Microsoft Word kr utgan kunlar ziyouz com doc
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
Abdulla Qodiriy. O tkan kunlar (roman)
www.ziyouz.com kutubxonasi
193 Ўзбек ойим боши билан келинига ризолиқ билдириб «баракалла» деб қўйди. Офтоб ойим қизиға ўқрайинқираб ер тегидан қаради: — Албатта Кумуш нима ҳам десин? — деди, Кумушнинг ҳам ҳалигидек қололмаслиға фақат мени кўзи қиймағани учун... бўлмаса албатта кетмас эди. Ўзбек ойим бир гапдан тоймай: «Кетиш уят, Отабек, уч йил қатнағанда қизингиз бир йилгина Тошкандда турса нима қипти...» каби сўзларни ўзгаришсиз бир мақомда айтилиб турғандан кейин Офтоб ойим бошқа йўл тутмоқчи бўлиб, Кумушни уйдан чиқиб туришка буюрди. Кумуш чиқғандан сўнг: — Қизини менга қолдиришға аяди деманг, ойи, — деб қўйди, — мунда бошқа мулоҳазалар ҳам йўқ эмас... — Айтинг. — Айтсам шуки, — деди бечора она, — Кумушингизнинг феъли хўйи ўзимга маълум: эрка ўскан, лавзи тез, кундашликка чидайдирган сиёқи йўқ, ҳар кун Зайнабингиз билан ғиди-биди қилабериб сизни қийнаб қўярмикин дейман... Бир куни келганда онаси қурғур бир оғиз айтмаган эди, деб мендан ранжирмикинсиз дейман... Тана бузоқнинг турқи туқғаниға тамға деганларидек, албатта менга равшан... аразчи десангиз ҳам шу, ичи қоралиқ десангиз ҳам шунда... Шунча тўқумадан Ўзбек ойимнинг юзида ҳеч бир ўзгариш сезилмади: — Албатта унақа гап ҳар кимда ҳам бўлади, — деди,— шукур, мен билан ҳожи отангиз тирик бўлсақ, ундоғ гапларга йўл қўймаймиз. Зайнаб бўлса худо-нинг яраткан махлуқи; уриш ва араз деган гапни билмайдир. — Зайнабингизнинг феъли албатта сизга маълум экан, аммо мен Кумушни сизга яхши, деб айталмайман. — Ўз боласини ёмонлағучини, — деди кулиб Ўзбек ойим, — мен ўз умримда биринчи мартаба кўрдим... Ундан кўра боламни сенга ишонмайман, деб айтинг. — Нега ишонмайин, фақат қозонимдағини сизға сузиб қўйдим... — Нима бўлғанда ҳам Кумушка жавоб йўқ. — Хўб қолсин, — деди Офтоб ойим, жони куйиб асабийлашкан эди, — Кумушдан ҳар на ёмонлиқ кўрсангиз мендан ўпка қилманг. — Қизингизға ёмонлиқни ўзингиз ўргатиб кетмасангиз сиздан ўпкам йўқ. Икки қуда ҳавли юзасига тушканда Кумуш саҳн бўйлаб юриниб турар эди. Улар Зайнабнинг уйига тўғри кирдилар. Зайнаб уларни қаршилаб ўтқазди ва ачиниш оҳангида Офтоб ойимға деди: — Қайтар эмишсизлар, деб эшитдим. Бирар ой ҳам турмас экансизлар-да. — Анча турдик айланай, був Зайнаб, — деди Офтоб ойим, — энди навбат сизларнинг боришларингизға қолди. Учунчи сўзни Ўзбек ойим олди: — Шунча айтдим — бўлмади, ёв қувлаптими билмадим. Оппоқ ойингга қолса, Кумуш опангни ҳам бирға олиб кетмакчи. Зайнаб бир турлук ҳолга тушди. Кучлангандек қилиб: — Улар нега кетсинлар! — деди. Офтоб ойим қудасиға қараб қўйди: — Кетмаса бўлмайдир, був Зайнаб. Бир чеккаси сизнинг эс-ҳушингиз жойида, маним Кумуш опангиздан бошқа ҳеч кимим йўқ, қолса-ку майли, бироқ мени Кумушсиз ўлди, денг. Шунга қолғанда қайин онангиз бир оз тушунмай туриптилар. Зайнаб ер остидан қайин онасиға кўз юборди. Ўзбек ойим ҳануз тиртишиб ётқан қудасиға қарши қизишди: — Қўйинг-чи, — деди, — беш-олти кун қизсиз турған киши бир нарса бўптими?! — Сиз тушунмаяпсиз ойи... ҳали тағин дадаси биладилар. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling