Ўзгармас маълумотнинг идрок қилинмаслиги қонуни. - Бу қонуннинг моҳияти шундаки, мунтазам таъсир этувчи маълумот онгда узоқ ушлаб турилмайди. Масалан, ўтирганингизда соатнинг тикқилашини эшитганмисиз? Ҳа, товуш эшитилади, лекин маълум вақт ўтгандан сўнг у йўқ бўлиб қолгандай - эшитилмайди. Ёки эксперимент шароитида ёлғиз битта нуқтадаги ёруғлик манбаи кўзга таъсир этилиб, кўз ҳам шу нуқта билан бир вақтда ҳаракатга келтириб турилганда, 1-3 секунддан сўнг одам ёруғлик манбаини кўрмай қўйгандек. Шунга ўхшаш экспериментлар барча идрок турларида ҳам синалган. Паст оҳангли куй ҳам маълум вақтдан кейин эшитмагандай ҳисни келтириб чиқаришини синаб кўришингиз мумкин.
Англанганлик қонуни - Идрок қилаётган шахс учун фигуранинг англанганлиги, унинг зарурати ва маъноси катта аҳамиятга эга бўлади. Агар биз кузатаётган предмет, эшитаётган нутқ ёки ҳис қилаётган нарсамиз маъносиз, тушунарсиз, ноаниқ бўлса, биз жуда тез чарчаймиз ва толиқамиз. Масалан, хитой тилини билмайдиган одам шу тилда сўзлашувчилар орасига тушиб қолса, психологик жиҳатдан жуда қийналади. Яъни, бизга барча нарсаларда бирор маъно ва мазмун керак. Одам одатда тушунадиган нарсасинигина идрок қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |