Н. Ф. Петровский. Менинг бухорога сафарим


Download 22.88 Kb.
Sana18.06.2023
Hajmi22.88 Kb.
#1574592
Bog'liq
Н. Ф. Петровски-WPS Office


Н. Ф. Петровский.

МЕНИНГ БУХОРОГА САФАРИМ

[ Сафар кузатувлари ва ёзувлари ]

(Н. Петровский 1872 йилда Бухорога келган. Ундан бир мунча олдин Лондон пропагандистлари билан алоқада айбланиб қамалган ҳам эди. Офицерликдан истеъфо бергач, Молия министрлигининг Туркистондаги агенти қилиб тайинланган. Петровский бир қанча олдин ёзганим «Катта ўйин»нинг фаол иштирокчиси ҳам бўлган. «Катта ўйин» қизиқарли ва каттагина материал бўлиб, қизиқувчилар уни шу канал юқорисидан топиб ўқишлари мумкин. Қуйидагиларни эса 19- асрдаги рус амалдори ёзаётганини назарда тутишингизни сўрайман! А. Э.)

«Ишларнинг асл ҳолатини билиш, бундай ишларни мамлакат учун манфаатли бўлган бирон натижага олиб келиш ва уларни адашмай бошқаришнинг биринчи шартидир. Бу — сиёсатнинг биринчи қоидаси.
Мен ўтган йили Ўрта Осиёнинг асосий марказларидан бирида бўлишга, у ердаги одамлар ва уларнинг ишлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдим; шунда бу масала бизда қанчалик нотўғри қўйилганини, Ўрта Осиё масаласи бизнинг оммавий нашрларимиз ва амалиётда қанчалар нотўғри ва хато ёритилишини англадим ва эсладим. Бизнинг Ўрта Осиёдаги истилоларимиз бошда озми-кўпми тасодифан амалга оширилган ва кейинчалик бу масалада ўзимиз учун икки оқлов топганмиз:
Биринчидан, деганмиз биз, бу истилолар мануфактура маҳсулотларимизни сотиш учун бозорлар очди;
Иккинчидан, шарқдаги муносабатлар орқали ғарбга таъсир кўрсатамиз.
Бу оқловларнинг биринчиси, ҳатто кечиримлилик билан танқид қилишга ҳам арзимайди, чунки бозорлар олдинроқ очилган ва уларни янада кенгайтиришга зарурат йўқ эди, негаки рус аҳолисининг ярми ҳали ҳам қўлда тикилган кийимларда юрибди; иккинчисига эса, тўлиқ эришишимиз учун ҳали узоқ. Ғарбий муносабатларга фақат Ўрта Осиёнинг сиёсий ва савдо маркази Бухоро орқалигина эришишимиз мумкин. Бухоро эса ҳали амирнинг қўлида.
Шундай қилиб, биз ҳали йўлимизни аниқлаб олмай туриб ва ўтган йилги Туркистонда яратганимиз 6 миллион рубллик танқислик билан Ўрта Осиё масаласини тўғри ҳал қила олмаймиз.

Бизнинг публицистларимиз (муҳим масалаларда ёзувчи шахслар; журналистлар. А.Э.) ўз тасаввурларида икки хонликдан (Бухоро ва Қўқон) ўз мақсадлари ва эҳтиёжларини англайдиган ҳамда ташқи сиёсатни тушунадиган қандайдир давлатларни яратмоқдалар. Арзимас, жоҳил, ярим қароқчи ва ярим савдогарлар бўлган амир ва хондан хаёлий ҳукмдорлар ясаб олиб, уларни тинч сиёсатга ва цивилизация ютуқларига дохил қилмоқчимиз. Биз чеклаб қўйган бу хон ва амир эса фақат бизни алдаш ва қандай қилиб Ўрта Осиёдан сиқиб чиқаришни ўйлайди. Бизнинг тинчлик сиёсатимиз уларга заифлик, дўстлик ваъдаларимиз эса иккиюзламачилик бўлиб туюлади. Осонгина олишимиз мумкин бўлган нарсаларни нега олмаяпмиз? Бунинг сабабини амир ҳам, хон ҳам калласига сиғдира олмайди. Уларнинг ўрнида бўлганимизда эди, — деб ўйлайди улар, — бу масалани дарҳол ҳал қилган ва тинчлик, савдонинг фойдаси, цивилизация ютуқлари тўғрисидаги гапларни дарҳол унутиб, олиш мумкин бўлган ҳамма нарсани олган бўлардик. Агар улар кучли бўлганида эди, бунчалик кўнгилчан бўлмасди.

Бизнинг хушмомала қўшниларимиз билан шахсан танишиб, юзма-юз кўришиб олган таассуротларим ана шулар.

Мен ўтган йилнинг баҳорида Бухорога жўнаб кетдим ва йўлда ниманики кўрган бўлсам, кейинчалик булар билан ватандошларни таништириш учун ҳаммасини ёзиб бордим. Баъзи ҳолатларга кўра (кейин баён қиламан), мен кундалигимни Самарқанддан бошламоқчи эдим, лекин менинг буюмларим юкланган араваларимиз муддатидан олдин Шаҳрисабзни четлаб тўғри Чироқчига жўнаб кетгани сабабли, ўз ниятимни то Қаршига етгунга қадар бажара олмадим ва шу ерда биринчи марта қўлимга қалам олдим. Бухорога етиб олишга қарор қилиб, мен ўз сафаримни иложи борича фойда келтирадиган қилиб, менга фойдали бўлган ҳам иқтисодий ва молиявий маълумотларни оладиган, ҳам ўлка ва унинг аҳолиси билан танишадиган қилиб ташкиллаштиришга ҳаракт қилдим. Шу мақсадда ўзим билан хизматчим татар тилмочдан ташқари, менга содиқ бўлган икки кишини ҳам бирга олдим.


Давоми

Менга ҳамроҳлик қилишни истаган ёш жаноб Трубчанинов ўзи билан бирга савдони яхши биладиган бир татарни ҳам олди. Шундай қилиб, бизнинг саёҳатчи карвонимиз Бухоро элчиси (Тошкентдан Бухорога қайтаётган Исомиддин Мирохўр) ва унинг 12 одамини ҳисобламаганда, мен, Трубчанинов, менинг таржимоним Иброҳим Юнусов, мен савдо маълумотларини йиғиши учун олган тошкентлик Боймуҳаммедов, менинг мирзам Ҳаким Хумсий, ишбошқарувчи, менинг хизматкорим ва юклар жойлашган икки аравадан иборат эди. Уларнинг ҳаммасига қаттиқ кўрсатма ва йўл-йўриқлар бердим, бунда яқин дўстим Жўрабекни алоҳида эсламасдан ўта олмайман (Қўқон хони томонидан бизга топширилган ва ҳозир Тошкентда яшаётган Шаҳрисабзнинг собиқ беги) . Йўлда ўз одамларимдан билдимки, бек уларни ўз олдига чақириб Бухорода ўзларини қандай тутишлари кераклиги ҳақида маслаҳатлар берган ва мени қаттиқ эҳтиётлашни ҳамда гапларимга қулоқ солишни тайинлаган экан. Ҳаммаси иш бошлашга етарлидек эди, аммо Қаршига бориш йўли кўрсатдики, умидларимизнинг рўёбга чиқиши қийин бўладиганга ўхшади. Ҳамма учраганлар ҳурмат кўрсатди, лекин ҳар тарафлама сўраб-суриштиришларга ҳам йўл қўйишмади. Яхшиямки, мен тажрибаси борларнинг гапига кириб, Бухорога incognito (яширинча) эмас, балки амирга ёзилган расмий хат билан йўл олган эканман. Қуйида менинг кундалигим берилади.


...

1

(1872 йил) 1 апрель, жума куни Тошкентдан жўнаб кетдик. Бухоро элчиси ўз мулозимлари ва менинг одамларим билан биргаликда тонгги соат 7.00да , мен бўлсам анча кечроқ тарантасда (одам ташийдиган тўрт ғилдиракли арава) йўлга тушдик. Элчи Мирохўрнинг айтишича, саёҳатчилар юлдузи бизга хайр тилаябди экан, негаки у чапдан эмас, балки ўнг томондан чиқибди.


Биринчи почта станциясидаёқ от алмаштиришнинг иложи бўлмади, тарантас орқага қайтиб кетди. Мен умидсизликка тушдим, чунки менда термометр билан Н. Головачёвнинг портретидан ( Сирдарё области губернаторининг бу портретини дипломатия бўлими ходими Струве амирга бериб юборган эди) бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Бахтимга Тошкентдан почта келиб қолди; мени юклар устига ўтқазишди ва Қовунчи қишлоғигача олиб боришди. Бизнинг карвонимиз ҳам шу ерда тўхтаган экан.
Биринчи куни биз кам йўл юрдик, лекин шу кеч ва тун мен учун бир мунча аҳамиятли бўлди; бу ерда сездимки мен ва мирохўрнинг одамлари ўртасида муаййян муносабатлар ўрнатилибди. Мулозимларнинг кўпи оддий одамлар бўлгани учун бизнинг одамлар билан дарров дўстлашиб олишибди; улар менинг одамларимдан секингина ароқ сўраб ола бошлашибди, булар ўзи яхшигина ичишади, айтгандек бу одамлар мирохўрга нисбатан бўлганидек, менга ҳам бажонидил хизмат кўрсатишади. Аксинча, мирохўрга анча яқин бўлган ва мусулмончилик илмидан хабардорлар ўзларини узоқроқда тутишди, эҳтимолки улар айғоқчи бўлсалар ҳам керак. Мени ажаблантириб, менинг мирзам ҳам уларга қўшилиб олибди. Унинг мирохўрга сидқидиллиги ва суйкалишлари менда шубҳа уйғотди. Ушбу моҳиятан муҳим бўлмаган тафсилотларни мирохўрнинг шахсиятини очиб бериш учун айтиб ўтаяпман; унга қуйида тўхталаман.
Биз Қовунчидан тўғри Чинозгача анчагина йўл босиб ўтдик. Бу ерда 22 апрель куни С. Б. Янчевский бизни анча ҳориган ҳолда учратди. Бир неча соат дам олгандан кейин, қуёш ботиши олдидан Дарёни кечиб ўтдик.(Сирдарё. А.Э.).
Бўз чўлда (Мирзачўл.А.Э. Дарёдан Жиззахгача бўлган ерлар.Н.П.) мирохўрнинг Пётрдан олдинги замонлардаги боярлар ўз мулкларидан пойтахтга саёҳат қилганига ўхшаб кетадиган асл қиёфаси намоён бўлди. Кўклай бошлаган чўлнинг кечки салқинида отлиқ мулозимлар қуршовидаги аравалар секинлик билан борар, юмшоқ гиламлар ва ёстиқлар устидаги мирохўр, мулозимларининг унчалик ҳам камтар бўлмаган ҳикояларини тинглаб кўнгил очиб борар, ҳикоялар кетидан қўшиқлар, қўшиқлар кетидан ҳикоялар бир-бирига уланаверарди. Кундузги жазирама пайтида ҳамма тўхтар ва кечқурунги салқинга қадар дам олинарди. Бу орада намозлар ҳам унутилмас, менинг мирзам ўнг қўлини қулоғига теккизиб ҳафсала билан азон чақирар эди. Шундай қилиб, оз-оздан турли кўринишлар билан юриб, 21 апрель, кечки соат 8.00 ларда биз Ёғочлига (чўлдаги станция) етиб олдик. Бу ерда бизни мисли кўрилмаган қаттиқ момақалдироқ қарши олди.
...

Мен Ёғочлидан мирохўрдан анча кейин ва аравада чиқиб кетдим. Зим-зиё қоронғи тун эди. Йўлдан адашмаслик учун ёнимдагилар билан бир қатор тизилиб пайпасланиб олдинга юришга мажбур бўлдик. Ўн дақиқалардан сўнг момақалдироқ гумбурлаб, майда ёмғир ёға бошлади... Отлар тўхтаб юрмай қолди, тўхташга тўғри келди. Отларнинг қулоқлари, қамчи учлари, этикларнинг тумшуқларида оловли шарсимон ёғдулар пайдо бўлди. Кейин улар ҳамма ёқда ерда, ҳавода ҳам пайдо бўлди ва улар ҳаракатланиб ҳар томонга уча бошлади. Ҳақиқатдан ҳам қўрқинчли бўлиб кетди. Кастор ва Поллукс олови. [Бундай воқеани қадимги греклар шундай деб атаган. Яна бундай ҳодиса Эльма чироқлари деб ҳам аталади. А.Э.]. Ниҳоят 1,5 соатлардан кейин момақалдироқ босила бошлагач мирохўр ва араваларга етиб олдик, улар момақалдироқдан қўрқиб кетиб, бизнинг чақириқларимизни жинлар чақираяпти деб ўйлаган, шунинг учун бизга жавоб бермаган экан ( менинг билишимча, Ўрта Осиёда икки хил шайтон бор: биздаги иблисга ўхшаган — шайтон; биздаги чортга ўхшаган шайтон —жин. Н. П. Менимча ажина демоқчи. А.Э.)

Кейинги куни, 24 апрелда Жиззахга етиб келдик. Бозор куни экан. Мен савдо-сотиқни кўргани бозорга бордим. Бозор анча катта бўлиб, қизғин савдо авжида экан. Докадан бошқа инглиз товарлари йўқ эди. Рус чити ва бошқа майда-чуйдалари кўп, лекин рус матосидан тўқилган тўнлар кам. Ўрта Осиёда савдо-сотиқ статистикаси йўқлиги туфайли, мануфактура товарларининг тарқалиши жараёнини кузатишнинг энг тўғри ва энг осон йўли — бозорларни ўрганишдир. Бу ерда, белгиланган маълум кунда мусулмон дунёсининг бор турмуш тарзи ва эҳтиёжларини кўриш мумкин. Кузатиш учун қулай ва очиқ товарлар қўйилган расталар билан бир қаторда, бозорда узоқ жойлардан келган кўплаб одамларни ҳам кўриш мумкин. Улар жонли статистик ҳисоботлардир; уларнинг кийимларига қараб туриб, қайси мануфактура ишлаб чиқарган маҳсулотлар бу ерда кенг тарқалганлигини тезда аниқлаш мумкин. Жиззах бозори —барча ўзбек бозорларига ўхшаб — озиқ-овқат бозори, яъни энг зарур эҳтиёжлар дастлаб қондириладиган бозордир. У бизнинг қишлоқ (сельский) бозорларимизга ўхшайди. Савдо бозори — биздаги ярмаркалар ва ёки Қўқон бозори каби савдогарлар бир мамлакат товарларини бошқа мамлакатникига алмаштирадиган бозор — Жиззахда албатта йўқ, лекин шунга қарамай унинг овқат бозорининг аҳамияти жуда катта. Ҳинд чойи, ғишт чой (олма чой ҳам дейишади) Жиззахда жуда кўп. Бундай чой бизда (Россияда) яқиндагина пайдо бўлди, чунки биз Тошкентда бу чойни жуда катта миқдорда мусодара қилганмиз. Жиззах савдогарларининг менга айтишларича, бу чойдан кўп фойда олинади ва у тез сотилади. Бизда ҳам шунга ўхшаш чой бор — хитойники, сифати яхши, лекин ғалати томони, у Еттисувда оз миқдордагина сотиб олинади, Тошкентда эса сотилиши жуда қийин, кейинги йилда бу чой кўринмади ҳам. Мен бунга С. Трубчаниновнинг диққатини қаратдим ва ундан бизнинг Кяхтадаги савдогарларимизга олма чой ҳақида ёзиб юборишни сўрадим.
...

Самарқандга биз 27 апрель куни, тўхтамай ёғаётган ёмғир остида етиб келдик ва 29- гача турдик. Самарқандда ва кейинги саёҳатим давомида мен, ўша вақтда бизникилар орасида юрган миш-мишлар тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Қўшнимиз (амир ҳукуматини назарда тутаяпти.А.Э.) ниманидир бошламоқчи,(Осиёни яхши билувчи, Самарқанд бўлими бошлиғи) В. Серовнинг айтишича, у ўзини ҳар томонга ураяпти. Бизнинг келишимиздан уч кун олдин афғон элчиси (Муҳаммад Тоҳир) у ердан жўнаб кетган... Бухорога (Қаршидан) қандайдир фаранги келган ва у ҳам яқиндагина кетган. (Афғон тахтига даъвогар ва Самарқандда яшайдиган) Абдураҳмонхон, сартлар билан таниш-билишлик қилмайдиган ва муфассал бўлган шу одам ҳам мени ишонтириб айтдики, Қаршини топшириш тўғрисидаги битим имзоланган, энди бу ерга эронликлар қўшини келишигина кутилмоқда. Бу ерда ҳам шунақа гаплар-у, лекин унга қўшиб афғон қўшини тўғри Шаҳрисабзга келади, бунинг ортидан амир ҳам Шаҳрисабзга боради, деб гапиришаябди. Мен шахсан ўзим бу миш-мишлар ҳақида ҳеч кимга гапирганим йўқ, аммо мирохўр халқ орасидаги ва шаҳарда юрган гап-сўзлар ёлғон деб мени ишонтиришга уринди, лекин ўзи амирнинг Шаҳрисабзга бориши генерал Абрамовга (Зарафшон округи қўмондони) маъқул бўладими-йўқ, деб уч марта сўради. Бу гап-сўзлардан мақсад нима — мен умуман тушунмадим. Билганим шу қишда Бухорога инглизлар келган, улардан бири — ўзини Машҳадлик мулла деб атайдигани ҳозир ҳам ўша ерда яшайди (рус разведкаси ҳам анойи эмас-а. А.Э.) . Мен унинг адресини биламан ва миш-мишларнинг тагида нима гап ётганини билиш учун Бухорога борганимда уни учратишга ҳаракат қиламан (ростдан ҳам Бухорода шу ном остида Мусофир яшар экан, лекин мен уни учрата олмадим). У ерда мени қўриқлашди ва хушмуомала қилишди, лекин бошқа одамлар билан ҳар қандай учрашувимни чеклаб қўйишди. Мисол учун, шаҳарни айланмоқчи бўлдим, лекин мени турли баҳоналар билан мирохўр келгунига қадар ушлаб туришди. Мен буни унга айтдим, у роса хижолат бўлди. Шу билан биргаликда, мирохўр ҳақидаги шахсий фикримни айтишни бурчим деб ҳисоблайман... У ўз хўжасига хушомадгўйлик ва лаганбардорлик қилиб, ўз халқининг асл фойда ва манфаатларини тушунмайдиган, фақат мансаб поғоналаридан кўтарилишнигина ўйлайдиган биздаги қадимги дума дьягига ўхшайди...[афсус, бунақа дъяклар ҳозир ҳам тўлиб ётибди.


Давоми

Ўзимнинг Петербургга ёзган хусусий мактубларимдан бирида мен мирохўрнинг шахсиятига мутлақо нотўғри тавсиф берган эканман. Энди эса хатоимни тўғрилашга ошиқаяпман. Кўпларга Россия ёки Кавказда дастлаб қараганда фаҳмли ва ҳаттоки маърифатли кўринадиган ҳамда Муқаддас ёзувларни яхши биладиган раскольникларни (эски мазҳаб тарафдорларини) учратишга тўғри келган бўлса керак. Бундайлар билан таниш-билишчилик давомида эса (ҳар ҳолда менда шунлай бўлган), улар чекланган ва ўта калтафаҳм кишилар бўлиб чиққан. Ёзувларни билиш уларга бироз зеб берган ва улар китоб обрўсига таяниб кичкинагина мақсадларига эришиш учун турли ҳолатларга мослашиш имконига эга бўлган. Аҳлоқан чекланган ва ҳарфхўр бу одамлар воқеа-ҳодисаларга кенгроқ қарай олмайди. Менимча Исомиддин мирохўр ҳам шундай одамлардан бири. Содир бўлган бир неча ҳодиса менинг бу хулосамни тасдиқлайди. Бизнинг олий раҳбарларимиз Бухоро амири ва амалдорлари олдида ўзини бироз юқори баҳолашини биладиган бу мирохўр, ўз танишлари олдида бу билан мақтаниш имкониятини ҳеч қўлдан бермайди. Тағин бутун йўл бўйи бу мақтанишларни мен ҳам эшитишим учун ҳам интилиб келди. Бошқа томондан эса, у бизни ёқтиравермайдиган амирга нима маъқуллигини билгани сабаб, ҳар ерда ўзини чин мусулмон қилиб, кофирларни ёқтирмайдиган авлиёсифат қилиб кўрсатади. Чироқчида қизиқ бўлди. Бекка менинг олдимда туркча гапириб ўзини руслар жуда яхши кўришини айтди ва бир совғани ҳам кўрсатди, кейин дарров форсчалаб: «Қандай замонларга қолдикки, кофирларга хизмат қилиш ва ҳурмат кўрсатишга мажбурмиз, лекин худо ҳоҳласа эски замонлар ҳам қайтиб келади» — деди. Шу ерда у қовун тушириб қўйди. Чунки унинг ёнида мен форсча гапиришини билдириб қўйишини таъқиқлаб қўйган одамим — Боймуҳаммад ўтирган эди ва у менга ҳаммасини айтиб берди. Бошқа жойларда ҳам шундай ҳолатлар кўп бўлди. Самарқанддан ўтгандан кейин мирохўр ёмон қилиқлар чиқарди. У ўша Боймуҳаммадни махфий равишда бир неча марта олдига чақириб, мусулмон сифатида менинг нега Бухорога келаётганим сабабини ва ўруслар амирга қарши нима кўзлаётганини айтишни сўраган. Мен мирзам (котиб) ҳам йўл бўйи қандайдир хижолатда юрди ва шубҳа уйғотиб келди. Менимча унга ҳам юқоридаги каби гаплар айтилган.

Бухоро мулкидаги йўллар ва Қаршидаги турмуш ҳақида қуйида ҳикоя қиламан.
...

2

Бухоро ерларида кезганимиз ва Қаршида амир билан кўришганимизнинг тафсилотлари.


Биз Самарқандга етиб келмасимиздан олдиноқ мирохўр мен ва менинг таржимонимга Бухоро ерларига сув етишмаслиги ва Туятортар ариғи бўйича шартноманинг қайта тузилишидан бухороликларнинг жуда қаттиқ норози эканлиги ҳақида гапирган эди. Мирохўрнинг йўлда олган маълумотларига кўра Бухоро шаҳри аҳолиси Қаршида турган амир олдига, сувнинг Самарқанд бўлимида (бу бўлим руслар қўлида эди. А.Э) ушлаб қолинаётганлигидан шикоят қилиб борган ва бу ишга узиб-кесил чек қўйишни сўраган. Мирохўрнинг шотирлари ва Самарқанд аҳолисидан менинг одамларим орқали етиб келган маълумотларга қараганда, амир гўёки халқ норозилигидан қочиб, Бухородан кетиб қолган эмиш. Бу гап қанчалик тўғри эканлигини айта олмайман. [Шунлан кейин Петровский Бухоро мулозимлари ўз вақтида сув зарур деб маълумот бермагани учун сув танқислиги рўй берган деб, рус маъмуриятини оқлашга киришади].
Айтишларича, Туятортар ариғини Аблуллахон 2- қаздирган.

[Ортиқча жойларини қисқартираман, негаки чўзилиб кетадиганга ўхшайди. А. Э.].

Қоратепа йўлидан келаётиб, суғориш имконияти камлиги туфайли ташлаб кетилган бешта қишлоқни кўрдик. Қоратепа оқсоқоли , бу йил бундай қишлоқлар сони 13 тага етгани, уларнинг аҳолиси ўтган йилдаёқ Шаҳрисабзга кўчиб кетганлигини айтди.

Қоратепада тунагач, эрталаб Тахтиқорача довонига йўл олдик, бу ердан Бухоро ерлари бошланади.

Довонгача бўлган йўл юриш учун жуда қийин бўлди...

Шаҳрисабз беги мени кутиб олиш учун юборган элчи, илгари амир Насрулло аравалар ва замбараклар билан бу йўлдан шаҳрисабзликлар билан урушлар қилиш учун юрганлигини, омадсизликларга учрагач, уни тошлар билан тўсиб ташлашга буюрганлигини айтди. Довонгача бўлган йўлдаги қийинчиликларимиз, Қашқадарё водийсининг яшнаган манзараси кўриниши биланоқ ювилиб кетди. Бизга кўриниб турган ерлар туташиб кетган яхлит боғлардан иборат бўлиб, улар орасида Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ шаҳарлари атрофларидаги қишлоқлари билан яшириниб кетган эди. Мен саргардон бўлган дўстларимиз Жўрабек ва Бобобекларга (Шаҳрисабзнинг бошқа бир беги бўлиб, у ҳам ҳозир Тошкентда яшайди) ачиниб кетдим ва уларнинг юзидаги ўчмас ғамнинг сабаби менга тушунарли бўлиб қолди.

Қайнар қишлоғида дам олиб, туш пайтида Китобга кириб бордик.
...

Йўлда учраганлар одатий иборалар ва истакларни айтиб ўтаверди. Дастлабки саломлашувлардан кейиноқ ўлка бошлиғимизнинг саломатлиги сўраларди: «Генерал-губернатор соғ-саломатми?». Бутун йўл бўйи шу ҳолат такрорланаверди.


Китоб дарвозаси олдида бизни қўрбоши (полицмейстер) кутиб олди. У отдан сакраб тушди ва эриш овозда русча гапириб: «прощай, прощай» (хайр, хайр) дея қўлимни қаттиқ қисиб сўрашди. Тантанали бу дақиқада обрўимни сақлаш учун, мен ўзимни зўрға тутиб турдим. Йўлда давом этдик. Ортимиздан оломон эргашди; бир неча баччалар (қўшиқ ва рақслари билан мусулмонларга роҳат бағишловчи чиройли болалар. Н.П.) бармоқлари билан қанча нархга менинг олдимга келишлари мумкинлигини кўрсатдилар. Бозор олдидаги икки қатор экилган дарахтлар орасида қўшин саф тортган экан. Кутиб олиш мусиқаси янгради, туғлар эгилди, бундай кутиб олишдан ҳайратланган мен, чанг ва лой аҳволда Китоб бегининг олдига келиб қолдим. У мени ўз саройи айвонида туриб кутиб олди. Бек гапдон ва уддабурон эмас экан. Сўзларни зўрға ситиб чиқариб, у мендан генерал-губернаторнинг соғлигини сўради, етиб келганим билан қутлади. Ҳазрат (яъни амир) рус бошлиқларидан меҳмон келганини билиб мени катта иззат-ҳурмат билан кутиб олишни буюрганини айтди. Дастурхон ва ярим соатлик наридан-бери ўтган суҳбатдан кейин менга тўн кийдиришди, ҳеч нарсага ярамайдиган, лекин яхши безатилган отга миндиришди ва Шаҳрисабзга бошлаб кетишди. У ердаги учрашув янада тантанали бўлди. Давлатбий Саркорнинг ўзи қўшинларга бошчилик қилди. Замбараклардан ҳам отгандек бўлишди. Мен 22 та туғ санадим, ҳар юзликка бир туғ деб ҳисобласак, бу ерда уч мингга яқин аскар бор экан. Ички ҳовлида бизникига жуда ўхшайдиган иккита мис замбарак турарди. Шаҳрисабз беги Абдулкарим Девонбеги, Китоб беги бўлган ўғлидан (балки укасидир) кўра бутунлай бошқача тобланган одам экан. Кекса сарой мулозими ва ҳозирги амирнинг тарбиячиси бўлган бу одам умрида кўп нарсани кўрган, шунинг учун бу учрашувни ҳам ҳеч ҳаяжонсиз, қилт этмай ўтказди. У мени оддийгина ва фикримча хушлик билан қабул қилди. Ўнг кўзини бироз қисганича менга диққат билан тикилди ва дарров суҳбатга киришди; вақти-вақти билан кулиб, елкамга қоқиб турди. Кейин менга айтишдики, чол ўз одатидан чекиниб, бошқаларга нисбатан мен билан кўпроқ гаплашибди. Янги тўн ва янги, лекин олдингилек жуда ёмон отда мен учун тайёрлаб қўйилган иморатга келдим. Кечқурун базм (баччалар рақсга тушди) бўлди. Лекин мен жуда чарчаганим туфайли, баччалар келиши биланоқ ухлагани кириб кетдим.
Шаҳрисабздаги учрашувлар вақтида ўзим ва менинг одамларим, аҳолида ўзининг янги ҳукуматига нисбатан ҳеч қандай ва заррача ҳам ҳурмат йўқлигини пайқадик. Ана шу ҳолатга батафсилроқ тўхтамасак бўлмайди.
...

Мен Тошкентдан Қаршигача йўлдаги барча учрашувларимизни диққат билан кузатиб келдим. Русларга қарашли бўлган ерларда мусулмонлар мирохўрни менга қараганда анча яхши қарши олишди; аксинча Бухоро ерларида ва айниқса Шаҳрисабзда мирохўрга ва бизни кузатиб бораётган ҳурматли кишиларга эътибор қаратишмадигина эмас, менимча, ҳатто уларни ҳурмат қилмасликларини атайин намойиш қилишга урингандек бўлиб кўринишди. Айтайлик бир тўда одам ўтирибди, тўғрига қараб ўтираверишади, салом йўқ. Баъзида мирохўрнинг ўзи «Ассалому алайкум» деб қолади, лекин шунда ҳам камдан-кам алик овози эшитилади. Мени бир мунча яхшироқ кутиб олишди. Кам ҳоллардагина қўл кўтарилиб саллаларга теккизилмади холос, баъзан «здравствуй» ҳам эшитилиб турди. Шунда мен буни рус ёки татар айтаяпди деб ўйлаб русча гапира бошласам, ҳар сафар маълум бўлдики, улар «здравствуй»дан бошқа ҳеч нарсани билишмас экан. Ҳиндлар ва яҳудийлар қалпоқларини ечиб фақат менгагина салом беришди; лекин биронта одамнинг мирохўрга ҳам салом берганини кўрмадим.

Шаҳрисабз ерлари ва Қарши бизнинг мануфактура товарларимиз тарқалган энг жанубий ерлардир, деб ҳисоблайман.
Менга айтишларича Ҳисорда рус товарлари йўқ экан; Қаршидан кейин улар камдан-кам учрайди. Бухорога етиб боргач, бу масалани батафсил ўрганишга ҳаракат қиламан. Ҳозир Шаҳрисабзда инглизларнинг докадан бошқа товари йўқ. Лекин Жўрабекнинг Китобдаги собиқ саройининг шифти инглиз чити билан қопланганлиги инглиз товарларининг шу ергача етиб келганлигини кўрсатади. Ҳозир бу сарой шифти хиралашиб қолгани сабаб, алмаштирилиб рус чити билан қопланган.

Бу ерда ҳинд кўк чойи жуда кўп, қора чой эса йўқ.


Шаҳрисабзда ва кейин Қаршида мени Пешовар гуручидан тайёрланган палов билан меҳмон қилишди. (Пешовар палови). Бу мени қизиқ фикрларга олиб келди. Пешавор палови бу ерда обрўли ҳисобланади ва бу гуруч Афғонистондан кўп миқдорда олиб келинади. Қаршида унинг бир фунти (409,5 грамм) 20 тийинга сотилади. Бу арзон ва оғир товарни шунчалар узоқ ердан олиб келиб келиб фойда топиш мумин экан, демак ҳар қандай товар, ҳатто инглиз товари ҳам эҳтиёж туғилса бу ерда фойдаси билан сотилади. Гап йўлнинг узоқлиги, юкнинг оғирлигида эмас, балки харидга бўлган талабда.(Албатта 19- аср одамининг бу соддалигини кечирамиз. А. Э.).

1 майда Шаҳрисабздан чиқиб кетдик. Шаҳрисабзга қарашли ерлардан кейин, манзара ўзгарди.


...

Қашқадарё водийси кенгайиб, текисроқ бўлиб қолди, боғлар камайди, ҳайдалган ерлар кўпайди. Асосан ўзбеклардан бўлган аҳоли ёзда ўтовларда яшайди, шунинг учун қишлоқлар доимий тураржой бўлмай, амалда ҳақиқий қишлиқ вазифасини, яъни қишни ўтказадиган манзил вазифасини ўтайди. Чироқчи яқинида бизни бекнинг одамлари кутиб олди. Кўпкари бўлаётган экан...

... Чироқчи бекнинг қароргоҳи бўлиб, ачинарли аҳволда эди, боғлар йўқ, вайроналар кўп. Бу ерда ҳафтасига икки марта бозор бўлади. Европа маҳсулотлари кўринмайди, чорва кўп. Самарқанд ҳимоячисининг ўғли бўлган Чироқчи беги камгап ўзбек бўлиб, бизни қалъа яқинидаги кичик боғчада кутиб олди. Шу ерда тунаб қолдик ва кейин Чим қишлоғига йўл олдик. Бизни амирнинг иккинчи ўғли Тўражонбекнинг яқин одамлари кутиб олди. Ниҳоят 3- май, эрталабки соат 7 ларда Қаршига кириб бордик.
Бизнинг Қаршида кутиб олинишимиз ва қабул қилинишимизнинг икир-чикирларини айтиб ўтирмайман. Аскарлар йўқ эди, шиғовул бошчилигидаги кўпгина олтин чопонлар кийган амалдорлар мени ҳурматли меҳмон деб атаб, қўл бериб кўришишди ва камида юз марта бошлиқларимизнинг соғ-саломатлигини сўрашди. Буларнинг ҳаммаси жуда чучмал бўлиб, қалбакилик ва сохтагарчилик анқиб турарди. Биз учратганлар ичида фақат Шаҳрисабз беги Абдулкарим Девонбегигина муомаласининг оддийлиги ва чин кўнгиллиги билан ажралиб турди холос; қолганларининг ҳаммаси у ёки бу тарзда яхши-ёмондир роль ўйнади ва бу театр томошасидан ортиқ нарса эмасди. Бу томошани муқаддас Бухоронинг актёр амалдорлари қўйиб берди.
Қаршида мени мебель, стол-стуллар қўйилган ҳашматли бинога жойлаштиришди...
... Амир ҳазратлари билан икки марта, 4 май ва у Шаҳрисабзга жўнаб кетган 10 май кунлари учрашдим. Биринчи учрашувимиз чорак соатдан нари ўтмади, иккинчиси ярим соатча давом этди.
Мирохўрдан маслаҳат ва зарур кўрсатмаларни олиб, мен, Трубчанинов ва одамларим отларга миндик ва қалъага йўл олдик. Дарвоза олдида отлардан тушиб, саломга келган амалдорлару, мулозимлар билан тўла узун йўлакдан ўтиб бориб, иккинчи, ички ҳовли дарвозаси олдига келдик. Шу ерда мен ва таржимонимни қўлларида узун таёқлар ушлаган икки маросим бошқарувчи — ҳудайчилар қўлимиздан ушлаб дарвозадан ичкарига олиб ўтишди. Ҳовлининг ичкарисида, деразалари очиқ кичик уйчада, болишларга суянган ҳолда амир ўтирган экан. Фуражкамни қўлимга олиб таъзим қилдим, ҳудайчилар чўзиб қичқиришди: «Худо Ҳазрати Амир Музаффарни Мансур қилсин» (яъни: «Худо ҳазрати амирни қудратли ва ғолиб қилсин»), сўнг биз жуда секинлик билан уйча томон бордик. Ҳудайчилар кулгили тарзда тиззаларини букар ва менинг юришимга ҳалақит берарди. Зинапояга чиқа туриб шапкамни ечдим. Амир ёлғиз эди (мирохўр кейин кириб эшик тагида турди).
...

Мен эгилиб таъзим қилдим, у иссиқ ва юмшоқ қўлини узатиб сўрашдида, менга ўзи қаторига, уч қадам наридаги тўшакка ўтиришни кўрсатди. Мирохўрнинг маслаҳати бўйича мен биринчи бўлиб гап бошладим. Рус бошлиқлардан салом айтиб, ўзимнинг Бухорога келишдан мақсадимни айтдим ва унинг давлатида мени яхши кутиб олганликлари учун миннатдорчилик билдирдим. Амир мендан, катта рус бошлиқнинг соғлигини сўради ва «Хуш келибсиз! — деди. «Энди Қаршида яшаб кўринг , кейин Бухорога борасиз. Келганингиздан хурсандман» — деб айтди. Мен миннатдорчилик билдириб ва менинг хушвақтлик билан кутиб олиниб қабул қилинганим, амирнинг рус ҳукуматига нисбатан яхши ниятда эканлигини кўрсатади деб қўшиб қўйдим. Амир бунга эътироз билдириб: «Сиз бизнинг ҳурматли меҳмонимизсиз, биз бошқача йўл тута олмаймиз» — деди.


Бир неча лаҳза жимликдан сўнг, амир мендан рус бошлиқлардан бирон-бир кўрсатма олган-олмаганимни сўради. Мен ҳеч қандай буйруқ олмаганимни айтдим. Унинг овози бўғиқ эшитилди. Мен ҳеч қандай буйруқ олмаганимни айтдим. Бу уни тинчлантирди шекилли, у қўлини узатиб жилмайди ва кўзлари билан қабул тугаганини билдирди. Мендан кейин амир олдига Н. Трубчанинов ва менинг одамларимни олиб киришди; биринчига у деразадан қўлини узатиб сўрашди, қолганлар билан бош ирғаб кўришди. Кейин кирган тартибимиз бўйича орқамиз билан юриб ташқи ҳовлига чиқдик. Бу ерда менга сарғиш чопон кийдиришди ва Тўражоннинг олдига бошлаб боришди. Император ҳазратлари ва генерал-губернаторнинг саломатлигидан огоҳ бўлгач, у мендан бизни ўзининг беклигида қандай кутиб олишганлигини сўради. Жавобимни эшитгач, менга рухсат берди, учрашувимиз беш минутдан ортиқ чўзилмади. Амир совға қилган ва ҳашамат билан безатилган отда ўзимга ажратилган уйга қайтдим. Эртаси куни амир олдимизга баччалари ва масхарабозини юборди. Баччалар яхши рақсга тушди, лекин масхарбознинг ҳазиллари ғирт худбинликнинг ўзи эди.
Иккинчи учрашувимизга, мирохўрнинг маслаҳатига биноан амир совға қилган тўнни кийиб бордим. Суҳбатимиз олдингидан узоқроқ давом этди. Учрашувдан олдинроқ Бухородан Арзамасцевнинг ишбошқарувчиси олдимга келиб, бу ерда рус савдогарларига сиқув бўлмаётгани ва ҳомийлик қилинаётганлигини айтган эди. Мен бу ҳақида амирга гапириб, рус бошлиқларга бу ҳақида ёзиб юбораман, буни эшитиш уларга ёқимли бўлади дедим. Шунда амир таржимоннинг гапини бўлиб: «Эшитишимча сиз туркча билар экансиз. Нега мен билан туркчалаб гаплашмаяпсиз? — деди.
Охири

Петровский амирга туркчани билсада хато қилишдан ҳайиқиб гапирмаётганлигини айтади. Амир туркча гапиринг, бу менга анча маъқул дейди. Улар туркча гаплаша бошлайдилар. Петровский бир эмас, бир неча туркий тилларни яхши билган. Амир унга яна чопон, от, 100 тилла пул, ва унинг одамларига тўн ва 10 рублдан совға қилади.


Петровский Қаршида бир неча кун туриб, шаҳар ҳақида бир мунча батафсил ҳикоя қилган. Кейин Бухорога боради. Бухорони ҳам тавсифлайди. Унинг сувга муҳтожлиги, бозорлари, турли касб эгалари билан суҳбатлари яхши тасвирланган. Петровский «32 ҳунар» деб аталадиган, аслида эса сони кўп бўлган Ўрта Осиёдаги мавжуд касбларни яхши ўрганган, дин ва унинг мазҳабларини ҳам яхши биларди. Шунинг учун у бухороликлар билан осон тил топишган. Мирохўр эса Петровскийни олиб келгани учун, амир ғазабига қолган. Унга 120 дарра урилган. У 1,5 ойлик сафар давомида Петровскийни кузатиб юришга, уни Карки ва Чоржўйга киритмасликка ҳаракат қилган.
Петровский ниҳоят Тошкентга қайтади. Энди у Қўқонга боради.
А. Эргашев.
https://t.me/Tarih_saboq .
Download 22.88 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling