Меҳнат гигиенаси
Download 14.8 Kb.
|
Меҳнат гигиенаси
Меҳнат гигиенаси, касб гигиенаси – гигиенанинг бир бўлими. Меҳнат жараёнлари ва и. ч. муҳитининг одам организмига таъсирини ўрганади ҳамда қулай меҳнат шароитини яратиш ва касб касалликларининг олдини олиш учун гигиена меъёрлари ва тадбирларини ишлаб чиқади. Ҳар. қандай жойдаги меҳнат шароитлари и. ч. жараёни технологиясига ва иш ўринларида яратиладиган санитария-гигиена шароитларига боғлиқ. Жисмоний меҳнат жараёнида, асосан, одам мушакларига, ақлий меҳнатда эса асабий-руҳий томондан зўр келади. Техника ривожланиб, и. ч. жараёнлари мукаммалашган сари жисмоний меҳнат ўрнини ақлий меҳнат эгаллади ва ақлий меҳнат жараёнларини кўпроқ ўрганишга эҳтиёж тутилди. И. ч. нинг санитария-гигиена шароитлари деганда ишловчи кишининг атрофидаги бутун вазият, жумладан, унга таъсир қилиши мумкин бўлган кимёвий моддалар, чанг, шовқин, вибрация, ионлаштирувчи нурлар, шунингдек, ҳаво ҳарорати, намлиги, ҳаракатнинг тезлиги, хоналар ёки бошқа иш жойининг ёритилиши, Микроорганизмлар кўп-камлиги ва бошқа(лар) тушунилади. Кишини мухофаза қилинадиган тегишли чоралар кўрилмаса, мана шу омилларнинг ҳар бири ёки бир нечтаси бирга саломатликка зиён етказади. Меҳнат гигиенаси фанининг асосий вазифаси ҳам ана шу ножўя таъсирлар олдини олишдан иборат. Меҳнат шароитларини яхшилаш ЎзРда умумдавлат вазифаси ҳисобланади. «Ўзбекистон Республикаси давлат санитария назорати тўғрисидаги низом»га мувофиқ, меҳнат гигиенаси соҳасида давлат санитария назоратининг бажарадиган асосий вазифаси санитария қонунларига риоя қилинишини кузатиб беришдир (қ. Давлат санитария-эпидемиология назорати). Меҳнат гигиенасида назорат олиб бориш учун турли усуллардан фойдаланилади. Шулардан асосийси санитария-гигиена текширувларидир. Об-ҳавога тегишли омиллар; ҳавонинг ифлосланиш даражаси, вибрация, шовқин, радиоактив нурларни ўлчаш ва бошқа(лар) ишларда шу усул қўлланади. Бундан ташқари, физиологик, статистик ҳамда экспериментал текширув усуллари ҳам бор. Меҳнат гигиенаси и. ч. да одам организмининг физиологик ва биологик талабларига ҳаммадан кўра кўпроқ мувофиқ келадиган гигиена меъёрларини белгилаб олиш мақсадида организм билан и. ч. муҳити ўртасида бўлиб турадиган ўзаро таъсир қонуниятларини ҳам ўрганади. Мамлакатда жорий этилган тартиб-қоидага мувофиқ, и. ч. омилларининг биронтаси ҳам йўл қўйиладиган меъёрдан ёки энг катта концентрациядан ортиқ бўлмаслиги, ишловчилар уларга чексиз узоқ вақт давомида яқин юрганида омиллар ўша одамларга муайян касаллик ёки сезиларли бирор ўзгариш пайдо қилмаслиги керак. М. г. ЎзР Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тавсия этилган махсус давлат меъёрлари, йўриқнома ва кўрсатмаларига амал қилган ҳолда олиб борилади. Download 14.8 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling