1.17.00.00.00 Одил судлов / 17.05.00.00 Фуқаролик процессуал қонунчилиги / 17.05.06.00 Алоҳида тартибда иш юритиш]
4-КИЧИК БЎЛИМ. АЛОҲИДА ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ
30-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
279-модда. Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар
Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган ишларга қуйидагилар киради:
1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар;
2) болани фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар;
3) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш тўғрисидаги ишлар;
4) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар;
5) шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги ишлар;
6) шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги ишлар;
7) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ишлар;
8) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш тўғрисидаги ишлар (чақириб иш юритиш).
(279-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
280-модда. Алоҳида юритиладиган ишларни кўриш тартиби
Ушбу Кодекснинг 279-моддасида санаб ўтилган ишлар судларда ушбу Кодекснинг 30—35-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилади.
281-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш
Суд алоҳида тартибда юритиладиган ишларни ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда кўради.
Аризачи (даъвогар), ишнинг якунидан манфаатдор бўлган шахс, прокурор, давлат бошқаруви органлари алоҳида тартибда юритиладиган ишда иштирок этувчи шахслар деб эътироф этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |