84. Кимлар муддатидан олдин овоз бериши мумкин?
Жавоб: Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида, яъни 2021 йил 14 октябрдан бошланади ва сайловга уч кун қолганида, яъни 2021 йил 21 октябрь куни тўхтатилади. (21 октябрь куни муддатидан олдин овоз берилмайди).
Сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.
85. Чет давлатларида бўлган фуқаролар қандай тартибда сайловда иштирок этишлари мумкин?
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида фуқаролар турган жойларда сайлов участкалари тузилиши мумкин.
Чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан тузилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлайди.
Овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.
86. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида фуқаролар қандай тартибда сайловда овоз беришлари мумкин?
Жавоб: Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар ва қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |