Раібарлик салоіияти іамда носиілик ва воизлик
Download 123 Kb.
|
fayl notiqlik va voizlik sanati
- Bu sahifa navigatsiya:
- Султонмурод Олим Филология фанлари номзоди, Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти соҳиби, ЎР Ташқи ишлар вазирлиги «Спич
БАДИИЙ СЎЗ САНЪАТКОРЛИГИ
Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчиларига ўқиладигван маъруза матни Одатдагидек, аввал мавзуъимиз йўналишини таъйин этадиган сўзлар англатадиган тушунчаларни аниқлаштириб олсак. «Бадиий сўз санъаткорлиги» - бир яхлит тушунча. Бу тушунчани уч калимадан иборат сўз бирикмаси пайдо қилади. Бирикмадаги ўзак калима - «сўз». Хўш, сўз нима? Уни қисқача шундай таърифлаш мумкин: Муайян маъно англатувчи товуш ёки товушлар бирикмасига сўз дейилади. Демак, «у» ҳам - сўз, «механизациялаштирилганидандир-да» ҳам - сўз. Биринчиси биргина товушдан, иккинчиси эса нақл ўттиз бир товушдан ташкил топган. Ҳар қандай товуш ҳам сўз пайдо бўлавермайди. Буни яхшироқ тушуниб олиш учун алифбомиздаги бирор унли, айтайлик, «у»ни олиб, кетма-кет алифбодаги ундошлар билан уриштирамиз ва улар сўзми ё сўз эмасми эканини кўриб чиқамиз: уб - сўз эмас; (Ҳубби = уб-сув) ув - сўз: «увламоқ»; уг - сўз эмас; илгари сўз эди: «ақл» маъносида; (?) уд - сўз: дарахт номи; уж - сўз эмас; уз - сўз: «узмоқ»нинг буйруқ майли; уй - сўз: яшаладиган иморат; ук - сўз: 1) «У» маъносида; 2) «Ўғил» маъносида; ум - сўз эмас (русчада - сўз); ун - сўз: 1) буғдой ё бошқа донларнинг эзилгани: 2) товуш; уп - сўз эмас; ур - сўз: «урмоқ»нинг буйруқ майли; ус - сўз эмас; ут - сўз эмас; уф - сўз (тақлидий сўз): «уф тортмоқ» маъносида; ух - сўз (тақлидий сўз); уц - сўз эмас; уч - сўз: 1) рақам маъносида; 2) «учмоқ» феълининг буйруқ майли; уш - сўз эмас (тожикчада - сўз); уқ - сўз: «уқмоқ» феълининг буйруқ майли; уғ - сўз эмас; уҳ - сўз (тақлидий сўз). Муайян маъно ташиши - сўзнинг бош хусусияти. Сўзлар ҳар бир тилнинг энг асосий бойлиги - хазинаси ҳисобланади. Кўпинча тилларнинг қай даражада бой эканини ундаги сўзларнинг миқдорига қараб ҳам аниқлайдилар. Тилнинг бойлигини таъмин этадиган бошқа хусусиятлар ҳам кам эмас-ку, бироқ энг асосий нарса - сўз. Сўз жуда кўп нуқтаи назарларга кўра турларга ажратилади. Бизни эса унинг т а ъ с и р ч а н л и г и жиҳатидан турлари қизиқтиради. Бу тарафдан сўзлар, асосан, иккига бўлинади: Оддий сўзлар. Бадиий сўзлар. «Бадиий сўз» атамаси ҳам тор ва энг маъноларга эга. Агар бу истилоҳ муайян сўзга нисбатан ишлатилса, уни тор маънода тушунишимиз керак. Бунда у «поэтик сўз»ни англатади. «Поэтик» сифати «поэзия» сўзидан олинганини эсласак, бу ерда «шеърий сўз» ҳақида гап кетаётган ойдинлашади. Шеърий сўз эса, шубҳасизки, оддий сўздан кўра таъсирчанроқ бўлади. Масалан, каптар дейишдан кўра кабутар, невараларим дейишдан кўра набираларим, куч дейишдан кўра мабоҳат дейиш кучлироқ, ҳиссийроқ, шубҳа йўқки, таъсирчанроқ. Чунки бу сўзларнинг биринчилари - оддий, иккинчилари - бадиий сўз. Агар «бадиий сўз» умуман матн маъносида ишлатилса, у бадиий, яъни образли нутқни англатади. «Бадиий» сифати арабча «янги» маъносидаги «бадиъ» калимасидан келиб чиққан. Демак, бадиий сўз оддий сўздан худди ана шу янгилиги - оҳорийлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам оддий тилда битилган матнлар, айтайлик, ҳужжатлар, ҳаттоки, ҳисоботлардан кўра бадиий сўз намуналари бетакрорлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам ҳар бир бадиий сўз намунаси - мустақил бадиий асар. Бадиий сўз тушунчасига образ воситасида англатиладиган фикр ёки фикрлар мажмуаси киради. Бу тушунча бадиий адабиётнинг барча жанрларда битилган намуналари, шунингдек, бадиий нутқ қонун-қоидалари асосида битилган ҳар қандай матнни ўз ичига олади. Гарчи Ибн Сино тиббиёт бағишланган бир асарини бевосита касалликлар ҳақида маълумот бериш нияти билан қоғозга туширган бўлса ҳам, у шеърий йўл билан битилгани учун бу ҳам бадиий сўз ҳисобланади. Шундан ҳам англашиладики, бадиий сўз фақат аҳли адабгагина керак нарса эмас экан. Хоҳлаган нутқда бадиий сўзга хос хусусиятлардан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун эса нотиқда бадиий сўз санъаткорларига хос қобилият бўлиши керак. Хўш, «санъаткор» ёки «санъаткорлик» тушунчалари нимани англатади? «Санъат» - аслан арабча сўз. Лекин арабларнинг ўзи «искусство» маъносида «фанн» сўзини қўллайди. Бизда бадиий ижоднинг кўп вакилларига нисбатан «санъаткор» атамаси ишлатилади. Сўзга уста кишиларни ҳам «сўз санъаткори» деймиз. Демак, бизни «санъаткорлик» сўзининг ана шу маъноси қизиқтиради. «Бадиий сўз санъаткорлиги» эса худди ана шу сўзга усталикнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидаларини, қисқаси, образли тил билан сўзлаш ё ёзиш сирру синоатларини билдиради. Яхши нотиқ эса ҳамиша бу сирру синоатни ўрганишга, ўз сўзида улардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Ўтмиш Шарқ илмида бу сирру саноатни ўрганиш махсус фан сифатида шаклланган эди. Бу фан уч йўналишга эга эди: Илми аруз. Илми қофия. Илми бадиъ. Аруз вазни қонун-қоидаларини ўрганувчи илми аруз билан қофия сирларидан воқиф этадиган илми қофия шеър ёзувчилар учун керак. Лекин илми бадиъ нафақат шоирлар, балки носирлар ҳам нутқимни бадиийлаштираман деган ҳар қандай киши учун асқотадиган қонун-қоидалардан баҳс очади. Демак, бу соҳа борасидаги илм айнан сиз билан бизга ҳам керак. Илми бадиъда нутқни бадиийлаштириш усуллари «санъат» деган атама билан юритилади. Демак, «санъат» сўзининг тилимизда ана шундай тор илмий маъноси борлигини ҳам билиб олидик. Санъатлар учга ажратилади: Лафзий санъатлар. Маънавий санъатлар. Лафзий-маънавий санъатлар. Лафзий санъатлар сўзларнинг шаклий хусусиятларига асосланади. Терсеъ, тажнис, иштиқоқ, қалб, тарду акс, муламмаъ, радиф, ҳожиб, ва шу кабилар ана шу санъат турига киради. Ийҳом, тажоҳули ориф, талмиҳ, ирсоли масал, ҳусни таълил, лаффу нашр, муболаға, ружъ, саволу жавоб, муаммо, ташбиҳ, истиора, таърих ва шу сингарилар маънавий санъатлар ҳисобланади. Бу санъатларнинг санъатлиги сўзларнинг м а ъ н о с и билан алоқадор. Лафзий санъатлардан ана шу жиҳати билан фарқланади. Санъатларнинг учинчи турига ана шу икки хусусиятга эга - аралаш санъатлар киради. Тазод, тансиқ ус-сифот, ҳал, бароати истиҳлол, ҳусни матлаъ, ҳусни тахаллус, ҳусни мақтаъ ва шу кабилар ана шундай қоришиқ санъатлар ҳисобланади. Нутқда услуб деган тушунча ҳам бор. Бу санъатлар услубни шакллантирадиган воситалар ҳам ҳисобланади. Бошқача айтганда, қаламкашларнинг услублари ана шу санъатларни қай даражада ва қандай ишлата олганларига ҳам боғлиқ Услуб - ўта мураккаб филологик ҳодиса. Уни тилшунослар ҳам ўтганадилар, адабиётшунослар ҳам. Маърузада ҳам услуб бор, нутқда ҳам. Услуб бевосита ўша нотиқнинг шахси билан боғлиқ масала. Ҳар кимнинг ўз фикрини баён қилиш йўли - услуб. Ҳар қандай нотиқ бу соҳада камолот орзу қилса, ўзига услуб излаши, аниқроғи уни шакллантириши - яратиши зарур. Айтайлик, бир мавзуъни икки киши ёритса, икки хил чиқади. Бу унинг билими доирасидагина келиб чиқадиган фарқ эмас. Ҳар ким ҳар хил услуб билан тушунтиради мавзуъни. Бадиий сўз санъаткорлигидан яхши бохабар кишининг нутқи ажралиб туради. Ҳар қандай билим каби, сўз илми ҳам киши онги ва маънавиятини ўстиради. Султонмурод Олим Филология фанлари номзоди, Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти соҳиби, ЎР Ташқи ишлар вазирлиги «Спич райтер» гуруҳининг раҳбари Download 123 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling