Шахснинг ақлан ва руҳан камолга етишида, жамиятнинг маънан тозариши ва юксалишида адабиётнинг ўрни беқиёс. Ёзувчи бадиий тафаккурнинг муҳандиси


Download 17.56 Kb.
Sana07.05.2023
Hajmi17.56 Kb.
#1437032
Bog'liq
Nazar eshonqul.intervyu


XXI аср инсон сифатида яшаб қолиш ёки инсонликни бутунлай бой бериш асри бўлади – катта ёзувчи Назар Эшонқул билан катта суҳбат

15:11 / 08.04.20229002

Шахснинг ақлан ва руҳан камолга етишида, жамиятнинг маънан тозариши ва юксалишида адабиётнинг ўрни беқиёс. Ёзувчи бадиий тафаккурнинг муҳандиси. Унинг қалби осмон ва ер ўртасидаги макон ва замоннинг энг уйғоқ ва ҳассос нуқтаси. Шунинг учун ҳам инсоният дарди, миллат қайғуси юки кўпроқ ижодкорлар елкасига тушади. Улар ҳамма замонда ҳам ўзи мансуб давр хавф-хатарларининг огоҳлантирувчи овози бўлади. Oyina.uz мухбири бугунги ўзбек адабиётининг забардаст вакили, ёзувчи Назар Эшонқул билан азалий, лекин эскирмайдиган саволлар теграсида суҳбат қурди.

– Бозор иқтисодиёти, истаймизми-йўқми, инсонларнинг ҳаётига кўп ўзгаришлар олиб кирди. Пул, фойда муносабатларни ҳаракатлантирувчи кучларнинг биринчиларига айланди. XXI аср фуқароларининг маънавий қиёфасида нималар ўзгарди?


– XXI асрда ҳам, ундан олдинги асрларда ҳам одамнинг моҳияти авратини похол билан ёпиб, тош қурол ушлаб олиб, қорин илинжида ов қилиб юрган аждодининг тийнатидан кўпам узоқлашиб кетгани йўқ. Фақат бугун тош қуроллар ўрнига кўпроқ қирғин қиладиган қуроллар ушлаб турибди. Похол ўрнига костюм-шим кийиб, галстук тақиб олган. Фақат унинг ов қилиш жараёни салгина маданий тус олган. Ўша қорин илинжидаги “шикор” ҳали ҳам бошқачароқ шакл ва кўринишда давом этяпти. Буни биз Украинадаги урушда яққолроқ кўрдик. Шунинг учун бозор иқтисодиётини ҳадеб рўкач қилавериш инсофдан эмас. Бу менга латифадаги “Гуноҳимиз кўпайиб қолди, бир қон чиқариб юборайлик” деган важ билан сўйилаётган қўйнинг “Гуноҳни сизлар қилган бўлсангиз, менда нима айб?” деган саволини эслатади. Гап одамнинг тийнатида. Одам фақат шайтон васвасасидагина жаннатдан қувилмаган. Унинг қувғинди бўлишига, энг аввало, унинг ярми моддият экани сабаб бўлган. Унинг жисми моддият ва руҳдан таркиб топган. Тупроқ тупроқлигини, руҳ руҳлигини қилади. Аслида инсон ботинидаги барча курашлар шу иккисининг тўқнашувидан иборат реакциядир. Бутун башарият тарихи буни исботлаган ва тан олишга маҳкуммиз. Қадим мифларда ушбу ҳолат ярим маъбуд, ярим одам шаклида баён қилинган. Кўплаб балоларни ана шу ярим маъбудлар бошлаб берган. Бугун ҳам ўша кураш худди ўша ҳолида, фақат номини, шаклини ўзгартирган тарзда давом этяпти.


Ташвишингиз ўринли. Инсоният ўз тарихидан хулоса чиқариб, бир тўхтамга келиб, ичидаги “овчиликни” тийиб туриш учун амалиётга киритган тартиблар, қоидалар, қадриятлар, фазилатлар янги асрда биратўла бой берила бошлади. Инсоннинг халос бўлиш сари интилаётган маданий онги янги асрда ҳар томондан мағлубиятга юз тутди. “Маданий онг” деганда мен инсоният шу пайтгача эришган маънавий устунларни назарда тутяпман. “Фақат кучлилар яшашга ҳақли”, деган ибтидойи чангалзор қонуни бугун башарият ўрмонининг асосий қонунига айланиб бормоқда. Бу қонун ҳамма жойни, оддий кундалик турмушдан тортиб глобал масалаларгача қамраб олганини кўриб турибмиз. Сўфий боболаримиз “нафс” деб атаган моддиятчилик иблиси бугун ҳар биримизнинг ичимизга лангар ташлаган. Ницшени турлича талқин қилишади. Менга эса унинг моддият билан худо бир жойда яшолмайди, деган қараши ёқади. “Овчилик” хоҳиши бирламчи экан, худонинг номини ҳимоя қилиб, худонинг номидан гапириб туриб ҳам, худосизлик, даҳрийлик қилиш мумкин. Нафс, таъма, манфаат бор жойда худонинг моҳияти сўнади. Бугун биз ана шу маънавий манзарада яшаяпмиз. Маданий онг эришган хулосалардан воз кечиб, янги маънавий, руҳий, ижтимоий қирғин сари оғишмай кетяпмиз. Бу фикрлар тушкунлик бўлиб туюлиши мумкин. Аммо дунёда кечаётган жараён менинг тушкунлигимни тасдиқлаб турибди. Бир нарса аён бўлиб бормоқда: XXI аср инсониятнинг бу заминда инсон сифатида ё яшаб қолиш, ё инсонликни бутунлай бой бериш асри бўлади. XXI аср шу жиҳати билан башар учун муҳим аср, муҳим қадам.


– Дунё сиёсий майдонида турли мавзу ва мақсаддаги “саҳна асарлари” қўйилиб турибди. Эркинлик сурбетлик, бачканалик кўринишига етди. Ўзгаришлар адабиётнинг мақсади ва мезонига таъсир қилмадими?


– Аввало, эркинлик билан бошбошдоқликни бир-бирига қориштирмаслик керак. Эркинлик бу ичимизда турган худога, виждонга ишониш, унинг йўлини танлаш дегани. Бу гапимнинг муллабаччалар ваъзларига асло алоқаси йўқ. Мен қодир худо ҳар биримизнинг кўнглимизга ўзининг нурини, демак, ўзининг бир заррасини ташлаб қўйибди, у бизнинг ичимизда, биз билан бирга, агар бу зарра бизнинг яшаш аъмолимизга айланса, демак, биз худо томон йўл олдик, агар бу зарра нафснинг, овчилигимизнинг тагида қолиб кетган бўлса, биз ундан узоқлашиб боряпмиз, деб ўйлайман. Ичимизда турганни алдаб, иккиюзламачилигимизни ундан яшириб бўлмайди. Одам зоҳиран алдаши мумкин, ботинда алдай олмайди. Негаки, кўнглимиздаги зарра ҳаммасини кўриб, бизнинг аслимизни билиб турибди. Мунофиқ масжидга бориб, ўзини иймонли кўрсатиши мумкин, аммо у ичида турган нигоҳни шамғалат қилолмайди. Қалбимиздаги жавҳарда инсоният шу пайтгача эришган жамики ақл ва яшаш тажрибалари, илоҳий қонунлар хулосаси жамулжам бўлган. Ахлоқ, одоб, зулм, адолатсизлик, хиёнат, сотқинлик, гўзаллик, ёвузлик, меҳру шафқат тўғрисидаги тушунчалар минг йиллар мобайнида синовдан ўтиб, хулосаларга айланган. Ана шу хулосаларнинг мажмуи ичимиздаги илоҳий зарра билан қўшилиб, яхлитлашиб, исонийлик деган катта устунни пайдо қилган. Инсонийлик – баданни похол билан яширишдан галстук таққунгача бўлган масофани босиб ўтган башар тарихининг энг катта ютуғидир. Ундан қочиш, уни менсимаслик, уни манфаат пардаси ортига суриш, уни бошқача талқин қилиш маданий онгни фожиага олиб боради. Аслида, ҳақиқий художўйлик бу, юқорида айтганимдай, ҳар қайси маҳал, ҳатто ўлим билан юзма-юз турганда ҳам оқни оқ, қорани қора, ёлғонни ёлғон, ростни рост, адолатни адолат, зулмни зулм деб айта олиш, шу мақомда қатъий туришдир. Вазиятга, муҳитга қараб тусланиш ва турланиш эмас. Шу мақомда турилмадими, ҳар қандай даъво ёлғон.


Бизнинг эркинлик ҳақидаги тасаввуримиз инсонийлик ҳақидаги тасаввуримизга мос келса, демак, бу – эркинлик; зид келаётган бўлса, демак, бу – бошбошдоқлик, адашиш ёки ўзбошимчалик. Эркинлик эҳтиёжи миллий менталитет ёки жамият пайдо қилган ҳудудларга сиғмайди. Унинг миллий ёки умуминсоний қиёфаси йўқ. Эркинлик ичимиздаги илоҳий зарра номидан гапириш, ҳаракат қилиш, яшаш, яъни оқни оқ дейишда собит туриш деганидир.


Эркинлик имконияти қандай яратилганига қараб жамиятнинг асл моҳияти ҳақида хулоса қилиш мумкин. Сиз айтаётган, ўзини турли жимжима билан яширган “асар”ларга шу ташхис билан қаралса, тезда ўзини фош қилади. Умуман, бугунги дунё ўта мураккаб. Ҳозир ўзини санъат, адабиёт деган ном остига яширган, шаклан шундай, мазмунан эса зид мақсадларга хизмат қиладиган “ижод” намуналари ҳақиқий асарларнинг ўзидан ҳам кўп. Бу ҳолатга машҳур файласуф Хосе Ортега и Гассет “Санъатнинг инсонийликдан маҳрум бўлиши” деб таъриф берган. Инсонни маънан қул қилиш, бугунги тил билан айтилса, манипуляцияга қурилган ғоялар, мафкуралар малайига айланган сохта адабиётнинг асосий белгилари сиёсатбозлик, даврбозлик, маддоҳлик, замонасозликда намоён бўлади.


Асарнинг сифати, бадиийлиги унинг буюртмалиги ёки ижодий эркин ҳолатда ёзилганида эмас, унинг инсонийлик марказида турган ёки турмаганида. “Шоҳнома”, “Қутадғу билик”, маълум маънода “Хамса”навислик ҳам буюртма эканини унутмайлик. Лекин гап ким ва қай мақсадда буюртма берганида. Буюртмачининг интеллекти кўп нарсани ҳал қилади. Хашаки жамият хашаки асарга буюртма беради, юксак интеллект юксак асарга. Бу исботини топган. Навоий ижоди ва “Хамса”си Амир Темур салтанати салоҳияти маҳсулидир. Умуман, қандай яратилишидан қатъи назар, асар инсонийлик мезони атрофида айланади, одамни қайта-қайта шу мезонга олиб келаверади. Инсонийлик билан улуғлайди, инсонийлик билан тавба қилдиради, инсонийлик билан руҳни янгилайди.


– Кейинги йилларда олимлар Ер шари ўз ўқи атрофида аввалгидан шитоброқ айланаётгани ҳақида гапиришяпти. Бугунги тезкор замонда инсонлар ҳаётидаги ортиқча “юк”лар нималар, етишмаётган “кемтик”лар-чи?


– Замоннинг шиддати эрмакларнинг кўпайиб кетгани билан боғлиқ. Минг йиллар олдин Истанбулга бориш учун ойлаб йўл юрилган. Бугун тўрт соатда етиб оласиз. Энди аввалги ва ҳозирги одамнинг тезлик ҳақидаги қарашларини тасаввур қилиб кўринг. Шу маънода заминда ҳаммаси тезлашгандай туюлади.


Ер куррасининг фазодаги тезлашиши ёки секинлашишининг бугунги инсон руҳиятига асло алоқаси йўқ. Сайёрамиз ўз ҳолича азал-абад бўйлаб айланиб турибди. Вақт фазо учун ўлик тушунча. Вақт одам учун керак. Чунки унга ҳамма нарса ўлчаб берилган. Инсон ўлчовлар ичида яшашга маҳкум. Одам – Сизиф тошни тепаликка думалатиб чиқишдан нарига ўтолмайди. Уни секин ҳам, тез ҳам думалата олмайди.


Энди, “юк” ва “кемтиклар”га келсак, бу борада муаммоларимиз ўраси каттариб бораётгани рост. Ҳали маданий онги юксалиб, маданий миллат сифатида шаклланиб улгурмаган этносда чинакам эркин инсонга айланиш учун ортиқча “юк”лар кўп бўлади. Менга биз ҳалиям ўрта аср архетиплари чангалида яшаётганимиз оғриқ беради. Бугун биз онг жиҳатдан ўрта аср тафаккури тарзига тушиб қоляпмиз. Яшашимиз, тутумимиз, ҳаётга, инсонга, оламга муносабатимиздан ўрта аср зангларининг ҳиди келиб туради. Бу жуда ташвишли ҳол. Ўрта аср қолипи онгимиз қолипига айланяпти, бу эса ижтимоий онгга, табиийки, яшаш тарзимизга, айтар сўзимизга, амалимизга, бир-биримиз билан муносабатимизга таъсир қиляпти.


XXI асрда яшаб туриб, тафаккуримизни ўрта аср қолипи жиловига бериб қўйяпмиз. Тоқатсизлик, бир ёқламалик, маҳдудлик, бадбинлик, кўр-кўроналик, мутаассиблик, фикрсизлик, соҳибга, қулдорга эҳтиёж бизни тобора кўпроқ қуршаб оляпти. Мутаассибликни фақат диний тушунмаслик керак. Кўр-кўроналик бугун сиёсат, шахс, ижтимоий ҳаёт, ўзга қарашларга, атрофга, оламга, табиатга муносабатда, барча соҳада ўзини кўрсатяпти... Табиат деганим боиси, одамзот ўзи топтаётган майса ёки қумурсқада ҳам худди ўзининг ичидаги каби илоҳнинг зарраси борлигини унутиб қўйди. Одам табиатнинг соҳиби эмас, балки таркибий бир қисмидир. Табиат билан уйғунлик тилини тополмасак, XXI аср ақлини шошириб қўйган ковидлар ҳали кўп кузатилади. Адабиёт инсонга ўзини ва оламни ўрганишни, бутун борлиқ билан уйғунликда яшашни тарғиб қилаверади. Адабиётдан узоқлашиш эса инсонийликдан узоқлашиш бўлиб қолаверади.

– Стилизациядан кўп фойдаланасиз – реал ҳаётга сингиган мотивлар санъат даражасига чиқади. Сизни кўп ўқувчилар модернист ёзувчи деб билади. Бу фикрга қўшиласизми? Модерн ва фольклор бир илдизга туташадими?

– Мени ким аташларининг, аввал ҳам айтганимдек, қизиғи йўқ. Майли, модернист дея қолишсин. Фақат бир нарсани айтиб қўйишим керак. Модернистлик жанр ҳам, мақтов ҳам, танқид ҳам эмас – дунёқараш. Ўзигача бўлган жамики қарашлар, тасаввурлар эскириб, дунёга, фалакка берилган мавжуд изоҳлар, тушунчалар, тасаввурлар кўҳнариб, янги даврнинг ақлу шуурини қондиролмаётганидан пайдо бўлган дунёқараш. Олам ва одамнинг моҳияти ҳақидаги тасаввурлар тўлақонли жавобга қодир эмас. Бугунги инсон руҳий ҳолати сирли ва номаълум, ҳали барча нарса номсиз бўлган дунё билан юзма-юз турган илк одамнинг руҳий ҳолати билан бир хил. Бугунги ёшлар, хусусан, истеъдоди борлари билан гаплашганимда уларнинг дунёқараши шу маънода модернистларга яқинлашиб қолганини кўряпман. Ўз сўзи, усули, қарашига эга ёш ижодкорлар онгига абсурд бор моҳияти билан сингиб бўлган. Улар абсурд ичида ўз исмларини ва дунёларини, абсурд туғдирган саволларга ўз жавобларини излаяпти. Пайдо бўладиган янги санъат, янги фалсафа, янги сўзни абсурд билан юзма-юз турган мана шу авлод яратади. Чунки бу авлод Асл Моҳиятни ҳис қила бошлади. Камю “Абсурд – ақлнинг охирги бекати”, деган эди. Ёшларнинг ақл-идроки ҳам ана шу охирги бекатда туриб фикр қилишни бошлади. Фикр қилиш – мавжудликка янги маъно излашдир.


Фольклор ўзи саънатнинг, фалсафанинг, ўзликнинг асоси. Унда ҳамма нарса топилади. Фақат излаш, топиш, бугун учун руҳий, маънавий неъматга айлантириш керак. Фольклор адабиётнинг катализатори. Унга битта элемент қўшиб, ҳаракатга келтиради, янги “модда”лар пайдо қилаверади. Ундан сув ичган адабиёт нафақат кийимини, балки ўзини ҳам янгилай олади. Биз фольклоршунослар билан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида фақат “Алпомиш” достони ҳақида кўрсатув уюштирдик. Бу кўрсатувда бахши ижроси, асар бадиияти, поэтикаси, тарихи ҳақида эмас, фақат ундаги бугун адабиётга, фалсафага, этносшуносликка манба бўладиган рамзлар, тимсоллар, мажозий маросимлар, эзотерикаси, мифологик асослари ҳақида гаплашдик. Шуларнинг ўзи ўн беш-йигирма соат бўлди. Булар ҳали бизнинг ақлимиз етганлари. Етмаганлари қанча. Қайсидир мутафаккир айтганидай, фольклор очилмаган қўриқ. Унда қўш ҳайдаган, албатта, янги давр бадиияти учун ўзига яраша ҳосил олаверади.


– Адабиётда устоз-шогирдлик анъанаси не чоғлик муҳим? Сизлардан кейин – ўртадаги авлоднинг овози билинмаётгандек. Устозлар устозлари қилган фидойиликни ёшларга кўрсата оляптими?


– Адабиётда устоз ва шогирдлик масаласи бир мунча нозик. Гап шундаки, ижодкорнинг шаклланишида маълум хизмати сингган, миллати, дини, ирқидан қаъи назар, ҳар бир асарнинг муаллифи унга бевосита бўлмаса-да, билвосита устозлик қилади. Тан олиш керак, бошини силаб тургандан ҳам кўра кўпроқ устозлик қилиши мумкин. Шунинг учун ўқишга арзийдиган ҳар бир асар муаллифи адабиётда устоздир. Албатта, сўз санъатида муайян малакага эга бўлганлар, суяги қотганлар ўзидан кейин адабиётга кириб келаётганларни қўллаб-қувватлаши шарт. Аммо бундай “пиру комил бўлиш” ўзига ўхшаган, ўзининг эгизагини яратиш дегани эмас.


Мен бир ёш адибни биламан. У фалон адибнинг қўлидан тутган, ҳар бир ёзганини устозининг назаридан ўтказган, маслаҳатларига амал қилган. Таассуфким, бу адиб укамиз ўша устознинг доирасидан чиқиб кетмаган, ёзганлари ўша адибни эслатиб туради. Шогирдни қўллаш – ўзининг тухумини ҳам шогирдига бостириш дегани эмас. Адабиёт ҳунармандлик мактаби эмас. Адабиёт ҳар бир ижодкорнинг дунёни ўзига хос кўриши орқали пайдо бўладиган ўта шахсий ҳиссий жараёндир. Бу менинг қарашим. Шунинг учун ҳам ёшларнинг ёзганларига кўпам фикр билдирмайман. Аксар ҳолларда ўқидим, билдим деган билан чекланаман. Уларга ўзимнинг қарашларимни сингдиргим, уларни ўзимнинг кўримим билан иккилантиргим келмайди. Истеъдодга ақл бўлишдан ёмони йўқ. Чунки истеъдоднинг ўзига хослиги ўзи билан бирга туғилади. Уни бошқа истеъдоднинг кўрими билан чалғитмаслик керак. Адабиётда “устозлик” мен учун истеъдодни эътироф этиш ва вақтида уни юзага чиқариш борасида қўллаш дегандан бошқа нарса эмас.


Биздан кейинги авлоднинг овози билинмаётгани ҳақида фикр баҳсли. Бир пайтлар, йигирма йиллар олдин мен ҳам ўзим тенгилар ҳақида шундай деб ёзгандим. Менга ёққани – ҳозирги ёшлар тоза адабиётга интиляпти. Манфаатдан холи бўлган, ижодкорнинг шахсга айланишга уринишлари ва шахс сифатидаги қарашлари ифодаланаётган, миллат ва инсон ғамида қайғураётган, одам ва олам ҳақида мавжуд қолипларни синдиришга тиришаётган, исён руҳи, руҳ жазваси акс этаётган адабиётга. Албатта ҳали ғўрликлар бор, адашишлар бор, тажрибасизлик, малакасизлик бор. Лекин, энг муҳими, шеъриятга шахс жунуни, изтироби, универсал психологик метофаралар, умуминсоний дард кириб келяпти. Бу кўп нарсага умид уйғотади. Ҳозирги ёшларнинг энг катта нуқсони – аксар ёзганларида ҳунармандчилик сезилади. Сўз айтишни ўрганса бўладиган ҳунар деб ўйлашаётгани юракни хижил қилади.


– “Баҳовиддинниг ити” ҳикоясида нега айнан “ит” образига мурожаат қилгансиз? “Қора китоб”нинг ҳаётга кўчиб бораётгани бизни ўқувчи сифатида қўрқитади. Бу асарлар илҳоми қаердан пайдо бўлган?


– Бу ҳикояга Нақшбанд ҳақидаги бир ривоят сабаб бўлган. Тўғрисини айтсам, қайси китобда ўқиганим ҳам ҳозир эсимда йўқ. Фақат ривоят мазмуни ёдимда сақланиб қолган: бир қишлоқ кўчасидан ўтаётганда Нақшбанд шогирдларига “Қани эди, мен анови ит каби бўлсам”, деб орзу қилган экан. Шогирдлари “Нега бунақа деяпсиз, пирим, нега сиз келиб-келиб итга ҳавас қилдингиз?” деб сўраганда, Нақшбанд “Мен бу кўчадан кўп ўтаман. Анови ит эса дарвозадан нари кетмайди, ётган жойида бегоналар келганидан эгасини хабардор қилади, уйни садоқат билан қўриқлайди, ўзи эса эгаси нима берса шуни ейди, эгаси раво кўрганидан ортиғига даъво этмайди. Эгасининг сарқитини ҳам меҳр билан, очиқиб ейди. Қаҳратон қишда ҳам, жазирада ҳам, жалада ҳам ўз вазифасини унутмайди, тақдиридан нолимайди. Эгасини бошқа бир уй соҳибига алмашмайди. Қаноат, садоқат, сабр тоқат ва фақирликда унга ҳавасим келади”, деб жавоб берган.


Фақирлик – камолот мақоми. Бугунги дунёнинг фожиаси бошида кибр, манманлик, кудурат ўтирибди. Эсингиздами, “Шайтон кибр қилди”, дейилади муқаддас китобларда. Шу иллатнинг давоси фақирлик. Нақшбанд итда ана шу фақирликни кўрди. Менга ўша ривоят туртки берган. Ҳазрат албатта руҳий камолот борасида гапирган. Қул бўлиш маъносида эмас. Нақшбанд назарда тутган “ит”ликдан, сўфий боболар камолот сифати деб изоҳлаган “фақирлик”дан узоқлашиб кетган одамнинг руҳини итга айлантиргим келди. Итга эврилиш бу – фақирликка ошуфталик. Фақирлик кўзи билан қаралганда муҳит, инсонийлик манзараси яққолроқ намоён бўлади. Қолгани энди қўлдан келганча... Ҳикоя “Қора китоб”дан ўн йилча кейин ёзилган. Аксинча, олам ва одам ҳақида кескин хулосаларга келган “Қора китоб”нинг кибрли қаҳрамони ўзини халос қилиш, тозариш йўлини Баҳовиддин итида кўрган, менимча.


– Техника асрида одамлар-да роботлашиб, қалби қотиб бораётгандай. Нима деб ўйлайсиз, келажакда ҳам адабиёт инсон психологиясига таъсир этиш кучини сақлаб қоладими?


– Бунга жимитдай бўлса ҳам ишонч бўлмаса, дунёда бирорта асар ёзилмасди. Менга Камюнинг “Ижод завқи бўлса, дўзахда ҳам қўшиқ айтиш мумкин” деган гапи ёқади. Камю ижодкорликни абсурдга дош бериш ва уни енгишнинг ягона воситаси деб билади. Адабиёт инсон руҳидаги иблисни қувишга, қалбни қўриқлашга қодир. Китобдан узоқлашиб бораётган бугунги инсон онги қаёққа қараб кетаётганини, адабиётдан холи бўлаётган кўнгилда нималар бўй кўрсатётганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.


– Халққа ва сиёсатга битта чизиқда хизмат қилиб бўладими? Ёзувчининг ўзига хиёнати нима? Миллатига-чи?


– Бўлади. Агар сиёсат адабиёт ҳимоясига олган нарсаларни, фазилатларни ўз ҳимоясига олган бўлса, унда адабиёт унинг ёнида туради. Бу маслакка хиёнат бошланса, адабиёт ҳукумат учун энг хавфли мухолифатга айланади. Ёзувчи ўзига, Сўзга хиёнат қилиши билан миллатига, Ватанига, адабиёт ҳимоя қилаётган Инсонийликка нисбатан хиёнати бошланади.


Наргиза ОДИНАЕВА



суҳбатлашди.
Download 17.56 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling