Мусулмонларнинг Маккадан Мадинага ҳижрати ва унинг аҳамияти


“Ва йамкуруна, ва йамкуру-л-лоҳу валлоҳу хайрул мокирин!” (Улар) макр қиладилар, Аллоҳ (ҳам) “макр” қилади. Аллоҳ “макр” қилувчиларнинг яхшисидир. (ал-Анфол, 30)


Download 29.08 Kb.
bet2/2
Sana23.01.2023
Hajmi29.08 Kb.
#1112161
1   2
Bog'liq
14 Мавзу

“Ва йамкуруна, ва йамкуру-л-лоҳу валлоҳу хайрул мокирин!” (Улар) макр қиладилар, Аллоҳ (ҳам) “макр” қилади. Аллоҳ “макр” қилувчиларнинг яхшисидир. (ал-Анфол, 30).
Албатта, Дор ан-Надвадаги қарор ҳақида Пайғамбар огоҳ этилган ва у қоронғу тунда қотилларга сездирмай, девордан ошиб, орқа ва тор кўчалар билан Абу Бакр уйига келган, ҳижрат хусусида Аллоҳнинг буйруғи келганини билдирганди. Илгари Расулуллоҳ аниқ вақтни ҳатто Абу Бакрдан ҳам сир тутган, унинг бу ҳақдаги саволига Аллоҳнинг амрини кутажагини айтганди. Абу Бакр эса ўз навбатида сафар тадорикини кўриб қўйганди. Шу тундаёқ улар икковлон таъқибчиларни чалғитиш учун Ясриб томонга эмас, балки Яман томонга йўл олиб, ўзларига маълум бўлган Савр тоғидаги бир ғорда беркиндилар. Қурайшийлар Пайғамбарни ушлаш эвазига юз туя мукофот ваъда қилгандилар ва қидирув 3 кун давом этди. Шу вақт давомида Абу Бакрнинг тўнғич қизи Асмо сув-емак келтирар, ўғли Абдулло эса кичик қўй подаси билан изни йўқ қилар , муҳими, шаҳардаги воқеалардан хабардор қилиб турардилар. Айтишларича, таъқибчилар ҳатто ғор олдигача келганлар, аммо ғорнинг оғзи ўргумчак тўри билан тўсилганини кўриб, бу ерда одам бўлиши мумкин эмас, дея қайтиб кетганлар.
Уч кун ўтиб, қидирув ишлари тўхтагач, Абу Бакрнинг мавлоси 2 туя, йўл бошловчи бадавий араб билан келди ва улар тўртовлон, дастлаб Яман томонга йўл олдилар, сўнг Қизил денгиз соҳили тарафга бурилдилар ва, ниҳоят, асосий Ясриб йўлига чиқиб олдилар. Аксар ҳолларда тунда юриб, кундузи дам олиб, 622 йил 22 сентябрда улар Ясриб жанубидаги Қубо деган жойга етиб келдилар. Ясриб мусулмонлари бир неча кундан бери уларни шаҳардан ташқарига чиқиб кутардилар. Шу вақтдан бошлаб, Ясриб Мадинат ан-Наби, Пайғамбар шаҳри, қисқа қилиб айтганда, Мадина деган номни олди. Қубо қишлоғида Пайғамбар 4 ёки 5 кун турди. Бу ерда биринчи мусулмон масжиди қурилдики, биринчи бор жамоат намози бутпарастлар халал бермаган ҳолда ўтди.
Энди, не сабабдан ҳижрат учун Мадина танлангани хусусида мулоҳаза юритадиган бўлсак, биринчидан, қанчалик ажабланарли бўлмасин, Ясриб яҳудийлари бу ишда ўзига хос “роль” ўйнадилар: улар доимо уларга яқинда пайғамбар келажаги ва бутпарастликка барҳам беражаги ҳақида арабларнинг юрагига ғулғула солиб келишарди. Маккада араб Пайғамбари пайдо бўлганини эшитгач, Ясриб араблари, табиийки, унга қизиқиш билдирдилар. Иккинчидан, Ясрибда бутпарастликдан Маккадаги каби манфаатдорлик йўқ эди. Учинчидан, шаҳарда вужудга келган вазиятдан келиб чиқиб, Хазраж, Авс ва яҳудий қабилалари ўртасидаги зиддиятни фақат ташқаридан келган шахс ҳал қилаолар эди. Қолаверса, Муҳаммад (сав) Ясриб учун бегона эмас, балки қариндошлик ришталари билан боғлиқ киши эди; бану Нажжор уруғи боболари Абдул Мутталибга она томондан қариндош, оталари Абдуллонинг қабри Ясрибда экани, оналари Омина Ясрибдан узоқ бўлмаган жойда дафн қилинганини инобатга олсак, Пайғамбар ва Ясрибни боғлаб турган умумий манфаатлар етарли эди.
Мусулмонларнинг Мадинага ҳижратини оддий яшаш жойини ўзгартириш ёки “қочиш” деб таърифлаш тўғри эмас. Бу ҳодисага эски уруғ-қабилачилик тизимидан воз кечиб, янги муносабатларга ўтиш деб қарамоқ керак. Муҳаммад (сав)ни Мадинада ҳимояга муҳтож шахс сифатида эмас, балки янги жамиятнинг маънавий раҳбари – Пайғамбар мақомида қабул қилишди. Шунинг учун ҳам маккалик мусулмонлар – муҳожирлар, мадиналик мусулмонлар эса одатдагидек “жор” (кўплиги “жирон”, яъни ҳомийлар) эмас, балки “ансорлар” – ёрдамчилар, қўллаб-қувватловчилар, деган номни олишди. Муҳаммад (сав)нинг Ясрибга кириб келишини баъзида янги ҳокимнинг шаҳарга тантанавор, ғолибона кириб келиши сифатида тасвирлашади. Бу ҳам жуда тўғри эмас. Иккинчи Ақаба қасамёдида умуман Муҳаммад (сав)нинг Ясрибдаги ҳуқуқлари тилга олинмаганди. Унга дастлаб мусулмонлар ўртасидаги ҳакам вазифаси юклатилганди. Мадинада ҳокимиятни қўлга олиш масаласи кейин юзага келди. Нафсиламрини айтганда, Муҳаммад (сав)нинг Мадинадаги илк даври осон кечмади. Ясрибдаги араб қабилаларининг бошлиқлари унинг олий маънавий раҳнамолигини тан олган ҳолда ҳокимият ва куч-қудратни ўз қўлларида сақлаб қолган эдилар. Қурол ушлашга қодир бўлган муҳожирларнинг сони 100 кишидан ортмасди, табиийки, улар вазиятга тубдан таъсир қилолмасдилар. Кўпчилик муҳожирларнинг етарли маблағи йўқ ва улар ансорларнинг ҳимматидан умидвор эдилар. Кўп сонли яҳудий қабилаларининг мавқеи ҳам дастлаб аниқ эмас эди. Шу боисдан, Муҳаммад (сав) Мадинадаги фаолиятини ўта эҳтиёткорлик билан бошлади. Эҳтиётсизлик билан айтиладиган ҳар бир сўз, ҳар бир босилган қадам вазиятни оғирлаштириб юбориши мумкин эди.
Қубода бир неча кун тургач, Муҳаммад (сав) шаҳар марказига қараб йўл олди. Йўл-йўлакай бану Салим ерида биринчи жумъа намози ва хутба ўқилди. Ибн Ҳишом келтирган мана шу хутба матнида ўша даврнинг энг долзарб масаласи кўтарилганди: “Кимки ўз юзини дўзаҳ оловидан ҳатто яримта ҳурмо билан тўсаман деса, шуни қилсин. Униси ҳам йўқ одам – яхши сўз билан; унинг ажри 10 маротабадан 700 маротабагача тенгдир!” Шундан сўнг йўлда давом этиб, Пайғамбар қариндошлари бану Нажжор ерида муқим жойлашди.
Пайғамбар билан бирга уй-жойларини ташлаб, Ясрибга кўчиб ўтганларнинг сони унчалик катта бўлмасада, бу воқеа Ҳижознинг икки йирик шаҳарига бирдек таъсир кўрсатди. Жумладан, Маккада бир қанча хонадон хувиллаб қолган, қариндош-уруғларнинг бир қисми Маккада, бошқа қисми Ясрибда бўлгач, улар ўртасидаги ришталар деярли узилганди. Бундай ҳолатнинг юзага келишида мушриклар, албатта, Муҳаммад (сав)ни айбдор деб ҳисоблардилар. Аммо кўчиб келганларга ҳам осон бўлмади: улар бир томондан ғариблик азоби, иккинчи томондан Ясрибнинг нам иқлимидан қийналдилар. Бунинг устига бор мол-мулкидан ажралган муҳожирлар дастлабки даврларда оғир иқтисодий муаммога ҳам дуч келдилар - улар бир амаллаб тирикчилик юритиш, қандай бўлмасин жон сақлаб қолиш ҳақида ўйлашлари керак эди. Лекин ана шу кичик бир жамоа Ясрибда жуда катта, айтиш мумкинки, мисли кўрилмаган йирик муваффақиятга эришди. Хўш, бунинг сабаблари нимада эди?
Юқорида бошқа муносабат билан таъкидлагнимиздек, биринчи сабабчи - Мадинадаги яҳудийлар бўлди. Иброҳимий динида бўлган ва “аҳли китоб” деб эътироф этилган Ясриб яҳудийлари “васания”, яъни кўп худоликда бўлган араблардан ўзларини юқори қўяр, ақидаларига кўра, яқин келажакда уларга янги набий-пайғамбар келажаги, бутпарастликка барҳам беражаги ҳақида кўп сўз юритардилар. Шу боисдан Ясрибга ҳақиқий пайғамбар келиб, исломга даъват қила бошлаганида шаҳардаги араб қабилалари фурсатни қўлдан бермаслик учун уни зудлик билан қабул қилдилар. Шаҳарда устунликни сақлаб қолиш учун ҳам арабларга бу керак эди. Яна шуни унутмаслик даркорки, ҳижра арафасида Аус ва Хазраж ўртасида юз берган Буос жангида иккала қабиланинг биринчи раҳнамолари ҳалок бўлган ва улардан кейин қолган иккинчи даражадаги раҳбарлар муросага мойил эдилар.
Энг муҳими, пайғамбар Ясрибда Маккадагидан тубдан фарқ қилган, батамом янги жамият барпо эта бошлади: унинг раҳбарлигидаги мусулмон жамоасига уруғ-қабиласи ва миллатидан қатъи назар ҳар қандай киши кириши мумкин эди. Энди пайғамбарнинг фаолияти фақат диний тус билан чегараланмай, балки у кўпроқ сиёсий жиҳат касб қила бошлади. Бошқачасига айтганда, Муҳаммад (сав) секин-аста сиёсий раҳбарга ҳам айлана бошлади. Маккада пайғамбар асосан янги динга даъват қилиш, мусулмонларни сабр-қаноатга чақириш билан чекланган бўлса, Мадинада унинг елкасига мураккаб давлат бошқарувини ташкил этиш вазифаси тушди. Муҳаммад (сав) буни биринчи лаҳзадаёқ, балки ҳатто ҳижратдан аввалроқ англаган эди.
Айнан шу ҳолатни кўзда тутиб, кейинчалик Ибн Халдун ўзининг “Муқаддима” асарида таъкидлагандики, жоҳилия араблари дунёвий ҳокимни тан олмасдилар. Улар фақат диний раҳнамо (коҳин, валий, пайғамбар)ни ўзларига раҳбар қилиб қабул қилишлари мумкин эди. Шунинг учун бўлса керак, на Маккада ва на Мадинада исломдан аввал шаҳар – давлатнинг якка ҳокими бўлмаган. Макка зодагонлари Муҳаммад (сав)ни пайғамбар сифатида тан олишдан кўра ўз бойликларини сақлаб қолишни афзал кўрдилар. Мадина эса уни айнан пайғамбар сифатида қабул қилди. Пайғамбар Мадинадаги ҳолатни жуда яхши биларди. Шаҳарнинг туб аҳолиси - араблар ва яҳудлар ўзаро низолардан чарчаган, тинчликни истарди. Маккадан кўчиб келган муҳожирлар Мадина араблари томонидан хайриҳоҳлик билан кутиб олинган бўлсаларда, зудлик билан уларнинг келажагини таъминлаш тадорикини кўриш керак эди. Ниҳоят, Макка мушриклари томонидан исталган пайтда ҳужум бўлиб қолиши хавфи бор эди. Демак, Мадина аҳолисининг якдиллигига эришиш энг муҳим вазифалардан бири эди.
Бу йўлда амалга оширилган чоралардан биринчиси шу бўлдики, муҳожирлар иш билан таъминландилар: уларнинг баъзилари мадиналик мусулмонлардан қарз олиб, тижорат билан шуғулландилар, бошқалари ер эгаларига корандалик қилдилар. Сўнгра мусулмонлар жамоат бўлиб тўпланадиган, диний ибодатларни бирга адо этиладиган жой, яъни масжид қурилди. Айни вақтда масжид шаҳар идорасининг бош қароргоҳига айланди. Пайғамбар масжидга туташ қилиб, ўзига тураржой қурдирдики, кейинчалик ҳокимларнинг маскани масжидга яқин бўлиши одат тусига кирди. Табиийки, Аус ва Хазраж қабилалари бир жамоани ташкил қилгач, анъанавий уруғ-аймоқчилик ришталарининг аҳамияти пасайди. Унинг ўрнини ақида-эътиқод якдиллиги эгаллади ва Мадина мусулмонлари бир ном билан ансорлар (қўллаб-қувватловчилар) деб атала бошладилар. Муҳожирлар ва ансорларнинг ўзаро жипслигини таъминлаш учун арабларда қадимдан маълум бўлган “ал-муохо” (ака-ука тутуниш, биродарлашиш) одатидан фойдаланилди. Биродарлашганлар худди қон-қардошдек ҳисобланиб, ҳатто бир-бирларига меросхўр бўлдилар. Ибн Ҳишомнинг “Сира”сида пайғамбарнинг кўрсатмаси билан Абу Бакрдан бошлаб барча саҳобаларнинг ким билан биродарлашгани кўрсатилган.
Ҳижратнинг энг асосий аҳамиятларидан бири шу бўлдики, у Пайғамбарнинг ишончли ва таянч кучи бўлган муҳожирлар сонинингкескин ортишига сабаб бўлди. Гап шундаки, бундан буён ҳижрат исломни қабул қилишнинг шартларидан бири қилиб белгиланди. Аниқроқ қилиб айтсак, исломни қабул қилган Арабистоннинг қайси гўшасидан бўлмасин фуқароси Қуръоннинг Анфол сураси 72 оятига кўра, албатта, зудлик билан Мадинага кўчиши шарт қилинди:”Албатта, имон келтирган, ҳижрат қилган, моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида (душманга қарши) курашган ва (муҳожирларга) жой бериб ёрдам кўрсатган (мадиналик ансор)лар, айнан ўшалар бир-бирларига дўстдирлар. Имон келтиргану, лекин ҳижрат қилмаганлар, то ҳижрат қилмагунларига қадар, улар билан дўстлик қилиш сизлар учун жоиз эмасдир.” Аммо, айтиш лозимки, бу вақтинча кўрилган чора эди, зеро 630 йилда Макка шаҳри фатҳ қилиниб, бутпарастлик барҳам топгандан сўнг, Мадина шаҳар-давлатининг фуқаролик ҳуқуқи вазифасини бажарган бу қоида бекор қилинди. Афсуски, ҳозирги кунда ҳам баъзи экстремистик исломий ташкилотлар, одамларни чалғитб, Қуръонда ёзилганини рўкач қилиб, ўзлари тузмоқчи бўлган гипотетик “ислом халифати”га ҳижрат қилишга даъват этадилар.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мадиналик мусулмонлар, яъни ансорлар, муҳожирлардан бироз ўзгача тарзда исломга кирдилар. Улар қариндош уруғлардан фожиавий айрилиш ёки қабиладошлари томонидан аёвсиз таъқибга учрамадилар. Албатта, биринчи навбатда Мадинанинг кам таъминланган аҳолиси исломга кирди. Аммо Маккадан фарқли ўлароқ ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш мақсадида Хазраж ва Авс қабиласининг бойлари ҳам исломни қабул қилдилар. Ана шу бой ва нуфузли ансорларнинг раҳбари Абдулло ибн Убай ҳамда унинг тарафдорлари Қуръонда “мунофиқлар” дея аталиб, қораланган. Макка сураларида “мушриклар”га қарши оятлар қанча ўрин олган бўлса, Мадина сураларида деярли тенг ҳажмни “мунофиқлар”нинг кирдикорларини фош қилиш эгаллайди. Маккадаги каби Мадинада ҳам ҳокимият ва бойликни қўлдан бермаслик учун “мунофиқлар” Муҳаммад (сав)га хиёнат қилишга ва ҳатто унинг душманлари билан тил бириктиришга тайёр эдилар. Муҳаммад (сав)га бу ўзига хос кучли ва нуфузли “фирқа” билан ҳисоблашишга тўғри келди. Мусулмонларга нисбатан бирнеча бор душманлик қилган бўлсаларда, Пайғамбар улар билан жуда нозик сиёсат олиб борди. Бану Мустаълиқ жангида очиқчасига хиёнат қилгани учун Абдулло ибн Убайга нисбатан Умар ибн Хаттоб ўлим жазоси қўлланишини талаб қилганда, Пайғамбар кўнмади:”Мусулмонлар мусулмонларни қатл қиляптилар, деб душманлар жар соладилар”,- деди у. Муҳаммад (сав)нинг бу борадаги сиёсати шу қадар кучли таъсирга эга бўлдики, Абдулло ибн Убайнинг ўғли, агар Пайғамбар буюрса, ўз отасини ўлдиришга тайёр эканини билдирган. Хуллас, мунофиқлар билан кураш деярли 10 йил давом этдики, бу ҳақда кейинги маърузаларда батафсил маълумотлар берилади.
Аввал таъкидланганидек, Муҳаммад (сав) исломга янги дин сифатида қарамади, балки уни абадий, ўзгармас ва бутун борлиқни эгаллаган Аллоҳ ҳақидаги таълимот, деб билди. Яҳудий ва христиан динларидан исломнинг устунлиги Муҳаммад (сав) наздида шунда ўз ифодасини топардики, унга келаётган ваҳйлар Аллоҳнинг энг янги ва охирги буйруқлари эди. Шундай экан, “аҳли китоблар”, яъни яҳудийлар ва насронийлар, исломни қабул қилишлари ёки жуда бўлмаса, тан олишлари керак эди. Аммо аччиқ ҳақиқат бошқача бўлиб чиқди: ислом, насронийлик ва яҳудийлик бир дин, бир эътиқод эмас экан. Насронийлар ва яҳудийлар ўзларининг таълимотлари ислом билан тенглиги ҳақидаги ғояни рад қилдилар, Муҳаммад (сав)нинг пайғамбарлиги ва Қуръоннинг илоҳийлигини тан олмадилар. Қуръонда Муҳаммад (сав) ва Мусо (ас) таълимоти айнанлиги кўп бор ижобий маънода зикр қилинганди. Лекин яҳудийлар ва христианлар Мусо таълимотини ўзгартириб юбордиларки, бу ҳолда уларнинг “муқаддас” китоблари энди Қуръонга тенг эмас, деб эълон қилди, Муҳаммад (сав). Исо (ас) ва Биби Марьямнинг баъзи носоро томонидан илоҳийлаштирилиши ва баъзи яҳудийларнинг Узайрони “Худонинг ўғли”, деб эъзозлаши Муҳаммад (сав)га иккала динни соф тавҳиддан чекинган, яримбутпараст динлар, деб айблашга асос бўлди.
Аввало яҳудийлар билан ора очиқ бўлди, насронийлар эса исломга яқин, деб қаралди: “Имон келтирганларга (нисбатан) энг ашаддий адоватда бўлувчилар яҳудийлар ва ширк келтирганлар эканини кўрасиз. Имон келтирганларга нисбатан дўстликда яқинроқлар – “Биз насронийлармиз” деганлар эканини (ҳам) кўрасиз. Бунинг сабаби – улар (насронийлар) ичида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги ва уларнинг кибрга берилмаслигидир.” (5:82). Ислом, христианлик ва яҳудийлик ўртасидаги тафовут чуқурлашган сари Иброҳим (ас)га, яъни Муҳаммад (сав) тарғиб этаётган соф, пок эътиқодга кўпроқ урғу берилабошлади. Бу баҳсда ҳақли равишда Муҳаммад (сав) Таврот ва Инжил тарихан Мусо ва Исога анча кейин нозил қилинганини инкор қилиб бўлмайдиган далил қилиб кўрсатди. Ислом ва Иброҳим (ас) дини айнанлиги тўғрисидаги тезис араблар учун мақбулроқ эди. Бу йўл Мадинада вазиятнинг бироз кескинлашувига олиб келган бўлсада, стратегик жиҳатдан тўғри танланган йўл бўлиб чиқди. Ҳижратдан 16-17 ой ўтгач, қибланинг яна Макка томонга ўзгариши уч дин ўртасидаги муносабатларни узил-кесил ҳал қилди. Қуръоннинг Бақара сурасида бу нарса қуйидагича ўз ифодасини топди: 144.”...Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлингиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!..” 145. “Қасамки, агар Сиз аҳли китобларга ҳар қандай ҳужжат келтирсангиз ҳам, улар қиблангизга эргашмайдилар. Сизлар ҳам уларнинг қибласига эргашувчи эмассиз.” 148. “Ҳар бир (диндор) учун ўзи юзланадиган тарафи (қибласи) бор.” 149. “Қайси жойдан (сафарга) чиқсангиз ҳам, (намозда) юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонига ўгиринг!” Албатта, бу шунчаки оддий ўзгариш эмас, балки унинг остида чуқур маъно яширинганди. Гап шундаки, Маккада Муҳаммад (сав) бут-санамларга қарши курашган эди, уларнинг тўпланган жойи Каъбага қарши эмас. Ҳижрат олдидан ва ундан сўнг дастлабки даврда у яҳудийларга умид билан боққан ва Қуддусга нигоҳини қаратган эди. Аммо яҳудийларнинг қаршилиги уни яна арабий илдизларга эътибор қаратишга, арабларнинг қадимдан ҳақиқий муқаддас макони ҳисобланган Каъбага юзланишга олиб келди.
Мадинага ҳижрат ислом тарихида бурилиш ясади, янги даврни бошлаб берди. У жоҳилия ва ислом даврлари ўртасидаги ўзига хос чегара ролини ўйнади. 636 йили халифа Умар ибн ал-Хаттоб бу ҳодисанинг аҳамиятини ҳисобга олиб, ҳозирги кунда ҳам мусулмон дунёсида амалда бўлган ҳижрий тақвимга асос солди. Ислом динининг Арабистон бўйлаб муваффақиятли ёйилишини айнан ҳижрат бошлаб берди, дейиш мумкин. Маккада Муҳаммад (сав) таъқиб қилинган озчиликнинг диний раҳнамоси вазифасини бажарган бўлса, ҳижратдан сўнг у нафақат диний жамоа, балки яқин келажакда йирик давлат таркиботига айланган уюшманинг раҳбари бўлди.
Download 29.08 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling