Мусиқий товуш тизимларининг шакли ва аҳамияти
Download 113.61 Kb.
|
001 боб 01
Сафиуддин товуш қатори:
Сафиуддин ўз рисолаларида мусиқий назариянинг асосларидан ҳисобланган ийқо (ритмика)қисмини ўзгаришсиз қолдирди. Лекин, Шарқ-ислом мусиқасининг товуш тизими ва интерваллари табиати тавсифини сезиларли даражада ўзгартира олди. Умуман олганда, мусиқа ҳақидаги Пифагор таълимотига асосланиб, Сафиуддин ўзининг қадимги юнонлардан фарқ қилувчи тизимлаштириш тамойилларини қўллади. У товуш тизимида 17 поғоналик товуш тизимини яратди. Товуш тизимини аввалгилардек кварта оралиғида эмас, балки октава оралиғида, "адвор" деб таснифлашни бошлади. Чунки, тизим товушлари октава орқали дастлабки товушга қайтиб келарди. Сафиуддин ўз рисоласини бежиз “Китоб ул адвор” яъни давр, доира деб атамади. Чунки муаллифнинг "доира" тушунчаси нафақат мусиқий тизимларни тартибга солишни, балки мусиқанинг мусиқий бўлмаган ҳодисалар билан фалсафий алоқасини ҳам назарда тутган. Ушбу товуш тизимининг доира айланмаси орқалик чолғучи турли хил интерваллар ва товушлар комбинациясини ижро этиш ва назарий англашга муваффақ бўлди. XIV-асрнинг бошларида форс файласуфи Қутбиддин Ал-Шерозий (1311 й.) ўзининг энг яқин салафи Сафиуддин Урмавий томонидан муваффақиятли бошланган коинотшунослик ва руҳшунослик билан боғлиқликда чуқурлаштирган Ислом мусиқаси назариясининг ва амалиётини яратишни якунлади. Ал-Шерозийнинг бу йўлда барча мусулмон олами мусиқаларининг кейинги ривожланишида уларни қайта атамалаштириш ишлари бебаҳо саналади. Хусусан у 12 шудуд мусиқий асарларни янги атама билан мақомот деб атади. Мақом атамаси кейинчалик мусиқа назариясида ҳам, амалда ҳам энг асосий тушунчага айланади. Бундан ташқари, Қутбиддин 12 мақом тизимини бошқа кўринишдаги товуш қатор билан тўлдириб, ундан маълум номлар билан таснифланган асарларни пастки ва юқори шўбага ажратиб 24 шўъбани қайта тартибини тузиб чиқди. "Ислом мусиқашунослигида" мазкур рисолаларда тасвирланган товуш қатор номлари ва тузилиши (мақомот, овозат, шўъбат) мусулмон халқларининг мусиқий маданиятида ҳанузгача сақланиб келинмоқда. Сафиуддин ва Қутбиддинлар томонидан яратилган мусиқий-назарий таълимот бошқа форс муаллифларининг ҳам мусиқий рисолаларни ёзишига сабаб бўлди, улар орасида Ҳиротдан чиққан машҳур шоир ва тасаввуф илмининг устоди Абдураҳмон Жомий (1492 й.) ҳам бор эди. Жомийнинг мусиқа устида олиб борган ишларида унинг салафлари — ал-Форобий, Ибн Сино, Сафиуддин Урмавий, Абдулқодир Мароғийнинг ютуқлари жамланган эди. Унинг “Рисолаи мусиқий” асари кейинги давр мусиқашунослик, мақомот оламида энг машҳур ва ноёб асарга айланди. Асарнинг биринчи қисми бастакорлик таълимотига, иккинчиси ритм-усул таълимотига бағишланган. Жомий интерваллар ва товуш тизимларини (жинс, жамълар ва бошқа товуш тизимларини уднинг 17 поғонали октава шкаласи асосида) ўрганади, мақом товуш тизимини тадқиқот қилади.14 Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи мусиқий” асарида “Торларнинг тақсим этилиши” бобида маълум бир услуб билан ҳосил этилган чизма ҳақида гап боради. Жомийнинг бу асарида торнинг тақсимланиши ва парда ўринларининг ифодаловчи белгилари тўлиқ келтирилган бўлса-да, чизма берилмаган.15 (19-22 бетлар) дейилади Исхоқ Ражабовнинг “Мақомлар масаласига доир” китобининг Жомий тадқиқотига бағишланган саҳифасида(20 бет) Дарҳақиқат “Рисолаи мусиқий” асарининг мазкур бетларида келтирилган торларнинг тақсими ўтган алломаларнинг илмий тадқиқотларига жуда яқин услубда кўрсатиб берилган. Юқорида келтирилган Ал Форобийнинг торнинг математик нисбатлар билан тақсимлаши ва товушларни араб алифбоси орқалик белгилаб чиқиши бунга мисол бўла олади. Жомийнинг тор тақсимлаши ҳам айнан шунинг ўзи бўлиб, Форобий товуш тизимидан фарқи товушлар 17 та бўлиб, октава миқёсида келтирилган. Албатта айтиб ўтилганидек Жомий ҳам бу йўлда Сафиуддин Урмавийнинг тутган йўлини асос қилиб олганлиги маълум. Товуш бирлиги чегараларидан ошиб кетганда (яъни иккинчи ўзидан кейинги товушгача) бўъд интервали дейилади. Бўъд бирлиги чегараларидан ошиб кетганда, у жинсилар интерваллар кетма-кетлиги дейилади. Интерваллар кетма-кетлиги бирлик чегараларидан ошиб кетганда, у жамъ тизими деб аталади. Агар тизим бир-бири билан бирлаштирилган ва уларнинг давомийлиги замон ва ритм [давр] га нисбатан тартибланган товушлар бўлса, у оҳанг [лаҳн] деб аталади. Интервалларнинг ёқимли ёки ёқимсиз таассуротлари — ва уларнинг бу хусусиятларини аниқлаш ўлчови соғлом туйғуга оид таассуротлари — интервалдаги икки тон орасидаги нисбатга асосланади. Товушларнинг ўзаро муносабатини аниқлаш улар ижро этиладиган жисмлар ўртасидаги муносабатни аниқлаш асосида амалга оширилиши мумкин. Бундай иккита жисм мавжуд: улар табиий, яъни томоқ, яъни инсон томоғи ёки сунъий, яъни, чолғу асбоблар. Бу нисбатларни аниқлаш (яъни, интервалдаги оҳанглар орасидаги нисбатларни аниқлаш) торли асбоблар ёрдамида амалга оширилади ва торлар ва уларнинг қисмлари маълум ўлчовлар билан аниқ ўлчаниши мумкин.16 Чолғу торининг шайтон харрак томони алиф [А] ҳарфи билан белгиланиб, унинг пастки харраак томони мим [М] ҳарфи билан белгиланади. Кейин алиф-мим (А-М) бўйлаб чизиқ тортилади. Тор дастлаб иккита тенг қисмга бўлинган ва бўлиниш жойи я—ҳа ҳарфлари билан белгиланган. Ушбу бўлинишнинг мақсади торнинг пастки қисмини юқорисидан ажратиш ва унинг кейинги бўлиниши ва асосни аниқлаш учун, шунингдек товушлар доирасининг юқори қисми, “зи-л-кулл” [октава] деб номланган. Ана шу октавани ичида эса шу зайлда яна ўн олтита бўлинма аниқланади, улардан ҳар бири бир товушнинг келиб чиқиш жойи бўлиб, торнинг очиқ товуши билан қўшилиб эса жами ўн еттитага етади. Сўнг “алиф –мим” учга бўлиниб, биринчи бўлакнинг чегараси “я—алиф” ҳарфлари билан белгиланди. Сўнгра алиф - мим тўрт қисмга бўлиниб, биринчи қисмнинг чегараси “ҳа” ҳарфи билан кўрсатилади. Кейин “алиф – мим” тўққиз қисмга бўлиниб биринчи қисмнинг чегараси “дол” ҳарфи билан белгиланади. Ҳуллас юқорида эслатиб ўтганимиздек торнинг бўлинишида Пифагор ва ундан кейинги шарқ алломаларининг математик услубдаги бўлинмалари қўлланилган:17 1/2 октава; 2/3 квинта; 4/3 кварта; 1/9 катта секунда; Торни шу зайлда бўлиб, октава ичида 17 та товуш ўринлари белгилаб олинган. Бугунги кунда Шарқ ҳусусан ўрта Осиё халқлари мусиқий маданиятида энг юксак ўринларда асрлар оша яшаб келаётган мақомлар18 юқорида ёритиб ўтилган товуш тизимининг ижодий маҳсулидир. Мазкур товуш тизимлари асосида маълум товуш қаторлар(ладлар) яратилди. Ана шу ладлар бир қатор назарий асосга эга бўлган йирик мусиқий жанр – мақомларни вужудга келтирди. Кавкабийни кўрсатишича, маомлар(ладлар)ни дастлаб Пифагор яратган бўлиб, улар асосан саккизта бўлган. Улар: Ушшоқ,Буслик,Рост, Ироқ, Исфаҳон, Роҳавий, Ҳусайний, Ҳижоздан иборат. Сўнгги даврларда яшаган олимлар шу мақомлар асосида яна тўртта мақом яратдилар ва натижада ўн икки мақом юзага келган: Наво мақоми ушшоқ асосида, Зангула Ростдан, Бузург Ироқдан, Кучак эса Исфаҳон мақомидан олиб ишланган, дейди Кавкабий.19 Дарҳақиқат мақом мусиқий санъати жанри мавжуд бўлган қатор халқларда мазкур товуш тизими мақом назариясида асос сифатида қўлланиб келинади. Қуйида мисол тариқасида Турк мусиқашуноси ва бастакори Наил Явузўғлининг “21. Yüzyılda Türk Müziği Teorisi (XXI асрда Турк мусиқаси назарияси тарж.А.З.) китобидан келтиришимиз мумкин: Юнон мутафаккири Пифагор кварта ва квинта бўйлаб айланма услубида товуш тизимини яратиш услубини назарий амалга оширган. Аммо, ушбу услуб орқалик товуш тизимининг бошланғич товуши октавада айни ўша товушни бермайди. Шу сабабли биз ушбу услуб билан бир октава ичида 53 та қатор товушлар пайдо бўлгунга қадар кварта ва квинта айланмасини амалга ошириб октава товушини бош товушга энг яқин(23,46цент) оралиқда яқинлаштириб оламиз. Ҳамон турк мусиқасида 17, 24 қаторлик товуш тизимларидан фойдаланиб келинар экан 53 қаторлик товуш тизимидан мақом назариясида фойдаланамиз.20 Яна шу каби бошқа манбаълардан маълумки, Турк мақомлари назариясида ва амалиётида замонавий ғарб товуш тизими билан ёнма ён қадимий 17, 24 ва ундан ҳам зиёд товуш қаторлик мусиқий тизимилар қўлланиб келинар экан. Шу каби бугунги кунда Озарбайжон муғомлари товуш қаторлари назариясида ҳам Шарқ мусиқий товуш тизимининг изларини кўришимиз мумкин. Бунинг учун аввало Озарбайжон мусиқа санъатининг асосчиси Узайир Ганжибековнинг бу борадаги илмий ишига мурожаат қилишимиз керак. "Озарбайжон халқ мусиқаси асослари" асарида муаллиф шундай ёзади: "мусиқашуносларнинг фикрига кўра,"Шарқ мусиқаси"да (унга Озарбайжон мусиқаси ҳам киради), бутун тон ва ярим тонлардан ташқари, 1/3 ва 1/4 тонлар ҳам мавжуд. Бу фикр балки, Озарбайжон мусиқасига тегишли бўлмаса керак чунки, халқ мусиқасида энг кичик интервал ярим тон ҳисобланади. Шунингдек, Европа мусиқасида бўлгани каби, 7 диатоник ва 12 хроматик товуш қаторлар Озарбайжон мусиқасида ҳам бор. Фарқи шундаки Европа мусиқасидаги октава товуш қаторлари бир текисдаги темперация; Озарбайжон мусиқасидаги товуш қаторлар эса нотекис темперация. Шунинг учун, Озарбайжон куйларини темперациялаштирилган асбобларда (айниқса пианинода), ижро этишда, айниқса терция ва секста оралиқларда товушларнинг маълум бир номувофиқлиги сезилади; Озарбайжон мусиқасида темперацияга нисбатан катта терция торроқ ва кичик терция эса кенгроқ жойлашган. Фарқи тахминан бир комма"21 Узайир Ганжибеков яна шундай ёзади: "бошқа товушларга қараганда кварта ва квинта деярли бир-бирига тўғри келади.(темперация билан солиштирганда) Озарбайжон торининг, биринчи октавадаги ҳар бир торида 17 та парда ўрнатилган ва шу 17 товуш қатор ҳар октавада мавжуд. Масалан, пианинодаги октавада 7 та оддий товуш бор – 5 та диез ва 5 та бемоль ва жами 7+5+5 = 17. Фақат диез ва бемоллар битта клавиш орқали ифодаланади. Худди шу тартиб эса торнинг иккинчи октавасида содир бўлади, унда энармоник тенг товушлар битта парда орқали ифодаланади."22 Шу қатори Ўзбек миллий мусиқасига келадиган бўлсак, бизгача етиб келган манбаълар орқалик ва хусусан мақом ижрочилиги амалиётидан келиб чиқиб юқоридаги шарқ мусиқий товуш тизими бизнинг мусиқамизнинг негизида ҳам мавжуд дея оламиз. “Бизгача етиб келган ўзбек-тожик халқ музика асарларида, айниқса, Шашмақомнинг баъзи йўллари ва кейинги даврларда улар асосида яратилган халқ куй ва ашулаларида ўн етти поғонали товушқаторнинг баъзи кўринишлари, излари сақланганлигини ҳам билиб олиш қийин эмас...” (Мақомлар масаласига доир И.Ражабов. Т;.1963 й. 29-30 бет) Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб ўтмишдаги риёзий йўллар орқалик олиб борилган илмий-амалий изланишларнинг ҳулосаларига суянган ҳолда бугунги кунда мақом товушқаторлари масаласида салмоқли тадқиқотлар олиб борилиши мумкин дея оламиз. 1 Fitrat O`zbek klassik musiqasi va uning tarixi T;. 1993 2 Тарентум Аристоксенуси қадимги юнон файласуфи ва мусиқа назариётчиси. У тахминан милоддан аввалги 360 йилда туғилган. 3 Эмпирик (юнонча эмпеирикос — тажрибадан олинган) — тажрибага асосланган, реал фактларга асосланган. https://dic.academic.ru 4 А.Навоий. “Лисон ут-Тайр” 5 Монохорд - мусиқий чолғу. Муаллақ турадиган торлардан иборат чолғу. (арфасимон) Олимлар ана шу чолғудан ҳосил бўлган товушлар асосида мусиқани ўрганишган. 6 https://www.krugosvet.ru/enc/kultura_i_obrazovanie/muzyka/ISLAMSKAYA_MUZIKA.html 7Шарқда антик даврнинг барча фалсафий мактабларидан аристотелизмга устунлик берилди, бу мусулмонларни қомусий қамрови, табиий фанларга эътибор ва далилларнинг қатъийлиги билан ҳайратга солди. Фалсафанинг асосий вакиллари перипатетика-машшаъийя (ёки машшаъун, юнон атамасининг анъанавий этимологиясига мос келадиган юриш) эди. Мусулмон дунёсининг шарқида перипатетикларнинг энг каттаси Ал-Фаробий Ибн Сино бўлиб, унинг лотин ғарбида" Суффиcиентиае"номи билан машҳур бўлган "шифо китоби" ("китоб аш-шифо") Шарқ перипатетик фалсафасини энг тизимли ва мукаммал шаклда ўзида мужассам этган. 8 Концепция музыкальной науки Абу Насра Мухаммада ал-Фараби в трактате «Большая книга музыки» Диссертация на соискание учёной степени кандидата искусствоведения Даукеева Сайда Диасовна.Москва 2000.г. 9 Фараби об основах музыки востока О.Матякубов Т;.1986й.44 бет 10 Фаробий даврида чолғуларда оҳангларни белгилаш рақамли ва бармоқли таърифлар ёрдамида амалга оширилган. Рақамларнинг ҳарфларини белгилашга асосланган абжад тизими ишлатилган: А Б Ж И Х Ў З Ҳ Т Й К Л М Н С Соль ля си до1 ре1 ми1 фа1 соль1 ля1 си1 до2 ре2 ми2 фа2 соль2 11 Оралиқлардаги мазкур ҳаракатланувчи интерваллар аниқроқ номларга эга. Масалан, мужаннаб, бу сўзма-сўз "қўшни" деган маънони англатади, яъни саббоба учун энг яқин оҳанг; вустаи фурс – форсий вуста; вустаи залзал машҳур мусиқачи Мансур Жаъфар Залзал номи билан аталган, (VIII- IХ асрлар.) ва ҳоказо. 12 Л.Г.Коваль. Интонирование Узбекской традиционной музыки. Т;.1990 г. 13Л.Г.Коваль. Интонирование Узбекской традиционной музыки. Т;.1990 г. 22-23 бет. 14 https://wiki2.org/ru 15 Мақомлар масаласига доир И.Ражабов. Т;.1963 16 “Рисолаи мусиқий” (форс тилидан А.Н.Болдирев тарж.В.М.Беляев шарҳи)1960й.18-19 бет. 17 “Рисолаи мусиқий” (форс тилидан А.Н.Болдирев тарж.В.М.Беляев шарҳи)1960й.20 бет. 18 мақом (ўзбек ва тожикларда), муғом (озарбайжон), муқом (уйғурлар), дастгоҳ (эрон) нўба (мағриб) каби ибораларнинг вариантлари мавжуд. 19 Мақомлар масаласига доир И.Ражабов. Т;.1963 й. 103 бет 20 21. Yüzyılda Türk Müziği Teorisi. Nail Yavuzoğlu Istanbul;. 2009 17-18s. 21 Гаджибеков У.А. «Основы азербайджанской народной музыки» ("Озарбайжон халқ мусиқаси асослари")Баку, 1985, 21 б. 22 Гаджибеков У.А. «Основы азербайджанской народной музыки» ("Озарбайжон халқ мусиқаси асослари")Баку, 1985, 22 б. Download 113.61 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling