Microsoft Word kr utgan kunlar ziyouz com doc
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
Abdulla Qodiriy. O tkan kunlar (roman)
www.ziyouz.com kutubxonasi
182 — Қайдам... — Биз кетайлик, сиз тинчиб ухланг, — деди Отабек. — Майли... Хуфтанни ҳам ўқуй олмайдирған ўхшайман. — Зарари йўқ, — деди, — ёлғиз қўрқмайсизми... Ёнингизда Зайнаб ётсинми? — Зайнабниса сиз билан ётсин... Мен ёлғизлиқға ўрганганман... — Онангизни чақириб берайлик бўлмаса. — Раҳмат. — Ёлғиз ётиб қолгангизни айниқса ойим эшитса... — Сиз билан Зайнабниса ёлғиз ётиб қолғанимни айтмасангиз, ҳеч ким билмайдир... Ўрин ўшами? Зайнаб нимагадир жуда ҳам қувониб кетди. Шунинг учун бўлса керак, Кумушни ўрин ёзишға қўймай ўзи пар тўшакни олиб ерга солди. Кумуш мудраған кўйи Зайнабка ташаккур айтиб тўрдаги бурчакка ўлтуриб олди. Отабек бериги бурчакдан туриб уни қўли билан янар ва кулимсираб хўмраяр эди. Кумуш мудраған кўйи, сузилган кўйи илжайиб жавоб берар эди... Ўрнини солиб битиргандан кейин, Зайнаб қаноатланиб уйдан чиқмоқчи бўлған эди, уни Кумуш тўхтатди: — Зайнабниса, — деди, Зайнаб қаради, — бу кишини ташқариға чиқиб ётишға қўйманг, тузикми? — Нимага? — Нимагаки, дадамнинг кўнглига гап келадир. — Хўб, — деди Зайнаб ва эшитдингми дегандек қилиб эрига қараб олғандан кейин уйдан чиқди. Унинг кетича Кумуш Отабекка қаттиғ қилиб айтди: — Қани, сиз ҳам уйингизга!.. Зайнаб жуда ишонған ҳолда ўз уйига бориб етди. — Чиндан айтиб ётибман, эшитасизми? Отабек ўзини ғафлатка солиб Кумушнинг ёниға борди: — Сиз... — Мен? — Сиз қувсиз... — Мен қув эмасман, — деди кулиб Кумуш, — мен ҳали урушиғлиқ ҳолдаман, ярашқаним йўқ. — Боя нималарни сўзладингиз, сир очиладими, деб жоним бўғзимға келди. — Нега сир очилсин? — деди, — мен сиз билан ўткан ишлар ҳақида сўзлашмоқчи бўлиб турар эдим — ўзи жўрттага кириб келди. Мен ҳам сўзимни тўхтатмай жўрттага бошқа йўлда айтиб чиқдим. Нима, бир нарса пайқадими? — Пайқамади-ку... Шундоғ бўлса ҳам мен жуда қўрқдим. — Ҳали шу юрагингиз билан уч кишини ўлдирдингизми, мен ишонмайман, — деди Кумуш ва Отабекнинг ханжар теккан қўлининг чизиғиға кўзи тушди. — Пичоқ ёмон кесипти... Чумчуқ сўйдингизми? Қани чиқинг, мен ётаман. — Ёта берингиз. — Сизнинг олдингизда ешинайми? — Уялсангиз мен юзимни ўгириб турай, — деди ва юзини четка бурди. — Қараманг бўлмаса, — деди Кумуш ешинар экан, — «бўлғани йўқ, бўлғани йўқ» деган сўзни беш-олти қайта такрорлади ва ўринга кириб олғандан кейин ҳам «бўлғани йўқ, бўлғани йўқ» деб кулар эди. Отабек ниҳоятсиз «бўлғани йўқ» дан зерикиб қаради: — Алдамчи. — Бу алдашлар — алдаш эмас, сиз ҳали қараб туринг, қочқоқ. — Аниқ қўрқмайсизми ёлғиз? |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling