XIV боб. Овоз берувчи фуқаронинг турган жойда овоз беришини ташкил этиш
98. Айрим овоз берувчи фуқаролар соғлигининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка комиссияси овоз беришни ушбу овоз берувчи фуқароларнинг референдум куни ёки референдум кунига қадар қилган ёзма ёки оғзаки мурожаатига биноан улар турган жойда ташкил этади.
Бунда участка комиссияси аъзоси қайдлов дафтарига овоз берувчи фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, мурожаат қилинган вақти ҳақида тегишли ёзув киритади ва ушбу маълумотлар участка комиссияси аъзосининг имзоси билан тасдиқланади.
99. Участка комиссияси томонидан овоз берувчи фуқаро турган жойда овоз беришни ташкил этиш референдум кунидаги иш ҳажми ва вазиятдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича йўлга тушадиган участка комиссиясининг аъзолари мурожаатлар сонига тенг миқдордаги бюллетенларни имзо чекиб оладилар. Фуқаролар мурожаатларининг сони, шунингдек ишлатилган ва қайтарилган овоз бериш бюллетенларининг сони мазкур Низомнинг 16-иловасига мувофиқ шаклда алоҳида далолатномада қайд этилади.
100. Участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси кўчма қути билан овоз берувчи фуқаронинг турган жойига юборилади, улар овоз берувчи фуқаронинг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.
101. Турган жойида овоз берган овоз берувчи фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар ҳақида участка комиссияси аъзоси томонидан мазкур Низомнинг 17-иловасига мувофиқ шаклдаги овоз берувчи фуқаролар рўйхатидан кўчирмага тегишли ёзув киритилади ва овоз берувчи фуқаро бюллетен олганлигини тасдиқлаб, ушбу рўйхатдаги фамилияси қаршисига имзо чекади.
102. Овоз берувчи фуқаро яширин овоз бериб бўлганидан сўнг овоз берувчи фуқаролар рўйхатининг тегишли жойига (овоз берувчи фуқаронинг фамилияси қаршисига) «турган жойида овоз берди» ёзуви киритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |