Маданиятшунослик фанидан маърузалар матни биринчи боб маданият назарияси


Download 423 Kb.
bet53/85
Sana07.02.2023
Hajmi423 Kb.
#1175217
1   ...   49   50   51   52   53   54   55   56   ...   85
Bog'liq
маданиятшунослик1

Исломий маданият. Масиҳийлик жамоатининг мавқеи Европа, Америка ва бошқа кўплаб қитъалардаги мамлакатларнинг ижтимоий, сиёсий ва ахлоқий маданиятида қанчалик рол ўйнаган бўлса, ислом маданияти Шарқда шунчалик катта рол ўйнади. Ислом - дунёда монотеизмга, яъни танҳо худолиликка асосланган учинчи ва охирги диндир. Бу дин ҳам Яқин Шарқда пайдо бўлди.
Ислом фақат араб оламида эмас, балки Яқин Шарқ мамлакатларида, Эрон, Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Индонезия, Кавказ, Волга бўйлари, Болқон, Африканинг катта қисмига ёйилиб, бу халқларнинг тарихи ва маданиятида катта рол ўйнади.
Исломнинг тарихи, илк даврдаги фаолияти Муҳаммад с.а.в. ва тўрт халифа - Абу Бакр (ҳукмронлик даври 632-634 йиллар), Умар (ҳукмронлик даври 634-644 йиллар), Усмон (ҳукмронлик даври 644-656 йиллар) ва Али (ҳукмронлик даври 656-661 йиллар) билан боғлиқ.
Ислом илк даврдаёқ икки мазҳабга бўлинди. Тўртинчи халифа Али шиа мазҳабига асос солди. Бу мазҳаб тарафдорлари ҳам, суннийлар каби, Қуръонни илоҳий деб эътироф этадилар, аммо халифалар даврида унинг айрим қисмлари тушириб қолдирилган, деб ҳисоблайдилар. Шиа тарафдорлари фақат Али ва унинг тарафдорлари номи билан боғлиқ бўлган ҳодисаларни тан олганлар ва шундай ҳодисалардан иборат мажмуалар тузганлар. Бу тўпламлар Ахбор деб аталган. Шиа мазҳабида тавҳид (Оллоҳнинг ягоналигини эътироф этиш), адл (Оллоҳнинг одиллиги), нубувват (Пайғамбарлик), қиёмат ёки маод (охират кунининг келиши ва марҳумларнинг тирилиши) асосан суннийлик мазҳаби билан мос келади. Яна шиа мазҳабида бешинчи ақида ҳам борки, улар имомат (имомлар) ҳоқимиятини эътироф этадилар. Бу мазҳаб Али ва унинг авлодларидан иборат ўн икки имом ҳоқимиятини тан олади. Шу муносабат билан барча халифаларни, хусусан, дастлабки халифалар Абу Бакр, Умар ва Усмонни ҳоқимиятни зўрлик билан билан эгаллаб олган шахслар сифатида қоралайди. 874-878 йиллар орасида 7-9 ёшида бедарак йўқолган ўн иккинчи имом Муҳаммад ал-Маҳдийни улар «яширинган» деб ҳисоблайдилар. Замона охир бўлганда, у қайтиб келади, адолат ўрнатади, деб кутадилар.
Уммавийлар сулоласи (661-750 йиллар) халифа Али ҳукмронлиги ўрнига келгандан кейин, суннийлик мазҳаби ҳам пайдо бўлди. Суннийлик шиаликка қараганда кенг тарқалган. Суннийлар Қуръон билан бирга, суннага ҳам эътиқод қиладилар. Сунна - исломда мусулмонлар учун ибрат ҳисобланган Муҳаммад с.а.в.нинг сўзлари ва амалларидан иборат. Пайғамбаримиз ҳаёт вақтларида: «Менинг сўзларимни ёзманглар, фақат Оллоҳ оятларини ёзиб олинглар», деб буюрган эдилар. Шундай қилинди ҳам. Албатта, кимлардир ўз ташаббуси билан у ҳазратнинг айтган гаплари ва қилган ишлари ҳақида аниқ маълумотларни қайд этиб борган бўлиши мумкин. Аммо Оллоҳнинг китоби бут бўлмай, ягона ўзгармас матн ҳолига келтирилмай туриб, унга бошқа сўзлар аралашиб кетиш хавфига йўл қўйиб бўлмас эди. Расулуллоҳнинг сўзларини ва амалларини ёзиб олиш 651 йили - халифа Усмон даврида бажарилди. Мусҳаф тузилиб, ундан бир неча нусха кўчирилиб, кўпайтирилди. Ана шундан сўнг VII асрнинг II ярмидан бошлаб Абу Хурайра (вафоти 676 йил), Анас ибн Молик (вафоти 710 йил), Абдуллоҳ ибн Аббос (619-686 йиллар), Абдуллоҳ ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ каби илк ровийлардан Расулуллоҳ сўзлари ва амаллари хусусида минглаб ҳадислар ёзиб олинди. VIII аср бошларида Уммавий халифаларидан Умар ибн Абдулазиз (717-720) ноибларига Муҳаммад с.а.в.нинг ҳадисларини жамлаш ҳақида фармон берди. Натижада ҳадис илми ривож топиб, йирик ҳадис тўпламлари яратилди. Имом Малик ибн Анас (713-795)нинг «ал-Муватта», имом Шофеъий (767-820) ва имом ибн Ханбал (780-855)ларнинг «Муснад» номли ҳадис тўпламлари бунга мисолдир. Дастлаб имом Аъзам Абу Ханифа ан-Нуъмон ибн Собит (699-767) таълимоти асосида сунний йўналишида Ханафия мазҳаби шаклланди. Кейин унинг шогирдлари ва издошлари имом Малик - Моликия мазҳабини, имом Шофеъий - Шофеъия, имом Ханбал - Ханбалия мазҳабларини шакллантирдилар. Шиа мазҳабида эса Пайғамбаримиз авлодидан олтинчи имом Жаъфар ас-Содиқ (700-765) Жаъфария мазҳабини юзага келтирди1.
Ислом, ўзидан олдинги динлар каби, ижтимоий қайта қуришга даъват қилмайди. Аксинча, бу дин итоаткорликка, мўминликка ўргатади. Қуллар хўжайинларига итоат этишлари лозим, хўжайинлар ҳам ўз қулларига мулойим муносабатда бўлишлари керак. Оллоҳ олдида гарчи ҳамма тенг бўлса ҳам, ҳаётда бундай тенглик йўқ. Солиҳ инсон ижтимоий тизим иерархиясига риоя қилмоғи даркор.
Исломий маданиятнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, ислом зулмни қаттиқ қоралайди, зулм куфрликдир: «Оллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди» (Ол имрон, 86 - оят).
Ахлоқий қонун-қоидалар, жисмоний ва маънавий томондан пок ҳаёт кечиришга оид ўгитлар, нопоклик учун бериладиган жазо, маиший ҳаётнинг бошқа томонларига оид барча йўл-йўриқлар билан ислом ижтимоий ахлоқни такомиллаштиришга катта ҳисса қўшди. «Зинокор аёл ва зинокор эркак - улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Оллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчи бўлсангизлар, Оллоҳ (бу) ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм - шафқат (туйғулари) тутмасин» (Нур сураси, 2-оят). Аммо миш-миш ҳам оғир гуноҳ эканлиги, миш - миш тарқатган одам ҳам, зинокорлар сингари, жазога лойиқдир. Ундай тоифадаги одамлар фосиқлар деб ном олган, итоатсиз кимсалардир. «Покиза аёлларни (зинокорлар деб) бадном қилиб,сўнгра (бу даволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) - уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар» (Нур сураси, 4-оят). Мазкур ахлоқий тушунчалар Шарқ оламида азалий ва ҳамма динлар учун умумий бўлиб, зардуштийликда, иудаизмда ва масиҳийликда ҳам қаттиқ қораланади. Кундалик ҳаётда ахлоқ ва маданият уйғун, доимо бири иккинчисини талаб қилган, соғлом маънавий, маданий муҳит жамиятнинг илгарилаб бориши учун хизмат қилган. Ислом пок ҳаёт кечиришга оид мавжуд ақида ва қонун-қоидаларни такомиллаштирди.
Умуман, исломда ахлоқ кенг тушунча, жамиятнинг ҳамма томонларини қамраб олиб, маънавий соғлом муҳит яратиш учун хизмат қилади.
Исломда илм ўрганиш ташвиқи ва тарғиботи алоҳида таъкидланади. Қуръон ҳам Муҳаммад с.а.в.нинг илоҳий ҳикматларини англашга даъват этди. Ислом ҳам, якка худолиликка асосланган бошқа динлар каби, инсониятни тубан кетишдан сақлашга, пок ҳаётга йўллашга қаратилган.
Ислом қадимий Шарқ, Юнонистон, Эрон, Туркистон ва қисман Ҳиндистону Чиннинг тафаккур маҳсулидан янги маданият юзага келтирди. Илм маданий босқичнинг олий чўққиси эканига даъват қилиб, илм таҳсилини мусулмон аҳлига даъват этди. Олим билан жоҳилнинг тенг бўлмаслигини уқтирди. Дарвоқе, одам илм эгаллагандагина, у маданиятли тоифа қаторига қўшилади.
Туркий қавмлар яшайдиган ўлкаларда исломнинг тарихи ўзига хос кечди. Ислом Мовароуннаҳрда қарор топгач, шимолда хазарлар, булғорлар орасигача ёйилди. Туркий маданиятнинг узлуксиз ривожига ислом маданияти таъсир этди. Айниқса, ўғуз ва қорлуқлар орасида ислом динининг ёйилиши нафақат туркий халқлар тарихида, балки жаҳон тарихида ҳам улкан натижалар берди. 960 йилда икки юз минг кўчманчи ўғуз ва қорлуқ қабилалари ёппасига исломни қабул қилди.

Download 423 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   49   50   51   52   53   54   55   56   ...   85




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling