидаги лойиҳа доирасида бажарилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |