Мавзу: Ўзбекистон миллий хавфсизлигига таҳдидлар


Download 123.25 Kb.
Sana31.01.2024
Hajmi123.25 Kb.
#1829062
Bog'liq
09.10.2023 й.


09.10.2023 й.
Мавзу: Ўзбекистон миллий хавфсизлигига таҳдидлар.
Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмаслиги, халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаётгани, ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмай келаётгани билан боғлиқ бир қанча камчиликлар таъкидлаб ўтилди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессори, сиёсий фанлар доктори Тўлқин АЛИМАРДОНОВ билан суҳбатимиз ушбу қарорнинг мақсад-моҳияти ва олдимизда турган долзарб вазифалар, айрим муаммоларнинг ечимларига бағишланди.
— Маънавият инсон руҳияти, миллий мансублик коди, унинг имон-эътиқоди, мақсад-муддаолари, иродаси, садоқат тўйғуси, адолатли жамият тўғрисидаги қарашлари ифодасидир, — дейди Т. Алимардонов. — Маънавий хавфсизлик масаласи миллатнинг мавжудлигини белгиловчи вазифалар қаторига киради. У ахлоқий қадриятлар орқали жамият ва унинг маданиятини сақлашга қаратилган яхлит ижтимоий тизимлар фаолиятини намоён этади. Бу соҳа мунтазам равишда муолажага муҳтож, деб ўйлаймиз. Шундай экан, мазкур жараёнларни илмий нуқтаи-назардан ўрганмасдан, унинг назарий услубларини татбиқ этмасдан мудом шаклланиб келаётган жамият қарашлари яхлитлигини ва ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаб бўлмайди. Юқоридаги қарор шу жиҳатдан муҳим аҳамият касб қилади.
— Бугун кишилик жамиятида ижтимоий ўзгаришлар янги таҳдидларни вужудга келтирмоқда. Халқаро терроризм, мафкуравий хуружлар, ақидапарастлик, турли ОАВ таъсири, ижтимоий-психологик кўринишдаги таҳдидлар шулар жумласидан. Ташқи таҳдидлар таъсири одамларнинг ўзаро алоқаларида, ижтимоий фаолияти ва кайфиятида, хатти-ҳаракати, эътиқоди, маслак ва дунёқарашида муайян ижтимоий-маънавий муносабатлар билан боғлиқ ички таҳдидларни пайдо қилмоқда. Бу масалага қандай қарайсиз?
— Биринчи ҳолатда ташқи таҳдидлардан сақланиш ҳарбий мудофаага асосланган, иккинчи ҳолатда давлатнинг ижтимоий-маънавий муносабатлар тизимини ривожлантириш жамият барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Биласизми, ҳозирга қадар жамият хавфсизлиги дейилганда, ташқи ҳарбий таҳдид ёки жамият ҳаётини издан чиқариши мумкин бўлган табиий офатлар тушунилган. Бугунги кунда хавфсизлик турлари иқтисодий, ижтимоий, экологик, ҳарбий, сиёсий, информацион, гуманитар соҳаларга бўлиниб кетди. Шу жиҳатдан олиб қарасак, ҳозирда гуманитар хавфсизликнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Чунки гуманитар хавфсизлик аҳоли саломатлиги, инсон ҳаёти муҳофазаси, демографик, этник, диний, конфессионал, миллатнинг маънавий салоҳияти, айниқса, ёшлар тарбиясини қамраб олади. Ушбу соҳаларнинг изчил ва давр даъватларига ҳамоҳанг ривожлантирилиши гуманитар хавфсизлик ва ўз ўрнида давлат яхлитлигини таъминлаш имкониятларини кенгайтириб боради.
Информацион технократик ривожланган жамиятга ўтиш, бу — эскилик билан янгилик ўртасидаги тўқнашув, моддий имкониятларнинг маънавий олам билан юзага келадиган зиддиятлар сирасига киради. Шу зиддиятлар силсиласида ёшларнинг жамият ҳаётида ўз ўрнини топиб олиши, унинг фаол иштирокчисига айланиши барқарорликнинг муҳим омилларидан бўлиб саналади. Бу зиддиятлар, бир томондан, ёшларнинг ижодий интеллектуал салоҳиятининг ўсиши, ўзлигини англашга бўлган интилиши бўлса, иккинчи томондан, моддий имкониятларга интилиш орқали миллий-маданий қадриятлар оралиғида эготсентиризмнинг кучайиб бориши ва жамиятда ижтимоий-психологик муҳитнинг таранглашувида намоён бўлади. Шу тариқа ёшлар икки олам ўртасида — ахлоқий мезонлар танловида қовирилади ва ўз «мен»ини доимо излайди.
— Ёшларимизнинг маънавий дунёси, тафаккури даражаси дунёда кечаётган глобаллашув шиддати олдида орқада қолаётгани ростми? Бу борада таълим тизимида қандай усул ва шаклларни кучайтириш лозим?
— Фикрингизда жон бор. Маънавий олами бўлмаган ёш йигит-ўсмир жамиятда эрки ва қадр-қимматини йўқотади, бундай киши инқирозга, сўнгра руҳий емирилиш ҳолатига учрайди. Бу ҳолат унинг меҳнат фаолиятига, айни пайтда, ижтимоий муносабатларига ҳам кўчиб ўтади. Натижада ижтимоий муносабатлар риёкорликка, иккиюзламачиликка, расмий қарорларнинг суиистеъмол бўлишига олиб келади. Ёшлар мавжуд ахлоқий қадриятлардан кўра, жамиятнинг реал муносабатларига интилиш орқали ўз «мен»ини ҳимоя этишга интилади. Бу, ўз ўрнида, ёшларнинг ахлоқий-психологик қиёфасига, жамиятда маънавий жараёнлар ривожига салбий таъсир этмай қолмайди. Натижа вужудга келган бўшлиқда бузғунчи кучлар ўз мақсадларини ОАВ ва янги ахборот коммуникация тармоқлари орқали ёшлар онгига сингдиришга ошиқади.
Сўнгги йилларда миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил маънавий тизимга айланаётганини таъкидлаш лозим. Мазкур тадбирлар барқарор ижтимоий муносабатлар ривожини таъминловчи барометр сифатида ёшлар фаолиятини янада жонлантириш вазифаларини ўз ичига қамраб олгани билан самарали натижаларни бермоқда.
Бугунги кунда 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, йигит-қизларга белгиланган тартибда мукофотлар, стипендиялар, таълим грантлари тақдим этиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш мақсадида танловлар, олимпиадалар, кўргазмалар ташкил этиш, уларни хорижий мамлакатларда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва амалиётни ўташ дастурларидан танлов асосида фойдаланишини таъминлашнинг уч босқичли тизими амал қилмоқда. Маънавий тизимнинг замонавий эҳтиёжларини ифода этувчи шакл ва усуллар сифатида «Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор» Ёшлар кичик саноат зоналари, “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари, “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари, «Лойиҳалар фабрикаси», «Ёшлар мурожаати» электрон платформаси фаолияти, «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш» дастури, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси, Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси, “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси, «Бир тадбиркор + бир ёш» «Ёшлар дафтари» каби рағбатлантирувчи технологиялар самарали натижаларини бериб келмоқда.
— Гап ёшлар маънавиятини сифат жиҳатдан юқори поғонага кўтариш ҳақида кетаётган экан, яна қандай ишлар олдимизда турибди?
— Қарордаги танқидий хулосалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жамиятнинг маънавий жараёнлари муайян яхлит тизимга бўйсундирилмаган. Улар аксарият ҳолларда айрим ташкилот ва муассасаларнинг алоҳида ҳамда айрим мавсумий вазифалари доирасида шаклланиб келмоқда. Ваҳоланки, қарорда оила ва жамият ташкилотларининг, соҳа йўналишларидан қатъи назар, умуммиллий мажбуриятга айланиши лозимлиги белгиланади.
Навбатдаги муҳим ишлардан бири ривожланган жамиятларда бўлганидек, маънавий хавфсизликни таъминлаш концепциясини қабул қилиш лозим. Мамлакатимизда шу йўналишдаги давлат сиёсатини белгилашга қаратилган ҳуқуқий асос, бу — «Ўзбекистон Республикасининг маънавий хавфсизлигини таъминлаш концепцияси» бўлиши мумкин.
Мазкур концепция расмий равишда тасдиқланган маърифий-маданий тамойиллар, иқтисодий ва стратегик йўналишлар моҳияти, замонавий Ўзбекистон жамиятининг ривожланиш мақсадларини белгилайдиган сиёсий нуқтаи назар, ахборот, психологик, мафкуравий ва диний соҳалар фаолиятини қамраб олади. Бошқача айтганда, жамиятда нима уят, миллий қадриятга бегона, деган мезонлар белгиланади. Бу мезонлар универсал тамойиллар сифатида санъат, адабиёт, мусиқа ва театр соҳаларида барча амал қилиши лозим бўлган қадриятларни сингдиришга ҳамда тарғибот қилишга хизмат қилади. Маънавиятимизга ёт «маданият»ларнинг кириб келишини чеклайди, назорат қилади, тўсиқ бўлади. Ушбу тизим жамиятда сақланиб келаётган зарарли иллатлар ва таҳдидларни сиқиб чиқарувчи мафкуравий иммунитет қобиғини яратишга қаратилади.
Концепция доирасида илм-фан, рассомлар, адиблар, анъанавий диний ташкилотлар вакиллари жамоат бирлашмалари таркибида ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Жамоат ташкилотлари фаолиятида тарқоқлик кўзга ташланиб турибди, дея қарорда бу масалага алоҳида урғу берилган. Уларнинг умуммиллий ҳаракатни вужудга келтириш имкониятларидан етарлича фойдаланилмай келинмоқда.
Бинобарин, маънавий хавфсизликни таъминлаш соҳасида, хусусан, ғайриижтимоий феноменлар — терроризм, экстремизм, турли мазҳаблараро курашга қарши турувчи мутахассисларни тайёрлаш ва жалб этиш мумкин. Албатта, бу борада давлат томонидан конфессиявий муносабатлар соҳасида ахлоқий принципларни аниқлаш, ҳалокатли диний ва дунёвий мафкураларга қарши ташвиқот-тарғибот технологияларини яратишда илмий марказлар фаолиятини ташкил этишга зарурат туғилади. Масалан, биргина Россияда юзлаб шундай илмий марказлар фаолият юритаётганини биламиз. Шундай экан, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари жамоат ҳаётининг диний, ахборот, илмий-маданий соҳаларидаги бузғунчилик тенденцияларининг олдини олиш, шунингдек, ушбу фаолият устидан назоратни ташкил этиш соҳасидаги ваколатларини аниқлаш ва қонунийлаштириш даврнинг тақозосига айланган.
— Бугун олий таълим тизими олдида маънавий хавфсизликка ҳисса қўшиш борасида қандай вазифалар турибди?
— Менимча, ижтимоий фанлардан мақсадли фойдаланиш тартиблари ва унинг мафкуравий-тарбиявий юкини аниқ белгилаш масаласи қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Ваҳоланки, ҳар битта ижтимоий кафедра биз таклиф этган кучли марказ вазифасини бажариши ҳам мумкин. Аслида, бу фанларнинг миссияси ҳам маънавий қадриятларимизни — инсонни тазйиқлардан ҳимоялаш, ёшлар дунёқарашини шакллантириш ва зарарли ёт ғояларнинг таъсирига берилишидан сақлашдан иборат.
Ижтимоий фанлар тематика мавзулари замон даъватлари, ёшларнинг ижтимоий эҳтиёжи асосларида кафедралар томонидан шакллантирилса, мунтазам равишда долзарб мафкуравий масалаларда тегишли мутахассислар жалб этиш амалиёти этилса, қотиб қолган дастур ва фикрлар билан ёшларни бездириш тажрибасидан узоқлашган бўлар эдик.
Бугун ёшлар онгига ижтимоий аҳамиятини йўқотган маълумотларни сингдиришга уриниш услублари аллақачон муддатини ўтаб бўлган амалиёт. Мафкуравий ва ғоявий таълимотларга асосланган фанлар моҳиятан тезкор, ёшларни ўзгарувчан жараёнларнинг иштирокчисига айлантиришига хизмат қилсин. Ўтиб бўлган ижтимоий муносабатлар баёнини таъкидлаш ва такрорлаш бугунги ёшларни қизиқтирмайди. Ижтимоий фанларнинг миссияси «Нима қилмоқ керак?» «Қандай қилса, тўғри бўлади?» деган давр даъватларига жавоб бериши билан ёшларнинг маънавий оринтерини белгилаб чиқармоғи лозим. Ҳолбуки, юқоридан белгиланаётган фан дастурлари бугунги ёшлар маънавий ҳаёти эҳтиёжларини ифодалай олмаяпти. Бунда самарали ва таъсирчан тарғибот технологиялари ҳамда усулларини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани ўрганиш, шунингдек, бугунги мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиб бориш, алоҳида индивидуал ёндашувларни талаб қилади.
Шахс онгига сингдирилиши лозим бўлган таълимнинг дефференцияси ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Боғчада, мактабда, олий ўқув юртида, жамиятда инсон қандай маълумотларни, қандай тартиб ва кетма-кетликда ҳазм қилиши лозим? Бинобарин, такрорланиб келаётган ижтимоий фанлар мавзулари мақсадли равишда тартибга солинган эмас, фақат қисқартирилган, холос. Боз устига, уларнинг сони ҳам, сифати ҳам самарадорлик мақсадларига бўйсунтирилмаган.
Тарбия ва тарбияланувчилар ўртасидаги маънавий услублар методологиясини белгилаб олиш ҳам ниҳоятда муҳим масала ҳисобланади. Аслида методология белгиланаётган мақсадларга қараб шакллантирилади. Субъект ва объект ўртасида қандай мажбурият ҳамда ваколатлар мавжуд? Биз истаётган қадриятлар пировард натижалари қандай мақсадларга қаратилган? Ҳар бир жамоада маърифатга интилиш — меҳнат қадри, салоҳият эътирофи, ватанпарварлик, садоқат, ҳалоллик, адолат ва жасорат туйғуларини рағбатлантирувчи омиллар яратилганми? Бу масалалар фақат таълимнинг тарбия билан уйғунлигида ўз ифодасини топади. Яъни таълимнинг таркибида тарбия жараёнлари шакллантирилиши, турли фанларни ўқитиш асносида унинг инсон, миллат, Ватан учун муҳим аҳамиятини очиб беришга қаратилган кириш қисми билан ўқув дастурлар тузилиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал қилишнинг ечимларидан бири, бу — баркамол шахсни вояга етказишга қаратилган ташкилий ва бошқарув вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ кечади. Белгиланган тадбирлар, аввало, инсон ўз фаолияти ва қарорига масъул, эркин, ташаббускор, етакчи, ишлаб чиқарувчи субъект сифатидаги ролини оширишга хизмат қилади. Бу инсоннинг ҳис-туйғулари, манфаатлари, эҳтиёжлари, билимлари, эътиқоди, фаолият мотивлари, интилишлари, ахлоқий тарбияси, характерини шакллантириш орқали маънавий жасоратга йўл очади.
Бу борада таълим-тарбия тизими самарадорлигини ошириш, унинг узвий ва уйғунлигини таъминлаш, ноанъанавий тажрибаларни этиш кун тартибида турибди. Қарорда белгиланган вазифалар қаторида мазкур йўналишдаги ишлар кўламини оила, маҳалла, ишлаб чиқариш ташкилотлари ҳамкорлигини кенгайтиришга, айни пайтда, лаёқатли мутахассислар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бундай вазифа таълим тизимида нафақат ғоявий ва молиявий, балки замонавий ташкилий-структуравий тузилмаларни ўзгартиришни талаб этади.
— Ислоҳотларнинг амалий натижалари сифатида айтиш лозимки, аксарият ёшларимиз кечаги кунга нисбатан бугун анча фаол, мустақил фикрлашга, масъулият ҳамда мажбуриятларини ўз зиммасига олишдан чўчимайдиган, илмий ва амалий таклифлари билан жамият ҳаётига иштирок этишга мойил, баъзида қизиққон, ичидаги гапини демократларча бетингизга айтиб қўядиган...
– Тўғри англабсиз, ёшларимиз замонга мослашишга, ўз идеали, мақсадлари учун интилишга ҳаракат қилмоқда. Бу позитив ҳолат. Улар жаҳонда мавжуд бўлган деярли барча техника, технология ва фан сирларини эгаллаб келмоқдалар. Компьютер ва бошқа техника дастгоҳлар улар учун кундалик эҳтиёжга айланган. Кеча коллежни тамомлаган ёшлар замонавий ишлаб чиқариш технология ва ускуналарида кўзни қувонтирадиган машиналар ҳамда турли-туман маиший анжомлар ишлаб чиқаришмоқда. Очиғини айтсам, улардан орқада қолмаслик, замон талабларига мос қадам ташлаш учун яқинроқ бўлишга интиламан. Уларнинг дунёқараши замон ва макон билан ҳамнафас. Шиддат билан ўзгариб бораётган жараёнлар соҳиби, гўёки отга миниб жиловлаб олгандай сергак, ишонч билан истаган маданият ва тильдаги одамлар билан хоҳлаган мавзуда суҳбат олиб борадилар.
Улар бизларга ўхшаб вақтларини тавозе қилишга, хушомад сўзларни ишлатишга, яна кимларнингдир қовоғига қараб, илтифот кўрсатишни кутишга тоқати йўқ. Ортиқча танбеҳлар улар учун дастак билан тенг, дарров жавобини қайтаради. Ёшларнинг вақти тиғиз. Эрталаб ўқиш, тушда машғулот, тушь ўртасида тил ўрганишга боради, кечқурун чизмакашлик, ўн иккидан кейин ёзма ишни тўлдириш, тонг азонда ишлайди ва яна ўқийди. Муҳаббат, ишқ масалалари махсус кун тартибига киритилмаган, балки улар меҳнат жараёнлари билан уйғунлашиб кетган. Аслида, ёшларнинг шундай шижоатга тўла иштиёқи юксалаётган миллатнинг ривожидан далолат беради.
— Суҳбатимиз мавзусидан келиб чиқиб, маънавият ва иқтисодиётнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисидаги фикрингизни ҳам билдириб ўтсангиз.
— Сиёсат ҳам, иқтисод ҳам мазмун-моҳияти билан маънавий-ахлоқий қадриятлар негизида амалда таъминланади. Маънавиятни иқтисоддан, иқтисодни маънавиятдан айро қараб бўлмайди. Ижтимоий-иқтисодий йўналишларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, биринчи галда бозор муносабатларига ўтиш жараёнларининг мураккаблиги, аҳолининг мулкий табақаланиши, янги ижтимоий талаб ва эҳтиёжларнинг ўсиб бориши мувозанатга олинмас экан, у ёки бу даражада маънавий қадриятларга путур етказилиши бараварида, ишлаб чиқариш муносабатларига, демакки, жамият ҳаётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.
Жамиятда маънавий руҳият ўзгаради, ижтимоий босим ортади, бағрикенглик ўрнини ғазаб, аламзадалик, бегоналашув туйғулари эгаллайди, носоғлом рақобат юзага келади. Мавжуд қадрият ва манфаатларнинг ўзгариши, эскилик ва янгилик ўртасидаги зиддият, тасаввур ва қарашларнинг емирилиши, ўзликни англаш, миллий мерос ва маданиятларни тиклаш, жамият онгига сингдириш, ўтмишдан мерос догматик кайфиятлар ўртасида қарама-қаршиликлар мавжуд бўладики, улар изчил маънавий тизим фаолияти билан бартараф этиб борилади. Яъни маънавият ишлаб чиқариш муносабатларининг таркибига айланмоғи, барча соҳада ишлаб чиқариш меъёрлари маънавий қадриятлар негизида қурилмоғи ва унда инсон қадр-қиммати устуворлиги таъминланмоғи лозим.
Демак, жамият хавфсизлигини таъминлаш борасида давлат ролининг ошиб бориши учун жамият институтлари, турли ижтимоий гуруҳлар, қатламлар нафақат ҳимояга муҳтож объект, балки миллий хавфсизликни таъминловчи субъект бўлиб ҳам майдонга чиқиши лозим. Фуқароларни ягона мақсад атрофида жипслаштириш, умумманфаат йўлида сафарбар этиш жамоат ташкилотларининг устувор вазифаси ҳисобланади. Айни пайтда, бундай ёндашув жамоат ташкилотлари билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш миллатнинг маънавий негизини ҳосил қилади. Шу яхлитликка интилиш барча фуқаронинг бурчига айланади ва масъулият туйғусини шакллантиради.
Мазкур вазифалар кўлами 2021 йил 4 мартида қабул қилинган «2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент Фармонида белгилаб берилди. Жамиятда сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, фуқаролар хавфсизлиги, соғлом рақобат муҳити, жавобгарлик масъулияти сиёсий институтларнинг қонунлар асосидаги фаолияти билан таъминланади. Иккинчи тарафдан, аҳолининг реал эҳтиёжларини қондиришга қаратилган миллий таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва ижтимоий соҳаларнинг самарадорлиги маънавий хавфсизликнинг рақобатбардош омилларига айланади.
Бу йўналишларда давлат маънавий-ахлоқий қадриятлар орқали фуқароларнинг истиқболли мақсадларига йўл очиб боради. Давлат яхлитлигини сақлаш, ижтимоий-сиёсий фаолиятини такомиллаштириш, турли қусурлар-балолардан ҳимоялаш миллий хавфсизликнинг кафолати бўла олади. Давлатчилик ва унинг қонуний ваколатларини асраш ҳам фуқаролик мажбуриятларимиз қаторига киради. Ҳозирги пайтда одамларда шукроналик тўйғуси, ўтиш даври қийинчиликларига сабр-тоқатли бўлиш, ҳар қандай ҳолатда ватаннинг муқаддаслигини инкор этмаслик, давлат мустақиллиги ва унинг дахлсизлигини асраб-авайлаш Ўзбекистон фуқароларининг муқаддас бурчи эканлиги барча тарбиявий мақсадларимизнинг асосига айланмоғини истардик.
Хулоса шуки, глобаллашув шароитида маданий интеграцион жараёнлар ривожи ва «оммавий маданият» унсурлари ташвишли ва таҳдидли ҳолатга айланди. Жаҳоннинг айрим давлатлари ва минтақаларида содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг кескинлашуви, ҳатто Ғарб давлатларида ижтимоий инқирозларнинг вужудга келиши, пандемиянинг турли асоратларини таҳлил қилиш халқларнинг маънавий қадриятларини бегона таҳдидлардан сақлашга доир ёндашувларни такомиллаштириш ва пухта тизимга келтиришни тақозо этмоқда. Бундай замонавий концепция ва мустаҳкам тизим яратилиши Ўзбекистоннинг яхлитлиги ва келажак авлодига асосий кафолат бўлиб хизмат қилади. Зеро, маънавий хавфсизлик — миллий барқарорлик омилидир.
Download 123.25 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling