Microsoft Word kr ot kishnagan oqshom ziyouz com doc
Download 0.76 Mb. Pdf ko'rish
|
Tog\'ay Murod. Ot kishnagan oqshom (qissa)
www.ziyouz.com кутубхонаси
30 Самолёт бир пасайди, бир кўтарилди. Юрагим товонимга тушиб кетгандай бўлди. Кейин, жойида туриб қолди. Нағмаси кўп бўлди. Одамнинг юрагини ёрди. Улов бўлсанг, сидирға юр, уккағарнинг самолёти, дедим. Самолётдан кўнглим қолди. Уловлиги йўқ экан, ҳа, демадим. Самолёт деразасидан қараб ҳайрон бўлдим. Шундайгина остимизда пахта уюлиб ётибди! Самолёт тегайин-тегайин дейди. Қабатимдаги Ҳамидов муаллимга юзландим. — Эҳ-ҳе, пахтани қаранг, пахтани! — дедим. Ҳамидов қаради. Кейин, кетига чалқайиб кулди. Телпагимни юлиб олди. Тақир калламга шапатилади! Калламга шапатилаб-шапатилаб кулди. Калламни елкаларим орасига олдим. Кафтим билан бекитдим. Телпагимни тортиб олиб кийдим. Тағин деразадан қарадим. Ана энди билдим. Кўринаётган пахта эмас, оппоқ булутлар бўлди. Москвада тушдим, аризабозлар кетидан эргашдим. Москвада нима кўп, машина кўп бўлди. Битта-да от бўлмади! Автобусда юрдим-юрдим, бир жойга келдим. Йўл четида турдим, ўткинчи-кеткинчи маши- наларга қўл кўтардим. Ғуж-ғуж машиналардан бирови-да тўхтамади. Кўтарабериб, қўлларим чарчади. Турабериб, оёқларим толди. Қорним қур-қур қилди. Тоқатим тоқ бўлди. Шунда узун бир машина жиринг-жиринг этиб келаберди. Тезлаб келаяпти-да, деб бўлмайди, оҳисталаб келаяпти-да деб бўлмайди. Яқин келиб, янада оҳисталади. Фаросат қилдим, қўл кўтарсам, тўхтайдиган кўнгли бор. — Ай, Ҳамидов муаллим, бу қандай машина бўлди? — дедим. — Трамвай, — деди муаллим. — Кўча юзида симёғочдай бўлиб турамизми? Ана шу трамвайни кира қиламиз! Харажати мендан! — дедим. Ҳамидов муаллим кулди. — Трамвай қиммат, — деди. — Қиммат бўлса бўлар! Кетса, бир қўйнинг пули кетар! — дедим. — Унда, ўзингиз кира қилинг. Чопқиллаб бордим. Трамвай олдини олдим. Ўнг қўлимни бошим узра кўтардим. — Ай, трамвай, остановка! — дедим. Трамвай жиринг-жиринг этиб оёқ илди. Трамвайчи деразадан қаради. Менга ияк қоқди. Ҳа, нима дейсан, деган бўлди. Мен ўнг қўлимни олға сермадим. — Тўғрига! — дедим. — Айтган пулингни берамиз! — дедим. Трамвайчи бош-адоғимга қаради-қаради-да, бош ирғади. Майли, деган бўлди. Бошмолдоғи билан трамвай эшигига ишора берди. — Айда! — деди. Шунда эшик тарақ этиб очилди. Мен лип этиб трамвайга миниб олдим. Кетимдан аризабозлар минди. Аризабозларга ҳаволаниб-ҳаволаниб қарадим. — Ана, бир оғиз гап! — дедим. — Ҳа, кучингдан, Зиёдулла кал! — деди Ботир мироб. Трамвай бир юрди, бир тўхтади. Чайқалиб-чайқалиб хийла юрди. Бир жойда Ҳамидов муаллим: — Ҳозир тушамиз! — деди. Биринчи бўлиб мен тушдим. Трамвай кира қилишга қилдим, энди кира ҳақини тўлайин, дея қўйнимни ковладим. Шунда Ботир мироб: — Мен тўладим, — деди. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling