Муаллиф сўз ижодкорлигининг лисоний-когнитив таҳлили
Download 86.17 Kb.
|
тақриз Эрназаровага
Эрназарова Ирода Шавкат қизининг 10.00.01 – Ўзбек тили ихтисослигида “Муаллиф сўз ижодкорлигининг лисоний-когнитив таҳлили (Эшқобил Шукур ижоди мисолида)” мавзусидаги филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этган диссертацияси авторефератига ТАҚРИЗ Жаҳон тилшунослигида ижодкорларнинг тилдан фойдаланиш маҳорати ижтимоий-фалсафий, бадиий, лингвистик, лингвостилистик, лингвопоэтик ва когнитив жиҳатдан чуқур ўрганилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, сўз ижодкорлиги масаласини ҳам тилшуносликнинг замонавий йўналишлари асосида таҳлил этиш вазифасини қўяди. Тадқиқотчи Эрназарова Ирода Шавкат қизининг “Муаллиф сўз ижодкорлигининг лисоний-когнитив таҳлили (Эшқобил Шукур ижоди мисолида)” мавзусидаги диссертацияси шу жиҳатдан долзарблик касб этади. Тадқиқот кириш, учта боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлиб, 142 саҳифани ташкил этади. Ишнинг кириш қисмида мавзунинг долзарблиги ва зарурати асосланган, тадқиқотнинг ўрганилганлик даражаси, мақсади ва вазифалари, объекти ва предмети тавсифланган, унинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишига мослиги кўрсатилган, тадқиқот усуллари, илмий янгилиги ва амалий натижалари баён қилинган, олинган натижаларнинг илмий ва амалий аҳамияти очиб берилган, тадқиқот натижаларини амалиётга жорий қилиш, нашр этилган ишлар ва диссертация тузилиши бўйича маълумотлар талаб даражасида тартибланган. Авторефератда таъкидланишича, диссертациянинг биринчи боби “Муаллиф сўз ижодкорлигининг концептуал таҳлили” деб номланган. Бобнинг илк фаслида “Сўз ижодкорлиги ҳақида умумий маълумот” берилган. Биринчи бобнинг иккинчи бўлими “Идиолект ва идиостил – индивидуал сўз ижодкорлигининг муҳим омили” деб номланади. Унда идиолект ва идиостил тушунчаларининг лингвистик моҳиятини очиш муаллиф сўз ижодкорлигини ёритишда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида сўз боради. Ишнинг иккинчи боби “Эшқобил Шукур шеъриятида сўз ижодкорлиги” деб номланиб, ушбу бобнинг биринчи фаслида “Эшқобил Шукурнинг янги сўзни намоён этиш маҳорати” таҳлил қилинади. Унда Эшқобил Шукур ўзбек тилининг бой имкониятларини англай олганлиги, ундан оний ҳиссиётларини мукаммал, ёрқин ифодалашда ва теран тафаккур оламини сўз қобиғига ўраб, адабий манзара чизишда ўзига хосликка эга эканлиги ҳақида сўз боради. Бобнинг иккинчи фасли “Эшқобил Шукур сўзларининг мавзуий гуруҳлари ва ясалиши” деб номланади ва ижодкорнинг танлаб олинган шеърларида учрайдиган ижодий ясалмалар, “Бобо сўз изидан” aсарида эътибор қаратилган сўзлар мавзуий гуруҳланишига ҳамда ясалиш усулларига кўра таҳлилга тортилган. Бобнинг учинчи фаслида “Эшқобил Шукур сўзларининг генезиси” таҳлилга тортилган. Ишнинг учинчи боби “Эшқобил Шукур – этимолог тадқиқотчи” деб номланган. Бобнинг биринчи фаслида Эшқобил Шукурнинг “Бобо сўз изидан” китобида келтирилган лисоний-ижодий изланишлар тадқиқ этилган. Бобнинг иккинчи фаслида “Эшқобил Шукурнинг этимологик изланишлари” ҳақида сўз боради. Авторефератда ишнинг ҳар бир бобида кўрилган масалалар юзасидан асосий фикрлар акс этган. Умумий хулоса ўн бир банддан иборат. Тадқиқотчи масала моҳиятини тўғри англаган, ўз мулоҳазаларини эркин, тизимли тақдим этган. И.Эрназарова ўз тадқиқотида таркибий-мазмуний, луғавий-вазифавий, этимологик-статистик, когнитив-семантик, концептуал-деривацион, стилистик усулларидан ўринли фойдаланиб, илмий қарашларини асослаган. Ишнинг автореферати Эшқобил Шукур муаллифлик сўзларининг генезиси, неологизмларининг мавзуий гуруҳлари, ясалиш усуллари ва сабаблари ҳақида тўла тасаввур беради. Хулоса қилиб айтганда, мазкур автореферат ОАК томонидан қўйилган барча талабларга мувофиқ мазмунли бажарилган. Биз тадқиқотчи Эрназарова Ирода Шавкат қизининг “Муаллиф сўз ижодкорлигининг лисоний-когнитив таҳлили (Эшқобил Шукур ижоди мисолида)” мавзусидаги тадқиқотини тугалланган иш сифатида ҳимояга тавсия қиламиз ва диссертант 10.00.01 – Ўзбек тили ихтисослигида филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олишга муносиб, деб ҳисоблаймиз. Download 86.17 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling