Лойиха қудуғидан керн олиш оралиғини аниқлаш
Download 19.46 Kb.
|
5-amaliy
- Bu sahifa navigatsiya:
- Қудуқни бурғилаш жараёнида керн олиш ва уни ўрганиш
Лойиха қудуғидан керн олиш оралиғини аниқлаш. Кернни текшириш натижасида қуйидаги асосий маълумотлар олинади: 1) нефть ва газ белгиларининг борлиги; 2) жинсларнинг литологик тавсифи ва уларнинг стратиграфик хусусиятлари; 3) жинсларнинг коллекторлик хусусиятлари; 4) жинсларнинг структуравий хусусиятлари ва уларнинг мумкин бўлган жойлашиш шароитлари. Бизга маълумки, бурғилаш жараёнида очилган қатламларнинг белгиланган интервалларидан керн олинади, шу сабабли уларнинг айрим қисмларидаги жинсларгина батафсил ўрганилади, кесимни тўла ва муфассал ўрганиш учун эса турли методлар мажмуасидан фойдаланилади. Уларга: керн олиш, бурғиланган жинс зарралари (шлам)дан намуна олиш, қудуқ деворидан намуна олиш ва уларни ўрганиш ҳамда маҳсулдор ёки маҳсулдорлиги тахмин қилинаётган қатламларни синаш ва бошқалар киради. Қайд қилинган бундай методлардан ташқари қудуқ кесимини ўрганишнинг кон-геофизикаси методлари ҳам мавжуд бўлиб, улар очилган тоғ жинсларининг турли физик хоссаларини аниқлашга асосланган. Бурғиланган (ёки бурғиланаётган) қудуқлар кесимида маҳсулдор горизонтлар ёки қатламларни ажратиш, жинслар таркибида учрайдиган битумлар миқдори ва сифатини аниқлаш мақсадида кўп ҳолларда геокимёвий методлар (люминесцент,битуминологик таҳлил)дан фойдаланилади. Маълумки, ҳозиргача қудуқ кесимини ўрганишда турли нефть-газли районлар ва геологик шароитларга яроқли методлар мажмуаси ишлаб чиқилмаган. Шу сабабли, геологик ва кон-геофизикаси корхоналарининг асосий вазифасига қудуқлар бурғиланаётган майдоннинг геологик тузилиши тўғрисида батафсил маълумотлар бера оладиган методлар мажмуасини ишлаб чиқиш киради. Қудуқни бурғилаш жараёнида керн олиш ва уни ўрганиш: Бурғиланаётган жинсларнинг тавсифи ва уларнинг жойлашиш кетма-кетлиги тўғрисидаги далилларни, жинс намуналарини қудуқ кесими бўйлаб тўлиқ олингандагина тўплаш мумкин. Лекин, кесим бўйлаб жинс намуналарини ялпи олиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди, шу сабабли бу усулдан айрим ҳоллардагина махсус қазиладиган қудуқларда фойдаланилади. Қудуқлардан жинс намуналарини олиш колонкали бурғилар ёрдамида амалга оширилади. Бундай бурғилар қудуқ тубини ҳалқасимон шаклда ўйиб ичкарилаб боради, натижада ҳалқа ичида цилиндр шаклида бутун жинс кесими - керн қолади. Геологик-техник нарядда кўрсатилган интервалдан кернни олиб, ер юзасига чиқаришдан аввал бурғилаш шамларининг (свеча) узунлиги ўлчаниб, керн олинадиган чуқурлик яна бир маротаба текшириб кўрилади. Бурғилаш ускуналарининг аниқланган узунлиги геологик журналга ёзиб қўйилади. Сўнг қудуққа колонкали бурғи туширилиб, у билан керн бурғиланади.Керн диаметри колонкали бурғининг ички диаметрига тенг келади. Керн - жинс намуналарини тўла чиқариш ва унинг бутунлигини сақлаш учун бурғилаш режимига риоя қилиш зарур. Ичида керн бор намунаолгич ёки долото қудуқдан жуда секин кўтарилади. Долото ёки намунаолгич мустаҳкамлаш қувурлари бошмоғига яқинлашганда кўтариш тезлиги янада пасайтирилади. Кернни чиқариб олиш учун дастлаб кернузатгич бураб олинади, кейин намунаолгичнинг юқори қисми аста кўтарилади, шунда керн бемалол ажралади. Агар керн, намунаолгичнинг керн сақловчи қувурида сиқилиб қолган бўлса, у вақтда намунаолгичнинг дренаж клапанли юқори қисми бураб олинади ва керн гидравлик ёки винтли пресс ёрдамида итариб чиқарилади. Намунаолгич ва кернни бирор жисм билан уриб чиқариш мумкин эмас. Керн чиқаришда геология хизмати вакили қатнашиши лозим. Олинган керн гил эритмасидан тозаланади ва махсус яшикка солинади. Яшикка тахлаш чапдан ўнгга қараб, қудуқ чуқурлиги бўйича, тартиб билан амалга оширилади. Керн синиб бўлиниб кетган бўлса, бўлиниш текислиги бўйича уланади. Керннинг синиб кетган майда бўлакчалари қопга солинади ёки қалин қоғозга ўралади, сўнг керн каби чуқурлик бўйича жойланади. Яшикка тахланган керн икки нусхада ёзилган ёрлиқ (этикетка) билан ҳужжатлаштирилади, уларнинг ҳар бири қалин қоғозга ўралиб, биринчи нусхаси тахланган керннинг бош қисмига, иккинчи нусхаси керн тугаган жойга қўйилади. Ёрлиқ қуйидаги шаклда тузилади: – Геологик-қидирув партиясининг, бурғилаш корхонасининг номи. . . . . – Қудуқ бурғиланаётган майдон номи . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . – Қудуқ №. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . – Қудуқнинг қазилган оралиғи . . . метрдан ___ метргача. . . . . . . . . . . . – Кернни чиққан узунлиги. . . . . . . . . . . . . м . . . . . . . . . . . . . . . . . .% – Намуна № . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . – Керн олинган муддат . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . - Очилган жинсларнинг қисқача литологик тавсифи. . . . . . . . . . . . Ёрлиқ оддий қора қаламда тўлдирилади. Агар белгиланган интервалдан керн олишнинг иложи бўлмаса яшикка ёрлиқ қўйилиб, керн олинмаганлигининг сабаби ёзилади. Яшикка керн тахлангандан сўнг қопқоғи ёпилади. Унинг ҳар иккала ёнига қудуқ рақами, керн олинган интервал чуқурлиги ёзилади, стрелка билан керннинг тахлаш йўналиши кўрсатилади. Сўнгра яшик керн ўрганиладиган геология бўлимига юборилади. Керн олишда турли типдаги колонкали снарядлардан фойдаланилади. Таркибида қаттиқ, суюқ ва газсимон фойдали қазилмалар бўлган жинсларни бурғилашда, одатда бир бошли колонкали снаряд ишлатилади. Бундай снарядлар ишлатилишининг самарадорлиги асосан жинсни майдалайдиган ускунанинг турига боғлиқ. Одатда қаттиқ фойдали қазилмаларни бурғилашда Ўзбекистон Республикасида қаттиқ қотишмали, питра (дроб)ли ва олмосли коронкалар ҳамда колонкали шарошкали бурғилардан фойдаланилади. Чақиқ ва юмшоқ жинсларни бурғилашда эса тишли ва қиррали коронкалар ишлатилади. Ҳозирги даврда ишлаб чиқаришда қўлланилаётган бурғилар конструкцияси ва бурғилаш технологияси кернни 100% олиш имконини бермайди. Бурғиланаётган жинсларнинг литологик таркибига ва бурғилаш технологиясига боғлиқ ҳолда колонкали бурғилар ёрдамида 40-90% керн олиш мумкин. Амалиётда эса керн фақат 30-40%гина чиқариб олинади. Қаттиқ терриген жинслардан, айниқса маҳсулдор қумтошлардан керн чиқиши 5-10%га тушиб қолади, баъзан қаттиқ гил ва карбонат жинсларда 60-80%га етади. Бурғилаш оддий бурғиларда олиб борилганда керн жуда кам чиқади, бундай ҳолларда қудуқ деворидан ёнлама намунаолгич ёрдамида жинс намуналари олинади. Ёнлама намунаолгич билан қудуқ кесимининг хоҳлаган чуқурлигидан намуна олиш мумкин. Лекин, олинган намунанинг ўлчами жуда кичик (узунлиги 70 мм, диаметри 30 мм) бўлганлигидан колонкали бурғи билан олинадиган керн ўрнини боса олмайди ва ўрганилаётган қатлам жинслари тўғрисида тўлиқ маълумот бермайди. Жинсларнинг нефть-газга тўйинганлик эҳтимоли геофизик методлар ёрдамида аниқланса, кесимнинг ушбу интервалларини янада муфассалроқ ўрганиш зарур бўлади. Бунинг учун бурғилаш тугагандан сўнг қудуқ деворидан жинс намуналари олинади. Баъзан грунт намуналари бурғилаш жараёнида ҳамда қудуқда кон-геофизикаси ёки бошқа кўринишдаги тадқиқотлар ўтказилганда ҳам олинади. Ҳозирги вақтда амалиётда отувчи ёнлама намунаолгичлардан кенг фойдаланилмоқда. Намуна ниҳоятда тез олиниши билан бирга у кўпинча бўлакларга бўлиниб ёки майдаланиб, кукун ҳолига келиб қолиши ёки ўлчами жуда кичик бўлиши мумкин. Бундай намунаолгичлар қўлланганда керн чиқиши 50%га етади. Юмшоқ (қум-гилли) жинслардан керн чиқиши 100%га етиши ва ўз навбатида қаттиқ (зич қумтош, зич оҳактош, ангидрит ва б.) жинслардан намунани умуман олиб бўлмаслиги мумкин. Шунингдек, пармаловчи ёнлама намунаолгичли снарядлар ҳам ишлаб чиқарилган. Керн олинадиган интервалларни танлаш асосан ўрганилаётган геологик муаммонинг мазмунига боғлиқ. Бурғиланадиган қудуқлар вазифасига кўра таянч, параметрик, излаш, разведка, баҳолаш ва ишлатиш қудуқларига бўлинади. Таянч қудуқлари чуқур қудуқлар билан изланишлар олиб борилмаган майдонларда қазилади. Ушбу қудуқлардан олинган маълумотлар асосида йирик структура элементларининг геологик тузилиши ва гидрогеологик шароити, нефть ва газ тўпланишига қулай бўлган тоғ жинслари ётқизиқлари мажмуасининг тарқалиш қонуниятлари, нефть ва газ конларини топиш учун бажариладиган геологик-қидирув ишларининг истиқболли йўналишларини танлаш мумкин бўлади. Таянч қудуқлари деворидан керн узлуксиз олинади. Параметрик қудуқлар катта чуқурликдаги жинсларнинг геологик тузилишини ўрганиш, нефть-газ тўпланиши мумкин бўлган районлар ва истиқболли участкаларни аниқлаш учун бурғиланади. Бундай қудуқлардан керн кесимнинг белгиланган қисмидан бир меъёрда олинади, шунингдек, геологик тузилиши ва литологик таркиби кескин фарқланадиган интерваллардан ҳам олинади. Геологияси кам ўрганилган, нефть-газлилиги саноат миқёсида аниқланмаган янги майдонларда қазиладиган биринчи излаш қудуқларидан керн қатламни қалинлигидан 3,5%и олинади, иккинчи ва учинчи излаш қудуқларида ҳам шундай бўлади. Керн асосан аниқ бир стратиграфик ва литологик чегараланган ёки истиқболли ва саноат миқёсида нефть-газли интерваллардан олинади. Кейинчалик бурғиланадиган излаш ва разведка қудуқларидан керн фақат нефть-газли горизонтлардангина олинади. Нефть-газли районлардаги янги майдонларда қазиладиган иккинчи ва учинчи излаш қудуқларидан керн белгили ва маҳсулдор горизонтлардан, кейинчалик қазиладиган излаш ва разведка қудуқларида эса фақат маҳсулдор горизонтлардан олиш тавсия этилади. Ишлатиш бошланаётган янги уюмларда ва узоқ муддатдан бери ишланаётган нефть конларида жинсларнинг қай даражада нефтга тўйинганлигини аниқлаш ва қолдиқ захираларни баҳолаш мақсадида баҳолаш қудуқлари қазилади. Бундай қудуқларда маҳсулдор қатламнинг қалинлиги бўйича 12,5% узлуксиз керн олинади. Ишлатиш қудуқларидан одатда керн олинмайди. Фақат ҳамма бурғиланаётган қудуқларнинг 10%дан нефть ва газли қатламлар очилганда маҳсулдор жинсларнинг коллекторлик хусусиятларини ўрганиш мақсадида колонкали бурғи ёрдамида керн олинади. Шунингдек, ҳайдаш қудуқлари бурғиланганда маҳсулдор горизонтларнинг қалинлиги бўйича керн олинади. Қатламнинг коллекторлик хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар ҳайдаш қудуқларини ўзлаштириш, параметрларини аниқлаш ва сув бостириш жараёнини бошқаришда ёрдам беради. Қудуқлардан олинган керннинг бир қисми лабораторияларга ўрганиш ва таҳлил қилиш учун юборилади, қолган қисми керн омборига сақлаб қуйиш учун топширилади. Керн омбори ҳамма бурғилаш корхоналарида ташкил қилиниб, у ерда керн қидирув ишлари тугагунча сақланади, сўнгра марказий керн омборига ўтказилади. Керн омборида керн солинган яшиклар билан махсус ясалган сўри (токча)лар устига тахланади, яшикка ёпиштирилган ёрлиқда коннинг номи, қудуқ ва участка номери, намуна олинган интервал ва стратиграфик горизонт чуқурлиги, намуна олинган муддат, чиқариб олинган керн узунлиги ва уни олиш усули кўрсатилади. Таянч ва параметрик қудуқлардан олинган керн омборда доимо сақланади. Умумлаштирилган ёки эталон(намуна) кесимни тузишда фойдаланилган керн ва шлам намуналари ҳам доимо сақланади. Излаш ва разведка қудуқларидан олинган керн кон захираси Давлат Захира комиссияси тасдиғидан ўтгунга қадар сақланади. Жуда кўп (10 ва ундан кўп) бурғиланган қудуқлардан олинган кернни сақлаш мақсадга мувофиқ эмас. Шу сабабли очилган жинс ётқизиқларини тўла ифодалай оладиган бирон-бир қудуқ керни эталон (намуна) сифатида олиниб, доимо сақлашга топширилади, қолганлари эса ташлаб юборилади. Агар бир қудуқдан олинган керн эталон сифатида қолдиришга ярамаса, у ҳолда бир неча қудуқлардан керн олиб, турли яшикларга тахлаб сақлаб қўйилади. Кесимнинг эталон намуналаридан ташқари қуйидаги намуналар олинади ва сақлаб қўйилади: 1) таянч (белгили) горизонтлардан олинган намуналар; 2) айрим стратиграфик мажмуалар туташ юзаларини тавсифловчи намуналар; 3) тектоник бузилишлар ва трансгрессив номувофиқлик зоналаридан олинган намуналар; 4) фауна (жонзотлар қолдиғи) бор жинсларнинг намуналари; 5) нефтлилик белгилари бўлган жинс намуналари; 6) юқори ва ўта юқори радиоактивликка эга бўлган жинс намуналари; 7) эталон кесимда қайд қилинмаган фацияли бирон-бир горизонтни очган қудуқдан олинган керн ва ш.к. Сақланадиган намуналарнинг узунлиги 0,15-0,20 метрдан кам бўлмаслиги керак. Янги керн материали ҳамда шлам кўпайса, улар кесимни янада тўлиқроқ ифодалай олса, у ҳолда дастлаб олинган намуналар янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Олинган кернларни йўқ қилиш масаласи бурғилаш ишларини бажарувчи ташкилотнинг илмий-техник кенгаши қарорига асосан ҳал қилинади ва юқори ташкилотнинг геология бўлими ёки бош геологи томонидан тасдиқланади. Ҳар бир қудуқ бўйича керннинг йўқ қилиниши махсус далолатнома билан расмийлаштирилади ва қудуқнинг геологик ҳужжати журналига тикиб қўйилади. Download 19.46 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling