Мавзу №6 Ғарбий Европада Ўрта аср фалсафаси. 1-§. Ўрта асрлар ғарб фалсафаси


Download 24.99 Kb.
bet3/3
Sana16.02.2023
Hajmi24.99 Kb.
#1204081
1   2   3
Bog'liq
6 мавзу

2-§. Уйғониш даври фалсафаси


Теология (илоҳиёт) ва схоластикадан инсонпарварлик ва билим томон
Уйғониш даври илк буржуазия инқилобларининг ғоявий ва маданий тараққиётининг тарихий жараёни сифатида ифодаланади. Европа мамлакатларида XII-XIII асрлардаёқ саноат, савдо-сотиқ, денгизда юриш ривожи ва ҳарбий ишнинг ўсиши кузатилади. Ўрта асрларнинг илоҳиётчилиги билан курашда биринчи ўринга инсонпарварлик ва инсон мақомини улуғлаш (антропоцентризм) қўйилди. Ердаги дунёвий ишларга нафрат билан қараш ўрнига инсоннинг ижодий қобилияти, ақли, бахт-саодатга интилишини тан олиш қўйилади. Инсонпарварлик ғояларини амалга ошириш ўтмишдаги ютуқларни ўзлаштиришни тақозо этар эди, шунинг учун қадимги давр фалсафий бойлигини эгаллашга интилиш бошланди. Уйғониш бу энг аввало қадимги даврда яратилган асарларни озодона англаш бўлиб, тайёр ва ўзгармайдиган ҳақиқатлардан юз ўгиришдир. Қадимги давр файласуфлари гап текизиб бўлмайдиган обруманд одамлардан кўра, кўпроқ иттифоқдош шахслар сифатида қабул қилина бошладилар. Олимлар ва файласуфлар энди ёпиқ мактабларнинг вакиллари сифатида эмас, балки алоҳида олинган тадқиқотчилар сифатида намоён бўла бошладилар. Воқейлик кўпроқ ҳисобга олинадиган бўлиб, диққат-эътибор амалий аҳамият ва фойда келтирадиган масалаларга қаратиладиган бўлди. Ақлни схоластикадан қутилтириш бошланди ва фақат мантиқий муаммолардан кўра дунё ва инсонни табиий - илмий тушунишга ўгирилинди.
Николай Кузанский (1401-1464) таълимотида инсон билимининг куч-қудрати таъкидланди; инсоннинг ўзи ижодий ақлий фаолиятининг («инсон унинг ақлидир») воситасида қандайдир худога ўхшаш эканлигига ишора қилинди. Кузанскийнинг фаолиятида диалектика унсурларини ҳам топиш мумкин.
Инсон мақомини юқори кўтариш ғояси Пико делла Мирандола (1463-1494) ижодида асосий ўрин тутади. Инсон танлаш эркинлигига эга ва бу уни коинотга боғлаб қўймайди ва ижодий қобилиятини ўз-ўзича намоён қила олишлигини таъкидлайди.
Николай Коперникнинг (1473-1543) «Самовий доираларнинг айланиши ҳақида» асари астрономияда инқилоб ясади, негаки, қуйидагиларни ўз ичига олган гелиоцентризм системасини таъкидлади: 1. Ер Коинот марказида ҳаракатсиз равишда мавжуд бўлмасдан, балки ўз ўқи атрофида айланади; 2. Ер Қуёш атрофида айланади. Коперникнинг гелиоцентрик назарияси фалсафа тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди, аммо адашишлардан ҳам ҳоли эмас эди: биринчидан, Коперник дунёнинг охири бор деган ҳукмрон ақидага қўшилар эди, ва, иккинчидан, Ерни Коинотнинг маркази бўлиш имтиёзидан маҳрум қилиб, шундай марказни Қуёшга нисбатан сақлади.
Машҳур «Тажрибалар» асарининг муаллифи Мишел Монтеннинг (1533-1592) скептицизми доимий ижодий изланишлар ва тиниб - тинчмаслик ақлнинг рамзи эди. Унинг фикрича, инсон тафаккури доимий равишда табиатнинг табиий қонунларини билиш асосида мукаммаллашиб бориши лозим.
Уйғониш даври пантеизмининг энг йирик вакили Джордано Бруно (1548-1600) эди. Қарама-қаршиликларнинг бир-бирига ўхшашлиги ҳақидаги диалектик ғояни таъкидлаган ҳолда, Бруно фалсафий билимларнинг мақсади Худо эмас, балки табиат деб ҳисоблаб, шу билан бирга коинотда табиатнинг ва дунёларнинг чексизлиги ҳақидаги тахминларни ифодалаб берди.
Мумтоз механиканинг тамал тошини қўйган, тажрибавий-назарий табиатшуносликнинг асосчиларидан бири Г.Галилей (1564-1642) эди. Унинг фикрича, билиш соҳасида икки усулдан, яъни таҳлил (анализ) ва синтездан фойдаланиб, табиат ҳодисаларини ҳиссий қабул қилишдан уларни назарий тушунишгача бориб етмоқ лозим. Шу тарзда ҳақиқий билим таҳлилий ва синтетик, ҳиссий ва абстрактлик бирлигида ягоналигида ўз ифодасини топмоғи лозим.
Уйғониш даврида шаклланган ғоялар кишиларни дунё ва ундаги инсон мақомига бўлган қарашларини ўзгартириб юборди ва бу билан кейинги фан ва фалсафа хусусиятида чуқур из қолдирди.
Download 24.99 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling