Нутқ маданиятининг умумий тавсифи
Download 37.16 Kb.
|
1 2
Bog'liqНутқ маданиятининг умумий тавсифи
Нутқ маданиятининг умумий тавсифи Нутқ маданияти - умуминсоният маданиятининг бир қисми бўлиб хисобланади. Тор маънода нутқ маданияти - тил меъёрларини эгалламок, яъни талаффуз, урғу, сўз ишлатиш, гап тузиш қонунларини яхши билмоқ, шунингдек, тилнинг тасвирий воситаларидан хар хил шароитларга мос ва мақсадга мувофиқ ҳолда файдалана олиш ва ифодали ўкиш маданиятини эгаллаш демакдир. Нутқ маданияти атамаси илмий адабиётларда асосан 2 хил: 1. Нутқнинг фазилатлари йиғиндиси. 2.Намунавий нутқ сирларини эгаллаш хақидаги таълимот маъноларида ишлатилади. Маданий нутқнинг фазилатлари деганда, унинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, ифодавийлиги, бойлиги, софлиги кабилар тушунилади. Нутқ маданияти хақидаги таълимот ўзининг узок ўтмишига эга. У таълимот сифатида Рим ва Афинада шаклланган бўлса хам, унга кадар Мисрда, Ассурияда, Вавилон ва Хиндистон мамлакатларида пайдо бўлганлиги нотиқлик санъати тажрибасидан маълум. У пайтларда хар бир давлат арбобининг нотиқ бўлиши шарт бўлган. Нотиқлик санъати саркардалик маҳорати билан баравар даражада улуғланган. Ана шу эҳтиёж туфайли нотиклик назарияси яратилади. Унинг Цецерон, Демосфен, Квинтилиан, Аристотель каби назариётчилари етишиб чикади. Эрамизнинг 335 йилида Аристотелнинг “Риторика”си яратилди. Унда нотиқ олдидаги энг мухим вазифалар белгилаб берилди. Сўз нотиклигининг катта номоёндаларидан бири Цецерон “Нотиқ хақида”, “Нотиқ” “Брут” асарлари билан нотиқлик санъати назариясига катта хисса қўшди. Рим нотиқлик мактабининг яна бир буюк вакили Марк Фабий Квинтилиандир. У ўзининг “Нотиқ билими хақида” китобида билимдонликни нотиқликнинг биринчи шарти қилиб қўяди. У: ”Нотиқликка доир билимни жуда ёшликдан ўргана бориш, нутқ тингловчига тушунарли бўлиши керак. Сен шундай сўзлагинки, сени хар бир киши тушуна олсин”1 - , дейди. Хуллас, кадимги Юнонистон ва Римда маданий нутқ , нотиқлик назарияси ривожлантирилади. Бу назария кейинчалик Европада нутқ маданиятига бағишланган фаннинг майдонга келишига асос бўлди. Шарқда, жумладан Мовароуннаҳрда илмий ижоднинг тараққиёти билан, шунингдек, ваъзхонлик, “Куръон”ни тарғиб қилиш билан бирга сўзнинг аҳамияти, маъноси ва ундан мақсадга мувофиқ фойдаланиш борасида қадимдан кўп яхши фикрлар айтилган. Ваъзхонликнинг, балоғат (чечанлик, нотиқлик) санъатининг ривожланиши билан нутқ олдига кўйилган талаблар мукаммаллашиб борди. Буюк алломалар Абу Райхон Беруний, Абу Наср Фаробий, Ибн Сино, Абу Абдуллох ал-Хоразмий, Махмуд Кашғарий, Замахшарий, Абу Яъкуб Саккокий тилга, луғатга, грамматика ва мантиқшуносликка бағишланган асарлар ёздилар ёки бошка соҳаларга доир асарларида бу мавзуга алоқадор фикрлар билдирдилар. Қадимги Шарқ педагогикасининг ажойиб асарларидан бири Кайковус томонидан 1082-1083 йилларда яратилган “Қобуснома”да хам нутқ одоби ва маданияти хақида ибратомуз гаплар айтилган бўлиб, улар ҳозир хам ўз аҳамиятини йўқотмагандир. Унинг 6-7 боблари сўз одоби хақида бўлиб, муаллифнинг фарзандига қилган насиҳатлари сифатида ёзилгандир. У фарзандини ёкимли, мулойим, ўринли сўзлашга, беҳуда гапирмасликка ундайди: "Сўзни ўз жойида сўзла, жойида айтилмаган сўз, агар у яхши сўз бўлса хам ёмон кўринади. Киши сухандон ва нотиқ бўлиши лозим... Халқ олдида гапирганда сўзинг гўзал бўлсин, бу сўзни халқ қабул қилсин. Халойиқ сенинг сўз билан баланд даражага эришганингни билсин, чунки кишининг мартабасини сўз оркали биладилар...”.2 XII-XIII аср мутафаккирлари Юсуф Хос Хожиб, Ахмад Югнакийлар хам ўз асарларида сўзни кадри, ундан фойдаланиш, кам сўзлаб кўп маъно юклаш, равшан фикрлаш каби масалалар юзасидан ибратли фикр билдирганлар. Ўзбек адабий тилининг асосчиси А. Навоий ўз ижоди билан туркий тилнинг бойликларини номоён этди. А.Навоийнинг “Мухокаматул лугатайн”, “Махбубул қулуб”, “Назмул-жавоҳир” асарлари ўзбек тилида нутқ тузишнинг гўзал намуналари бўлиши билан бирга, унинг юксалишига катта ҳисса кўшди. Навоий “Махбубул қулуб”да шундай дейди:” Тилга иктидорлиги - хакими хирадманд, сўзга ихтиёрсиз - лайни нажанд. Тилки фасиҳ ва дилназир бўлгай, хўброк бўлгай агар кунгул била бир бўлғай”.3 Тилига кучи етадиган киши ақл подишосидир: сўзга аҳамият бермайдиган киши лаънатланган, паст кишидир. Тил гўзал дилларни оловлантирувчи бўлиши билан бирга (сўзловчининг) дилидагини акс эттирса, янада яхширок бўлади. Равшанки, бунда Навоий тил деганда нутқни назарда тутган. Ўзбек бадиий нутқи тарихида З. М. Бобур алоҳида ўрин тутади. Шоирнинг назми ва “Бобурнома”си нутқнинг гўзал намуналаридир, “Бобурнома”ни XV асрнинг энг яхши прозаик асари деб тан олишлари бежиз эмас, албатта. Бобур ўзи хаммабоп ёзиш билан бирга, бошқаларга хам шундай иш тутишни маслаҳат беради. Жумладан, ўз ўгли Хумоюнга ёзган бир хатида бировга юбориладиган мактубни муаллифнинг ўзи бир неча бор ўқиб кўриши, унинг равонлигига, сўзларнинг кўзда тутилган маънони тўғри акс эттираётганлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг жўнатишга чақиради. Юкоридагилардан маълум бўладики, Шарк мутафаккирлари нотиқ олдига тилни пухта ўрганиш, унинг луғавий бойлиги ва граматикасини пухта эгаллаш, мантиқли сўзлашни эгаллаш, гўзал, таъсирчан нутқ туза билиш, тил бойликларини мақсадга мувофиқ холда ўринли ишлатиш вазифаларини олдинги ўринга қўядилар. Хулоса қилиб айтганда, ўзбек нутқи маданияти тарихига назар ташлайдиган бўлсак, қадимда бу соҳага “Нутқ одоби” номи остида анча кенг эътибор берилган. Кейинги асрларда, айниқса ХIX-XX асрларнинг айрим вақтларида эътибор сусайганлиги кўзга ташланади. Бироқ кейинги йилларда, яъни мустақиллик шарофати билан бу соҳада кўп ишлар қилинмоқда. «Нутқ маданияти асослари» ўзбек тилшунослигининг ўзига хос амалий соҳаси ҳисобланиб, бу фан хар бир олий ва ўрта махсус касб-хунар таълимида ўқитилади. У тилшуносликнинг назарий курсларидан олинган билимларга суянган ҳолда тўғри ва чиройли нутқ тузиш йўлларини ўргатади. У тил, тил меъёрлари, нутқнинг сифатлари, нутқий услублар, нутқда учраши мумкин бўлган камчилик ва хатолар, нутқнинг талаффузига доир муаммолар юзасидан баҳс юритади. Нутқ маданияти ҳам фан сифатида ўз текшириш объекти ва вазифаларига эга. Унинг текшириш предмети нутқнинг тил қурилиши, адабий тил меъёрлари, асосий вазифаси эса ушбу меъёрдаги юзланишларни бартараф этиш бўлмоғи лозим. Бу фан адабий меъёрларни яратмайди. Ўзбек миллий адабий тили фаолиятини, унинг ривожланишини кузатиб боради. Объектив қонунларни кашф этади, шулар асосида тавсиялар беради. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг тўлиқ шаклланганлиги ва улкан ижтимоий вазифани бажараётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бу тил диёримиз вакиллари учун умумий тил сифатида шаклланди. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республикамизда давлат ишларининг, ўқиш-ўқитиш, таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот ишларини шу тилда олиб борилиши учун жуда катта имконият яратди. Тилга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Ҳозир унинг барча имкониятларини ўрганиш ишлари кенг кўламда олиб борилаяпти. Лекин шуни ҳам эслаш жоизки, тилнинг ижтимоий вазифасининг бажарилиш даражасини белгиловчи омиллардан бири бўлмиш нутқ маданияти етарли тараққий этмаганлиги ачинарли бир ҳолдир. Шунинг учун нутқ маданияти соҳасини чуқурроқ ўрганиш олдимизга қўйилган муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Нутқ маданияти тўғрисида сўзлашдан олдин нутқ ўзи нима, унинг тилдан фарқи борми, деган саволга жавоб топишимиз керак. Ҳар қандай соҳанинг маданияти бўлгани сингари нутқнинг ҳам ўз маданияти бор. Тил ва нутқ бир-бирига боғлиқ ҳодисалардир, уларни бир-биридан ажратиб қараш асоссиздир. Тил нутқ учун моддий материалдир. Шу асосида нутқ ташкил топади. Тилда руҳий ва моддий материал мавжуд бўлиб, сўзнинг кишилар хотирасидаги образлари руҳий материал, нутқ яратиш жараёнида қўлланиладиган сўз шакллари, материаллар, товушлар моддий материал ҳисобланади. Тилнинг руҳий ҳодисалиги унинг онгда сақланиши бўлса, моддий ҳодиса эса ундаги товушлардир. Нутқ бу тил деб аталувчи, ўта муҳим вазифани бажарувчи ноёб қуролдан фойдаланувчи жараён. Тил бирикмалари имкониятларининг борлиқ, тафаккур, онг ҳамда вазият каби ҳодисалар билан муносабатда намоён бўлишидир. Нутқ ҳаракатдаги тил бўлиб, нутқ аъзоларининг ҳаракати жараёнида пайдо бўлади ва сўз бирикмалари, эркин бирикмалар, сўз тартиби ва гаплардан ташкил топади. Нутқнинг муҳим хусусиятларидан бири унинг мураккаб, кўп қиррали вазифаларини ҳам ёзма, ҳам оғзаки шаклларда ўташидир. Хар қандаи нутқнинг ёзма ва оғзаки шаклларининг юзага келиши ўз тарихига ва мураккаб қонуниятларга эгадир. Бу дастлаб адабий тил ёзма шаклининг юзага келиши, кейинчалик зса оғзаки шаклининг пайдо бўлишида кўринади. Нутқ маданиятининг ёзма турлари юзасидан кўпгина тадкикотлар олиб борилган. Лекин нутқ маданиятининг оғзаки шаклининг пайдо бўлиш ва шаклланиш қонуниятлари ниҳоятда кам ўрганилган. Шуни хисобга олиб биз куйида бу масалага кисқача тўхталамиз. Адабий тилнинг дастлабки намуналари илк даврда халқ-жонли тилининг ёзувдаги ифодаси бўлган. Шу сабабли илк даврдаги ёзма ва оғзаки нутқ орасида шакли фарқ кам бўлган. Хозирги маънодаги сезиларли хусусиитлар бўлмаган. Лекин ёзув, ёзма нутқнинг ўзи маълум маънода унга ижодий ёндошиш, уни эстетак-норматив баҳолаш натижасидир. Ёзув кишининг ўз тили, яъни ёзма нутқ устида ўйлашига, унга муяйан ўзгартиришлар киритишига имкон беради. Ёзма тилда бадиий, илмий асарлар ижод қилиш эса қайд қилинган имконият чегараларини янада кенгайтирди ва чуқурлаштирди. Натижада муайян даврга келиб, ўзининг маълум хусусиятлари билан жонли оғзаки тил (халқ тили) намуналаридан (шева ва диалектлардан) фарқланувчи тил, шакли юзага келади. Бу ҳозирги адабий тилнинг илк намунаси эди. Шундай қилиб, адабий тилнинг- пайдо бўлишида ёзув мухим ва белгиловчи роль ўйнайди.
Download 37.16 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling