Маъруза:Ҳозирги замон фалсафаси Режа
Пол Фейерабенд (1924-10994
Download 133.98 Kb.
|
4.Ҳозирги замон фалсафаси
Пол Фейерабенд (1924-10994. америкалик файласуф ва методолог олим). Фейерабенднинг серқирра концепциясида Витгенштейн ижоди сўнгги даврининг таъсири, таниқидий рационализмга мойиллик ва ҳатто «илмий материализм» тамойилларига дуч келиш мумкин. Бу олим анъанавий ва янги муаммоларни табиий-илмий дунёқараш ва методология нуқтаи назаридан тушунишга ҳаракат қилганлигидан далолат беради.
Фейерабенд ХХ асрнинг 70-йилларнинг охирида фан фалсафаси ва «фан файласуфлари»нинг асарларида ифодаланган «антагонистик ғоялар», оқибатлар ва натижалар тўғрисида сўз юритади. Фан нима, у қай тарзда иш кўради, унинг натижалари қандай, деган саволларни бериб, мутафаккир уларга жавобан фан фаолиятини бошқарувчи алоҳида илмий метод, яъни қоидалар мажмуи мавжудлигини қайд этади. Фан ва кумулятивизмнинг мавжуд гипотетик-дедуктив моделига файласуф назарий реализм ғоясини қарши қўяди. Табиатшуносликни тавсифлаш амалиётини умумлаштириш асосида юзага келган кумулятивизм билим ўсишининг содда талқини, яъни ҳақиқий қоидаларнинг жамланган йиғиндисига янги фикрлар аста-секин қўшилишини назарда тутади. Унда хатолар фақат билимнинг ўзгариши, эски билимдан воз кечилиши ва қабул қилинган билимнинг рад этилишига йўл қўйилмайдиган субъектив жараён сифатида талқин қилинади. Эмпирик кумулятивизм билимнинг ўсишини унинг эмпирик мазмуни бойиши билан тенглаштиради. Рационалистик кумулятивизм билим ривожланишининг шундай бир усулини назарда тутадики, унда ҳар бир кейинги элемент мавжуд мавҳум тамойиллар ва назарий хулосалар тизимига киритилади. Фейерабенд илгари сурган назарий реализм ғояси билимнинг актуал ўсиши ўзаро мос тушмайдиган (ягона мантиқий асос билан дедуктив боғланмаган ва ҳар хил тушунчалар ва методлардан фойдаланувчи) назарияларнинг кўпайиши (пролиферацияси) натижасида амалга оширилишини қайд этади. Тажриба доим назарий асосланган тажрибадир, у ёки бу назариянинг қабул қилиниши эса идрок этиш тизимини белгилайди. Методолог асослаб берган пролиферация (назарияларнинг кўпайиши) тамойили қабул қилинган нуқтаи назарлар ҳатто етарли даражада тасдиқланган ва кенг эътироф этилган бўлса ҳам уларга мос тушмайдиган назарияларни яратишга рухсат беради. Фан ривожланишининг турли босқичларига ёки айни бир босқичига мансуб бўлган муқобил назариялар ва концепцияларнинг ўзаро мос келмаслиги ва уларни бир-бирига ўтказиш мумкин эмаслиги ҳақидаги тезисни илгари суриш йўли билан Фейерабенд пролиферация тамойилининг талабларини янада кучайтиради. Назарий методологик имморализм позицияси билимнинг тенг ҳуқуқли типлари тўплами фан ва шахснинг ривожланишидан далолат берувчи борлиқдир, деган ғояга таянади. Фейерабенд фикрича, муқобиллар ўртасидаги кураш даврлари энг самарали даврлардир. Муқобил концепцияларнинг куртаклари олимнинг турли фалсафий ва методологик нуқтаи назарларида яшириндир. Назариялар плюрализми ғоясини Фейерабенд анъаналар плюрализмигача кенгайтиради. Шу муносабат билан фан илмий элита мафкураси сифатида ўз марказий ўрнидан маҳрум этилиши ва мифология, дин билан тенглаштирилиши лозим. Бундай ўта антисциентистик ёндашув танқидий рационализмга қарши қаратилган ва фалсафа хусусиятини янгича баҳолайди. Фейерабенд фикрига кўра, олимлар фаолиятида ҳақиқат эмас, балки индивидуал қобилиятларнинг ривожланиши, билиш ва унинг чин оқилоналиги эмас, балки чекланмаган, мутлақо эркин хулқ-атвор муҳимдир. Унинг кўпгина ғоялари академик фалсафа вакилларини лол қолдирган. Фейерабенд концепциялари баъзан анархистик эпистемология деб аталади. Бу қисман шу билан изоҳланадики, Фейерабенд ягона универсал методнинг мавжудлигини мутлақо рад этади. Бундан ташқари, олимлар «ҳамма нарса мумкин» деган тамойилга амал қилишларига унинг ишончи комил. Бир методга қатъий риоя этиш ва унинг барча талабларини бажариш, Фейерабенд фикрига кўра, тадқиқот амалиётига ҳам, билишнинг ижодий табиатига ҳам мос келмайди. Шу сабабли фаннинг обрўси ҳаётнинг бошқа ҳар қандай шакли обрўсидан ортиқ эмас. Бироқ плюралистик методологиядан фойдаланиш нимани англатади? Фейерабенд фикрига кўра, олим ғояларни тажриба билан эмас, балки бошқа ғоялар билан солиштириши ва беллашувда мағлуб бўлган концепциялардан воз кечмасдан уларни яхшилашга ҳаракат қилиши лозим. Шундай иш кўриш йўли билан у “Борлиқ” китоби ёки “Полмандрада”да баён этилган инсон ва космос концепциясини сақлаб қолади ва улардан эволюция назариясида ва бошқа янги концепцияларда муваффақиятга эришиш учун фойдаланади. Унинг «Методологик мажбурлашга қарши. Билишнинг анархистик назарияси очерки» (1970) релятивизмга қўйилган машҳур ҳайкалдир. Бу асар матнининг асосий мазмунини ифодаловчи тезислар қуйидагилардан иборат: назарий анархизм унинг қонун ва тартибга таянувчи муқобилларидан инсонийроқ ва прогрессивроқдир; «ҳамма нарса мумкин» тамойили тараққиётга тўсқинлик қилмайдиган бирдан-бир тамойилдир; яхши тасдиқланган назарияларга зид гипотезалардан фойдаланиш, индукцияга қарши иш кўриб фанни ривожлантириш мумкин; мувофиқлик шарти оқилона эмас, чунки у яхшироқ эмас, балки эскироқ назарияни сақлаб қолади, бир андозалилик индивиднинг эркин ривожланишини хавф остида қолдиради; қанча эски ва абсурд бўлмасин, бизнинг билимимизни яхшилашга қодир бўлмаган ғоя мавжуд эмас; фан мавжуд бўлса, ақл универсал бўлиши мумкин эмас ва нооқилоналикни бартараф этиш мумкин эмас. Фаннинг бу ўзига хос хусусияти анархистик эпистемологияни талаб қилади3. Илмий изланиш асослари муаммосини Фейерабенд ўзига хос тарзда талқин қилади. Унинг фикрича, янги методологик парадигмада нарсага теран назар ташлаш ва олимни амалда нима чеклашини тушуниш муҳимдир. Фейерабенд фикрига кўра, агар олим «хоҳлаган ишингни қил» деган тамойилга амал қилса, унинг далиллари диалектик хусусият касб этади, яъни андозаларнинг қайд этилган тўпламига эмас, балки ўзгарувчи оқилоналикка таянади. Бошқа томондан, агар олимдан илмий метод нима, деб сўралса, у аниқ жавоб бера олмаса керак. Олимлар ўз тадқиқотлари жараёнида айнан нима қилаётганларини камдан-кам ҳолда биладилар. Фейерабенд методологиясида барча гносеологик амаллар ва оқилоналикнинг плюралистик ўзгаришига қараб мўлжал олингани бежиз эмас. У фан фалсафасининг мазкур босқичига хос бўлган эпистемологик тадқиқотларда билиш имкониятларининг очиқлиги ва унинг демократиялашувига интилишни акс эттиради. Download 133.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling