Маҳсига масъҳ тортиш
Download 15.88 Kb.
|
Abdulvaliy maqolasi
МАҲСИГА МАСЪҲ ТОРТИШ Динимизда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири таҳоратда оёқни ювиш ўрнига оёқ кийимига, яъни маҳсига масъҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Мусофир (оёқ кийимига) уч кеча-кундуз масъҳ тортади, муқим эса бир кеча-кундуз'', деб айтганлар. Табароний Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган. Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад”да Ҳузайма ибн Собитдан ривоят қилган. Ҳасан Басрий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан етмиш киши у зотнинг оёқ кийимларига масъҳ тортганларини кўргани ҳақида ривоят қилган. Маҳсига масъҳ тортиш жоиз эканини тасдиқлаш Аҳли сунна вал жамоатнинг эътиқодидандир. Шунинг учун Абури Ҳанифа Нўмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳи: «Кимда-ким, маҳсига масъҳ тортишни инкор қилса, унинг куфрга тушиши хавфи бор, чунки маҳсига масъҳ тортиш ҳақидаги ривоятлар маънан мутавотир даражага етган. Агар маҳсига масъҳ тортиш бўлмаганда, бу ҳақда ихтилоф ҳам бўлмас эди ва биз ҳам масьҳ тортмаган бўлар эдик”, дейди”. Маҳси деб оёқнинг ошиғини беркитадиган оёқ кийимига айтилади. Демак, оёқ кийимига масъҳ тортиш шариатимизда жоиздир. У эркак ва аёл учун баробар, уларга хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ муқимликда қишин-ёзин масъҳ тортишга рухсат этилади. Маҳсига масьҳ тортишнинг шартлари 1. Пояфзал тўпиқларни беркитган бўлиши шарт; 2. Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги шарт; 3. Сув ўтмайдиган бўлиши шарт. Бугунги кундаги урф бўлган юпқа пайпоқларга масъҳ тортиш жоиз эмас; 4. Камида бир фарсах, яъни 5544 метр масофа йўл юрганда ҳам йиртилиб кетмаслиги шарт (Муъжамул луғатулфуқаҳо). 5. Маҳсини тўла таҳоратли ҳолда кийган бўлиш шарт. Покланишда маҳси, чориқ, этик каби оёқни тўпиқлари билан ёпувчи поябзаллар устига масъҳ тортиш жоиздир. Ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. Чунки ғусл қилиши лозим бўлган кишининг оёқ кийимларига масъҳ тортиши жоиз эмас. Шунингдек, жабира (жароҳат, яра устидан ёпилган қоғоз, латта, дока) устидан ҳам у тузалгунга қадар масъҳ тортилади. Қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдорича икки қадамнинг устига нам қўл билан силаш масьҳнинг фарзидир. Оёқнинг остига ёки ёнларига масьҳ тортиш дуруст эмас. Масъҳ тортиш учун қўлларни ҳўллаб, ўнг қўлнинг бармоқларини ўнг қадамнинг (оёқнинг тўпиқдан пастки қисми) устига, чап қўлнинг бармоқларини чап қадамнинг устига теккизиб қўяди ва икки қўлини ҳам тўпиғигача тортади. Бармоқлар ораси бироз очиқ бўладики, ҳатто қадамларда масъҳдан сўнг чизиқлар ҳосил бўлсин. Муқим киши учун масъҳ тортиб юриш муддати бир кеча-кундуз, яъни йигирма тўрт соат бўлса, мусофир учун уч-кеча кундуз, яъни етмиш икки соат ҳисобланади. Бу вақт таҳорат сингандан бошлаб эътиборга олинади. Мисол учун, бир киши субҳда таҳорат олди-да, маҳсини кийди ва шу аш таҳорати пешинда синди. Демак, бунда у янги таҳорат қилади, оёғига масъҳ тортади ва кейинги куннинг пешин намозигача оёғига масъҳ торта олади. Агар мусофир бўлса, учинчи куннинг пешинигача масъҳ тортиши мумкин. ''Мусофир” деб пиёданинг ўртача юриши билан уч кунлик йўлга қасд қилиб чиққан кишига айтилади. Агар муқимнинг масҳ муддати тугамай, сафарга чиқса, унинг масъҳ тортиш муддати мусофирнинг масҳ тортиш муддатига айланади. Мусофир бир кун ўтиб уйига қайтса, маҳсисини ечиб, оёғини ювади. Чунки масъҳ тортиш учун муддатнинг охирги вақти эътиборга олинади. Ҳар таҳорат синганда янгидан масъҳ тортилади. Масъҳ тортмасдан ўқилган намоз қайтадан ўқилади. Маҳсидан бошқа нарсаларга масъҳ тортиш шартлари қуйидагилар: 1. Масъҳ тортиладиган нарса оёқни тўпиғигача тўсиб, қалинлигидан ўзини қўйиб қўйса, мустақил тура олиши шарт; 2. Устидан сув қуйилса, сув ўтадиган даражада юпқа, шаффоф бўлмаслиги шарт; 3. 5544 метр масофани босиб ўтса ҳам йиртилмаслигишарт. Оёқдан бошқани тўсиб турувчи нарсага масъҳ тортилмайди, фақат ювса, зарар бўлувчи жароҳат боғланган нарсагагина масъҳ тортиш мумкин. Масъҳни қуйидагилар синдиради: 1) таҳоратни синдирадиган нарсалар; 2) масъҳ муддатининг ўтиб кетиши; 3) оёқ товонининг кўп қисми маҳсининг тўпиқ турадиган еригача чиқиб кетиши ёки маҳсининг учта кичик бармоқ кўринадиган даражада йиртилиши. Тузувчи: Сапоев Абдулвалий. Download 15.88 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling