Ранглар психологияси


Download 30.24 Kb.
Sana09.06.2023
Hajmi30.24 Kb.
#1475496
Bog'liq
ранглар

Ранглар психологияси

Ранглар борлиқнинг ёрқинроқ бўлишига ёрдам бериш билан бирга бизнинг кайфиятимиз, ўй-ҳаёлларимиз ва хатти-ҳаракатларимизга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Онгимиз атрофимиздаги гўзалликларни турли ранглар ёрдамида қабул қилади, ўзимиз эса кундалик вазифаларни уларнинг кўмагида осонроқ бажарамиз. Ранглар ўзида турли маълумотларни сақлаши ҳақида билармидингиз? Боиси, ранглар одамларнинг кундалик ҳаётларига бевосита таъсир кўрсатади. Рангларга нисбатан жисмоний реакция қандай пайдо бўлиши, иш билан боғлиқ ва кундалик турмушдаги вазиятларда ушбу феномендан қандай фойдаланиш кераклигини билиб олиш сиз учун фойдали бўлади!

Ишонсангиз, сиз кийиб олган либос ранги ишда лавозимингиз кўтарилиши, кескин ва мунозарали баҳсда ғолиб чиқиш, дўстларингизни самимий суҳбатга ундашда муҳим роль ўйнайди. Уйингиз деворларининг ранги оилавий суҳбатларни кўпайтириши ёки аксинча, уларга тўсқинлик қилиши, ҳаттоки уйқусизликка сабаб бўлиши мумкин. Бирор бир буюм қадоғининг рангига қараб унинг ичидаги буюм қай даражада фойдали, қимматбаҳо ёки нозик эканлигини тахмин қилса бўлади.

Инсоннинг рангларга нисбатан ҳиссий реакцияси сиз ўйлаганингиздан кўра анча кучли. Рангларнинг мия томонидан қабул қилишини кўзларингизнинг ўзига хослигидан тортиб, асаб тизими ҳолати, ҳаётий тажриба ва ҳатто атрофингиздаги муҳитга ҳам боғлиқ бўлади.

Олимларнинг айтишларича, бизнинг кўзларимиз рангларни турли узунликдаги тўлқинларга эга бўлган, турли даражадаги синиш ва ютилиш хусусиятлари билан тавсифланадиган нурланиш каби қабул қилади. Кўзларимиз рангни қабул қилиши билан, мияда уни қайта ишлаш жараёни бошланиб кетади.

Мисол учун, қайноқ ранглар – қизил, тўқ сариқ ва шу каби бошқа ёрқин ранглар узун тўлқинларга эга бўлиб, уларни қабул қилиш учун кўпроқ энергия сарф этилади. Улар фаол ранглар ҳисобланади ва мияни таъсирлантиради, томир уриши ва нафас олиш тезлигини оширади.
Совуқ ранглар – яшил, мовий ва шу кабилар қисқа тўлқинли бўлиб, шунинг ҳисобига мия томонидан осон қабул қилинади. Уларнинг тинчлантирувчи таъсири организмда метаболизмнинг секинлашиши билан боғлиқ.
Рангларнинг инсон томонидан қабул қилинишига табиий реакциядан ташқари ҳаётий тажриба ҳам катта таъсир кўрсатади. Биз болаликдан пушти – янги туғилган қизалоқлар, мовий – ўғил болалар ранги, келинчакларнинг оқ либоси бокиралик ва некбинлик тимсоли, пиёдалар ўтиш йўлагидаги қизил чироқ тўхташ учун буйруқ эканлигига ўрганганмиз.

Либосларнинг ранги ҳам худди ана шундай аҳамиятга эга. Хизмат кўрсатиш ходимини оппоқ ёки қора рангдаги либосда тасаввур қила оласизми? Ёрқин сариқ рангли бўйинбоғ тақиб олган шифокорга ишонч билдирган бўлармидингиз? Молиявий ёрдамчи лавозимига тўқ кўк рангли либос кийган аёлни ишга қабул қиласизми ёки суҳбатга ёрқин қизил либос кийиб келган номзодга кўпроқ эътибор қаратасизми?

Либосимизнинг ранги бизга ишонч ва куч ҳиссини беради ёки аксинча, ноқулайлик пайдо қилади. Аслини олганда “яхши” ва “ёмон” ранглар мавжуд эмас, бу ерда гап керакли рангдан керакли жойда фойдаланиш ҳақида боряпти. Бу фақатгина либослар эмас, уйингиз деворлари, рекламалар, графика, янги маҳсулот дизайни, савдо корхоналари ва шу кабиларга ҳам бирдай тегишли.

Тасаввур қилиб кўринг, уйингизга туғилган кунга ташриф буюрган меҳмонлар кўп ўтмай зерикиб қолишди. Бу ерда гап мусиқа ёки йиғилган одамлар даврасида эмас, уйингизнинг деворлари сокин рангларга бўялганидадир? Бундай ранглар одамни дарҳол “тинчлантириб қўяди” ва мияни “бўшаштиради”.


Маошингиз бу ойда кўпроқ чиқишини истаяпсизми? Ҳисоботлар топшириладиган санадан бир неча кун аввал ишга ёрқин рангли либос кийиб келинг. У раҳбарингизга ойлик маошни ошириш ҳақида илтимос қилганингизни эслатади.

Ранглар таъсири

Ранглар инсонларнинг хатти-ҳаракатларига ғайрииҳтиёрий тарзда таъсир қилишидан келиб чиқсак, бунинг қандай содир бўлиши, рангларга нисбатан реакцияларнинг қандай юзага келишини тушуниб олиш биз учун фойдали бўлади. Қуйида ҳар бир рангга нисбатан бўлган жисмоний реакцияларимиз ҳақида батафсил маълумот берилган, ҳар бир рангга оид тафсилотлар тушунтириб ўтилган. Шу билан бирга ушбу маълумотлардан ижодий жараёнлар, иш билан боғлиқ вазиятлар ва кундалик турмушда керакли усулда фойдаланиш учун муҳим тавсиялар тақдим этилган.

Қизил


Қизил ранг хавф-хатар, ҳаяжон, эҳтирос, куч-қувват, аргессия ва муваффақият рангидир. Унга нисбатан одамларда фақат ҳиссий эмас, жисмоний реакция ҳам пайдо бўлади. Қизил ранг эътиборни ўзига торта олади, уни қабул қилиш учун эса яхшигина энергия сарф этилади. Қизил рангга термулиб туриш томир уришининг тезлашиши ва қон босимининг ошишига олиб келади.

Фаст-фуд маҳсулотлари тайёрланадиган кўплаб шохобчалар дизайнида нима учун қизил рангдан фаол фойдаланишлари ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ушбу ранг сўлак безларининг тезроқ ишлашига сабаб бўлади, бу эса инсонда очлик ҳиссини келтириб чиқаради, кўзларни тез чарчатади... Натижада одам кўпроқ овқат еб, бинони тезроқ тарк этиш пайига тушади.

Қизил ранг бошқа ранглардан ажралиб туради. У асаб тизими перифериясига кучли таъсир кўрсатади, безовталик ҳиссини уйғотади. Қизил ранг одамларни тезкор қарор чиқаришга ундайди, куч-қувват бағишлайди ва жасорат ҳиссини пайдо қилади. Қизил ранг таъсиридаги одам танасида қувватни ҳис этади, қаршисидаги вазифаларни тезроқ бажаришга уринади. Сиёсатчиларнинг сайловлар олдидан қизил рангли бўйинбоғ тақиб олишларига ҳеч эътибор берганмисиз? Боиси ушбу ранг одамлардаги ҳиссиётларни уйғотишга ёрдам беради. Қизил рангли либос кийган аёл ҳар доимгидан ҳам жозибалироқ кўринади.

Хитойда қизил рангни омад рамзи дея ҳисоблайдилар, бу ерда келинчаклар қизил либос кийиб турмушга чиқсалар, янги туғилган чақалоқларни уйда қизил рангга бўялган тухумлар билан қарши олишади. Фен-шуй таълимоти тарафдорлари қизил ранг уйдаги салбий энергиядан ҳалос бўлишга ёрдам беришини таъкидлайдилар. Бироқ уй интерьерида қизил рангдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланмаган маъқул: уни фақатгина ишлаш ёки суҳбатлашиш учун мўлжалланган хоналар, мисол учун меҳмонхона дизайнида қўлласа бўлади. Ошхонада қизил рангдан кўп фойдаланиш овқатланиш вақтида иштаҳани очиб юборишини унутмаслик керак. Қизил рангни кўп вақт ўтказилмайдиган хоналар интерьерида қўллаш мумкин. Болалар хонаси интерьерига қизил рангнинг киритилиши кичкинтойларнинг уйқусизлигига сабаб бўлади.


• Тўқ қизил ранг – тезлик, куч-қудрат, хавф-хатар ва эҳтирос рамзи.


• Қизил эътиборни ўзига жуда осон тортиб олади ва ушбу рангдаги объектларнинг кўзга биринчи бўлиб ташланишига олиб келади.
• Қизил ранг иссиқлик ҳиссини беради. Қизил финжондаги қаҳва яшил рангли финжон ичидаги қаҳвага нисбатан иссиқроқ туюлади.
• Қуёш ботишини кузатиб турган вақтда кўзларингизни биринчи навбатда қизил рангни пайқамай қолади. Боиси, инсон кўзлари уни узоқ масофадан ажратиб олиш имкониятига эга эмас.

Сариқ


Психологларнинг айтишларича, сариқ – мавжуд ранглар орасидаги энг ажойибларидан бири бўлиб, оптимизм ва хурсандчилик ҳиссини пайдо қилади. Сариқ – қуёш ранги бўлиб, донишмандлик, ақлий салоҳият, тасаввур рамзи саналади. Сариқ ранг инсон миясига жуда тез таъсир кўрсатади, асаб тизимини фаоллаштиради. Ранглар гаммасининг кундалик ҳаётга таъсирини ўрганган назариётчи Фабер Бирреннинг айтишича, сариқ рангнинг кўзга ярқ этиб ташланиши тез ва аниқ фикрлашга ёрдам беради. Телефон орқали иш олиб борувчи операторларнинг ишини енгиллаштириш учун “Сариқ саҳифа”лардан фойдаланиш усулини 1950-йилларда айнан Биррен ўйлаб топган.

Кейинчалик ўтказилган тадқиқотлар Биррен назариясини тасдиқлади. У босма маҳсулотларда сариқ фон устига ёзилган қора рангдаги ёзувлар бошқаларидан ажралиб туриши, айнан мана шундай уйғунлик одамларнинг ёдида кўпроқ қолишини айтиб ўтганди. Огоҳлантирувчи йўл белгилари, қонун ҳужжатларида ушбу ранглар уйғунлигидан кенг фойдаланишлари бежизга эмас.

Сариқ бошқа рангларни ҳам “жонлантиради”, иссиқ рангларга кўзни қамаштирувчи кўриниш берса, совуқ рангларни “ҳаётга қайтаради”. Шунинг учун ҳам интерьер дизайнерлари сариқ рангни жуда яхши кўришади, у хоналарга илиқлик ва ёруғлик ҳиссини беради.
Сариқ рангнинг ошхона ва овқатланиш масканлари интерьерида қўлланилиши – иштаҳани очишга кўмаклашади.

Сариқ ранг меъёрида қўлланилган хонадаги дўстона суҳбатлар жуда ёқимли бўлади, аммо ёрқин сариқ рангга узоқ вақт термулиб туриш миянинг кучли таъсирланиши ва ҳавотир ҳиссига сабаб бўлиши мумкин.

Сариқ ранг кўплаб мамлакатларда муваффақият, ривожланиш, ҳукронлик рамзи ҳисобланади. Японияда уни саҳийлик ва олийжаноблик тимсоли деб биладилар: қадим замонларда япон жангчилари жангга киришдан аввал жасорат тимсоли сифатида либосларига сариқ рангли хризантема гулларини тақиб олишган.

• Сариқ – спектрдаги қувонч ранги бўлиб, илиқлик, оптимизм ва хурсандчиликни акс эттиради.


• Сариқ ранг ярқ этиб кўзга ташлангани биос йўл белгилари ва турли қадоқлар учун дизайн яратишда ҳам кенг қўлланилади.
• Сариқ ранг аниқ фикрлашга туртки беради. Сариқ фондаги қора белгилар – босмахоналарда энг ажойиб ва бошқаларидан ажралиб турадиган комбинация сифатида эътироф этилади.

Қизиқарли маълумот: Уйғониш даврида келинчаклар ўзларининг тўйларида сариқ рангли либос кийишган.

Яшил

Яшил рангдан уйларнинг интерьерида бемалол фойдаланиш мумкин. Ёрқин яшил ранг уйингизга табиатнинг бир бўлагини, табиийликни олиб киргандек бўлса, сокин яшил ёқимли илиқлик ва мусаффолик ҳиссини пайдо қилади. Ушбу рангни ваннахона, ётоқхона интерьерини безашда ҳам қўллаш мумкин. Яшил – нозиклик, нафосат ва некбинлик ранги, уни дам олиш масканларининг дизайнини яратишда кенг қўллашлари бежизга эмас.



Яшил ранг табиийликка урғу бергани учун ҳам косметик воситаларнинг қадоқларида ундан кенг фойдаланишади. Яшил қадоқдаги буюмлар онг томонидан экологик жиҳатдан тоза маҳсулот сифатида қабул қилинади.

• Оч яшил – тинчлантирувчи ва танани бўшаштирувчи ранг. У кўриш қобилиятини яхшилашга ёрдам беради.


• Ёрқин яшил баҳор фасли, куч-қувват ва ёшлик рамзи ҳисобланади.
• Тўқ яшил ранг барқарорлик ҳамда ривожланиш тимсоли саналади.
• Яшил ранг бутун дунёда хавфсизлик ранги сифатида машҳурликка эришган. Шунинг учун ҳам у сфетофорларда ҳаракатни бошлаш рамзи сифатида қабул қилинган.
• Яшил рангни хуш кўрадиган инсонлар табиатан ишончли ва бағрикенг одамлар бўлишади.

Мовий
Мовий кўпчиликнинг севимли ранги бўлиб, ўта ёқимли экани билан бошқа ранглардан ажралиб туради. Ушбу рангдаги буюмга диққат билан тикилиб туриш томир уриши ва нафас олишнинг секинлашиши, қон босимининг тушишига сабаб бўлади.


Мовий ранг инсонда ижобий ҳиссиётларни уйғотади. Биз мовий рангни кўрганда денгиз тўлқинларининг мавж уриши, мусаффо осмон ёки сокин денгизни ёдга оламиз.
Ушбу ранг кўплаб мамлакатлар маданиятида ҳимоя тимсоли ҳисобланади. Мисол учун, Яқин Шарқ мамлакатларида яшайдиган инсонлар мовий рангга бўялган эшиклар уйни ёвуз руҳлардан ҳимоя қилишига ишонишади. Айнан мана шундай тушунча жануби-шарқий Америкада ҳам мавжуд. Бу ерда истиқомат қиладиган одамлар уйларнинг киравериши ва даҳлизларнинг шифтини мовий рангга бўяб қўйишади.
Қадимда, музлатгичлар ихтиро қилингунигача бўлган вақтларда озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган ошхона ва омборхоналарнинг деворлари кўк рангга бўяб қўйилган. Бу ҳашаротларни маҳсулотларга яқин келмасликларини таъминлаган. Ошхоналар интерьерида кўк рангдан кенг фойдаланиш анъанаси бугунги кунгача сақланиб қолган.
Кўк ранг – садоқат ва ишонч рамзидир. Шунинг учун ҳам унинг ёрдамида самимийликни ифодалаш жуда осон. Сиёсатчилар сайловолди кампаниялари вақтида сайловчиларнинг ишончини қозониш учун кўк рангли костюм кийишади.
Мовий ранг одамларда сизга нисбатан ҳурмат ҳиссини пайдо қилади, аксарият мамлакатларда ҳарбийлар ва полиция ходимларининг либослари кўк рангли матолардан тикилади. Ёрқин кўк рангли либос базмлар ва муҳим учрашувлар учун айни муддао. Бундай либосда кўриниш берганингизда одамлар сизга нисбатан ўта самимий ва “очиқ” бўлишади.
Тўқ кўк ранг юқори ижтимоий мавқе, барқарорлик ва қадр-қимматга урғу беради. “Мовий қон” деган жумлани аввал ҳам эшитганмисиз? Бундай ибора қадимда Испанияда пайдо бўлган, бу ерда яшайдиган зодагонлар уларнинг томирларида ҳақиқатдан ҳам мовий қон оқишига ишонишган. Қадимги Миср аҳолиси варикозга чалинган томирларни олийнасаблик ва гўзаллик белгиси деб билишган. Бадавлат аёллар оёқларини кўк рангли бўёқларга бўяб олишган. Айнан мана шу даврлардан бери кўк ранг – ишонч, содиқлик ва юқори мавқе рамзи ҳисобланиб келган.
Кўк рангдан уй интерьерида фойдаланиш хонадонингизга ҳашаматли кўриниш бағишлайди, жиддий муҳит яратади. Ёрқин ва сокин кўк ранглар эса нафисликка урғу беради. Инсон мияси кўк рангни ширин таъм билан боғлайди, шунинг учун ҳам шакар, қанд ва бошқа турдаги ширинликларнинг қадоқларида кўк рангдан кенг фойдаланилади.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, одамлар кўк рангга бўялган хоналарда самарали иш олиб боришади, уларнинг ишларида унум бўлади.
Қизиқарли жиҳати шундаки, кўк ранг фаол ишлатилган спорт залларида машқ қилган спортчилар мусобақаларда рақибларига нисбатан яхшироқ натижа кўрсатишади. Қимматбаҳо автомобиллар ҳам кўп ҳолларда кўк ёки мовий рангда бўлади, бу автомобиль эгасининг юқори мавқеига урғу беради, ҳукмронлик ва муваффақият тимсоли саналади.

• Кўк ранг инсон миясида ижобий ҳиссиётларни уйғотади, тетиклашиш ва тинчланишга ёрдам беради.


• Мовий ранг одамларда ҳурмат ҳиссини пайдо қилади, содиқлик, ишонч ва ҳимояни ифода этади.
• Кўк ранг хоналарни каттароқ кўрсатади, бундай хоналарда вақт секин ўтаётгандек туюлади.
• Кўплаб халқлар маданиятида тўқ кўк ранг бойлик рамзи ҳисобланади. Мусобақаларда эса ғолибларга “Мовий тасма”лар тақдим этилади.

Сиёҳранг

Сиёҳрангни ҳақиқий ҳашамат ранги сифатида таърифлаш мумкин. Қадим замонларда ушбу рангдаги буюмлар ва матоларни ишлаб чиқариш ўта қийин бўлгани туфайли уни фақат бадавлат инсонлар харид қила олганлар.
Мисол учун, Қадимги Римда сиёҳранг ҳукмдорлар, сенаторлар, лашкарбошилар ранги бўлган. Ижтимоий мавқеси қанчалик баланд бўлса, инсоннинг сиёҳранг тусдаги либоси шунчалик ҳашаматли қилиб безалган. Ҳаттоки бугунги кунда ҳам жангда ярадор бўлган америкалик аскарларга муносиб хизматлари учун “Сиёҳранг юрак” ордени тақдим этилади.
Сиёҳранг – бойлик, ҳукмронлик, ҳашамат тимсоли ҳисобланади. Ушбу рангнинг ўзига хос жиҳати сифатида унда қизил рангнинг тезкорлиги ҳамда шиддати, шунингдек кўк рангнинг тинчлантирувчи таъсири бирлашгани айтиб ўтилади. Сиёҳранг – муроса ранги. Сиёҳрангни хуш кўрадиган инсонлар табиатан эҳтиросли, хушмуомала, қизиқувчан ва бағрикенг бўлишади.
Сиёҳранг тўйинганлик даражасига қараб инсонда турли ҳил эмоцияларни ҳосил қилиши мумкин. Тўқ сиёҳранг айрим мамлакатларда мотам рамзи ҳисобланади ва тушкунликни ифодалайди. Уни дафн маросимларида қора ранг ўрнига мотам рамзи сифатида қўллайдилар.
Сиёҳрангда сирлилик мавжуд, бу унинг жозибадорлигини оширади. Тўқ сиёҳранг инсонни тетиклаштиради, асаб тизимини фаоллаштириб юборади, шу туфайли ҳам “бахт ҳиссини берувчи” ранглардан бири сифатида эътироф этилади. Оч сиёҳранг эса романтика муҳитини ҳосил қилади.
Сиёҳранг аралаш ҳиссиётларни пайдо қилгани учун ҳам уни турли маҳсулотларнинг қадоқлари, рўзғор буюмлари ва автомобилларда камдан кам қўллашади. Уни рекламалар ёки бирор маҳсулот қадоғи учун ишлатсалар ҳам, бу маҳсулотлар одатда аёлларга мўлжалланган бўлади. Безак буюмларининг сиёҳранг бўлиши эса таъсирчанликни уйғотади. Оч сиёҳранг тинчлантирувчи таъсирга эга бўлгани боис ваннахоналар интерьерида тез-тез учраб туради. Бундай ранг уйқусизликдан халос бўлишга ёрдам беради, инсоннинг тез ухлаб қолишига олиб келади. Психологларнинг айтишларича, сиёҳрангни ижодкор одамлар жуда яхши кўришади.

• Сиёҳранг – ҳукмронлик, эҳтирос, таъсирчанлик ва ҳашаматни ифода этади.


• Тўқ сиёҳранг жиддий ва сирли муҳит ҳосил қилади.
• Оч сиёҳранг романтик жозибадорликка эга.
• Деворлари сиёҳрангга бўялган хонада одамларнинг ишлаш лаёқати пасаяди, бу ранг уйқуни чақиради.
• Сиёҳрангни кўпроқ аёллар ёқтиришади.

Пушти


“Оптимистлар дунёни пуштиранг кўзойнаклар орқали кўради” деган иборани эшитганмисиз? Пуштиранг одамлар орасида дўстона кайфият уйғотади, агрессия ва ғазабни камайтиради.
Ушбу рангнинг тинчлантирувчи таъсири шунчалик кучлики, ундан аҳлоқ тузатиш муассасалари ва феъл-атвори мураккаб болаларни тарбиялаш масканларида фаол фойдаланишади. Футбол мураббийлари эса меҳмон жамоанинг кийиниш хонасида пушти ранг буюмлар кўпроқ бўлишига аҳамият қаратишади, мураббийлар бу майдондаги агрессияни камайтиришга ёрдам беради деб ҳисоблайдилар.
Пушти сокин ранглар сирасига киради, инсонга тинчлантирувчи таъсир кўрсатади ва ҳиссиётларни “юмшатади”. XVIII асрда одамлар пушти ранг овқат ҳазм қилиш тизими ишини фаоллаштиришига ишонишган, айнан мана шу вақтда кулранг аралаш пушти либослар урфга кирган.
“Пушти кўзойнак” атамаси ҳам ушбу рангнинг инсон миясига таъсири билан боғлиқ.
Қизил ранг алангали муҳаббат тимсоли бўлса, пушти – нафислик рамзидир. Уни аёллик жозибаси тимсоли деб ҳам билишади, шунинг учун янги туғилган қиз бола чақалоқларга пуштиранг либослар ҳадя этилади.
Ёрқин пушти ушбу рангнинг сокин тусларига нисбатан кучлироқ энергияга эга, боиси унинг таркибига кўпроқ қизил тус аралашган. Оч пушти эса инсонни тинчлантиради, шу боисдан ҳам ушбу рангдан болалар хоналарини безашда кенг фойдаланишни маслаҳат беришади.
Сариқ аралаш пушти ранг косметик маҳсулотларнинг қадоқлари дизайнида кўп учрайди, бу ўринда пушти ранг юзнинг табиий кўринишига урғу бериб туради. Кўплаб таниқли брендлар косметик воситаларнинг қадоғи бошқа маҳсулотлар фонида ярқ этиб кўзга ташланиши учун ёрқин пушти рангдан фойдаланадилар.
Ранглар терапиясида тинчланиши осон бўлмаган одамларга пушти рангга кўпроқ қараш тавсия этилади. Кунингиз қанчалик оғир ўтган бўлса ҳам кун кеч бўлгач, қаршингизда пушти рангни кўриб, агрессия ҳақида унутасиз.

• Пушти – энг сокин ранглардан бири бўлиб, самимийлик тимсоли саналади, ички ва ташқи агрессияни камайтиради.


• Пушти – ўта жозибали ранг ҳисобланади, айрим ҳолатларда болалар тарбиясига оид масалаларни ифодалайди.
• Пушти ранг инсонни тинчлантиради, овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятини яхшилайди.
• Ёрқин пушти қизил рангга нисбатан кўпроқ энергия етказиб беради ва эътиборни ўзига жалб қилади.
• Эркакларга пушти рангнинг сариқ тус аралашган кўриниши кўпроқ ёқади.

Жигарранг

Жигарранг – Ер ва дарахтлар ранги, у тоғу тошлар, сиз учун қадрдон масканлар, табиат қўйнидаги хотираларни ёдга солади, қулайлик ва сокинлик ҳиссини беради.
Психологларнинг айтишларича, ушбу рангларга бўлган талаб иқтисодий инқирозлар вақтида ошиб кетади. Илиқ ва нейтрал ранглар барқарорлик ҳиссини уйғотади, яхши кунлар яқин эканлигига ишонч пайдо қилади.

Жигарранг тусни яхши кўрадиган одамлар табиатан жуда ишончли, самимий бўлишади, улар ишлашни, ривожланишни яхши кўришади. Қадим замонларда ёрқин ранглар қироллик оилалари ва бадавлат инсонлар ранги ҳисобланган бўлса, жигарранг меҳнаткашлар ранги саналган. Бундай тасаввур бизнинг давримизгача етиб келган.


Шиддатли ҳодисаларга бой ўтган 1980-йилларда АҚШда офис ходимлари кулранг, кўк ва қора рангларда кийинишган, 1990-йиллар эса одамлар учун нисбатан тинч ўтган, улар бу даврда кўпроқ жигарранг либослар кийиб юришган.
Жигарранг уй интерьерини жиҳозлашда мувозанат ҳосил қилади, бошқа рангларни “ютиб юборади” ва шу билан бир вақтда ҳар қандай хонадонга мослашиб кетаверади. Боғларни жиҳозлашда жигарранг тусдаги буюмлар табиий ранглар орасида асосий ўринда туради.
Одамни ҳаддан ташқари таъсирлантириб юбормайдиган сокин ранглар дўстона муҳит ҳосил қилиши ҳисобига ҳам тураржойлар ва студияларда кенг қўлланилади. Фактуралар эса табиий рангларни зерикарли бўлиб қолишидан ҳимоя қилади, тинчлантирувчи таъсир кўрсатади.
Жигаррангнинг сокин туслари хона ичини аслидан кўра кенгроқ қилиб кўрсатади, тартиб ҳиссини пайдо қилади. Тўқ жигарранг эса хавфсизлик ва шинамлик муҳитини яратади. Шоколадни ёдга соувчи жигарранг тус уй ичида ҳашаматли кўринади. Одатда ушбу рангдан маҳсулотларни қадоқлашда ҳам кенг фойдаланадилар.
Жигарранг тусдаги қоғоз пакетлар одамларга ўрмонлар мусаффолиги ва табиийликни эслатади. Шу боисдан ҳам косметик воситалар ишлаб чиқарувчи айрим компаниялар мижозларга буюртмаларни жигарранг қадоқда элтиб беришади ва уларнинг маҳсулотлари экологик жиҳатдан тоза эканлигини айтишади.

• Жигарранг – ўрмонлар, тупроқ, дарахтлар, тошлар, уй ва табиат қўйнини ёдга солувчи илиқ ранг.


• Иқтисодий жиҳатдан муаммолар кузатилаётган вақтларда одамлар сокин ранглардаги қимматбаҳо буюмларни харид қилишни афзал билишади. Жигарранг буюмлар бундай вақтда инсонлар томонидан кўпроқ танланади.
• Жигарранг либосларни хуш кўриб киядиган одамлар табиатан самимий, ишончли ва бағрикенг бўлишади.
• Жигарранг тусдаги қоғоз пакетлар унинг ичидаги буюм экологик жиҳатдан тоза эканлигига урғу беради.

Кулранг

Кулрангни ҳақиқатдан нейтрал ранг дейиш мумкин. Одамлар уни ҳаддан ташқари яхши кўрмаганларидек ёмон ҳам кўрмайдилар. Кулранг бир қарашда кўзга ташламайди, бироқ мовий ранг каби одамларда ишонч ҳиссини уйғотади. Ушбу ранг ўта кучли ҳиссиётларни пайдо қилмаса-да жиддийлик ва қадр-қиймат ҳиссини бера олади.
Кулранг иссиқ ранглар сирасига кирмайди, шунга қарамасдан сирли ва ҳашаматли ранг эканлиги билан ажралиб туради.
Кулранг кучли ҳиссиётлар уйғотмаслиги ҳисобига ҳукмронлик ва ҳашамат ҳиссини туҳфа этади, ишбилармон одамлар гардеробида ушбу рангдаги либосларнинг кўп бўлиши ҳам мана шу билан боғлиқ.
Кулранг жиддий муҳит ҳосил қилгани учун ҳам офислар интерьерида кенг қўлланилади. Ушбу рангни дўстона суҳбатлар учун мос ранглар қаторига ҳам, ўзидан нари итарувчи ранглар қаторига ҳам киритиб бўлмайди. Кулранг муваффақият ва ишонч тимсоли ҳисобланади.
Одатда ушбу ранг ақлий салоҳият ва донишмандлик билан ҳам боғланади. Кулранг сочларига оқ толалар оралаган одамларни кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга деб ҳисоблашади.
Маҳсулотлар учун қадоқлар дизайнини ишлаб чиқадиган мутахассислар кулранг ҳаддан ташқари ҳашаматли экани билан одамларни ўзига жалб қилишини таъкидлайдилар. Қимматбаҳо машиналар, кредит карталарига кулранг тус берилиши ҳам ҳашаматга ишора қилади. Таниқли брендлар ўз маҳсулотларини кулранг қадоқларга жойлаш орқали унинг ичида қимматбаҳо буюм бор эканлигини намойиш этиб беришади.
Металл ранги аралаш кулранг одатда илм-фан ва техника тараққиёти билан боғланади, шунинг учун ҳам ундан юқори технологияли маҳсулотларнинг тақдимотида кенг фойдаладилар. Ушбу рангдаги қимматбаҳо машиналар бошқа автомобилларга нисбатан кўпроқ сотилади, боиси кулранг тус автомобилнинг техник жиҳатдан қанчалар кучли эканлигига ишора қилади. Кумуш каби товланаётган кулранг ва тезлик орасида ҳам боғлиқлик мавжуд, маркетологлар ушбу боғлиқликдан автомобилларнинг рекламаларида моҳирлик билан фойдаланишади.

Тўқ кулранг уйлар интерьерида тушкунлик кайфиятини ҳосил қилиб қўйиши мумкин. Ёрқин кулранг нисбатан чиройли кўрингани билан бундай рангдан кенг фойдаланилган хонада дўстона ва самимий суҳбат қуриш имконсиз. Кулрангнинг бошқа турслари одатда дам олиш учун мўлжалланган жойлар интерьерида ишлатилади.


Инсон миясининг кулрангга бўлган реакцияси иқлим шароити билан боғлиқ. Агар уйингиз сертуман ва ёмғир кўп ёғадиган ҳудудда жойлашган бўлса, деворлари кулрангга бўялган хоналар уйда тушкунлик кайфиятини ҳосил қилади.
Шу боисдан ҳам овқатланиш учун мўлжалланган хона деворларига кулранг тус беришдан аввал етти ўлчаб бир кесинг. Ушбу ранг уй интерьерида ўта ҳашаматли кўрингани билан овқатланаётган инсонлар иштаҳасини бўғиб қўйиши мумкин.

• Кулранг – холислик, расмиятчилик, такаббурлик ва жиддийликни акс эттирувчи ранг.


• Нейтраллиги билан бошқа ранглардан ажралиб турадиган жигаррангдан фарқли ўлароқ, кулрангга бирозгина илиқлик етишмайди, бу баъзида ҳашаматли, баъзида эса зерикарли кўринади.
• Кулранг – донишмандлик тимсоли ва ҳаётий тажриба ранги ҳамдир.
• Металл ранги аралаш кулранг тараққиёт, тезлик ва профессионалликни ифода этади.
• Кулранг уй шароитида ҳашаматли ва тинчлантирувчи муҳит уйғотса-да самимий суҳбатлар ва иштаҳа билан овқатланишга тўсқинлик қилади.

Оқ
Оқ ранг тозалик, шаффофлик, эзгулик ва садоқат рамзи ҳисобланади. Унинг тўй маросимларини ўтказишдаги аҳамияти ҳам айнан мана шу билан боғлиқ.


Оқ ранг қадим замонларда бойлик тимсоли ҳисобланган. Кир ювиш машиналари ихтиро қилингунига қадар оқ рангли либосларни фақат бадавлат одамлар харид қила олишган.
Шу туфайли ҳам оқ рангли либослар юқори мавқега урғу берган – ушбу рангдаги либосларни қора меҳнат билан шуғулланмайдиган инсонлар кийишган.
Оқ ранг жуда оддий кўрингани билан унинг туслари бошқа рангларникига нисбатан кўпроқ. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун бўёқлар сотиладиган дўконга бир марта кириб чиқиш кифоя.
Оқ ранг ҳақиқат ва адолат тимсоли ҳамдир. Биз болаликдан тинглаб улғайган эртаклардаги яхши қаҳрамонларни оқ рангли, ёвуз қаҳрамонларни эса қора рангли либосларда тасаввур қилиб ўрганганмиз.
Қадимги юнонлар яхши ва ёқимли тушлар кўриш учун тунда оқ рангли либос кийиб ухлашган.
Ҳиндистон, Хитой, Японияда оқ ранг фаришталар ва само, шунингдек ўлим тимсоли ҳисобланади.
Тиббий жиҳозларнинг аксарият ҳолатларда оқ рангда бўлиши ҳам бежизга эмас. Бу уларнинг тоза ва стерилланганлигига ишора қилади, тиббиёт масканлари ва ходимларига нисбатан ишонч ҳиссини уйғотади.

• Оқ ранг тозалик, поклик ва ҳақиқат тимсоли ҳисобланади.


• Оқ – сокин ранглар сирасига кирса ҳам, қор ва музликлар ранги бўлгани ҳисобидан совуқ ранг саналади.
• Оқ ранг кўп ҳолларда бирор турдаги маҳсулот ёки буюмнинг стериллиги, хавфсиз эканлигини кўрсатиш учун қўлланилади.
• Халқаро майдонда оқ рангли байроқ сулҳ тузишга чақирув белгиси саналади.
• Оқ рангли қадоқлар одатда сут маҳсулотлари ва шакар учун ишлатилади.
Қора

Қора – мавжуд ранглар орасидаги энг жиддий ва ҳашаматли ранг эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.


Ушбу ранг ўлим, зулмат, ҳавотир ва жумбоқлар ранги. Ушбу рангдаги буюмларга қадим замонларданоқ хавфсираш билан назар ташлаб келинган.
Қора ранг ҳосил қиладиган таассурот жуда катта кучга эга. Қўриқчилар, тансоқчи ва махсус агентларнинг шу рангдаги либос кийишлари бежизга эмас. Қимматбаҳо машиналарнинг қора рангда бўлиши, ҳукумат вакилларининг қора рангли автомобилларда ҳаракатланиши ҳам куч-қудрат ва ҳукмронликка урғу беради.
XVI асрда Англия қироличаси Анна мотам рамзи сифатида қора рангли либос кийиш анъанасини яратган. Ўша даврлардан бери қора ранг мотам рамзи бўлиб қолган. Айрим мамлакатларда эса бевалар умрининг охирги кунларига қадар қора рангли либосларда юришган.
Қора ранг мода оламида ҳам катта аҳамиятга эга. Таниқли дизайнер Коко Шанель томонидан яратилган “кичик қора кўйлак” бугунги кунга қадар юксак дид тимсоли бўлиб келади.
Муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбирларнинг таклифномаларига “қора бўйинбоғ” рамзининг туширилиши бежизга эмас. Бундай белги тадбир қатнашчиларининг либослари жиддий ва расмий бўлиши кераклигига ишора қилади.

• Қора ранг ҳаддан ташқари кўп қўлланилганда агрессивлик муҳитини пайдо қилиши мумкин.


• Қора ранг одамларда ҳурмат ҳиссини уйғотади.
• Қора – ҳамдардлик ва қайғу рамзи ҳамдир.
• Қора ранг оғирлик ҳиссини беради. Одам онги қора рангдаги буюмни оқ рангдаги буюмга нисбатан оғирроқ деб қабул қилади.

Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ранглар одамлар ҳаётида муҳим роль ўйнайди ва уларнинг онгга таъсири ҳаётнинг барча жабҳаларида акс этади.
Download 30.24 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling