Италияда мафиоз гуруҳининг 49 аъзоси қўлга олинди
Италия полицияси Ндрангета мафиоз гуруҳига қарши ўтказган махсус амалиёт давомида мамлакатнинг 7 шаҳрида 49 кишини қўлга олди. Улар мафиянинг бир қатор жиноятлари, жумладан, гиёҳванд моддалар савдоси, суиқасдлар, ноқонуний қурол сақлаш ва овозларни сотиб олишда айбланмоқда.
Қўлга олинганлар орасида Росарно шаҳри мэри Жузеппе Ида ҳам бор. У уй ҳибсига жўнатилган. Полициянинг таъкидлашича, у Росарнога 2016 йил маҳаллий мафиоз гуруҳи Пизано кўмагида мэр этиб сайланган.
Шунингдек, Росарно шаҳар кенгаши аъзоси Доменико Скрива ҳам уй ҳибсига олинган.
Маълумотларга кўра, Ндрангета Европада кокаин савдосини ҳам назорат қилади.
Аввалроқ Италияда мафия устидан катта кўламли суд жараёни бошланаётгани, унда айбланувчи сифатида 355 киши ўтаётгани, 900дан кўпроқ киши гувоҳлик бериши, 400 адвокат иштирок этиши маълум қилинганди.
Суд жараёни учун ҳаттоки махсус бункер қурилган. У ерда пандемия шароити талабларини ҳисобга олган ҳолда мингга яқин одам жойлаштирилиши мумкин.
АҚШ Сомалидаги қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетди
АҚШ президенти Доналд Трамп 4 декабрда Сомалидан барча америкалик ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш топшириғини берганди.
Сомалидан АҚШ қуролли кучлари бўлинмаларининг олиб чиқиб кетилиши буткул якунига етди, деб хабар бермоқда Associated Press (AP).
"Мазкур операция вақтида "Аш-Шабаб" жангариларининг ҳужумлари кучайишига қарамасдан олиб чиқиб кетиш давомида ҳарбий хизматчилар жиддий жароҳат олмади ва техника сезиларли талафот кўрмади", - деди АҚШ қуролли кучларининг Африкадаги қўмондонлиги қўмондони генерал Стивен Таунсенд.
Қўшинлар ва воситаларни олиб чиқиб кетиш учун Сомали соҳилида АҚШ қуролли кучларининг ҳарбий-денгиз гуруҳи ташкил этилди ва 21 декабр куни USS Nimitz авиаташувчиси етиб келди. Шунингдек, Америка ҳарбийларини олиб чиқиб кетишда бортида бир неча юз нафар махсус қўшинлар аскарлари бўлган USS Makin Island кемаси ёрдам кўрсатди.
АҚШ президенти Доналд Трамп 4 декабрда Сомалидан барча америкалик ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш топшириғини берганди. Унга кўра, охирги муддат 15 январ деб белгиланганди.
АФРИКОМнинг маълум қилишича, Сомалидаги 700 нафар АҚШ ҳарбий хизматчилари мамлакатдан олиб чиқиб кетилган. Маълумотларга кўра, улар АҚШнинг Жибутидаги "Кэмп-Лемонье" денгиз экспедиция базасига жойлаштирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |