Шаҳриёр сафаров
Download 1.63 Mb. Pdf ko'rish
|
прагмалингвистика-сафаров ш.
устуворлигини асослаш каби вазифалар ижросидир.
Хуллас, бўлғуси прагмалингвист ушбу соҳанинг назарий ғоялари, таҳлил услублари, методологик тамойиллари ҳақида билимга эга бўлмоғи керак. Фақат шундагина у тил тизими ва лисоний мулоқот ҳақидаги фан – тилшуносликнинг бошқа фанлар доирасидаги ўрнини сеза олади ҳамда унинг мазмун-мундарижасини воқеликни илмий тасаввур этиш имконини таъминловчи фалсафий – методологик ғоялар ташкил қилишини идрок эта олади. Бунинг учун эса, ўз навбатида, лисон ҳақидаги фаннинг илмий таҳлил объекти, предмети бошқача тус олаётганлиги ҳамда шу аснода унинг бошқа илм соҳалари даврасидаги мавқеи ҳам ўзгараётганлигини ҳис этмоқ даркор. Бироқ ҳар қандай назария, у қанчалик илмий-ғоявий асосланган бўлмасин, амалиётдаги исботга муҳтож, таҳлил объектининг моҳиятини тўлиқ тавсифлаш учун назария фактларга, воқеликдаги ҳодисаларга мурожаат қилади. «Фауст»даги мисраларни эслайлик: 8 Grau, teurer Feund, ist alle Theorie, Doch grun des Lebens goldner Baum. Мазмуни: «Назария, дўстим, қуруқдир (ялонғочдир), ҳаёт дарахти эса – ям-яшил». Ҳа, прагмалингвистик таҳлил назариясининг ялонғочлаш хавфидан қўрқиб, китобхонни ушбу таҳлил амалиёти билан ҳам таништириш мақсадини ҳам кўзламоқдаман. Буни, айниқса, нутқ актлари гуруҳларини фарқлаш, мулоқот тизими бирликларини ажратиш ҳамда дейксис ҳодисаси тавсифига оид қисмларда сезиш мумкин. Бироқ ҳеч қандай илмий таҳлил тўлиқ бўла олмаганидек, бирор бир ҳодисанинг илмий баёни ҳам бир маъноли бўла олмайди ёки бир хил оҳангда кечмайди. Зеро, воқеликнинг ўзини ҳам бир мазмунда англаш қийин масаладир. Якка маъноли воқеликни фақатгина уни идеаллаштириш йўли билангина тасаввур қилиш мумкин. Машҳур мантиқшунос Рудольф Карнап (1891-1970) айтганидек, мантиқий ва соф математик қонунлар албатта, умумийдир, лекин улар воқелик ҳақида ҳеч қандай маълумот бериш қобилиятига эга эмасдирлар. Бу қонунлар «алоҳида тушунчалар ўртасидаги муносабатларнигина ифодалайдилар... уч плюс бирнинг ҳар қандай воқеликда ҳам тўрт бўлишига ишончимиз комил. Лекин бу тасдиқ биз яшаётган воқелик ҳақида бирор нарсани (маълумотни – Ш.С.) бера олмайди» (Карнап 1971: 47-49). Ҳар қандай илмий таҳлил ўрганилаётган объект ҳақида, унинг маълум воқеликда мавжуд бўлган хусусиятлари ҳақида аниқ маълумот бермоғи даркор. Тўпланган маълумотлар асосида илмий ва амалий аҳамиятга молик бўлган хулосалар шаклланади. Хулосаларда объектнинг туб, ҳақиқий моҳияти ва уни билиш жараёнида аниқланган хусусиятлар акс этади. Демак, ҳақиқий моҳиятни билиш измидаги тадқиқотчи 9 гносеологик ҳодисалар онтологик қийматига таянади. Худди шу сабабга кўра ушбу рисолада прагмалингвистик ҳодисалар таҳлилида «эркин фикрлилик» тамойилига амал қилиш мақсадини кўзламоқдаман. Илмий тафаккурдаги бундай эркинлик, таҳлил этилаётган объектнинг онтологик моҳиятини назардан қочирмасдан туриб, муҳокама қилинаётган муаммо ечимига турлича ёндашиш, қўлланилаётган усулларнинг турли-туман бўлишига имкон беради. Қисқаси, бундай полиинтенцияли (кўп мақсадли) тадқиқ объект моҳиятини ёритувчи хусусиятларнинг кўпқиррали эканлигини англашга ёрдам беради. Энг асосийси, билдирилаётган фикрда мулоҳазали бўлиш ва ўзгалар фикрига ҳам ўрин қолдириш ўқувчини баҳсга тортиш имконини яратади. Суҳбатдош китобхонни топиш ҳар қандай муаллиф учун шараф бўлса керак. Бундай истак Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ҳам ижодга ундаганлигининг гувоҳимиз: Ким бор анга илм толиби – илм керак. Ўргангали илм толиби илм керак! Мен толиби илму толиби илме йўқ, Мен бормен илм толиби – илм керак. Мен ҳам бир тилшунос сифатида суҳбатдош топиш илинжидаман. Агарда ушбу рисолани ўқиган ҳар ким муаллиф билан мунозара юритиш ниятида бўлса, бундай «дискурсив қадам»ни миннатдорчилик билан қабул қиламан, бажонидил суҳбатдошингиз бўлишга тайёрман (электрон манзил: safarovsh@rambler.ru; хатлар учун манзил: Самарқанд шаҳри, Бўстонсарой кўчаси, 93-уй. Самарқанд давлат чет тиллар институти). 10 «Сўзбоши»нинг якунида яна бир нарсани қайд этишни истар эдим. Илмий фаолият жараёнида жуда кўп ҳамкасбларимнинг ишлари, асарларидан илҳом, интеллектуал озуқа олдимки, уларнинг барчасининг номларини зикр этиш ва ташаккур билдиришнинг имкони бўлмайди. Улардан узр сўрайман. Лекин менга лисон каби уммоннинг сиру асрорини билиш йўлларини кўрсатган устозларим москвалик ва ленинградлик олимлар: Виктор Максимович Жирмунский, Борис Александрович Серебренников, Соломон Давидович Кацнельсон, Агния Васильевна Десницкая, Елена Самойловна Кубрякова, Борис Александрович Ильиш, Анатолий Митрофанович Мухин, Юрий Сергеевич Маслов, Александр Михайловчи Шчербак, Владимир Михайлович Павлов, Дмитрий Михайлович Насилов, Инга Борисовна Долинина, Виктор Самуилович Храковский, Анатолий Семёнович Либерман, Александр Владимирович Бондарко, Елизавета Артуровна Реферовская, Зинаида Яковлевна Тураева, Татьяна Михайловна Беляева, Леонард Георгиевич Герценберг, Варвара Васильевна Бурлакова, Валентин Васильевич Богданов, Станислав Васильевич Воронин ва бошқаларга таъзимни унутмайман. Устозларим қаторига киевлик профессорлар Георгий Георгиевич Почепцов, Василий Егорович Коваленко, Александр Николаевич Мороховскийларни ҳам киритишни истардим. Айниқса, Ленинград шаҳрида қиёсий-тарихий тилшунослик мактабини ўтаган ва мунтазам равишда герман тиллари тарихи билан шуғулланиб турган мендек бир тилшуносни прагматика ва мазмуний синтаксис оғушига ҳеч қандай тазйиқсиз етаклаган Калинин (ҳозирги Тверь) университети профессори Иван Павлович Сусовнинг номини (илоҳим, жойлари жаннатдан бўлсин!) доимо эҳтиром ила хотирлайман. Айнан Иван Павлович Сусов раҳбарлик қилган «Лисоний мулоқот семантикаси ва 11 прагматикаси» муаммовий гуруҳининг доимий йиғилишларида иштирок этиш менга прагмалингвистлар «гурунги»дан жой топиш ҳамда В.И.Банару (Кишинёв), О.Г.Почепцов (Киев), А.А.Романов (Тверь), В.И.Карасик (Волгоград), Л.Г.Васильев (Калуга), М.Л.Макаров (Тверь), А.А.Залевская (Тверь), Г.И.Богин (Тверь), С.А.Сухих (Краснодар), В.В.Лазарев (Пятигорск), А.А.Прокопчук (Харьков), А.А.Поспелова (Ленинград), З.А.Харитончик (Минск), Д.Г.Богушевич (Минск), А.М.Шахнарович (Москва), Е.И.Беляева (Воронеж), И.М.Кобозева (Москва), В.З.Демьянков (Москва), И.К.Архипов (Ленинград) каби маслакдош дўстлар орттириш имконини яратди. Шунингдек, юртдошларим профессорлар Ж.Бўронов, А.Абдуазизов, Ғ.Саломов, Э.Бегматов, Ҳ.Неъматов, Д.Ашурова, А.Бушуй, У.Юсупов, М.Умархўжаев, Г.Боқиева, А.Маматов, М.Расулова, М.Жусупов, А.Содиқов, С.Рахимов ва бошқалар турли давраларда, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Ихтисослашган кенгаш йиғилишлари жараёнида мени прагмалингвистика ҳақида ўзбек тилида бирор бир қўлланма ёзишга ундашганларини ва бу борада маслаҳатларини аямаганликларини мамнуният ила таъкидлайман. Охирги икки йил давомида бошқаларнинг ундаши алоҳида оҳангда бўлдики, ушбу УНДОВсиз ҳамда УНДАГАНЛАРнинг амалий ёрдамиз қўлингиздаги рисола балки битиксиз қолиб кетар эди. Шу сабабли улар муаллиф ташаккурига эътироз билдирмасликларига ишонаман. Ниҳоят, муҳтарам ҳамкасбларим, сизга яна бир дил сўзимни етказмоқчиман. Ушбу рисолани мени тилшунослик наҳрининг бир қирғоғидан иккинчисига сузиб ўтишга ундаган Иван Павлович Сусовнинг ёрқин хотирасига бағишлаш ниятидаман. 12 Шунингдек, талабалик давримиздан бошлаб ҳамнафас, ҳамдард, ҳамфикр бўлган дўстларим тилшунос профессорлар Ҳамдам Орзиқулов, Муҳаммаджон Маматов ва Бердиқул Турсуновларнинг руҳлари ҳам доимо шод ва тинч бўлишларини истардим. Download 1.63 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling