Талабни қондириш тадқИҚ етиш ва прогноз қилиш


Download 24.3 Kb.
Sana15.06.2023
Hajmi24.3 Kb.
#1476763
Bog'liq
ТАЛАБНИ ҚОНДИРИШ ТАДҚИҚ ЕТИШ ВА ПРОГНОЗ ҚИЛИШ


ТАЛАБНИ ҚОНДИРИШ ТАДҚИҚ ЕТИШ ВА ПРОГНОЗ ҚИЛИШ
РЕЖА:

  1. ТАЛАБНИ ҚОНДИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА ИШНИНГ МОҲИЯТИ

  2. ТАЛАБНИ ҚОНДИРИШ ТАДҚИҚ ЕТИШ

Хусусий корхона ва масъулияти чекланган жамият етказиб бериш шартномасини тузишди. Унинг шартларига кўра ХК МЧЖга 60 миллион сўмлик кабель-ўтказгич маҳсулотини етказиб бериш, МЧЖ эса унга ҳақ тўлаш мажбуриятини олган. Товар учун шартномада кўрсатилган қийматнинг 15 фоизи миқдорида олдиндан ҳақ тўланган. ХК товарни тўлиқ ҳажмда етказиб берди. Шартномада белгиланган муддат тугаши билан қолган суммага ҳақ тўланмаган. МЧЖнинг илтимосига кўра хусусий корхона тўланадиган сумманинг бир қисмини (40 миллион сўмни) жамиятнинг ҳамкори - акциядорлик жамиятига беришга розилик билдирди. ХК ва АЖ талабни бошқага бериш шартномасини тузишди. Кейинроқ хусусий корхона хўжалик судига талабни бошқага бериш шартномасини тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда МЧЖдан тўлов кечиктирилганлиги учун пеня, шунингдек етказиб бериш мажбуриятини бажармаслик билан етказилган зарарлар суммасини ундириш илтимоси билан мурожаат қилди.
КОРХОНАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ
МЧЖ шартнома шартларини бажармади, маҳсулот етказиб бериш ҳақини тўлиқ тўламади. Пулдаги қарзнинг бир қисми талабини ХК янглишиб шунингдек, ўзи учун ғоятда фойдасиз бўлган шартларда бошқага берган: жамиятнинг кўрсатишича, пул маблағларини беқарор молиявий ҳолат туфайли тўлиқ ҳажмда тўлай олмайди, пул маблағлари тўланиши талабининг бир қисмини унинг ҳамкорига бериш корхонага дебиторлик қарзини кечиктирилган деб топиш ва ХК раҳбарига нисбатан жарима жазосини қўллашдан қочиш имконини беради. Аслида жамиятнинг молиявий аҳволи қарзнинг қолган суммасини тўлаш имконини беради, АЖ томонидан талабни бошқага бериш шартномаси эса фақат номига тузилган, МЧЖ уларга доир талаб ҳуқуқи бошқага берилган пул маблағларини тўламоқчи ҳам эмас. МЧЖ ва АЖ ўзаро қарзни АЖ ҳисобдан чиқариши тўғрисида келишиб олишган. Хусусий корхона зарар кўрган, уни харидор - жамият тўлиқ қоплаши керак, талабни бошқага бериш шартномасини эса ҳақиқий эмас деб топиш зарур.
МЧЖНИНГ ПОЗИЦИЯСИ
Хусусий корхона харидорнинг тўлаш бўйича қарзнинг бир қисмига доир талабни акциядорлик жамиятига бериш таклифига ўз ихтиёри билан розилик билдирган. Талабни бошқага бериш шартномасининг шартларини тарафлар мустақил белгилашган, МЧЖ бунда умуман иштирок этмаган. Шартноманинг корхона учун ғоятда фойдасиз шартларда тузилганлиги важи асосли эмас, чунки унинг ўзи бунга розилик билдирган. Корхонани ҳеч ким мажбурламаган.
Унда белгиланган муддатлар бажарилмаганлигига қарамай, кўрсатилган шартнома бўйича талаб қилиш ҳуқуқи берилган пул маблағларини МЧЖ тўлайди. Жамият ўз мажбуриятини бажаришдан бош тортмаган, шу сабабли корхонанинг МЧЖ тўламоқчи эмаслиги тўғрисидаги аризаси асосли эмас.
СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Суд:
иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидаги хулосаларга келди:
- хусусий корхона ва масъулияти чекланган жамият 60 миллион сўмлик кабель-ўтказгич маҳсулотини етказиб бериш шартномасини тузишди;
- МЧЖ шартнома қийматининг 15 фоизи миқдорида олдиндан товарга ҳақ тўлади;
- ХК товарни етказиб берди ва МЧЖ томонидан тўлиқ қийматга қабул қилинди;
- қолган сумма белгиланган муддатда тўланмаган;
- ХК билан акциядорлик жамияти ўртасида МЧЖга асосий қарз бир қисми талабини бериш шартномаси тузилди; унинг шартларида бошқага бериш бепул асосда амалга оширилиши белгиланган;
- МЧЖ шартномани тузишга бевосита таъсир кўрсатган: у ўзининг молиявий аҳволи беқарорлиги ва тўлай олмаслигини кўрсатиб, хусусий корхонага ушбу битимни тузишни таклиф қилди, уни бепул асосда амалга ошириш зарурлигини таъкидлади, бу эса МЧЖ томонидан ХКга юборилган хатлар билан тасдиқланади;
- МЧЖнинг беқарор молиявий аҳволи ва асосий қарзнинг қолган суммасини тўлай олмаслиги тўғрисидаги маълумотлар тўғри эмас, чунки жамият ХК билан музокаралар вақтида бошқа шахслар билан тузилган шартномалар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳақ тўлаган, ўз қурилиш ишларини олиб борган, банкдан кредит олган ва ҳоказо, яъни тўлақонли молия-хўжалик фаолиятини юритган. Жамият молиявий аҳволининг беқарорлиги ва оғирлиги аломатлари суд томонидан аниқланмаган;
- кўрсатилган ҳолатлар МЧЖнинг хусусий корхонага етказиб берилган кабель-ўтказгич маҳсулотига ҳақ тўлаш талабини беришдан, ХКни молиявий ҳолат ва ҳақ тўлашнинг мумкин эмаслиги тўғрисида янглиштиришдан очиқдан-очиқ манфаатдорлиги, у ўз қарзини сўндирмаслиги тўғрисида аввал-бошдан ўйлаганлиги, шунингдек АЖнинг ҳам МЧЖдан унга доир ҳуқуқ бошқага берилган қарзни сўндиришни талаб қилиш нияти йўқлиги тўғрисида гувоҳлик беради;
- етказиб бериш шартномасида мажбуриятнинг бирор-бир қисмига доир талабни бошқага беришга йўл қўйиб бўлмаслиги назарда тутилган.
Қонун қоидаларини таҳлил қилиб, суд белгилади:
- Фуқаролик кодексининг 236-моддасини бузиб, МЧЖ ўз зиммасига олган кабель-ўтказгич маҳсулотининг қийматини тўлаш бўйича мажбуриятларни тўлиқ ҳажмда бажармаган;
- Фуқаролик кодексининг 260, 324, 325-моддаларига, шунингдек 1998 йил 29 августдаги 670-I-сон “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартнома-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 24, 34-моддаларига мувофиқ МЧЖ Хкнинг зарарларини қоплаши ва етказиб бериш шартномаси билан белгиланган неустойкани тўлаши шарт;
- талабни бошқага бериш шартномаси ФК 319-моддасининг биринчи қисмини бузган ҳолда тузилган;
- Фуқаролик кодексининг 122, 124-моддаларига мувофиқ талабни бошқага бериш шартномаси ҳақиқий эмас;
- Фуқаролик кодекси 114-моддасининг иккинчи қисмига кўра МЧЖнинг етказиб берилган кабель-ўтказгич маҳсулотига ҳақ тўлаш бўйича ХК олдидаги қарзи тўлиқ ҳажмда тикланган.
Баён этилганлар асосида суд хусусий корхонанинг талабларини қондирди, талабни бошқага бериш шартномасини тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топди, МЧЖ зиммасига ўз вақтида ҳақ тўламасдан етказилган зарарни қоплаш ва тўлов кечиктирилганлиги учун пеня тўлаш мажбуриятини юклади. Юқори инстанциялар судлари ушбу қарорни бекор қилиш учун асосларни топмадилар.
Ш А Р Ҳ
Хўжалик суди кўриб чи??ан низода қуйидаги жиҳатлар юридик жиҳатдан муҳим ҳисобланади:
- хусусий корхона томонидан акциядорлик жамиятига етказиб берилган маҳсулот ҳақини тўлашга доир талабни масъулияти чекланган жамиятга берилишининг тўғрилиги шартлари;
- талабни бошқага бериш битимининг қандай шартлари Фуқаролик кодекси талабларига зид эканлиги;
- талабни бошқага бериш шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш шартлари;
- юқорида кўрсатилган шартномани ҳақиқий эмас деб топиш оқибатлари.
Фуқаролик кодекси 319-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, кредиторнинг ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечишига, башарти у қонунларга ёки шартномага зид бўлмаса, йўл қўйилади.
Суд кўрилган низода Фуқаролик кодексининг 236-моддасидан келиб чиқди, унга кўра юридик шахслар ўртасида тузилган шартномага асосан юзага келган маҳсулот етказиб бериш мажбурияти мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига қатъиян мувофиқликда лозим даражада бажарилиши керак. Иш материалларидан кўринадики, хусусий корхона - етказиб берувчи мажбуриятнинг ўз қисмини тўлиқ бажарган, унинг контрагенти - харидор эса фақатгина қисман бажарган: етказиб берилган маҳсулотнинг тўлиқ қиймати ўз вақтида тўланмаган. Иш материалларидан аёнки, харидор етказиб берувчига ҳисоб-китоб варағида пул маблағларининг йўқлиги туфайли ҳақ тўлай олмаслиги тўғрисида ахборот тақдим этган. Талабни бошқага бериш битимини амалга оширишнинг тўғрилигини белгилаш чоғида суд қуйидаги омилларни ҳисобга олди:
- харидорда амалда қарзни тўлаш имконияти мавжуд бўлмаганида талабни бошқага бериш битимини амалга ошириш қонун ҳужжатларига зид келмайди;
- агар у етказиб бериш шартномасининг шартларини бузмаса, талабни бошқага бериш мумкин;
- талабни бошқага бериш шартномаси тарафлар ўртасида ўзаро келишув бўйича тузилади;
- талабни бошқага бериш шартномасининг шартларини бажариш ва қарзни етказиб берувчининг ворисига тўлаш нияти ҳақиқий бўлиши керак. Битимни юридик оқибатларни келтириб чиқармаслик нияти, яъни уни бажармаслик мақсади билан амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Иш материалларидан кўринадики, МЧЖ қолган суммани тўлаш муддати мобайнида бошқа шахслар билан шартномалар тузган ва уларни бажарган, бошқа молиявий-хўжалик, шу жумладан ҳисоб-китоб рақами бўйича пул маблағларининг ҳаракати билан боғлиқ операцияларни амалга оширган. Судга молиявий ҳолатининг беқарорлиги ва (ёки) унинг ёмонлашуви далиллари тақдим этилмаган. Жамият, мазкур ҳолатни кўрсатиб, етказиб берувчини ўзининг ҳақиқий аҳволи хусусида чалғитган. Контрагентни ҳақиқатга мувофиқ келмайдиган ахборот тақдим этиш билан чалғитиш воситасида битим тузиш қонун ҳужжатларига зид келади.
Етказиб бериш шартномасининг шартларида мажбуриятнинг бирор-бир қисмида талабни бошқага беришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилган. Иш материалларида тарафлар мазкур шартга тегишли ўзгартириш киритиб, талабнинг бошқага берилишини ҳал этганликларини тасдиқлайдиган ҳужжат мавжуд эмас. Шу тариқа, суд мазкур ҳолда талабни бошқага бериш битимини амалга ошириш дастлаб белгиланган ва уни амалга ошириш пайтида ҳақиқий бўлган шартнома талабларига зид келишини белгилади.
Фуқаролик кодексининг 101-моддасига мувофиқ фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга йўналтирилган ҳаракатлари битим деб тан олинади. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий қоида асосида суд талабни бошқага бериш битимини амалга ошираётганда тарафларнинг хоҳиш-иродаси ва ниятининг ҳақиқийлиги презумпциясидан келиб чиқди. Бунда иш материаллари талабни бошқага бериш шартномасининг тарафи - акциядорлик жамияти МЧЖ - тўлов харидоридан амалда тўлашни талаб қилиш, МЧЖ эса, тегишлича, тўлаш ниятида бўлмаганлигидан гувоҳлик беради. Мазкур ҳолат, хусусан, шу билан ҳам тасдиқланадики, МЧЖ яна бир бор, энди талабни бошқага бериш шартномаси бўйича ворисга нисбатан тўлаш муддатини бузган, ворис эса қарзни мажбурий ундириш бўйича қонунда белгиланган чораларнинг бирортасини ҳам қўлламаган. Суд АЖ юридик оқибатларни яратмаслик нияти билан тузган талабни бошқага бериш шартномасининг сохта тусдалигини кўрсатди, зеро бу ҳам қонун ҳужжатларига зиддир.
Айтилганлардан келиб чиқиб, суд талабни бошқага бериш шартномаси амалдаги қонун ҳужжатларини кўп жиҳатдан бузиш билан тузилганлигини кўрсатди. Бу эса Фуқаролик кодекси 319-моддасининг биринчи қисмига зиддир.
Талабни бошқага бериш шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар сифатида суд Фуқаролик кодексининг қуйидаги қоидаларини келтирди:
- 122-модданинг биринчи қисми, унга кўра жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битим янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тарафнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин;
- 124-модданинг биринчи қиси, унга кўра юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
Фуқаролик кодексининг 114-моддасига мувофиқ, ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир. Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.
Мазкур ҳолатда АЖ қарзни тўлаш ҳисобидан МЧЖдан пул маблағлари олмаганлиги, хусусий корхонанинг ҳуқуқлари талабни бошқага бериш битимини содир этишдаги шартлар билан бузилганлиги сабабли суд тарафларни кўрсатилган битим содир этилгунга қадар мавжуд бўлган дастлабки ҳолатга келтириш зарурлигини кўрсатди (Фуқаролик кодекси 114-моддасининг иккинчи қисми, 11-моддасининг учинчи хатбошиси), яъни жамият - харидорнинг ХК олдидаги қарзи тўлиқ ҳажмда тикланди.
Талабни бошқага бериш шартномаси у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топилганлиги сабабли, тегишлича, Фуқаролик кодексининг 14, 260, 324, 325-моддаларига, шунингдек “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартнома-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 24, 34-моддаларига асосан МЧЖнинг қуйидагилар бўйича мажбурияти сақланди:
- улар ўртасида тузилган етказиб бериш шартномаси бўйича хусусий корхона етказиб берган маҳсулот ҳақини тўлашни кечиктирганлик учун пеня тўлаш;
- хусусий корхонага харидор томонидан асосий мажбурият бажарилмаганлиги билан етказилган ҳақиқий зарар қийматини, шунингдек ўзининг бузилган ҳуқуқини тиклаш муносабати билан ХК томонидан қилинган харажатларни қоплаш (даъво аризасини бераётганда давлат божини тўлаш, суд чиқимлари компенсацияси ва ҳоказо).
Хўжалик юритувчи субъектларга талабларни бошқага бериш шартномаларини тузаётганда қонунбузарликларга йўл қўймаслик учун мазкур материалда келтирилган қонун қоидаларига эътибор қаратишни тавсия қиламиз.
Download 24.3 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling