Фарида АФРУЗ
ОНАНГ ЎЛМАСИН
Майли, бошдан тож-тахтинг кўчсин,
Вужудингни титроқлар қучсин,
Сен мағлуб бўл, ғанимлар ютсин,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.
Ташлаб кетсин дўстларинг бари,
Майли, қолгин танҳо, сарсари,
Хастами ё ношудми, қари,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.
ОҚа-ининг тоғдайин қалқон,
Опаларинг мунис, меҳрибон,
Жигарбандлар бир жону - жаҳон
Фақат онанг ёнингда бўлсин.
Нонинг бутдир, устинг ҳам бутун,
Лек шукуҳсиз ўтаётган кун,
Ҳар тун битта жонингда тугун,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.
Меҳри ёлғон, дийдалари тош,
Ҳар нафасда ёнингда йўлдош,
Дунё кезиб топмайсан дилдош,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.
Кўнгил очар баҳоналар мўл,
Ер юзини босиб кетди гул,
Қани кул-чи, кулиб кўр-чи, кул,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.
Юзга кирса юзларинг ширмон,
Мисқолингда барака хирмон,
Томирингни қирқолмас армон,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.
Бир лаҳзада умр — нур сўнар,
Халқумингда ширин жон тўнар.
Она десанг тилларинг қонар,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.
Мақсуда ЭРГАШЕВА
ОНАМНИ ҚЎМСАБ
Онам Исторахон
Мирзокарим қизига
Мурғак хаёлимга муҳрлангандир,
Маъюсгина бўлиб ўлтирганингиз.
Яна ёдимдадир райҳонлар экиб,
Боғчамиз гулларга тўлдирганингиз.
Барча оналарга шеър ёзсам арзир,
Лекин ўз онамни қўмсайман ҳозир.
Сочимни жамалак ўрганларингиз,
Тутамлаб-тутамлаб қўйганларингиз.
Қўғирчоғимни ҳам суйганларингиз,
Қалбимни бир Соғинч қўмсайди ҳозир,
Кўнглим, онам, сизни қўмсайди ҳозир.
Қизил гул ёнига ўтқазиб олиб,
Тоҳир Зуҳроларни оҳангга солиб,
«Қизил гул» қўшиҚин айтганда толиб,
Ўшал қўшиқларни англайман ҳозир,
Самолардан садо тинглайман ҳозир.
Ҳамон ёдимдадир ёнган кўзингиз,
Сўзларни ёндириб айтган сўзингиз.
Унда мурғак эди, шўрлик қизингиз,
Барча оналарга шеър ёзсам арзир,
Лекин ўз онамни қўмсайман ҳозир...
Do'stlaringiz bilan baham: |