1990 йил 19 февралда «Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ҳақида»ги қонунни амалга ошириш давлат дастури қабул қилинди. Қонун ва давлат дастурига биноан меҳнат жамоалари, ўқув юртлари, корхоналар ва давлат муассасаларида иш юритиш рус тилидан ўзбек тилига ўтказила бошланди. Бу қонуннинг қабул қилиниши ва унинг амалга оширила бошланиши Республика ижтимоий ҳаётида катта тарихий воқеа бўлиб, мустақиллик сари ташланган яна бир муҳим қадам бўлди.
Республика иқтсодиёти ва ижтимоий соҳасини холисона таҳлил этиш, баҳолаш ва кўтаришга қаратилган дастлабки саъй-ҳаракатлар қилинди. Қишлоқ аҳолисининг шахсий томорқалари учун ер ажратилди. Ерга муҳтож 381 минг оилага томорқа ерлари берилди, 372 минг оила ўз томорқаларини кенгайтириб олди. Шу мақсадлар учун жами 150 минг гектар ер ажратилди. Республикада «Иш билан таъминлаш» дастури ишлаб чиқилди. Ана шу дастурга биноан 1990 йилда 300 минг киши, асосан ёшлар иш билан таъминланди. Аҳолининг кам даромадли қисмини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш учун 1990 йилда бюджетдан ва корхоналр ҳисобидан 142 млн. сўм қўшимча маблағ ажратилди.
Президент лавозимининг таъсис этилиши. 1990 йил 18 февралда Ўзбекистон Олий Советига сайлов бўлди. Бу сайловларнинг янгилиги шундан иборат бўлдики, 500 сайлов округининг 326 тасида муқобил номзодлар кўрсатилди. Олдинги сайловларда барча номзодлар биринчи турдаёқ деярли 100 фоиз овоз билан сайланган бўлсалар, бу сафар биринчи турда 368 номзод зарур овозларни тўплай олди. Қолган 132 округда қайта сайловлар бўлиб ўтди.
1990 йил 24-31 март кунлари Тошкентда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг биринчи сесияси бўлиб ўтди. 24 март куни сессия республикалар орасида биринчи бўлиб «Ўзбекистон ССР Президенти лавозимини таъсис этиш тўғрисида» Қонун қабул қилди. 1990 йил 24 март куни Олий Совет сессиясида яширин овоз бериш йўли билан Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.
Ана шу сессияда И. Каримов нутқ сўзлаб, Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллигини, ўзини-ўзи идора қилишга ва ўзини-ўзи пул билан таъминлашга ўтишни таъминлашни ўзимнинг асосий вазифам деб биламан, деб таъқидлади. Ҳали СССР ва Марказий ҳокимият мавжуд бўлган шароитда Ўзбекистонда ўз Президентининг сайланиши муҳим вақеа бўлди, мамлакатимиз мустақиллигига эришиш сари ташланган яна бир дадил қадам бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |