Мутахассисликка кириш
Қишлoқ хўжaлик мaҳсулoтлaрини сaқлaш вa қaйтa ишлaшнинг хoзирги ҳолати
Download 108 Kb.
|
1-маъруза. КИРИШ
1.3. Қишлoқ хўжaлик мaҳсулoтлaрини сaқлaш вa қaйтa ишлaшнинг хoзирги ҳолати
Мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда . Аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир. Ҳозирги қишлоқ хўжалигида ўтказилаётган изчил иқтисодий ислохатлар ахолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлароқ қондириши ва бу соҳадаги таъминотни тубдан яхшилаб жаҳон андозаларига тенглаштириш энг долзарб масалалардан бири хисобланади. Ўзбекистон шароитида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашга алоҳида эътибор бериб келишган. Минтақамизда об-ҳаво йил ва бир кеча-кундузда ўзгарувчан бўлганлиги сабабли гўшт, ёғ, сут, балиқ, тухум каби маҳсулотлар иссиқда тез айнийди, жуда қаттиқ совуқда эса сабзавот ва мевалар музлаб қолади. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашнинг энг қадимги усулларидан кўмиб ёки илиб сақлаш, қоқи олишда қуритиш кабилар кенг қўлланилган. Маҳсулот сақлашда сабзавот, дон, мева, гўшт, қази ва тухумни кўмиб, полиз маҳсулотларини осиб сақлаш, турли мева, қовун, помилдорилардан қоқи олиш, узум, райхон, кашнич, жамбил ва қизил қалампирни қуритишни амалда кенг қўлланилиши шулар жумласидандир. Асосан, қуруқ маҳсулотлар тез бузилмайдиган ҳисобланиб, улар қуруқ жойда, шиша, чинни ёки сопол идишларда, ёпиладиган қоғоз ва ёғоч қутиларда, сандиқларда сақланган. Қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 230 та корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 та янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Мамлакатимизда мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди. Бу эса, йил давомида нархларнинг мавсумий кескин ошиб кетишига йўл қўймасдан, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ушбу маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш имконини бермоқда.3 Ҳукуматимиз раҳбарининг 2016 йил 8 апрел ойида чиқарган қарорига биноан, мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ҳамда узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, 2019 йилнинг 1 январигача замонавий ускуна ва технологиялар олиб киришда божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўламайди. Бундан ташқари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирма ҳамда кичик корхоналар ягона солиқ, давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Бу мамлакатимизда озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати ривожини жадаллаштиришга, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга йўналтирилган навбатдаги муҳим қадамдир. 2016 йил 8 апрелда Ўзбекистон республикаси Президенти И. Каримов Ички истеъмол бозорини, энг аввало қиш-баҳор даврида янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан барқарор таъминлаб туриш учун шундай маҳсулотларни тайёрлаш ва ғамлаш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий сақлаш технологияларини жорий этиш, омборхона хўжалиги ва совутиш омборларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш асосида маҳсулотлар нобудгарчилигини ҳар томонлама камайтириш мақсадида «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмасини мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси — «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги ПҚ 2517-сонли Қарорини имзолади. Янги ташкил этилган «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари қуйидагилар: талаб-эҳтиёжни чуқур ўрганиш асосида, янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан ички истеъмол бозорини узлуксиз тўлдириб бориш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида уларни қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларидан, агрофирмалардан шундай маҳсулотларни харид қилиш шартномаларини тузиш; қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиладиган янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумнинг яхши сақланишини ташкиллаштириш, уларни сақлаш вақтида нобудгарчиликларни камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш, маҳсулотни харид қилиш ва етказиб беришда замонавий логистика тизимини кенг жорий қилиш; республика шаҳарларида янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум сотиш бўйича ихтисослаштирилган ярмарка савдоларини доимий асосда ўтказиб туриш; тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг кўламда жалб этиш ва уюшма таркибига кирган корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ишларини ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотлари сақланадиган махсус омборхоналар ва совутиш камералари қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялашни таъминлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш; олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшовчи аҳолини ижтимоий аҳамиятли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш; уюшма таркибига кирган корхоналар мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш. Бундан кўриниб турибдики, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини ҳал этиш давлат даражасида турган вазифага айланган. Энг асосийси Ўзбекистон нафақат мамлакатни, балки Марказий Осиёни озиқ-овқат билан таъминлаш имкониятига эга эканлиги нуфузли давлатлар иштирок этаётган халқаро анжуманларда алоҳида таъкидланмоқда. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, жаҳон ҳамжамияти томонида билдирилаётган ишончни оқлаш учун биз мутахассислар ҳам ўз ҳиссамизни қўшишимиз муҳим омил ҳисобланади. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling