Мавзу: кумарин, сапонин ва флавоноидларга хос сифат реакциялари назарий тушунча
Download 118.21 Kb.
|
1-amaliy mashg\'ulot
МАВЗУ: КУМАРИН, САПОНИН ВА ФЛАВОНОИДЛАРГА ХОС СИФАТ РЕАКЦИЯЛАРИ Назарий тушунча: Кумарин (цис-орто-оксидолчин) кислотанинг унумлари бўлган ўсимликлардан олинадиган лактонлар кумаринлар деб аталади. Цисорто-оксидолчин кислота ва унинг унумлари табиатда деярли соф ҳолда учрамайди. Бу кислоталар ўзидан бир молекула сув ажратиб, тезда тегишли лактонларга айланади. Шунинг учун кумаринлар бензо-α-пирон унуми деб ҳам қаралади. Кумариннинг ўзи цис-орто-оксидолчин кислотанинг лактонидир. Кумаринларнинг бошланғич бирикмаси – кумарин биринчи марта 1820 йилда Фогел томонидан Dipteryx odorata Willd. (Coumarouna odorata, дуккакдошлар оиласига киради) ўсимлигининг мевасидан ажратиб олинган. Кумаринлар кимёвий тузилиши 1877 йилда Перкин томонидан аниқланган. Ўсимликнинг таркибида кумариннинг одатдаги окси- ва метокси унумларидан ташқари, уларнинг фуран унумлари бўлган фурокумаринлар ҳам кўп учрайди. Фурокумаринлар молекуласидаги фуран ҳалқаси кумариннинг 6-ва 7- (псорален тип) ёки 7- ва 8-номерли (ангелицин типи) углерод атомлари билан бирлашиши мумкин. Кумаринлар ўсимликлар ҳамма органлари тўқималарининг ҳужайра ширасида эриган ҳолда учрайди. Улар асосан илдиз, пўстлоқ ҳамда мевада кўп, барг ва пояда кам тўпланади. Кумаринларнинг ўсимликлар ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида ҳали етарли маълумотлар мавжуд эмас. Ҳозирги вақтгача бўлган баъзи бир маълумотларга қараганда баъзи кумаринлар ўсимликларни ўсишидан тўхтаса (ўсиш ингибиторлари), баъзилари уруғининг унишини кучайтириши (ўсиш стимуляторлари) мумкин. Кумаринлар ўсимликларни баъзи касалликлардан сақлаши мумкин дэган фикрлар ҳам бор. Ўсимликлардан ажратиб олинган кумаринлар рангсиз кристалл модда бўлиб, сувда ёмон эрийди ёки бутунлай эримайди, спиртда осонроқ, органик эритувчилар (эфир, хлороформ ва бошқалар)да яхши эрийди. Кумаринлар гликозид ҳолида бўлса, уларнинг сувда эриши кучаяди. Лекин гликозидларнинг суюлтирилган сульфат кислота таъсирида гидролизлаб олинган агликонлари сувда эримайди, спирт ва органик эритувчиларда эса яхши эрийди. Кўпчилик кумарин ва фурокумаринларнинг спиртдаги нейтрал эритмалари ҳамда ишқор ва концентрланган сульфат кислотадаги эритмалари ультрабинафша нурда ўзига хос флуоресценция (зангори, кўк бинафша, яшил, сариқ рангларда) билан товланади. Айниқса 7-оксикумарин-умбеллиферон унуми яхши флуоресценция беради. Умбеллифероннинг ўзи ультрабинафша нур таъсирида тиниқ зангори рангли флуоресценция билан товланади. Ўсимликлар таркибидаги кумаринлар миқдори ҳам ҳар хил бўлади. Улар жуда оз миқдордан тортиб, то 10% гача (Daphna odora Thunb. ўсимлигининг барг куртаги таркибида 22% гача) тўпланиши мумкин. Одатда битта ўсимлик таркибида бир қанча (5-10 тагача) ҳар ҳил кумаринлар учраши мумкин. Кўпинча кумаринлар ўсимликларда соф ҳолда ва оз миқдорда ўзининг гликозидлари ҳолида учрайди. Кумаринларнинг ўсимликлар таркибидаги миқдори ва сони ўсимликларнинг ўсиш жойига, тараққий қилиш даврига ва бошқа омилларга қараб ўзгариб туради. Кумаринлар лактон бўлганлиги учун ишқорлар таъсирида уларнинг α-пирон ҳалқаси узилади ва ҳар бир кумариннинг ўзига хос кислотасининг тузи – кумаринатлар ҳосил бўлади. Улар сувда яхши эрийди (эритмалари сариқ рангли бўлади), органик эритувчиларда эса эримайди. Кумаринатларга кислота таъсир эттирилса, реакция орқага қайтади, лекин ҳосил бўлган соф кислота тезда ўзидан бир молекула сув ажратиб, қайтадан лактонга –кумаринларга айланади. Кумариннинг ўзи сув таъсирида гидролизланмайди, кислота ва аммиак эритмаси билан реакцияга киришмайди. Агар унга суюлтирилган натрий ишқори қўшиб қиздирилса, сариқ рангли эритма – кумарин (цис-орто-оксидолчин) кислота натрий тузининг эритмаси ҳосил бўлади. Эритмага кислота таъсир эттирилса, реакция орқага қайтади. Кумарин кислоталарининг соф ҳолда турғун бўлмай, тезда лактонларга айланиш хоссасидан уларни анализ қилишда (сифат реакцияларда ва миқдорини аниқлашда) ҳамда кумаринларни бошқа моддалардан тозалашда (ажратиб олишда) кенг фойдаланилади. Кумаринлар минерал кислоталар (концентрланган хлорид кислота) ва натрий нитрит иштирокида n-нитроанилин ёки сульфанил кислота билан 6-углерод (фурокумаринларда 3-углерод) атоми орқали диазореакция беради: Шунинг учун бу реакциялар ёрдамида кумаринларни очилади (топилади). Натижада қўнғир-қизил, қизил ёки тўқ сариқ (зарғалдок) рангли маҳсулотлар ҳосил бўлади. Шунинг учун бу реакциядан кумаринларга сифат реакция сифатида кенг фойдаланилади. Download 118.21 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling