18-модда. Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларини шакллантириш Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларини шакллантириш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ваколатли давлат органларининг ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ўз ваколатлари доирасидаги таклифлари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилади. Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва белгиланган тартибда эълон қилинади. 19-модда. Техник регламентларни ишлаб чиқиш тартиби Техник регламентлар техник регламентларни ишлаб чиқишнинг тасдиқланадиган дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар белгиланган тартибда: техник регламентлар ишлаб чиқилиши ҳақидаги хабарларни эълон қилади; техник жиҳатдан тартибга солиниши лозим бўлган маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг гуруҳлари ҳамда турларини белгилайди; маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг техник регламентларда белгиланадиган талабларга мувофиқлигини баҳолаш усулларини белгилайди; ишлаб чиқилган техник регламентларни келишиб олади; ишлаб чиқилган техник регламентлардан фойдаланиш эркинлигини таъминлайди. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар ишлаб чиқилган техник регламентлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан икки ой ичида уларнинг муҳокама қилинишини таъминлайди. - 20-модда. Техник регламентларни қабул қилиш тартиби
- Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган умумий техник регламентлар экспертизадан ўтказиш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органларига улар фаолиятининг йўналиши бўйича топширилади.
- Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли эксперт комиссиясининг хулосаси олинганидан кейин умумий техник регламентларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда юборади.
- Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган махсус техник регламентлар экспертизадан ўтказиш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органларига улар фаолиятининг йўналиши бўйича топширилади.
- Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, давлат бошқаруви органлари ўз фаолиятининг йўналишлари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли эксперт комиссиясининг хулосаси асосида махсус техник регламентларни тасдиқлайди.
- Тасдиқланган умумий ва махсус техник регламентлар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида олти ой ўтгач амалга киритилади.
- Умумий ва махсус техник регламентларни эълон қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |