Меъдаости бези


Download 97 Kb.
bet1/5
Sana04.11.2023
Hajmi97 Kb.
#1745916
  1   2   3   4   5
Bog'liq
4- маъруза.МЕЪДАОСТИ БЕЗ


ХАЗМ ҚИЛИШ СИСТЕМАСИ. МЕЪДА ОСТИ БЕЗИ. ЖИГАР.

Режа:


  1. Меъда ости безининг тараққиёти, гистологик тузилиши ва функцияси.

  2. Жигарнинг тараққиёти, морфофункционал хусусиятлари, қон билан таъминланиши. Жигар бўлакчаси.

  3. Ўт чиқарувчи йўллар.



МЕЪДА ОСТИ БЕЗИ
Меъда ости бези овқат ҳазм қилиш системасининг катта безларидан ҳисобланади. У аралаш без бўлиб эндокрин ва экзокрин қисмлардан тузилган. Безнинг экзокрин қисмида трипсин, химотрипсин, карбокси-пептидаза, амилаза, липаза, эстераза ва бошқа ферментларга бой бўлган панкреатик шира ишлаб чиқарилади. Панкреатик шира безнинг чиқарув найи орқали ўн икки бармоқ ичакка тушади ва унинг ферментлари таъсирида ичакда оқсил, карбонсув ва ёғлар ўзларининг охирги маҳсулотлари (мономерлари)гача парчаланади. Эндокрин қисмида инсулин, глюкагон, соматостатин, панкреа-тик полипептид каби гормонлар ишлаб чиқарилади. Бу гормон-лар организмда углеводлар, оқсиллар ва ёғлар алмашинувини бошқаришда иштирок этади.
Тараққиёти. Меъда ости бези пушт ҳаётининг 3—4-ҳафтасида бирламчи ичакнинг дорзал ва 2 та вентрал эпителиал бўртмаларидан ривожланади. Дорзал бўртмадан безнинг тана ва дум қисми, вентрал бўртмадан бош қисми ва безнинг чиқарув найлари ривожланади.
Тузилиши. Анатомик жиҳатдан безнинг бош, тана ва дум қисмлари тафовут қилинади. Безни қопловчи юпқа капсула бириктирувчи тўқимадан иборат бўлиб, у безнинг ичкарисига кириб бориб, бўлакларга ажратади. Бириктирувчи тўқимада қон томирлар, чиқарув найлари, лимфа томирлари ва нервлар жойлашади.
Бўлаклар экзокрин ва эндокрин қисмлардан ташкил топган. Без массасини 97% га яқини экзокрин, 3% га яқини эндокрин қисмдан иборат.
Безнинг экзокрин қисми. Безнинг бу қисми ацинуслар ва чиқарув найларидан иборат. Меъда ости бези экзокрин қисмининг структур-функционал бирлиги бўлиб ацинус ҳисобланади. У охирги секретор бўлим ва киритма найларини ўз ичига олиб, ундан чиқарув найлари бошланади. Ацинуслар орасида ретикулин толалар, қон капиллярлари ҳамда вегетатив нерв системасининг нерв толалари ва нерв тугунлари жойлашади. Ацинуслар 7—12 та йирик экзокрин панкреатоцитлар ёки ациноцитлардан ва бир неча майда най ҳужайралари ёки центроациноз ҳужайралардан ташкил топган. Ацинар ҳужайраларда апикал зимоген ва базал (гомоген) зоналари аниқ ажралиб туради. Электрон микроскопда ацинар ҳужайралар пирамида шаклига эга бўлиб, унинг кенг асоси базал мембранада ётади. Ҳужайраларнинг ён юзалари цитолеммаси бириктирувчи комплекс ва десмосомалар ҳосил қилади. Ацинар ҳужайраларнинг апикал (зимоген) зо-наси оксифил бўялади. Зимоген зона асосан йирик (диаметри 80 нм гача) ўртача электрон зичликдаги зимоген гранулалар билан тўлган бўлади. Улар орасида камроқ электрон зичликка эга бўлган прозимоген (етилмаган) доналари ҳам учраб туради. Гомоген зонада асосан мембраналарида жуда кўп рибосомалар тутган донадор эндоплазматик тўр элементлари жойлашган. Улар параллел жойлашган ясси қопчалардан иборат бўлиб, панкреатик ширанинг ферментлари шу ерда синтезланади. Базофил рибосомалар кўп бўлганлиги сабабли бу зона базофил бўялади.
Ацинар ҳужайраларнинг 1—2 та ядроча тутган думалоқ ядроси уларнипг базал қисмига яқин жойлашади. Яхши ривожланган Гольжи комплекси цитоплазманинг ядро усти зонасини эгаллайди. Турли шаклдаги митохондрияларнинг кўпчилиги Гольжи комплекси атрофида ва ҳужайра цитолеммасининг остида жойлашган. Ацинар ҳужайранинг ядроси думалоқ бўлиб, базал қисмга яқин жойлашади.
Ацинар ҳужайраларнинг секретор фаолияти циклик жараен бўлиб, унда қуйидаги босқичларни кузатиш мумкин: 1) ферментлар синтези учун зарур бўлган оддий бирикмаларнинг ҳужайрага кириши; 2) донадор эндоплазматик тўрда синтез бўлиши; 3) секретнинг Гольжи комплексида «етилиши»; 4) тайёр секрег маҳсулотининг прозимоген ва зимоген ҳолида йиғилиши; 5) секрет маҳсулотининг ҳужайрадан чиқиши. Секретор цикл ўртача 1,5 - 2 соат давом этади. Аммо организмнинг ҳазм ферментларига бўлган физиологик эҳтиёжига қараб қисқариши ва аксинча, узайиши мумкин.
Ацинар ҳужайралардан ажралган секрет киритма найга тушади. Унинг деворини ташкил қилган майда ҳужайралар баъзан ацинар ҳужайраларнинг ён томонида зич ёпишиб, улар билан умумий базал мембранада жойлашади. Баъзи ҳолларда эса киритма найи ҳужайралари ацинус бўшлиғига
суқилиб киради ва ацинар ҳужайраларнинг апикал юзасида ёта-
ди. Бундай жойлашган ҳолда улар центроациноз ҳужайралардеб аталади. Центроациноз ҳужайралар нотўғри ясси кўринишга эга бўлиб, овал шакли-даги йирик ядроси оқиш цитоплазмасининг юпқа қатлами билан ўралган. Цитоплазмада органеллалар жуда кам. Ҳужайраларнинг ацинус бўшлиғига қараган эркин юзасида онда-сонда микроворсинкалар учрайди.
Киритма найлари бўлакчалар ичи найларига ўтади. Уларнинг девори бир қаватли кубсимон эпителий билан қопланган. Ҳужайралар цитоплазмасида оз миқдорда митохондриялар ва эркин рибосомалар, унчалик ривожланмаган Гольжи комплекси ва донасиз эндоплазматик тўр элементлари бор. Бўлакчалар ичи найлари меъда ости безида унчалик ривож-ланмаган ва шу белгисига қараб қулоқ олди безидан яққол ажратиш мумкин. Киритма ва бўлакчалар ичи найлари ҳужайралари панкреатик шира таркибидаги бикарбонатлар, тузлар ва сув секрециясида иштирок этади.
Бўлакчалар ичи найлари без бўлаклари орасидаги бириктирувчи тўқимали тўсиқларда жойлашган бўлакчалараро найлар бўлиб давом этади. Улар эса ўз навбатида меъда ости безининг умумий, чиқарув найига қўшилади. Умумий най безнинг дум қисмидан бош қисмигача давом этиб, бу ерда умумий ўт йўли билан биргаликда ўн икки бармоқли ичак бўшлиғига очилади. Бу найлар девори шиллиқ парда билан қопланган. Шиллиқ парда баланд призматик эпителий ва бириктирувчи тўқимадан иборат хусусий пластинкалардан ташкил топган. Умумий чиқарув найининг қўшилиш жойида айлана жойлашган силлиқ мушак ҳужайралари бўлиб, улар найнинг сфинктерини ҳосил қилади.
Чиқарув найи эпителийсида қадаҳсимон ҳужайралар ҳамда панкреозимин ва холицистокинин гормонларини ишловчи эндокрин ҳужайралар учрайди. Бу гормонлар таъсирида меъда ости бези ацинар ҳужайраларининг секретор фаоалияти ва жигардан ўт ажралиши кучаяди.

Download 97 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling