Китобхонлик – буюк келажак кафолати


Download 69 Kb.
Sana18.12.2022
Hajmi69 Kb.
#1029358
Bog'liq
КИТОБХОНЛИК – БУЮК КЕЛАЖАК КАФОЛАТИ 11 ҳафта (1)


КИТОБХОНЛИК – БУЮК КЕЛАЖАК КАФОЛАТИ
Китоб умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи ва унга ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамроҳ бўлувчи содиқ дўстдир. Инсоннинг ма'навий камолотини та'минлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Шу боис азал-азалдан маърифат пешволари, аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илм-у одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган.
Китоб — ахборотларни, гʻоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик қарашларни шакллантириш воситаси; билимлар таргʻиботи ва тарбия қуроли; бадиий, илмий асар, ижтимоий адабиёт.
Халқаро статистикада ЮНЕСКО тавсиясига коʻра, ҳажми 48 саҳифадан кам боʻлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашрни, шартли равишда, китоб дейиш қабул қилинган.
Китоб ҳақиқатдан ҳам мўжизадир. Унда келтирилиб ўтилган жумлалар беихтиёр китобхонга юқиш, унга руҳий таъсир ўтказиш, ақлий ўстириш каби вазифаларни бажаришга қодир.
Ахлоқ-одоб борасида буюк асарлар яратган Муҳаммад Жабалрудий китоб ҳақида шундай дейди:"Ей, азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди. Суҳбатидан эса кишига малоллик этмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди. Юрагини эса сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файзли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан. Аксинча, аксар одамлар суҳбатидан кишига зарар этади. Китобдек дўст ичида барча илм-у ҳилм мужассамдирки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради. Шунинг учун ҳам “китоб ақл қал'асидир”.
“Китоб - беминнат устоз. Ҳар дақиқа у бизни донишмандларнинг билим хазинаси билан ошно эта олади”, деб ёзади буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий.
Маълумки, аҳолининг интеллектуал ва маънавий-эстетик эҳтиёжини қондириш, хусусан, ёшларни мустақил фикрлайдиган, мустаҳкам ҳаётий позитсияга эга, чинакам ватанпарвар ва маънан баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёсдир. “Китоб тафаккур қанотидир”, деган эди аллома адибимиз Ойбек.
Дарҳақиқат, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг ма'навий қувватини оширувчи буюк кучдир. У инсониятнинг тарихий хотираси, ма'навий-ма'рифий олами, илмий заминини мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб боришга қодир маш'ала ҳисобланади.
Бугунги ахборот асрининг илғор технологияларисиз кунларимизни тасаввур қилолмамасак-да, тенгдошларимиз орасида китобга ошно бўлган ёшларнинг борлиги қувонарли ҳолдир. Кўча-кўйда, транспортларда қўлларида китоб тутган инсонларни кўриб қувонамиз. Афсуски, баъзан ёшлар орасида қимматли вақтини беҳуда ишларга, хусусан, ҳаддан ташқари кўп компютер ва қўл телефони ўйинларини ўйнаш, мазмунсиз филмларни кўришга сарфлашлари тўғри эмас. Бунинг ўрнига, ўқишдан ташқари ўтадиган вақтини самарали ишлар учун режалаштириши мақсадга мувофиқдир. Айниқса, куннинг маълум қисмларини фойдали китоб мутолааси учун ажратиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, “ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш” янглиғ ўқилган китоб йиллар ўтса-да инсон ҳаётида, албатта, асқотади.
Ҳозирги кунда юртимизда китоб билан боғлиқ масалаларга ҳам етарлича эътибор қаратилган. Ёшларни баркамол авлод руҳида тарбиялаш учун китоб ўқиш масаласи ёшлар орасида кенг тарғиб қилинмоқда.
Бугун жамиятимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида э'тибор берилиб, кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2017-йил 12-январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши, 2017-йил 13-сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ва 2018-йил 12-майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари асосида мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилиши жамиятда китобга бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига замин яратди.
Ҳозирги даврда Ўзбекистон “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойили асосида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Янги давр шиддати жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онг-у тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш алоҳида аҳамият касб этади.
Китоб мутолааси эса кишида шундай чин инсоний фазилатларни шакллантириб, уни ҳаётда оʻз оʻрнини топишга, жамиятнинг чинакам аʼзосига айланишида, дунёқарашини кенгайтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Зеро буюк бобокалонимиз, соʻз мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари таʼкидлаганларидек “Китоб – билим ва маʼнавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир”.
Китобдан шунчаки эрмак ёки бўлмаса зерикишда қўл келадиган бир восита сифатида фойдаланиш хатодир. Китоб тафаккур ва қалб эҳтиёжини қондирувчи омил сифатида инсон руҳини тарбиялайди, унинг шахси шаклланишида асосий туртки беради. Китоб мутолаа қилиш жараёнида ундаги маълумотларни киши нафақат онги ва кўзи, шунингдек кўнглини ҳам бирдек уйғоқ ҳолда тутиши билан хотирасида сақлаб қолиши мумкин. Китоб ўқишдан мақсад бу – унинг мазмунини англаб етиш, унга сингдирилган маъно-мазмунни қалбан туйиш ва бу орқали маънан озуқага эга бўлишдир. Китоб мутоаласи инсонда маънавий бўшлиқ пайдо бўлишига зинҳор ва зинҳор йўл қўймайди, шундай экан китобни мутолаа қилувчи ҳар қандай инсон юксак маънавиятли шахс бўлиб етишиши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг китоб ишлаб чиқариш ва китобхонлик маданиятини янада яхшилаш масаласига куюнчаклик билан ёндашаётганида ҳам теран маъно, эзгу мақсад мужассам. Чунки китоб нафақат билим манбаи, балки тафаккур қайроғи, ақл чироғи, кўнгил табиби, руҳият озиғидир.
Бугун шиддат ила ривожланаётган замон билан ҳамнафас бўламан, деган ҳар бир давлат хизматчиси, жумладан, таълим тизими ходимлари ҳам доимо ўз устида ишлаши, билим ва кўникмаларини тинимсиз ошириши зарур. Бунинг учун эса кун тартибида китоб мутолаасига ҳам вақт ажратиши, кундалик даврий нашрларни, интернет тармоғидаги янгиликларни кузатиб бориши лозим.
Ҳақиқатан ҳам, китоб ўқиган инсон қайси соҳада ишламасин, теран фикрлаш, оқ-у қорани ажратиш, мураккаб вазиятларда оқилона қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, китобхонлик буюк келажак кафолатидир.
Аҳоли ўртасида китобхонлик маданияти ва ундан олинадиган маънавий озуқани янада бойитиш мақсадида тадқиқотлар ҳам олиб борилмоқда.
Дунё бўйича китобларнинг асосий қисмини 45 ёшдан ошганлар сотиб олишар экан. Афсуски, замонавий ёшларимиз бу борада анча орқадалар. Биз ҳамма нарсани яхшиликка йўйиб ўрганганмиз, бу ҳолатни ҳам улар электрон китоб ўқийдилар, шунинг учун камдан-кам ҳоллардагина китоб сотиб оладилар, деб изоҳламоқчимиз. Аслини олганда, китобни қўлингизда ушлаб, салмоғини, тафтини ҳис қилиб ўқиганнинг завқи бошқача бўлади.
Халқаро тадқиқот институти ГФК ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2016-йили дунёнинг энг китобхон миллати хитойликлар бўлишди. Сўровномага жавоб берган хитойликлар (70%) ҳар куни ёки ҳар ҳафтада бир марта китоб ўқишини таъкидлаган. Иккинчи ўринни россиялик (59%), учинчи ўринни испаниялик (57%) китобхонлар эгаллашди.
Республикамизда ўтказилган сўровномада респондентларнинг қандай китоб ўқишга, китобнинг жанри, унинг қандай кўринишда бўлиши кераклиги ҳақидаги саволларга асосан детектив, фантастика жанридаги китобларга қизиқиш юқори эканлиги, классик адабиётга қизиқиш бирмунча сустлиги, босма шаклдаги нашрларни (52%) ва электрон шаклдаги нашрларни (48%) аҳоли маъқуллагани маълум бўлди. Шунингдек, қатнашчиларнинг аксариятида шахсий кутубхонаси йўқлиги (68%), шахсий кутубхонаси борлар (32%) эса, улардаги китоблар сони атиги 10 та ва ундан ортиқ китобни ташкил этишини маълум қилишган.
Респондентлар фантастик (34%) ва детектив (35%) жанридаги китобларни кўпроқ нашр қилинишига истак билдиришган, бу ўринда шеърият (1%) ва илмий (2%) асарларга талаб нисбатан анча кам миқдорни ташкил этаётганлиги таҳлил натижаларига кўра маълум бўлди. Қатнашчиларнинг кўпчилиги (28%) ўзбек классик адабиёти кўпроқ нашр қилинишига талаб билдиришган.
Тадқиқот давомида ёзувчи Ойбек асарлари умуман қайта нашр этилмаётганлиги ҳамда унинг асарларини китоб жавонларида кўриш истагини билдиришган.
Зеро, жамиятда ўқиш мақомининг юксалиши, биринчи навбатда, шахснинг ахлоқий ва маънавий жиҳатдан камол топишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ўз навбатида, бу мамлакатимизда аҳолининг ва айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини янада ошириш, давлатимиз ва жамиятимизнинг энг ривожланган давлатлар қаторида барқарор маънавий-маърифий, ижтимоий, иқтисодий ва инновацион тараққиёт босқичига олиб боришга хизмат қилади.
Шундай экан, азиз ёшлар китоб ўқинг, китоб инсоннинг ҳаёт йўлида йўлдоши бўлса, ҳаёт сўқмоқларидан равон ва мамнуният билан ўтади.
Download 69 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling