Режа: «Фалсафа» атамасининг моҳияти ва мазмуни, унинг тарихий ва замонавий талқинлари. Фалсафанинг баҳс мавзулари ва уларнинг хилма хил талқинлари. Дунёқараш тушунчаси, унинг моҳияти ва мазмуни. Дунёқарашнинг тарихий шакллари
Download 64.5 Kb.
|
1.лекция
Софистика — қадимги Юнонистон фалсафасида вужудга келган тафаккур усулидир. Кўпгина дарслик ва қўлланмаларда бу ибора юнон тилидаги «sopism» сўзи асосида, яъни атайлаб хилма-хил маънога эга бўлган тушунчаларни ишлатиш орқали керакли, аммо ҳақиқатга тўғри келмайдиган, кўчма маъно-мазмунга эришиш усули, деб таъкидланади. Бу усул қўлланилганда фикрнинг мазмуни кўчма маънода баён қилинади, яъни «Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит» деганга ўхшаш ҳолат назарда тутилади. У нафақат Қадимги Юнонистон, балки ўрта асрларда Европада ҳам кенг тарқалган. Агар бу усул ёлғон хулосаларга олиб келса, нега ўз даврининг кўпгина доно кишилари ундан фойдаланганлар, деган савол туғилиши мумкин. Маълумки, инсоният тарихида ҳурфикрлилик ва ижтимоий-сиёсий жараёнларга муносабатни тўғри ифодалашнинг иложи қолмаган замонлар кўп бўлган. Бундай ҳолни инквизиция ҳукмрон бўлган ўрта асрлар Европасига ҳам тадбиқ этиш мумкин. Ўша даврда ҳам кўпгина зиёлиларнинг ана шу усулга суянмасдан иложи йўқ эди. Умуман олганда, «дўппи тор келиб қолган» ана шундай замонларда фикрни Гулханийнинг машҳур «Зарбулмасал» асари каби ифодалаш ҳоллари учраб туради. Буни ўрта асрлар Европасига нисбатан олсак, унда Сервантеснинг «Дон Кихот» асари нима сабабдан шундай ёзилганлиги, унинг бош қаҳрамони эса нима учун шамол тегирмонларига қарши жанг қилганлиги ва бу лавҳалар замирида қандай ботиний мазмун яширингани аниқ бўлади.
Синергетика — оламнинг ўз-ўзини ташкил этиши, макон ва замонда нарса ва воқеаларнинг азалий кетма-кетлиги, ўзаро алоқадорлиги, уларнинг муайян тизимлардан иборат сабабий боғланишлар асосида мавжудлигини эътироф этишга асосланган илмий қарашлар мажмуидир. У асосан, ХХ асрнинг иккинчи ярмида шаклланган таълимот бўлиб, асосчиси Нобель мукофоти совриндори Н. Пригожиндир. Бу таълимотни диалектика асосида шаклланган ва уни тўлдирадиган илмий қарашлар мажмуаси дейдиганлар ҳам бор. Уларга қарши ўлароқ, диалектика энди керак эмас, уни синергетика билан алмаштириш лозим деб ҳисобловчилар ҳам йўқ эмас. Бизнингча, синергетиканинг ХХ асрдаги шахдам одимлари ўрта асрларда Европада аниқ фанлар соҳасида индукция ва дедукция усулларининг мувафаққиятли қўллангани, катта мавқега эга бўлгани ва пировард натижада, фалсафий методга айланганини эслатади. Синергетикани ХХ аср табиий фанларининг фалсафа соҳасига киритаётган энг катта ютуқларидан бири сифатида баҳолаш мумкин. Аммо, бу унинг диалектикани фалсафадан бутунлай суриб чиқаради дегани эмас. Зеро, фалсафада ҳар бир таълимот, услуб ва методнинг ўз ўрни ва фаолият доираси бор. Диалектиканинг фалсафадаги аҳамиятига келганда эса, унинг ижтимоий билимлар соҳасидаги ўрни, қадр-қиммати ниҳоятда катта ва у фалсафанинг асосий қисмларидан бири бўлиб қолаверади. Ана шундай турли-туман қарашларга асос бўлган масалалар ҳанузгача озми-кўпми ҳар бир файласуф ва фалсафий оқим ёки таълимотларда ўз ўрнига эга бўлиб келмоқда. Биз уларга кейинги бўлимларда кенгроқ тўхталишга ҳаракат қиламиз. Фалсафанинг умумбашарий фан экани, унинг баҳс мавзулари ва асосий муаммоларини белгилаб беради. Шу маънода одам ва олам, уларнинг ибтидоси ва интиҳоси, ҳаёти ва ўзаро муносабатлари, инсон тафаккури, табиат ва жамият тараққиётининг умумий қонуниятлари фалсафа учун азалий муаммолардир. Шу билан бирга, муайян даврда туғиладиган ва ҳал этиладиган ўткинчи муаммолар ҳам бўлади. Улар абадий муаммолар даражасига кўтарилмаса-да, ўз даврининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққани учун, муҳим аҳамият касб этади. Фалсафа янги ғояларнинг туғилишига имкон беради. Ҳаёт, ижтимоий тажриба билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланади. У тарихий давр билан мустаҳкам алоқадорликда тараққий этади. Ҳар бир тарихий давр, унинг олдига янги масала ва муаммоларни қўяди. Фалсафий муаммолар бевосита ҳаёт заруратидан туғилади. Айнан улар орқали фалсафада даврнинг тараққиёт тамойиллари ва ўзига хос хусусиятлари акс этади. Масалан, ҳозирги даврда истиқлол мафкураси фалсафий асосларини изоҳлаш зарурати шу билан белгиланади. Фалсафий таълимотларда жамият ҳаётининг барча соҳалари тарихий жараёнга хос тамойиллар, ижтимоий гуруҳларнинг манфаат ва кайфиятлари, тафаккур усуллари ўз аксини топади. Шунинг учун ҳам муайян ижтимоий куч, синф, гуруҳ, партия ва оқимлар ўз мақсад-муддаолари ва ғояларини илмий асослашда фалсафадан фойдаланади. Фалсафадаги устувор қараш ва қоидалар давр маҳсули бўлгани учун, замоннинг тараққиёт тамойиллари ва муаммолари унда ўз ифодасини топади. Download 64.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling