09.09.2022
Подробнее: https://www.norma.uz/qonunchilikda_yangi/tugridan-tugri_investiciyalar_jamgarmasining_vazifalari_belgilandi
Президент томонидан 07.09.2022 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-215-сон Фармон имзоланди.
"Ўзбекистон Республикасининг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг бошқарув компанияси" акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган дастлабки устав капитали 100 млн АҚШ долларига тенг бўлган "Ўзбекистон Республикасининг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси" МЧЖ шаклидаги инвестиция компанияси сифатида қайта ташкил қилинди.
Бунда, Инвестиция компаниясига 2022-2023 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида ҳамкор инвесторлар томонидан 200 млн АҚШ доллари миқдорида қўшимча инвестициялар жалб қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Инвестиция компаниясининг устав капитали келгусида инвесторлар билан лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган қўшимча инвестицияларни ҳисобга олиб, босқичма-босқич 1 млрд АҚШ долларига етказилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Инвестиция компаниясининг Кузатув кенгаши раиси ҳисобланади. Инвестиция компанияси томонидан инвестициялар тижорат ташкилотларининг устав капиталида бозор қиймати бўйича ҳисобланган акцияларнинг (улушларнинг) 49%игача улушида иштирок этиш, мол-мулк сотиб олиш, миллий ва хорижий валютада қарзлар бериш, шунингдек, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шаклларда амалга оширилади.
Инвестиция компанияси томонидан битта лойиҳа учун киритиладиган инвестицияларнинг максимал миқдори ушбу лойиҳа бўйича умумий инвестициялар ҳажмининг 49%идан ошмаслиги лозим. Бунда, Инвестиция компаниясининг Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган инвестицияларининг битта лойиҳа учун максимал ҳажми 20 млн доллардан ошмаслиги лозим.
Инвестиция компаниясининг Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган инвестициялари максимал ҳажмининг оширилишига йирик ва муҳим аҳамиятга эга инвестиция лойиҳалари бўйича Президентнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Инвестиция компанияси инвестицияларни қуйидаги усуллар билан жалб қилади:
кредит (қарз) олиш ва Инвестиция компаниясининг устав капиталига инвесторларнинг пул маблағларини жалб қилиш;
юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав фондларида (устав капиталида), шу жумладан мол-мулк сотиб олиш йўли билан иштирок этиш;
йирик институционал ва стратегик инвесторлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, шу жумладан нуфузли халқаро молия марказларининг юрисдикцияларидан фойдаланиш;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа кўринишларда.
Бундан ташқари, Инвестиция компаниясига ҳудудий лойиҳа гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўзининг инвестиция сиёсатида белгиланган мезон ва талабларни ҳисобга олган ҳолда танлаб олиб, ҳудудларда тадбиркорлар иштирокида ташкил этилган холдинг компаниялари орқали уларнинг 49%гача бўлган қисмини молиялаштириш ҳуқуқи берилади.
Инвестиция компанияси ва унинг операцион ташкилотларига белгиланган фойда солиғи ставкаси уч йил муддатга 50%га камайтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.09.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова
Подробнее: https://www.norma.uz/qonunchilikda_yangi/tugridan-tugri_investiciyalar_jamgarmasining_vazifalari_belgilandi
Do'stlaringiz bilan baham: |