Режа: «Фалсафа» атамасининг моҳияти ва мазмуни, унинг тарихий ва замонавий талқинлари. Фалсафанинг баҳс мавзулари ва уларнинг хилма хил талқинлари. Дунёқараш тушунчаси, унинг моҳияти ва мазмуни. Дунёқарашнинг тарихий шакллари
Download 64.5 Kb.
|
1.лекция
- Bu sahifa navigatsiya:
- Фалсафий дунёқараш мураккаб тузилишга эга. У
Фалсафий дунёқараш. Бу тушунчанинг мазмуни инсоннинг оламга, воқеа ва ҳодисаларга, ўзгаларга ва уларнинг фаолиятига, ўз умри ва унинг мазмуни каби кўпдан-кўп тушунчаларга муносабати, уларни англаши, тушуниши, қадрлашида намоён бўлади.
Фалсафий дунёқараш кундалик фаолият, дунёвий, диний, илмий билимлар, ҳаётий кузатишлар ва ижтимоий тарбия таъсирида шаклланади ҳамда ривожланади. Фанда ижтимоий борлиқнинг барча жиҳатлари акс этади. Дунёқарашнинг шаклланишида ҳис-туйғу, ақл-идрок ва тафаккур ҳам муҳим ўрин тутиши табиий. Унинг шаклланиши кишиларнинг ҳиссий кечинма ва кайфиятларига ҳам боғлиқ бўлиб, инсон кайфиятида унинг ҳаёт шароитлари, ижтимоий аҳволи, миллий хусусияти, маданий савияси, шахсий тақдири, ёши ва ҳоказолар акс этади. Муайян давр дунёқарашида замон руҳи, ижтимоий кучларнинг кайфияти, интилиши ҳам ўз ифодасини топади. Масалан, бугунги Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш зарурати истиқлол дунёқарашини шакллантиришга улкан таъсир кўрсатмоқда. Фалсафий дунёқараш мураккаб тузилишга эга. У муайян билимлар, келажакка қаратилган ғоя ва мақсадлар, табиий ва ижтимоий фан ютуқлари, диний тасаввурлар, қадриятлар, ишонч, эътиқод, фикр, ҳиссиёт каби таркибий қисмлардан иборат. Буларнинг ичида эътиқод муҳим аҳамият касб этади. У дунёқарашнинг мазмунини ташкил этадиган асослардан биридир. Эътиқод инсоннинг ўз қарашлари ва ғоялари тўғрилигига, орзу-умидларининг асосли эканига, фаолияти ва хатти-ҳаракатининг умумий мақсадларга ва талабларга мослигига бўлган чуқур ишончидан пайдо бўлади. У инсоннинг ҳиссиёти, иродаси ва фаолиятини белгилайди, уларни бошқаради, шахсни омилкорликка, самарали фаолиятга ундайди. Фалсафий дунёқараш таркибида ҳиссиёт ва ақл муҳим ўрин тутади. Ҳиссиёт дунёқарашнинг эмоционал-руҳий жиҳати бўлиб, дунёни тушуниш эса, дунёқарашнинг ақлий шаклидир. Ҳиссиёт - қувонч, шодлик, завқланиш, ҳаёт ва касб-кордан мамнунлик ёки норозилик, ҳайратланиш, хавотирланиш, асабийлашиш, ёлғизлик, заифлик, руҳий тушкунлик, ғам-ғусса, надомат, ўз яқинлари ва ватани тақдирини ўйлаш каби хилма-хил шаклларда намоён бўлади. Ана шулар барчасининг уйғунлиги дунёни ҳис этишга олиб келади. Дунёни ҳис қилиш эса, уни ақлий тушунишга, муайян дунёқарашнинг шаклланишига асос бўлади. Инсон ақли унга хос ҳиссиёт ва тасаввурлар асосида илмий дунёқарашни шакллантиради ва такомиллаштиради. Ҳар бир кишига хос ҳиссиёт ва фикр, билим ва эътиқод, интилиш ва кайфият, орзу-умид ва қадриятлар дунёқараш таркибида яхлитлашади ва оламни бир бутун ҳолда акс эттиради. Бир бутун, яхлит дунёқарашнинг шаклланиши болаликдан бошланиб, инсон ҳаётининг охиригача давом этади. Бу ҳолат индивидуал дунёқарашнинг асосий тамойилларидан бирини ифодалайди. Фалсафий дунёқарашнинг шаклланишида билим ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Билимда дунёқарашнинг барча белгилари мавжуд. Лекин, билим ва дунёқараш айнан бир нарса эмас. Оламни тушуниш билимлар пайдо бўлиши учун асосдир. Билим инсон онгида ҳиссий ва ақлий билиш жараёнида ҳосил бўлади, у дунёқарашнинг асоси, унинг узвий қисмидир. Билим муайян шароитда бирон бир ҳодиса ёки нарсани баҳолашда қўл келади ва айнан ана шу жараёнда дунёқарашга айланади. Бундай баҳо бериш жараёнида мудом муайян манфаатлар асос қилиб олинади. Шунинг учун ҳам ижтимоий дунёқараш турли ижтимоий гуруҳлар манфаатларини ифода этади, гоҳида уларни амалга ошириш учун кураш майдони бўлиб қолади. Бирор партия ёки гуруҳ ўз мақсадларига етишиш йўлида бутун жамият учун хос бўлган умумий ижтимоий дунёқараш таркибида кўпроқ ва салмоқлироқ жой эгаллашга ёки уни ўз манфаатлари фойдасига ўзгартиришга ҳаракат қилади. Умуман, ҳаётда мақсадга эришишнинг энг осон ва қулай йўли ўзгалар дунёқарашини жамият фойдасига ўзгартира олишдир. Фалсафа азал-азалдан дунёқараш бўлган. Чунки, унинг ўзи ҳаёт нима учун берилган, дунёга келишдан мақсад нима, умрни мазмунли ўтказишнинг қандай йўллари бор, деган талай саволларга жавоб топиш зарурати туфайли вужудга келган. Фалсафий дунёқараш ўзининг назарий асослангани ва пухта ишлангани билан ажралиб туради. Шу маънода, у бошқа фан ёки фаолият соҳаси учун умумий услуб вазифасини ҳам бажаради. Агар назария билиш жараёнининг натижаси бўлса, усул (метод) шу билимга эришиш ёки уни амалга ошириш йўлини англатади. Фалсафий назария эса, бир вақтнинг ўзида усул вазифасини ҳам бажара олади. Тарихнинг бурилиш даврларида ўзгаришларнинг асосий йўналишлари ва мақсадлари нечоғли тўғри экани фалсафий дунёқараш тамойилларига солиштириб аниқланади. Бунда муайян фалсафий назария умумий усул (метод) сифатида қабул қилинади. Шу сабабдан ҳам бундай даврларда фалсафий назарияларга эътибор кучаяди, тараққиёт йўлларидан бориш фалсафий моделларининг аҳамияти ортади. Инсон онгли ижтимоий мавжудот бўлгани боис, унинг дунёқараши муайян эҳтиёж ва манфаатларга асосланади. Демак, ҳар қандай дунёқараш муайян инсон, ижтимоий гуруҳ ёки табақанинг ўз эҳтиёж, манфаатларидан келиб чиққан ҳолда борлиққа муносабатини ифодаловчи ғоялар, назариялар, билимлар мажмуаси, руҳий холат ва эътиқод мужассами ҳамда уларнинг намоён бўлишидир. Фалсафий дунёқараш, моҳият-мазмунига кўра, маънавий фаолият бўлгани боис, у борлиққа бўлган онгли, инсоний муносабатнинг муайян йўналишларини вужудга келтирган. Масалан, кишиларнинг жамиятдаги ахлоқий муносабатлари - ахлоқий дунёқарашларида, ҳуқуқий муносабатлари - ҳуқуқий, сиёсий муносабатлари - сиёсий, диний муносабатлари - диний, экологик муносабатлари - экологик дунёқараш шаклларида ўз ифодасини топган. Буни тизим тарзида изоҳлайдиган бўлсак, қуйидагича кўриниш касб этади: 1. Ахлоқий. 2. Диний. 3. Ҳуқуқий. 4. Сиёсий. 5. Экологик. 6. Эстетик. Бу тизимни ташкил қилган нисбатан мустақил дунёқараш шакллари ўзаро боғлиқликда, алоқадорликда ҳаракат қилади. Дунёқараш тизимининг ривожланиш даражаси жамият тараққиётига мос келади ва уни ифодалаб туради. Бундан ташқари, ҳар бир тарихий даврда миллатнинг ривожланиши, унинг менталитети ва дунёқарашида намоён бўлади. Бошқача қилиб айтганда, дунёқараш тизими ва уларнинг хусусиятлари муайян инсон, ижтимоий гуруҳ, табақа ва бутун миллатнинг маънавий қиёфасини белгилаб беради. «Дунёқараш» тушунчаси ўзликни англаш, ватанпарварлик, миллий ғурур, тарихий хотира, маънавий баркамоллик каби туйғу ва тушунчалар билан узвий боғлиқ ҳолда шаклланади. Чунки, дунёқараш айнан ана шу руҳий-ижтимоий ҳодисалар орқали ойдинлашади, умуминсоний қадриятларнинг тарихий бир бўлагига айланади. Download 64.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling