O`zbеkiston Rеspublikasi Oliy va o`rta ta'lim vazirligi
А. Обектга субстанционал ёндашув ва тилшунослик
Download 455.5 Kb.
|
tilshunoslik va tabiiy fanlar
А. Обектга субстанционал ёндашув ва тилшунослик
Субстанция (лот. substantia – «моҳият») атамаси фалсафада антик даврдан буён ишлатилади. Лекин фалсафа тарихида мазкур атама хилма-хил тушунчаларни ифодалаш учун қўлланилди. Антик давр файласуфлари субстанция атамаси остида оламдаги барча нарса ва ҳодисаларнинг асосини ташкил этадиган моддий ёки руҳий бирламчи нарсани тушунадилар. Ўрта аср Шарқ фалсафасининг Ал-Киндий, Ар-Розий, Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушд сингари намояндалари субстанцияни ҳамма нарсанинг асоси, уларнинг моҳияти деб изоҳлайдилар. Антик, ўрта аср ва кейинги даврдаги бир қатор файласуфлар ҳам субстанция деганда барқарор, ўзгармас моҳият билан унинг моддий дунёдаги ўзгарувчан, беқарор, хилма-хил кўринишлари диалектикасини эътиборга оладилар. Ана шу диалектик боғланишни ифодалаш учун Ғарбда субстанция ва акциденция, Шарқ фалсафасида жавҳар ва ораз атамалари қўлланди. Субстанция, жавҳар атамалари бевосита кузатишида берилган бир қанча моддий нарсалар замирида яширинган ва уларнинг ҳар бирида такрорланадиган умумий асос, моҳиятни, акциденция, ораз атамалари эса муайян асос, моҳиятнинг бевосита кузатишида сезги аъзоларимиз билан фаҳм қилинадиган бир қанча моддий кўринишларини ифодалайди. Арасту фалсафасининг давомчиси бўлган Форобий бу ҳақда шундай ёзади: «Беадад зиддиятлар бир-бирини алмаштириб турадилар. Ушбу тановобларда (алмашиниб туришларда) битта ўзгармайдиган доимий нарса бор. У ушбу тановобларни сақлаб туради ва уларга сингиб кетади. Нарсалар бир-бирларига эргашиб ва ўзгариб турганлари ҳолда доимий бўлиб келадиган нарсани «жавҳар» («субстанция») деб аталади. Алмашиниб, ўзгариб турувчи нарсаларни «ораз» («акциденция») дейилади». Назарий фалсафанинг асосчиси И.Кант ҳам зиддиятни эътироф этган ҳолда, субстанция тажриба маълумотларини синтезлаштириш асосида ҳосил қилинган тафаккурнинг мавҳум шакли эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, субстанция шундай бир доимий, барқарор нарсаки, барча муваққат, беқарор нарсалар унга нисбатангина аниқланади. Диалектик фалсафанинг асосчиси Гегель эса субстанция атамаси остида «мутлоқ ғоя», «мутлоқ руҳ»ни тушунади ва уни нарсаларнинг муҳим, ўзгарувчан, ривожланувчи томонларининг яхлитлиги сифатида талқин этади. У субстанцияни айни бир вақтда ҳам ривожланувчи ғоя – ибтидо, ҳам субъект, яъни ўзини ўзи туғдирувчи асос, ҳам шу ривожланишнинг моменти сифатида қарайди. Тасаввуф фалсафасида субстанция ва акциденция муносабати зот ва тазоҳир (тажалли) атамалари остида ифодаланади. Зот гоҳ симурғ, гоҳ гўзал подшоҳ, гоҳ маҳбуба; тазоҳир (тажалли) эса қушлар, гўзал подшоҳнинг ойнадаги тасвири, ошиқ каби тимсоллар орқали берилади. Олам ойна (миръот) сифатида қаралади ва оламдаги бизнинг сезги аъзоларимизга таъсир этадиган барча конкрет нарсалар зотнинг (субстанциянинг), яъни Оллоҳнинг ойнадаги тасвири, турли кўринишларда жилоланиши деб қаралади. Диалектик фалсафа субстанциянинг ўзгармас эканини эьтироф этувчи файласуфлар фикрларига танқидий ёндашади ва уни доимий ривожланувчи моҳият, дунёнинг асоси, материя сифатида баҳолайди. Тил тизими ва функциясига ана шу нуқтаи назардан қаралганда сезги аъзоларимизга таъсир этадиган, бевосита кузатишда берилган нутқ бўлаклари нутқий бирликлар, бир турдаги бир қанча нутқий бирликларга хос умумий, уларнинг ҳар бирида такрорланувчи моҳият тил бирликлари саналади. Тил бирликлари умумлашма, моҳият, абстракция бўлиб, бевосита кузатишда уларнинг ҳар бири бир қанча кўринишларда кўзга ташланади. Моддий оламнинг асосида ётган умумий моҳиятни ахтариш материя ҳақидаги фикрлар ривожланишига олиб келди. Файласуфларнинг таъкидлашича, умуман материя объектларни мавҳумлаштириш ва фикрнинг маҳсулидир. Чунки оламда «умуман материя» эмас, балки материянинг кўринишлари учрайди. Демак, бевосита кузатишда берилган моддий объектларга хос умумий хусусиятларнинг мажмуаси материядир. Материя ўзининг мавжудлигини беҳисоб хоссалари, хусусиятлари орқали намоён қилади. Кўринадики, субстанция ва материя бир тушунчанинг икки хил фалсафий таълимотдаги ифодаларидир. Мавжудликни субстанционал тушуниш объектив борлиқни маълум хусусият ва муносабатлардан иборат нарсалар мажмуаси сифатида қарашдир. Ана шундай қараш тилшуносликда В.Гумбольдт, Ф.де Соссюр каби олимлар томонидан нутқий фаолиятни система-функция тамойили асосида тил ва нутқ зидланишида ўрганишга олиб келди, натижада тил бирликлари билан нутқ бирликлари изчил равишда фарқланди. Ф.де Соссюрнинг тил-нутқ зидланиши ҳақидаги қарашини структур тилшуносликнинг асоси сифатида қараган ва структурализмнинг Копенгаген мактабига (глоссематикага) асос солган Л.Ельмслев субстанция атамасини бошқачароқ маънода қўллайди. У субстанция тушунчасини шакл (форма) тушунчасига қарама-қарши қўяди. Лекин субстанция атамаси остида моҳият, асосни эмас, аксинча, унинг бевосита гавдаланишини, сезги аъзоларимизга таъсир этадиган моддий кўринишларни тушунади. Олимнинг таъкидлашича, маълум маъно турли моддий воситалар ёрдамида ифодаланиши мумкин. Масалан, Мен уйга кетяпман деган фикр товушлар орқали, ҳарфлар ёрдамида график йўл билан, телеграф орқали Морзе алифбоси билан, байроқча ёрдами билан, имо-ишора билан, қоғозга игна ёрдамида (кўзи ожизлар), мимика ёрдамида ва бир қанча бошқа йўллар билан ифодаланиши мумкин. Ана шундай хилма-хил ифода воситалари (акустик, график, семиотик ва бошқ.) субстанция ҳисобланади. Бу хилма-хил субстанция муайян бир нарсанинг турли хил кўринишлари саналади. Ана шу муайян бир нарсага шакл (форма) деб қаралади. Л.Ельмслев шаклга доимий, барқарор нарса, абстракт моҳият сифатида баҳо беради. Унинг турли субстанцияларда намоён бўлишини ўзгарувчан, тасодиф ҳисоблаши юқорида келтирилган мисолда бир шакл турли хил субстанция орқали юзага чиқишига асосланади. Ана шу асосда у бир субстанциянинг турлича қиёфага эга бўлишини ҳам таъкидлайди. Масалан, уй тушунчасининг физик субстанцияси рус ва инглиз тилларида график белгиси нуқтаи назаридан ҳам (дом, house), товушлар кетма-кетлиги жиҳатидан ҳам ([дом], [haus]) турли шаклга эга. Л.Ельмслев келтирган юқоридаги мисоллар «шакл-субстанция» дихотомиясига мансубдир. Шу билан бирга, глоссемантиклар бошқа дихотомияни – «мазмун-ифода»ни ҳам киритадилар. «Шакл-субстанция» ва «мазмун-ифода» дихотомиялари асосида тилни тўрт қатламга бўлиш глоссематика назариясининг ўзига хос хусусиятидир. Ана шундай бўлинишга асосланиб глоссематиклар ифода шакли ва ифода субстанцияси, мазмун шакли ва мазмун субстанцияси каби тушунчаларни фарқлайдилар. Тилда ўзининг ифодасини топган борлиқ факти, тафаккур орқали шаклланган борлиқ, тушунча мазмун субстанцияси, тил ёрдамида системалаштирилган товушлар занжири эса ифода субстанцияси ҳисобланади. Буни Л.Ельмслев Берлин сўзи орқали тушунтириб беради. Унинг фикрича, юқоридаги сўзда биз бир хил ифода субстанциясига (товуш занжирига) эга бўламиз. Лекин мазкур ифода субстанцияси турли тилларда турли хил кўринишда бўлади: ингл. be’lin, нем. Вer’lin, япон. iberulinul каби. Лекин мазмун субстанцияси (Берлин ҳақидаги тасаввур) ўзгармайди. Аксинча, бир хил ифода субстанциясига эга бўлган ингл. got – «олдим», нем. Gott – «худо», датча godt – «яхши» сўзларини талаффуз этганимизда турли мазмун субстанциясига (объектив борлиқ маълумотлари) эга бўламиз. Бир хил субстанциянинт турлича ифодаланиш имконияти бошқа мисоллар билан ҳам далилланади. Масалан, билмайман жумласида мавжуд фикрни ифодалаш керак бўлсин. Бу фикр Л.Ельмслевнинг таъкидлашича, материал (мазмун субстанцияси) ҳисобланади. У барча тилларда бир хил бўлса-да, лекин хилма-хил ифодасига эга. Шундай қилиб, Л.Ельмслев кўпчилик файласуфлар моҳият, асос деб тушунган субстанцияни лингвистикадан чиқаради. У лингвистик таҳлилнинг ягона усули лингвистик бирликлар ўртасидаги муносабатни ўрганиш деб билади. Бундан ўзаро муносабатларни ифодалаш учун функция, функция аъзоларини ифодалаш учун эса функтив атамаларини киритади. Фалсафадаги кўпчилик эътироф этган субстанция муаммоси тилшуносликка ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Тилшуносликда субстанционал йўналиш вужудга келди. Бунинг натижасида тилнинг барча сатҳ бирликлари субстанция асосида ўрганила бошлади. Н.С.Трубецкойнинг фонологик концепцияси ҳам, Л.Ельмслевнинг фигуралар ҳақидаги қарашлари ҳам, лексикада узвий таҳлил тамойиллари ҳам, С.Н.Ивановнинг субстанционал морфология ҳақидаги қарашлари ҳам тил тузилишига субстанционал ёндашув асосида дунёга келди. Субстанционал морфологияда грамматик шакл ҳам алоҳида мавжудлик сифатида муносабатда (синтактик вазифасида) намоён бўладиган муайян хусусият (грамматик шакл маъноси)ларга эга бўлган нарса, предмет сифатида қаралади. Нарса «соф» субстанция сифатида ўз хусусиятларидан ва бошқа нарсаларга муносабатидан ташқарида яшамайди. Нарса ҳақидаги билим унинг хусусиятлари ва бошқа предметларга муносабатларини билишдан ташкил топади. Предмет ўзининг хусусиятларидан ташқарида мавжуд бўлмаганидек, унинг хусусияти ҳам мазкур предметнинг бошқа предметга бўлган муносабатидан ташқарида яшамайди. Шундай экан, субстанцияни аниқлаш унинг хусусиятлари ва муносабатларини ўрганишдан бошланади. Шуни таъкидлаш керакки, нарсалар хусусияти унинг бошқа нарсаларга муносабатида ҳосил бўлмайди, балки бу муносабатларда намоён бўлади. Грамматик шаклни муносабатда, синтактик функцияда намоён бўладиган маълум хусусият – маънолар ташувчи сифатида субстанционал тушуниш унинг иккиланган ва зиддиятли морфологик-синтактик табиатини акс эттиради. Субстанционаллик нуқтаи назаридан муайян муносабатга киргунга қадар ҳам ўзининг мустақил мавжудлигига эга. Шу билан бирга, у ўзининг якка алоқаларидагина реал мавжуд бўлади. Ана шу нуқтаи назардан грамматик шаклларнинг бундай зиддиятли бирлиги диалектикадаги умумийлик ва алоҳидаликнинг, моҳият ва ҳодисанинг намоён бўлиши саналади. Download 455.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling