Республикасининг қонуни
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида
1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонун суд ҳужжатлари, шунингдек қонунда белгиланган ваколатларини амалга ошираётганларида жисмоний ёки юридик шахслар зиммасига пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни ўзга шахсларга бериш ёхуд улар фойдасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаш ҳуқуқи берилган бошқа органларнинг (мансабдор шахсларнинг) ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.
2-модда. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Ижро этиш органлари
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (бундан буён матнда Мажбурий ижро бюроси деб юритилади) органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилади, уларнинг ваколатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
(3-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 июлдаги ЎРҚ-551-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.07.2019 й., 03/19/551/3493-сон)
Пул маблағларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларининг ва бошқа органлар ҳужжатларининг талабларини ижро этиш қонунда назарда тутилган ҳолларда солиқ органлари, банклар ҳамда бошқа кредит ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Суд ҳужжатларининг ва бошқа органлар ҳужжатларининг талаблари қонунда назарда тутилган ҳолларда ўзга жисмоний ёки юридик шахслар томонидан ҳам ижро этилиши мумкин.
Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган органлар ҳамда шахслар мажбурий ижро этиш органлари ҳисобланмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |