ХХI боб. МАЪМУРИЙ ЙЎЛ БИЛАН УШЛАБ ТУРИШ, АШЁЛАР ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ КЎЗДАН КЕЧИРИШ, АШЁЛАР ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ
285-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни таъминлаш чоралари
Бошқа таъсир кўрсатиш чоралари қўлланиб бўлинганидан кейин маъмурий ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш, башарти баённома тузиш зарур бўлиб, уни ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида тузиш имкони бўлмаган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш, ишларнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини таъминлаш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган қарорларни ижро этиш мақсадида мазкур шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туришга, шахсан кўрикдан ўтказишга, унинг ашёлари, транспорт воситаларини кўздан кечиришга ва ашё ҳамда ҳужжатларни олиб қўйишга йўл қўйилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу моддада назарда тутилган мақсадларда шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш, шахсан кўрикдан ўтказиш, унинг ашёлари, транспорт воситаларини кўздан кечириш ва ашё ҳамда ҳужжатларини олиб қўйиш тартиби ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилиги билан белгиланади.
(285-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
286-модда. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш
Маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисида баённома тузилиб, унда: баённома тузилган сана ва жой, баённома тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми; ушлаб турилган шахс ҳақидаги маълумотлар; уни ушлаб туриш вақти, жойи ва унинг асослари кўрсатилади.
Баённома уни тузган мансабдор шахс ва ушлаб турилган шахс томонидан имзоланади. Ушлаб турилган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага шу ҳақда ёзиб қўйилади.
Ушлаб турилган шахснинг илтимосига кўра, у ушлаб турилган жой ҳақида унинг қариндош-уруғлари, адвокат, иш ёки ўқиш жойидаги маъмурият хабардор қилиб қўйилади. Вояга етмаган шахс ушлаб турилгани ҳақида унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар албатта хабардор қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |