486-модда. Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари,
ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмасининг раҳбари билан меҳнат шартномаси тузиш
Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмасининг раҳбари билан ташкилотнинг таъсис ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида белгиланган муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.
Акциядорлик жамиятининг раҳбари билан қонунда белгиланган муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилади.
Қонунда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, ташкилотнинг таъсис ҳужжатларида ташкилот раҳбари билан меҳнат шартномаси тузилишидан олдинги тартиб-таомиллар (танлов ўтказиш, лавозимга сайлаш ёки тайинлаш ва ҳоказо) белгиланиши мумкин.
Ташкилот раҳбарини, унинг ўринбосарларини, ташкилот бош бухгалтерини ва ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси раҳбарини ишга қабул қилиш чоғида олти ойгача муддат билан дастлабки синов белгиланиши мумкин.
487-модда. Ташкилот раҳбарининг, унинг ўринбосарларининг,
ташкилот бош бухгалтерининг ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарининг ўриндошлик асосида ишлаши
Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмаларининг раҳбари бошқа иш берувчида фақат ташкилотнинг ваколатли органи ёки ташкилот мулкдори ёхуд мулкдор ваколат берган шахс (орган) рухсати билан ўриндошлик асосида ишлаши мумкин.
488-модда. Ташкилот раҳбарининг, унинг ўринбосарларининг, ташкилот бош бухгалтерининг ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарининг моддий жавобгарлиги
Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари ташкилотга ўзи бевосита етказган ҳақиқий зарар учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарнинг ўрнини ташкилот мулкдорининг (акциядорлар, иштирокчилар, муассислар умумий йиғилишининг) ёхуд кузатув кенгашининг ёки мулкдор ваколат берган бошқа органнинг талабига биноан қоплайди. Бунда зарарларни ҳисоб-китоб қилиш фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган нормаларга мувофиқ амалга оширилади.
489-модда. Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари,
ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг
ўзига хос хусусиятлари
Ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган асослардан ташқари ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:
1) ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра. Меҳнат шартномасини шу асосга кўра бекор қилишга ташкилот мулк қилиб олинган кундан эътиборан уч ой ичида йўл қўйилади. Мазкур муддатга ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги даврлари, унинг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлганлиги вақти, бошқа узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган даврлари киритилмайди;
2) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра.
Қуйидагилар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш талаб қилинмайди:
ушбу Кодекснинг 161-моддасида назарда тутилган асослардан исталган бирига кўра ташкилот раҳбари, шунингдек алоҳида бўлинма раҳбари билан;
ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандига кўра ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, алоҳида бўлинма раҳбари билан.
Ташкилот раҳбари ўз ташаббусига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугашидан олдин муддатли меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда иш берувчини икки ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак.
Раҳбарнинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, алоҳида бўлинмалар раҳбарлари ўз ташаббусига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугашидан олдин муддатли меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда иш берувчини бир ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |