7. Гумон олмошлари нарса, белги ёки воқеа ҳақидаги ноаниқ тасаввурни билдириб келадиган олмош туридир. Улар алла- ёрдамида ёки -дир қўшимчаси билан ҳосил қилинади: аллаким, алланима, алланарса (нарсадир эмас), аллақайси, аллақаер, аллақаёқ, алланечук, аллақанча, алланечанчи, кимдир, нимадир, қачондир, қандайдир, қаердадир, қаергадир, негадир. Гумон олмошлари сўроқ олмошларига бир, ҳам сўзларини қўшиш орқали ясалиши ҳам мумкин: Уни ким ҳам чақираётган эди-я. Акаси унга бир нима дегандай бўлди. (Баъзан бир нима бирикмаси бўлишсиз олмош ўрнида келиши мумкин: Буни кўриб бир нима демади.) Бу олмошлар бирлик ва кўпликда (аллакимлар) келади, келишикларда турланади: (кимнидир), эгалик қўшимчасини олади (аллакимим). Биров сўзи ҳам кимдир, аллаким сўзларига синоним бўлгани учун гумон олмоши ҳисобланади. Биров сўзи, шунингдек, ҳар ким, ҳеч ким, битта деган сўзларга ҳам синоним бўлиши мумкин.
Д и қ қ а т ! Айрим дарсликларда от-олмошлари ҳам ажратилади (20; 29). Бунга камина, фақир, банда сўзлари киритилади.
3-§. Бошқа туркумга оид сўзларнинг олмошларга кўчиши
Қуйидаги туркумларга тегишли айрим сўзлар олмошга кўчади: 1) от: одам, киши, инсон, нарса, иш; 2) сифат: баъзи, бошқа, айрим, тубандаги, қуйидаги; 3) сон: бир. Умуман олганда, бир, ҳар, ҳеч сўзлари билан келадиган кўпгина сўзлар олмошга кўчиши мумкин: ҳеч нарса, бир нарса, ҳар ерда.
Эски ўзбек тилида мен олмоши ўрнида камина (ҳозир ҳам ишлатилади), фақир, каминаи камтарин, қулингиз, бандаи ожизингиз каби сўзлар қўлланган (25; 28).
4-§. Олмошларнинг тузилиш турлари
1. Содда олмошлар барча олмошлар гуруҳида мавжуд: мен, шу, ўз, ким, ҳамма, ҳеч, биров.
2. Қўшма олмошлар фақат кўрсатиш, белгилаш, бўлишсизлик олмошлари гуруҳида мавжуд: ана шу, ҳар ким, ҳеч нима.
Do'stlaringiz bilan baham: |