Никколо Макиавелли
XXIV боб. Нима учун Италия ҳукмдорлари давлатидан маҳрум бўлишди?
Download 434.5 Kb.
|
МАКИАВЕЛЛИ ВА УНИНГ СИЁСИЙ ХАЗИНАСИ
XXIV боб. Нима учун Италия ҳукмдорлари давлатидан маҳрум бўлишди?
Агар янги ҳукмдор юқорида айтиб ўтилган қоидаларга оқилона риоя қилса, тез орада салтанатда мустаҳкам қарор топиб, тахтни мерос олгандан кўра ўзини анча ишончли ва мустаҳкамроқ сезади. Чунки янги ҳукмдор ворис ҳукмдорга қараганда кўпроқ қизиқиш уйғотади, агар унинг хатти-ҳаракатлари дадил бўлса, бу нарса одамларни унинг насабидан кўра кўпроқ жалб қилади. Чунки одамлар кечадан кўра бугуннинг ташвиши билан кўпроқ банд бўлади, агар бугун бир неъматга эга бўлиб турган бўлса, шу билан кифояланиб, бошқасини излашмайди; бунинг устига, агар янги ҳукумат рисоладагидек иш тутса, унинг учун жонларини тикиб юборишади. Кимки давлатни барпо қилиб, уни яхши қонунлар, яхши иттифоқчилар, яхши қўшин ва намунали ибратлар билан мустаҳкамласа, иккиёқлама шон-шуҳрат қозонади; кимки ҳукмдор бўлиб туғилган бўлса-ю, ношудлиги оқибатида тахтдан қуруқ қолса, иккиёқлама шарманда бўлади. Неаполь қироли, Милан герцоги каби Италиянинг тахтдан маҳрум бўлган ҳукмдорларига мурожаат қилсак, уларнинг энг заиф нуқтаси қўшин бўлганини кўрамизким, бунинг сабаблари юқорида батафсил баён қилиб ўтилди. Бундан ташқари, уларнинг баъзилари ё халққа душман бўлган, ё халқни ўзига оғдириб олиб, зодагонлар томонидан бўладиган ҳужумдан ўзини ҳимоялай олмаган. Чунки бундай нуқсонлар йўқ жойларда ҳукмдор қўшин тортиш учун етарли кучга эга бўлса, ҳокимиятни қўлдай бой бериши мумкин эмас. Македониялик Филипп, яъни Буюк Александрнинг отаси эмас, балки Тит Квинций тор-мор қилган Филипп Рим ва Грецияга – унга ҳужум қилган буюк ҳукмдорларга қараганда анча кичик давлатнинг эгаси эди. Бироқ у ҳақиқий жангчи бўлгани, халқнинг меҳрини қозонгани ва зодагонлардан ўзини ҳимоялай олгани учун римликлар ва юнонларга қарши кўп йиллик урушга бардош берди, уруш охирида бир неча шаҳарларни қўлдан бой берганига қарамай, салтанатини сақлаб қолди. Шундай экан, узоқ йил ҳукмронлик қилиб, салтанатидан айрилган ҳукмдорларимиз тақдирдан эмас, ўзларининг ношудлигидан нолисинлар. Улар тинчлик пайтида юз бериши мумкин бўлган фалокатларнинг олдини олишмаган – умуман олганда, одамзод шундай, тинчлик пайтида бўрон ҳақида ўйламайди – аммо оғир дамда улар мудофаа қилиш ўрнига қочишни афзал кўришди, улар босқинчиларнинг зулмидан ғазабга тўлган фуқаро мени ўзи чақириб олади деб хомтама бўлишди. Тўғри, шундан бошқа илож қолмаса, начора, аммо қолган имконлардан воз кечиб, қочишни танлаган ёмон, бу худди кўтариб олишар деган умидда йиқилган билан тенгдир. Мабодо сени фалокатдан қутқариб олишса ҳам, бунинг тагида бирор хатар бор, чунки энди сен хор ва қарам ҳолатда бўласан. Фақат ўзингга, ўз кучингга ишонган, ўз қобилият ва иқтидорингга суянган ҳолдаги ҳимоя усулларига афзал, асосли ва ишончлидир. Download 434.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling