3-§. Ўзлаштирма гап
Ўзгаларнинг шакли ўзгартирилиб, мазмуни ифодаланган гапи ўзлаштирма гап дейилади. Ўзлаштирма гап кўчирма гапга айлантирилиши мумкин бўлган гапдир: Қурбон ота эртага келишини айтди (ўзл. гап) – Қурбон ота деди: “Мен эртага келаман”(кўч. гап).
Сўроқ, буйруқ мазмунини ифодалаган кўчирма гаплар ўзлаштирма гапга айлантирилганда, дарак гап шаклида баён қилинади.
Кўчирма гап
|
ўзлаштирма гап
|
- Бу қандай бино, нимага мўлжаллайсиз? - деди Ўктам.
|
Ўктам бу қандай бино эканлигини, унинг нимага мўлжалланишини сўради
|
Ундалма, кириш сўз қатнашган кўчирма гаплар ўзлаштирма гапга айлантирилганда, кириш сўзлар тушиб қолади, ундалма воситали тўлдирувчига айлантирилади, 1-, 2-шахсларни кўрсатувчи сўзлар 3-шахсга айлантирилади:
Кўчирма гап
|
Ўзлаштирма гап
|
- Хўш, Канизакхон, қандай янгиликлар бор? - сўради Ўктам.
- Мен кетдим, - деди укаси.
|
Ўктам Канизакхондан қандай янгиликлар борлигини сўради.
Укаси ўзининг кетаётганини айтди.
|
Ўзлаштирма гапнинг кесими айтмоқ, гапирмоқ, буюрмоқ, сўрамоқ, ундамоқ (демоқ феълидан ташқари) сўзлари билан ифодаланади.
4-§. Кўчирма ва унда ишлатиладиган тиниш белгилари
Бирор матндан кўчирилган гаплар кўчирма дейилади. Кўчирма икки хил бўлади:
1. Муаллиф гапи билан бирга қўлланган кўчирма: Алишер Навоий илм олишга даъват қилиб: "Олим бўлсанг, олам сеники", - деган эди .
2. Муаллиф гаписиз қўлланган кўчирма:
Коинот гултожи инсондир азал,
Ундадир энг олий тафаккур, амал.
У ҳатто тубанлик ичра ҳам танҳо,
Ё фалак, ижодинг бунча мукаммал.
А.Орипов
Муаллиф гапи билан қўлланган кўчирма баён қилинаётган фикрни асослаш, тасдиқлаш ёки инкор этиш учун келтирилади. Шеърий парчалар кўчирма тарзида келтирилса, қўштирноққа олинмайди. Кўчирма муаллиф гаписиз қўлланса ҳам, қўштирноққа олинмайди. Бу тарздаги кўчирмалар эпиграф тарзида қўлланади ва қўштирноққа олинмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |