www.ziyouz.com кутубхонаси
90
Дориқоғоз қийшайиб-қийшайиб қолмиш қулоқлар бўлди.
Мен ана шу дориқоғозларни созлаб-созлаб қадамладим.
Чилла тунлар оппоқ юзли-оппоқ юзли бўлди.
Чилла юлдузлар болалади.
Чипирткалар чирр-чирр этди.
Фонусимни турли-туман ҳашаротлар ўраб-ўраб айланди. Фонусимни ҳашаротлар гир-гир
айланди. Фонусимни ҳашаротлар чирт-чирт чертиб айланди.
Ҳашаротлар бирин-кетин ўлиб-ўлиб айланди!
Ўқариқда сув уриб кетмиш жойлар бўлди.
Мен сув уриб кетмиш жойларни қўлим билан битаб-битаб қадамладим.
Ўқариқ бир жойини ёмон-ёмон сув урди. Сув эгатлар оша шилдир-шилдир тошди. Сув
эгатлар оша варақ-варақ тошди.
Мен билакларимни турдим. Сув уриб кетмиш ёриққа қўл тиқдим. Ёриққа кесак тиқдим.
Ёриқни нуқилаб-нуқилаб муштладим.
Сув ҳамон булоқ бўлиб тоша берди.
Мен ўқариқ остидан лой олиб тиқайин, дея қўл узатдим. Бир чангал лой тортиб ола-ола —
кўксим билан сувга тушиб кетдим.
Мен шилта бўлмиш уст-бошимни ташладим. Иштончан бўлдим. Яланг оёқ бўлдим.
Мен иштончан бўлиб сув битадим. Мен ялангоёқ бўлиб сув битадим.
Бир кўнглим иштончан бўлиб сув тарай берайин, дедим. Яна-тағин, пашшадан қўрқдим.
Шилтадан-шилта уст-бошимни сиқиб-сиқиб кийиб олдим.
Мен ўқариқ бош-адоқлаб бориб кела бердим.
Ғўзаларим жилдир-жилдир сув ичди.
Ғўзаларим мириқиб-мириқиб сув ича берди. Ғўзаларим тиниқиб-тиниқиб сув ича берди.
Ғўзаларим қониб-қониб сув ича берди.
Чилла сув — тилла сув бўлди!
Тун қайтди. Ой оғди.
Оёқ-қўлим бўшашиб-бўшашиб қолди. Кўзларим кетиб-кетиб қолди.
Ўқариқ бошида оёқ илдим. Фонусимни қабатимлатиб қўйдим.
Ўқариқ бўйида майдароқ калладай бир кесак бўлди.
Мен ана шу кесакка ёнбошладим. Ёнбошдан чалқанча ётдим.
Кесак бошимга ботиб-ботиб ётдим.
Осмон кўриб-осмон кўриб ётдим.
Чилла юлдузлар сўлғин-сўлғин бўлди.
Кўзим илинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |