Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети География ва табиий ресурслар факультети 5А140602-География


Download 33.29 Kb.
Sana19.10.2023
Hajmi33.29 Kb.
#1709866
TuriДиссертация
Bog'liq
Комилованинг Элшодга илмий раҳбар хулосаси


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети География ва табиий ресурслар факультети 5А140602-География (ўрганиш обьекти бўйича) мутахассислиги 2-босқич магистранти Холдаров Элшоджон Иброхимжон ўғлининг “Ўзбекистон ахолисининг тиббий демографик хусусиятлари” мавзусидаги магистрлик диссертациясига илмий раҳбар
ХУЛОСАСИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида аҳолининг соғлигини сақлаш билан боғлиқ масалаларга жиддий эътибор қаратди. Чунки, инсон саломатлиги жамият тараққиётининг ҳар бир даври учун кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири ҳисобланган. Қолаверса, асрлар давомида кишилик жамиятининг мислсиз ривож топиб бориши аҳоли саломатлигини чекловчи ва унга хавф туғдирувчи янгидан-янги муаммоларни вужудга келтирмоқда. Уларнинг ечими эса бугунги кунда бутун инсониятни ларзага солувчи жаҳоншумул аҳамият касб этмоқда. Айниқса, табиий муҳитга хавф солувчи экологик фалокатларнинг авж олиб бораётганлиги барчамизга яхши аён.


Аҳоли саломатлигига алоқадор масалаларни ҳал этишда саломатлик ва касалликларнинг ҳудудий хусусиятларини ўзида акс эттирувчи тиббиёт географиясининг роли катта. Ушбу фан соҳасини чуқур ўрганиш орқали биз ўлкамиз табиий, иқтисодий ва экологик шароитидан келиб чиққан ҳолда турли касалликлар, энг кўп учрайдиган ҳудудларни аниқлаш ва уларнинг ўзига хос тарқалиш қонуниятлари ҳақида фикр юритишимиз мумкин.
Тиббий географик ҳолатини таҳлил этишда эса тиббий демографик масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳим саналади. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда шуни эътироф этиш лозимки мазкур диссертация ниҳоятда муҳим масалага қаратилган. Шу нуқтаи назардан, магистрант Э.И.Холдаров томонидан “Ўзбекистон ахолисининг тиббий демографик хусусиятлари” мавзусидаги магистрлик диссертацияси мавзуси долзарб ҳисобланади.
Магистрлик диссертацияси қўйилган мақсад ва вазифаларга мувофиқ кириш, 3 боб, хулоса, адабиётлар рўйхатидан иборат.
Диссертациянинг кириш қисмида мавзунинг долзарблиги, тадқиқот объекти ва предмети, мақсад ва вазифалари, тадқиқотнинг асосий масалалари, тадқиқотда қўлланилган методиканинг тавсифи, натижаларнинг назарий ва амалий аҳамияти батафсил ёритилган.
Ишнинг “Тиббий демографик билимларнинг ривожланиш тарихи” деб номланган биринчи бобида урбанизациялашган ҳудудларнинг экологик ҳолати, инсон саломатлигининг замонавий ёндашувлари, аҳоли саломатлик мезонлари ёритилган.
Диссертациянинг иккинчи бобида Ўзбекистон Республикасининг тиббий демографик вазияти ёритилган бўлиб, унда аҳоли ўлими, туғилиш ва табиий ўсиш кўрсаткичлари очиб берилган.
“Тиббий-демографик жараёнларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” деб номланган учинчи бобида магистрант тамонидан ҳудудларда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар, уларнинг прогнози ва ҳал қилиш истиқболлари таҳлил қилинган.
Диссертациянинг хулоса қисмида илмий тадқиқотнинг натижалари умумлаштирилган ва қисқа хулосалар тарзида ўз аксини топган.
Умуман олганда, мазкур тадқиқот иши Э.Холдаров томонидан жуда бой статистик манбалар таҳлилига асосланган ҳолда мустақил тугалланган тадқиқот иши амалга оширилган. Унда муаллиф ўз олдига қўйган мақсадга тўла эришган. Аммо шунга қарамай ишда қуйидаги камчилик ва нуқсонлар ҳам учрайди:

  1. Диссертацияда республикамиз вилоят ва туманларининг тиббий демографик ҳолати етарлича очиб берилмаган;

  2. Мавзуни очиб беришга қаратилган хариталар туркуми ишлаб чиқилганда ишнинг мазмун моҳияти янада бойиган бўлар эди;

  3. Ишда айрим такрорий жиҳатлар, баъзи таҳририй камчиликлар ҳам учрайди.

  4. Магистрлик диссертациясида техник ва имловий хатоликлар мавжуд.

Бироқ, ушбу кўрсатиб ўтилган камчиликлар жузъий характерга эга бўлиб, диссертациянинг асосий назарий ва амалий натижаларига таъсир этмайди.
Умуман олганда, шуни хулоса қилиш мумкинки, тақриз қилинаётган Холдаров Элшоджон Иброхимжон ўғлининг “Ўзбекистон ахолисининг тиббий демографик хусусиятлари” деб номланган магистрлик диссертацияси тугалланган тадқиқот иши саналади. Магистрлик диссертацияси магистрлик диссертацияси Низоми талабларига тўлиқ мос келади ва унинг муаллифи магистр илмий даражасини олишга лойиқ. Ишни илмий раҳбар сифатида тугалланган иш, деб ҳисоблайман ва ҳимояга тавсия этаман.


Ўзбекистон Миллий университети
Иқтисодий ва ижтимоий география
кафедраси профессори, г.ф.д. Комилова Н.К.
Download 33.29 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling