Скифистон ўзи асли қайдадир


Download 69 Kb.
Sana16.04.2023
Hajmi69 Kb.
#1361136
Bog'liq
Скифлар


СКИФЛАР - БИЗНИНГ АЖДОДЛАР
...Бу воқеа Дандамис ва Амизок тутинган ака-ука бўлишганининг тўртинчи куни бўлиб ўтган эди: қадимий скиф урф-одатига биноан улар олдиндан қилич, темир найза, ойболта, камон ўқлари ва шароб қуйилган катта сопол косага бармоқларидан қон томизиб, садоқатдан қасамёд қилиш баробарида уни ҳўплашди.
Душманнинг ўн минг отлиқ ва ўттиз минг пиёда аскари скифлар лагерига хужум қилади. Душман олган асирлар ичида Амизок ҳам бор эди. Амизок асирга олингани ҳақидаги хабар Дандамисга ҳам етиб боради. У кўп ҳам ўйлаб ўтирмай ўзини дарёга ташлайди ва душман эгаллаб турган дарё қирғоғига чиқиб олади. Темир найзалар билан унга ҳужум қила бошлаган душман жангчиларига у “Эваз! Бадал!” деб қичқиради. ...Жангчилар Дандамисни ўз сардорлари олдига етказадилар. Дандамис унда ҳеч қандай мол-мулки йўқ эканлигини, ундаги танҳо бойлик азиз жони эканлигини ва уни дўсти учун бадал сифатида беришга тайёр эканлигини айтади. Душманлар сардори бироз ўйлаб олганидан сўнг Дандамисни синаб кўрмоқчи бўлади ва ундаги бор нарсанинг фақат бир қисминигина бадал сифатида олиши мумкинлигини айтади. “Қайсини?” дея скиф қувониб сўраганида, сардор: “Менга сенинг кўзларинг керак”, дея жавоб беради. Дандамис сира ҳам иккиланмасдан тезроқ кўзларини олиб, қадрдонини қўйиб юборишларини сўрайди. У бўш кўз чаноқлари, лекин қувноқ табассум билан дўстининг елкасидан ушлаган ҳолда қабиласи томон кетар эди... Воқеадан таъсирланган босқинчилар сардори “бу халқни сира ҳам енгиб бўлмас экан”, деган хулосага келиб, тун қоронғусида ўз араваларининг бир талайига ўт қўйдириб, кўплаб чорва молларини скифлар юртида қолдириб ортига қайтиб кетади.
Минг йиллар наридан мардлик, тантилик, дўстлик каби олижаноб хислатлари бизнинг замонамизга афсоналар кўринишида етиб келган ва бугун тарих саҳифаларида кенг ёритилиб келаётган скифларни ким ҳам ўтмишдоши деб билишни хоҳламайди дейсиз? Қайси халқ ўзини скифларнинг қадим маданияти меросхўри деб билгиси келмайди? Ҳатто бу борада кўпгина халқлар ичида тортишувлар ҳам бўлмоқда. 2008 йили “РОСМЕН” нашриёти нашр этган ва 27 машҳур тарихчи олим томонидан тузилган “Современная иллюстрированная энциклопедия. История зарубежных стран” китобининг 493-бетидаги “Скифлар” сарлавҳаси остига қуйидагилар ёзилган: “... Скифлар... эрамиздан аввалги 7-асрларда массагетларнинг босими остида Ўрта Осиёдан Шимолий Кавказга, у ердан – Қора денгизнинг шимолий соҳилларига киммерларни сиқиб чиқариб кўчиб борганлар...”. Бу маълумот скифлар бизнинг диёрнинг ўтмишдаги халқи бўлганидан хабардор қилмоқда. Скифлар диёримиз фарзандлари эканлигини яқин-яқингача номи чиққан олимларимиз ҳам билишмас эди. Охирги ўн йилликларда скифлар тарихини баён этишга бел боғлаган жаҳон олимларининг аксарият қисми ҳам ёки бу кўринишда ҳақиқатга бўйин эгишга мажбур бўлаётирлар ва скифларнинг она ватани айни бизнинг диёримиз бўлгани эътироф этилиб келинаётир.
Милоддан аввалги 3-асрда роқсолан, ёзиқ, сироқ, аорс, алон каби қабилаларни ўзида жамлаган ва асосан хоразмлик бўлган ҳамда Урал тоғигача бўлган ҳудудларни эгаллаган скифларнинг тарихчилар томонидан сарматлар дея аталувчи қабилалари Қора денгиз бўйига ўзларидан илгарироқ Ўрта Осиёдан келган киммерларни сиқиб чиқариб, жойлашиб олган. Сўнгра европа скифлари дея ном чиқарган қабилаларга ҳужум қилишиб, улар устидан тўла ҳукмронликка эришишади. Ғарб скифшоҳлари Фарзой ҳамда Инисмей ўз тангаларини зарб қилишгани ҳамда скиф элчиларини Рим императори Август қабул қилгани тарихчиларга сир эмас. Лекин ғарб скифлари, шу жумладан, сарматлар ҳам эрамизнинг III асридан бошлаб бошқа халқлар билан қоришиб кетишади ва уларнинг маданияти ўзига хослигини йўқотиб боради.
Скифлар ҳақидаги маълумотлар асосан қадимий муаллифлар асарларида, айниқса, Геродотнинг “Тарих” китобида ҳамда археологик қазилмаларда учрайди. Милоддан аввалги VIII асрда яшаб ижод этган юнон шоири Гесиод биринчилар қаторида скифларни тилга олиб ўтган. Геродот ҳам скифларнинг келиб чиқиш тарихини баён қилар экан, уларнинг Ўрта Осиёдан келиб чиққанига ишончи комил эканлигини “Тарих” асарининг “Мельпомена” дея номланган тўртинчи китобида баён қилади. Ҳозирги замон тарихчилари Геродотнинг тўртинчи китобини скиф логоси дея номлашади. Геродот ушбу китобида сарматларнинг ҳам келиб чиқишини скифларга боғлаб берган.
Геродот ўзининг “Тарих” китобида скифларнинг келиб чиқишини афсонавий уч ака-ука: “Скиф, Гелон ва Агатирса” га боғлайди. Геродотнинг маълумотларига қараганда, скифлар ўзларини сколотлар дея аташган, форслар эса Ўрта Осиёда қолган скифларниям Қора денгизнинг шимолий соҳили ёки шимолий Кавказ ерларига жойлашган скифларни ҳам саклар дея бир ном билан аташгани эътиборга лойиқдир. Геродот скифлар ҳақида фикр юритганда “Бия соғувчилар” иборасини ўз китобида кўп ишлатган. Скифларнинг бу одатлари ҳозирги даврда ҳам бизнинг минтақа халқларига, чунончи ўзбекларга хослигини таъкидлаш жоиз.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, сарматлар халқларнинг буюк кўчишидан сўнг, Шарқий Европадаги ҳукмронлик мавқеларини йўқотишиб, алонлардан бўлак қабилалари бошқа миллатларга сингиб кетишади. Византия ҳамда араб манбаларига қараганда, алонлар эрамизнинг IV асрларида Кавказ минтақасидаги энг кучли давлатни шакллантиришган. Ўша давр тарихчилари Иосафат Барбаро, Гильом де Рубрукнинг берган маълумотларига биноан алонлар тоғли ерлардаги маконларидан туриб мўғуллар билан курашни давом эттиришган.
Антик давр скифларига борусклар, агафирслар, гелонлар, неврлар, аримасплар, фиссагетлар, иирклар, будинлар, меланхленлар, гетлар, авхатлар (липоксалар), катиарлар (арпоксалар), траспилар (арпоксалар), паралатлар (колоксалар, сколотлар), исседонлар, сарматлар, таврлар, аргипплар, андрофаглар, саклар, массагетлар киради. Массагетлар ҳақида Геродот ҳеч иккиланмасдан “улар таг-туги билан скиф халқидир” деган ва буни барча бошқа манбалар ҳам тасдиқлаган.
Скифлар қадами фақат Қора денгиз бўйларигача эмас, балки Шимолий муз океани, Тинч океани қирғоқларигача етиб боргани маълум. Улар Хитойнинг шимоли-ғарбий ерларигача ҳамда Миср чегараларигача ҳам етиб боришган.
Мичиган университети олимларининг тадқиқотларига биноан Америка ҳиндулари ҳамда эскимосларнинг аждодлари шимоли-шарқий Осиёдан бундан 12 минг йилча аввал ғойиб бўлган, ҳозирги Беринг бўғози ўрнидаги қадимий “Беринг кўприги” орқали ўтиб боришган.
Эрамиздан аввалги 3-асрлардаёқ яъни Александр Македонский яшаган даврларда Дунай дарёсининг бошланиш жойларигина келтларга тегишли бўлиб, унинг қолган минтақаларини скифлар ва сарматлар эгаллаб олишганига далиллар жуда кўп. Масалан, скиф қабристонларида одатда отлар ҳам кўмилган бўлади ва бундай қабрлар у ерларда кўплаб учратилган. Дунай атрофлари ва Болқон ярим ороли шимолида скифлар қолдирган излар кўпдир. Скифларга оид буюмлар Словакия, Руминия, Венгрия ва ҳатто, Чехия ҳудудларида ҳам топилмоқда.
Қадимий шаҳарлар қадимий маданият ўчоғидир. Араб цивилизацияси даврида Ўрта Осиё маданияти Қадимий Скифистон маданияти нурини таратаётган давр эди. Ўша даврларда ўз илми нури билан оламни мунаввар этган буюк скиф халқи маданияти давомчилари сифатида алгебра фани асосчиси 8-аср охирлари 9-аср бошларида яшаб ижод этган буюк математик ал-Хоразмийни, 11-асрда яшаб ижод этган буюк олим – астроном, тарихчи ва географ ал-Берунийни, буюк табиб, файласуф Ибн-Сино ва бошқаларни кўрсатиш одат тусини олаётир. Биз юқорида тилга олган скифлар яшаган диёр араб халифалиги қарамоғига ўтгач, араб фани равнақи тез суръатлар билан юксакларга кўтарилади ва бу юксалишда диёримиз олимларининг ўрни беқиёс бўлгани жаҳон олимлари томонидан эътироф этилган.
Ўрта Осиё скифлари саклардан парфиёнлар ажраб чиқишади ва Эрон устига юриш қилишиб, улар устидан ўз ҳукмларини ўрнатишади. Шарқий Туркистон скифлари - кушонлар эса Ўрта Осиёни, шу жумладан Хоразмни ва Шимолий Ҳиндистонни ўз тасарруфларига киритадилар. Скифларнинг бир қисми Қора денгизнинг шимол томонида жойлашган ҳудудларга кетишганидан сўнг узоқ асрлар давомида Ўрта Осиё ҳамда ғарб скифлари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилди. Бироқ эрамизнинг 3-4 асрларига келиб, баъзи сабабларга кўра, бу ришталар узилиб қолди. Ўз даврида Рим шарқий ва ғарбий империяларга бўлингани каби скифлар ҳам шарқий ва ғарбий қисмларга бўлиниб кетишди. Кейинчалик пайдо бўлган Византия ғарбий Римдан куч ва қудратда ўзиб кетгани каби скифларнинг Қора денгиз томон ажраб кетган авлодлари Хоразм ва Урал тоғи оралиғида яшаб юрган скифларнинг сармат қабилалари босиб олгунича кучайиб кетди.
Скифлар дарёда ёки денгизда чўмилишдан кўра ҳаммомда буғланишни кўпроқ маъқул кўрганлар. Скифларнинг кундалик емиши одатда гўштдан ва сутдан тайёрланган. Бия сутидан ёғ, сузма ва қимиз тайёрлашгани ҳам эътиборга моликдир. Скифлар одатда узун иштон, чакмон, белбоғ ва тепаси учли кигиз шляпа кийишган. Аёллар этаги узун кўйлак, устидан мурсак кийишган. Бу одат ҳанузгача бизда учрайди.
Скиф рассомлари фақат худолари ва ҳайвонлар суратларинигина чизишган. Ҳайвонлар суратини скифларга хос чизиш услуби топилмалари, асосан эрамиздан аввалги 7-аср охирларига тегишлидир. Ушбу услубнинг энг қадимийларида грифон, арслон ва қоплон тасвирлангандир. 1947 йили Эроннинг Саккиз шаҳри ёнида эрамиздан аввалги 7-асрга оид скиф қабристони топилган. У ерда скифларга оид ва қадимий Месопотамия маданияти билан уйғунлашган услубдаги ёдгорликлар топилган.
Эрамиздан аввалги 6-асрда ғарб скифлари бронзанигина эмас, балки темирни ишлаш ва ишлатиш санъатини ҳам пухта эгаллаб оладилар. Темирдан пўлат ҳам олганлар. Темирчилар катта болға, кичик болға, сандон, темир кесувчи искана, темир тешгичлар ва бошқа асбоблардан фойдаланганлар. Безаклар ёки найзанинг бронза учларини тайёрлашда тош ёки металл қолиплардан кенг фойдаланишгани эътиборга молик.
Скифлар қўли гул ҳунармандлар бўлишган. Улар ўта сифатли қурол- аслаҳалар билан бир қаторда олтин ва бронзадан ҳайвонлар тасвирлари туширилган нодир безаклар ясашган. Скифлар кўп ғилдиракли соябонли аравалар қурганлар. Археологлар аъло даражадаги сопол идишларни, нафис металлдан ишланган вазаларни, кашталарни топишган. Скифлар юпқа матолар, гилам ва ёпқичлар тўқишнинг устаси бўлишган ва бу ҳунарларини Ўрта Осиёдан Қора денгиз бўйига олиб келишган ҳамда Европагаям тарқатишган.
Милоддан аввалги 530-йили Кир скифлар юрти Ўрта Осиёга бостириб киради. У пайтларда скифлар массагетлар маликаси Тўмарис атрофида жипслашишган эди. Геродотнинг хабар беришича, ўз даври учун мисли кўрилмаган жангда скифларнинг аёллари ҳам сипоҳлар қаторида мардлик кўрсатиб, форсларни тор-мор қилишади.
Доро қўшинининг Ўрта Осиё скифлари томон юриши Широқ афсонасига бориб тақалади. Ушбу афсона Геродот, Стробон ва Полиэн томонидан келтирилган.
Ўрта Осиё скифларидан мағлубиятга учрагач, Доро 1 ҳарбий юришини ғарбий скифлар томон бошлайди. У пайтларда скифларга шоҳ Идантис шаҳзодалар Скопасис ва Таксакислар билан сардорлик қилар эди. Скифлар форслар билан жанг қилмай, орада бир кунлик масофа қолдириб, уларни ўз ортларидан даштма-дашт чекиниб, эргаштириб юрадилар ва тун қоронғусида баъзан уларга тўсатдан ҳужум уюштиришади. Бу юришлардан силласи қуриган ва фиғони фалакка кўтарилган Доро шоҳни жанг қилишга ёки тобе бўлишга чақириб хат йўллайди. Скифлар шоҳи унинг қўшини қочмаётганини, балки одати бўйича кўчиб юрганини билдириб, элчилардан қуш, сичқон, қурбақа ва беш дона камалак ўқини совға қилиб, бериб юборади. Бу “Сизлар мабодо қушлар каби осмонга, ёки сичқон каби ер остига, ёки қурбақа каби сув остига яширинмасанглар ўқларимизга дучор бўлиб, ҳалок бўласизлар” деган маънони берувчи шарқона донишмандлик эди.
Александр Македонский тахтга ўтиргач, милоддан аввалги 333-йили 30 минг қўшинига Запирионни қўмондон қилиб ғарбий скифлар томон йўллайди. Ўзи эса 40 минг сипоҳ билан форслар мамлакати томон юради. Македонияликлар Мароканда шаҳрида бир мунча қўшин қолдириб, Фарғона водийси томон юришини давом эттиради. Лекин сўғдиёналиклар осонликча таслим бўлмайдилар. Скиф Спитамен ушбу курашнинг сардори бўлади. У ҳам қачонлардир қондошлари бўлган ғарб скифлари йўлини танлаб, тўсатдан ҳужум қилиш ва бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юриши душманнинг тинка-мадорини қуритади. Александр Македонский ўзининг 9 йиллик ҳарбий юришларида энг оғир жароҳатни Суғдиёнада скифлардан олади. Скифлар билан жангларнинг бирида у Спитаменнинг сафдоши Оқсиартнинг қизи Роксанани асирликка олади ва унга ошиқ бўлиб қолиб, Ўрта Осиёга куёв бўлиб олади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, скифлар цивилизацияси Европа тарихида қадимий Миср, Форс, Греция ва Римни биргаликда олгандан кўра ҳам каттароқ роль ўйнаган. Александр Блок “Ҳа, бизлар скифлармиз, осиёликлармиз биз...” деганида балким ҳақиқатни айтгандир. Лекин бундай фикрни биз овозимизни баралла қўйиб айтсак, янада ўринли бўлар эди, назаримда.
Мансурхон ТОИРОВ,
физика-математика фанлари доктори, профессор.





Download 69 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling