315-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки туман (шаҳар) маъмурий судига, маъмурий суднинг қарори устидан эса кассация инстанцияси судига шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Иқтисодий суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибда, фуқаролик ишлари бўйича суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан эса Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
(315-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 29 январдаги ЎРҚ-463-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.01.2018 й., 03/18/463/0634-сон — 2018 йил 1 апрелдан кучга киради)
Шикоят маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) орқали ёки бевосита шикоят йўлланган судга юборилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор чиқарган орган (мансабдор шахс) шикоятни олгач, уни уч сутка ичида иш билан бирга ушбу моддага мувофиқ шикоятни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган органга (мансабдор шахсга) юборади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилади.
316-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш муддати
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин, бундан суд қарори мустасно. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин.
(316-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |