Пул маблағлари ва ҳисоб-китобларнинг мазмуни ҳамда уларни ҳисобга олишнинг вазифалари.
Бозор иктисодиёти шароитида нақд пулсиз ҳисоб китоблардан самарали фойдаланиш корхоналар иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминловчи асосий омилларидан биридир. Чунки корхоналар фаолиятининг узлуксиз давом этишини таъминлаш учун зарур ишлаб чиқариш заҳиралари ва меҳнат воситалари сотиб олиш, давлат бюджетидан ташқари фондлар учун тўловларни амалга ошириш учун маълум миқдорда нақд пулсиз ҳисоб китоблар талаб қилинади. Шунинг учун ҳам корхоналар мавжуд пул маблағларини юқорида кўрсатилган мақсадларга сарфлашда иқтисодий жиҳатдан манфаатли ва тежамли бўлган ҳамда корхонага ўз маблағларидан рационал фойдаланиш имконини беришни биринчи навбатда ҳисобга олиш зарур.
Маълумки, иқтисодиёт ривожланишининг барча босқичларида нақд пулсиз ҳисоб китоблар алоҳида аҳамиятга эга бўлган ва уларни ҳисобга олиш тартиби ўша даврдаги иқтисодиётнинг ривожланиши даражасидан келиб чиққан. Чунки ҳар қандай босқичда иқтисодиётнинг ривожланиши у ёки бу моделига амал қилган ва унинг ажралмас қисми сифатида эса бухгалтерия ҳисоби иштирок этган. Тараққиётнинг юқори поғонасига кўтарилиш эса ҳар доим иқтисодий фанларнинг, чунончи бухгалтерия ҳисобининг ривожланишини ҳам белгилаб берган ва уларга таъсир этган. Бозор муносабатларининг шаклланиши ва унинг чуқурлашуви нақд пулсиз ҳисоб китоблар ҳисобининг услубий асослари ва уларнинг ҳаракатини ифодаловчи кўрсаткичларнинг сифат жиҳатидан ўзгаришини талаб қилмоқда. Шунинг учун ҳам нақд пулсиз ҳисоб китобларнинг ҳисобини тартибга солувчи қонуний ва меъёрий ҳужжатларни тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилди. Шу асосда Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб китоблар ҳисобини тартибга солувчи қонуний ва меъёрий ҳужжатлар охирги йилларда бозор иқтисодиёти талабларидан келаб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди.
Корхона амалга оширувчи ҳар қандай фаолият тури пул маблағларини талаб қилади. Корхона пул маблағлари асосан маҳсулот, иш ва хизматлар, шунингдек қимматбаҳо қоғозларни ва мол мулкни сотишдан келиб тушади. Янгидан ташкил этилаётган корхоналарга эса, таъсисчилар устав капиталини шакллантириш учун корхонанинг банк ҳисоб рақамига нақд пул топшириши ёки ўтказиб бериши мумкин.
Корхона ўзига тегишли бўлган пул маблағларини ўзининг асосий ва қўшимча фаолиятни ривожлантириш, товар моддий қийматликларини сотиб олиш, ишчи ва хизматчиларга иш ҳақи тўлаш, капитал қўйилмаларни (ишлаб чиқариш ва маданий-маиший объектларни қуриш, автомобиллар, тракторлар ва бошқа асосий воситаларни сотиб олиш, кўп йиллик мевали ва манзарали дарахтларни ўтказиш ва ўстириш, шунингдек асосий подани ташкил қилиш) ўзлаштириш ва давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондларга ва бошқа юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг кўрсатган хизматлари учун сарфлаши мумкин.
Юридик шахсларнинг пул маблағларининг ташкил топиши, сақланиши ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан назорат қилинади. 2015 йил 16майда МБ томонидан тасдиқланган ва 2015 йил 22 июнда Ўзбекистон Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олинган "Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш Қоидалари"да батафсил ёритиб берилган.
Пул маблағларининг қайси манбалардан ташкил топиши ва уларнинг сарфланиши алоҳида аҳамиятга эга. Бу борадаги масалалар “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни асосида ишлаб чиқилган бухгалтерия ҳисоби Миллий андозаларининг 9-сон “Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот”ида аниқ кўрсатиб ўтилган бўлиб, у Ўзбекистон Молия Вазирлиги 1998 йил 16 октябрда тасдиқланган ва Ўзбекистон Адлия Вазирлиги томонидан 1998 йил 4 ноябрда рўйхатга олинган.
“Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш Қоидалари” да барча юридик шахслар қуйидагиларга амал қилиши шарт:
мулкчилик шаклидан қатъий назар пул маблағларини банк муассасаларида сақлашлари шарт;
юридик шахслар ўртасидаги, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар иштирокидаги ҳисоблашлар фақат банк муассасалари орқали ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида амалга оширилиши зарур;
банк муассасасидан олинган нақд пуллар қайси мақсадлар учун олинган бўлса, ўша мақсадларгагина сарфланиши мумкин;
ташкилот ўз кассасида фақат банк муассасаси раҳбари томонидан ташкилот раҳбари билан келишилган ҳолда белгиланган лимит чегарасида нақд пул сақлаши мумкин;
ташкилот ўз кассасида лимитдан ортиқча нақд пулларни фақат меҳнат ҳақи, стипендия, мукофот, нафақа бериш вақтида 3 кун муддатда сақлаши мумкин;
савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидан келиб тушган тушумларни меҳнат ҳақи, пенсия ва нафақаларни тўлаш учун сарфлаш таъқиқланган;
хизмат сафарлари учун бериладиган пул маблағи ўша ҳудудда белгиланган сарф-харажатлар меъёрида бўлиши зарур;
сарфланмаган нақд пуллар ташкилот кассасига 3 кун ичида қайтарилиши ва нақд пул олган ҳисобдор шахс бухгалтерияга бўнак ҳисоботи топшириши шарт.
Пул маблағларининг сақланиши ва уларнинг тўғри фойдаланиш жавобгарлиги корхона раҳбари ва бухгалтерия зиммасига юклатилади. Улар касса ва банк муоамалалари қоидаларига риоя қилиши ва уларни белгиланган қатъий тартибда тўғри расмийлаштиришлари зарур. Пул маблағлари корхона иқтисодиётида алоҳида аҳамият касб этади. Ишлаб чиқариш жараёни узлуксиз бўлганлиги боис корхона маблағлари бир вақтнинг ўзида айланишнинг барча босқичида бўлиши мумкин. Чунки ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларида пул маблағлари у ёки бу миқдорда сарфланади. Шунинг учун ҳам корхонада доимо маълум миқдорда пул маблағларини бўлиши талаб этилади.
Бозор иқтисодиёти шароитида корхоналарнинг молиявий барқарорлиги кўп жиҳатдан уларнинг тўлов қобилиятига боғлиқдир.
Маълумки, тўлов қобилиятининг мазмуни энг аввало бўш пул маблағларининг мавжудлиги билан тавсифланади. Чунки пул маблағлари энг юқори ликвидликка эга бўлган активлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, корхоналарда мавжуд бўлган бўш пул маблағларидан самарали фойдаланиш учун уларни айланмага киритиш алоҳида аҳамиятга эга. Умуман, корхоналарнинг пул маблағларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Пул қиймат ўлчови бўлиб - бу товар қийматининг маълум қийматдаги пул суммасига тенглигини кўрсатади ва бу эса ўз навбатида товар қийматининг ўлчов бирлиги ҳисобланади. Пулда ифодаланган товар қийматининг баҳоси нарх ҳисобланади. Қиймат ўлчови вазифаси асосан нарх орқали амалга оширилади. У корхона ишлаб чиққан товарнинг қиймати бозор ёки прейскурант (шартнома) баҳоси учун асос бўлади ва мамлакатнинг миллий валютаси ҳамда уни бошқа мамлакатлар валюталарига тенглаштирилган ҳолда акс эттирилади.
Корхоналарнинг пул маблағлари муомала жараёнида ишлаб чиқариш жараёни учун зарур бўлган ресурсларни сотиб олиш ва кўрсатилган хизмат, бажарилган иш ҳажмлари учун тўлов воситаси ҳисобланади. Пулга корхона ҳамма зарур ресурсларни сотиб олиши ва барча тўловларни амалга ошириши мумкин. У хўжалик субъектлари ўртасидаги барча ҳисоб-китобларни амалга оширувчи универсал ўлчовдир.
Пул жамғариш воситасини бажарганда бойлик тўплашга хизмат қилади. Албатта, пул бойликнинг асосий шакли, лекин унинг ягона шакли эмас, аммо пул бойлик тўплашнинг энг қулай воситаси ҳисобланади. Аммо бунинг учун пул қадрли бўлиши керак. Республикамизнинг миллий валютасини қадрли бўлишини таъминлаш мамлакатимизнинг энг асосий иқтисодий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Корхоналарнинг банкдаги миллий ва хорижий валюта ҳисоб рақамларида сақланаётган пул маблағлари мамлакатимиз иқтисодиётининг пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Чунки улар банкларнинг актив операцияларини жонланишини таъминлайди, миллий ва чет эл валюталарининг ишлаб чиқариш жараёнидаги айланишини тезлаштиради ва у бунда бирданига иккита муҳим вазифани бажаради. Биринчидан, корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш йўли билан пулнинг айланишини ва миллий валюта ҳисобига яратилаётган ялпи ички маҳсулот ва ялпи миллий даромадни ўсишини таъминлайди. Иккинчидан эса, корхонанинг миллий ва хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилганлиги учун банк ўз мижозларига маълум миқдорда ҳақ ҳам тўлайди.
Шундай қилиб, пулнинг биринчи вазифаси мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилса, иккинчи вазифаси эса корхоналарга маълум миқдорда даромад келтиришдан иборатдир.
Пул тўлов вазифасини ҳам бажаради. Бунда пул корхона мол юборувчилар, пудратчилар ва бошқа хизмат кўрсатувчи хўжалик субъектларига, давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондларга бўлган қарз мажбуриятларини тўлаб бериш вазифасини бажаради.
Пул маблағларининг корхона иқтисодиётида тутган ўрнини мустаҳкамлаш, пул маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида бухгалтерия ҳисоби ва корхона бошқарув аппаратини тегишли маълумотлар тўплами билан таъминлашталаб этилади. Бунинг учун эса пул маблағлари ҳисобининг олдида қуйидаги асосий вазифалар туради:
корхона пул маблағларини самарали бошқариш учун зарур маълумотлар билан таъминлаш;
пул муомалаларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларда кўрсатилган тартибларга риоя қилган ҳолда тўлов ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш;
ҳисоб регистрларида пул маблағларини нақдлиги ва ҳаракатларини ўз вақтида акс эттириш;
пул маблағларининг белгиланган мақсадларга сарфланиши, смета ва лимитларга амал қилинишини назорат килиш;
пул маблағларининг инвентаризациясини белгиланган муддатларда ўтказилишини таъминлаш ва ўзаро ҳисоб-китоблар, муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзларини тўланишини назорат қилиш;
кассадаги, миллий ва хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларида сақланаётган пул маблағларининг сақланишини назорат қилиш;
пул ресурсларининг ҳаракат оқимини башоратлаш ва мақбуллаштириш бўйича тегишли бошқарув қарорларини қабул қилиш.
Ушбу масалаларнинг муваффақиятли бажарилиши корхонанинг пул маблағларидан самарали фойдаланишни таъминловчи бошқарув қарорларини қабул қилиш имкониятини яратади. Албатта, юқоридаги вазифаларни бажариш учун пул маблағларининг бухгалтерия ҳисобини тўғри ташкил қилиш зарур бўлади. Бунинг учун эса, корхоналарда мавжуд маблағларни туркумлаш алоҳида аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |