Мавзу: Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлар даврида
Download 19.4 Kb.
|
МАҚОЛА
- Bu sahifa navigatsiya:
- О.ҲАСАНОВ Ғаллаорол тумани Адлия бўлими бошлиғи
Мавзу: Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлар даврида Давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўплиги, кераксиз штатлар борлиги, марказлашув юқорилигини қайд этди. Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбари ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш мақсадида кенг кўламли маъмурий ислоҳотларни илгари сурган эди. Мазкур ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон фармон ва унинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-447-сонли қарор имзоланди. Биринчидан, янги қабул қилинган фармон ва қарор билан энг аввало, 2023 йил 1 январдан бошлаб: - Вазирлар Маҳкамасига бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилмоқда. Бунда, 20 та идора тўлиқ тугатилмоқда; - барча вазирликларнинг штатлари 30 фоизгача қисқартирилади; - илғор хорижий тажрибалар асосида давлат бошқаруви идоралари фақат вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекциядан иборат бўлади. Бунда, вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоққа кирувчи қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади. Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасида амалдаги 8 нафар Бош Вазир ўринбосари ва 3 нафар Бош Вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар Бош вазир ўринбосари қолдирилмоқда. Эндиликда, Бош Вазир ўринбосари бир вақтнинг ўзида вазир ёки бошқа раҳбарлик лавозимини эгалламайди ҳамда вазирликлар ва бошқа давлат идоралари фаолиятини тўғридан-тўғри бошқармайди. Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида амалдаги 269 та штатдан 120 таси қолади. Бунда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлимидан иборат Вазирлар Маҳкамаси аппарати тугатилмоқда. Унинг ўрнига Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинмоқда. Учинчидан, Вазирларнинг сиёсий мақоми, ваколатлари, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги сиёсий масъулияти ҳамда жавобгарлиги кескин оширилмоқда. Уларнинг соҳага ажратиладиган маблағларни ишлатишдаги мустақиллиги белгиланмоқда. Тўртинчидан, Вазирлик ва идораларнинг функциялари қайта кўриб чиқилиб, бир-бирини такрорлайдиганлари қисқартирилади. Бунда, хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилади. Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳар бир вазирликнинг йил давомида эришиши зарур бўлган мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) белгиланади. Мазкур ислоҳотга кўра, Вазирлар ҳар йил бошида ўзининг ўринбосарлари кесимида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиб, жамоатчиликка тақдим қилади. Худди шу каби, вазирликларнинг жойлардаги бўлинмалари раҳбарлари ҳам мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ҳудудий ривожланиш дастурини ишлаб чиқиб, жамоатчиликка тақдим қилади. Вазирлар ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг йил якунига қадар ушбу дастурлар ижроси ва мақсадли кўрсаткичларга эришилганлиги юзасидан очиқ ҳисобот бериши белгиланмоқда. Олтинчидан, давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш, рақамли бошқарув моделига ўтиш мақсадида вазирликларнинг буйруқ ва қарорларини «E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Еттинчидан, давлат бошқаруви аппаратини сақлаш харажатларини қисқартириш мақсадида вазирликларда: – масофавий «онлайн қабул”, «виртуал ташриф” каби замонавий технологияларга асосланган иш услублари кенгайтирилади; – энергия сарфи босқичма-босқич, шу жумладан тежамкор технологиялар жорий этиш ҳисобига камайтирилади. Умуман, ушбу Маъмурий ислоҳотлар натижасида, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизими шакллантирилиб, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулияти оширилади ҳамда улар фаолияти натижадорликка йўналтирилади. О.ҲАСАНОВ Ғаллаорол тумани Адлия бўлими бошлиғи Download 19.4 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling