Microsoft Word kr utgan kunlar ziyouz com doc


Download 1.51 Mb.
Pdf ko'rish
bet63/209
Sana23.04.2023
Hajmi1.51 Mb.
#1389953
1   ...   59   60   61   62   63   64   65   66   ...   209
Bog'liq
Abdulla Qodiriy. O tkan kunlar (roman)

www.ziyouz.com kutubxonasi 
63
давлатлари ёри бериб, садоқатлик хизматкорларингиздан бўлған Марғилон қўрбошисининг 
ёрдами бирлан Ўттабойнинг чангалидан аранг қутилишға муваффақ бўлдим...» 
Мактубнинг шу ерига етканда Мусулмонқул хатдан бош кўтарди. Ҳозир унинг киприксиз 
қисиқ кўзларига ўтлар ёнмоқда эди. Қичқирди: 
— Чилим! 
«Шундоғ қилиб сизнинг ўз кишингиз бўлған Ўтаб-бой туз ҳақингизни унутди. Бир ҳамён 
олтин деб душман-ларингиз тарафига ўтди. Сизнинг хайрихоҳ қулларингиздан бўлған бири ўз 
шаҳрини ташлаб Қўқон қочмоққа ва улуғ даргоҳингизга сиғинмоққа мажбур бўлди. Мен, холис 
қулингиз ўзимнинг садоқатим эвазига бундай мукофот олғаним учун қайғирмайман ва лекин 
Ўтаббой ва Отабек каби хоинларни кундан-кунга куч олиб давлати шаҳриёриға даҳшатлик бир 
фалокат туғдиришларидан қайғираман. Бу мактуб содиқ бир қулнинг холис садоқатидан бир 
намунадир. Мен шунинг ила шояд ўз бўйнимдағи вазифани адо эткан бўлурман. Шояд давлат 
душманларини ўз оёғларидан йитиб кетишларига сабаб бўлған бўлурман.
Ўзимнинг бу хизматим эвазига бир мукофот олиш муддаосида бўлмағанимдан ва нимаики 
жаноблари йўлида машаққат чеккан бўлсам ўзимнинг бир виждоний вазифам деб билиб, бу 
мактубда ўз отимни ёзишға ҳам тиламадим. Ёш хонимизга тинч ва шавкатлик давр, давлат 
хоинларига ўлим тилаб бир ғариби бечора».
Мусулмонқул ниҳоятда тутоққан эди. Ҳозирги борлиқ аламини тамакудан оладирғандек 
ҳудайчи келтирган чилимга ёпишди-да, шиғ-ғ этдириб, сархонани синдириш даражасига 
еткузиб тортди. Оғзидан паға-паға тутун чиқарар экар, хатнинг мазмунини Худоёрға сўзлади. 
Тошканд устига юборған сипоҳлари билан Нормуҳаммад қушбегини ниҳоят Тошкандни ололмай 
қайтиш хабарини эшитиб, сўнг даражада маъюсият ичида ўлтурган Мусулмонқул учун бу 
мактуб яра устига туз сепиш қабилидан тағин ҳам аламлик бўлиб тушкан эди. 
— Худайчи! 
— Лаббай тақсир! 
— Мирзани чақир! — деди Мусулмонқул, сўнгра қўлидаги мактубни тахиға солар экан
Худоёрға деди:— Эшитдингизми, ўғлим! Азизбек билан Юсуфбек бизга нималар қилмоқчи 
бўладирлар? Ўзимизнинг содиқ кишимиз, деб ўғлаған Ўтаббой ҳам душманларимиз билан 
биргалашиб бошлаған... Хайр қўлларидан келганни қилиб кўрсинларчи, биз ҳам мундан кейин 
ўшандоқ кўрнамаклар билан қиладирған муомаламизни билармиз. 
Ўз салтанатига рахна солишдан иборат бўлған бу хабарлардан Худоёрхоннинг мутаассир 
бўлғанлиғи белгусиз, ул бу гапни эшитмасдан илгари қандай бўлса, ҳозирда ҳам шу ҳолда 
ўзгаришсиз эди. Мусулмон-қулнинг ёниб турған, ўтдек тутоқиб сўзлаған гапини сукут билан 
кечирмаслик учунгина бўлса керак қуруқ ва ширасиз қилиб: 
— Ҳаммадан ҳам Ўттабойни айтингиз, аблаҳ бир одам экан, — деди, — мени сийламағанда 
ҳам сизни риоя қилса керак эди. 
— Яхшилиқ қилған кишингдан ҳеч бир яхшилиқ қайтмас экан, — деди Мусулмонқул. — 
Жумладан, биттаси кўз ўнгимизда — Азизбек. Мен уни ёшлиғидан бошлаб ўз қўлимда 
ўстирдим, Тошканд ҳокимлигидан Салимсоқбекни олиб унинг ўрнига ҳоким тайинладиқ. Бироқ 
шунчалик яхшилиқларимизға қарши натижада бизга ёғий бўлди, бўлсин; ул Тошканднинг 
ўзигагина қаноатланмай Марғилон билан ҳам иш қилмоқчи бўлса, бунисини ҳам биз кўрайлик. 
Мирзабоши кириб хонға қуллиқ қилди ва Мусул-монқулға қараб қўл боғлади. Мусулмонқул 
яна хумори бўлған эди — «Чилим!» деб ташқариға қичқирди, сўнгра мирзобошиға деди: 
— Ҳозир Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбегига бир хат ёзиб, чопар билан юбор. Хатни олған 
замон Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек деганни олиб ҳузуримизга келсин! 
Мирзобаши қуллиқ қилиб орқаси билан юриб чиқди. 

Download 1.51 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   59   60   61   62   63   64   65   66   ...   209




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling